Мақолалар

“Севса, ардоқлайди, севмаса ҳам зулм қилмайди”

Никоҳ бирор бир шахс ёки мансабдор тарафидан ўйлаб топилган маросим эмас. Ёки бирор бир давлат ё миллатнинг миллий урф одати, байрами ҳам эмас. Никоҳ бу – оламлар Раббиси бўлган Аллоҳ таолонинг бу дунёда то қиёматгача давом этадиган инсон наслининг кўпайиши учун ҳалол сабаб бўлган ягона воситасидир. Ер юзида қанчадан-қанча махлуқотлар, турли-туман мавжудотлар, неча миллиард инсонлар бор. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўз жуфтини топиб оила қуради, ўзидан авлод-зурриётлар қолдиради...

Аллоҳ таоло бандаларини никоҳга буюрди ва никоҳ сабабли уларга ўз хазинасидан беҳисоб мол дунёларни ҳам ваъда қилди. Хусусан, Нур сурасида шундай марҳамат қилди: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир” (Нур,32) Расулуллоҳ с.а.в. ҳам бир муборак ҳадисларида: “Серфарзанд, туғадиган аёлга уйланинглар, мен қиёмат кунида ўз умматларимнинг кўплиги билан фахрланаман”, дея айтганлар. Демак, инсон никоҳланар экан, аввало, Аллоҳ таолонинг амрини бажаргани учун ажр олса, иккинчидан, Расулуллоҳ с.а.в.нинг қиёмат кунидаги хурсандчиликларига сабабчи бўлгани учун алоҳида савоб олади. Булардан маълум бўладики, демак, никоҳ Аллоҳ тарафидан бизга берилган неъмат экан.

Минг афсуслар бўлсинки, бугун бу неъматга ношукрлик қилаётганлар, оила аталмиш мўътабар даргоҳни арзимас сабаблар ила барбод қилаётганлар тобора кўпайиб бормоқда. Бугун қайси ОАВлари фаолиятини кузатманг, барчасида оила муқаддаслигини тушунтириш, ажралишларнинг олдини олишга қаратилган чора тадбирлар, муаммонинг ечимларини излашга қаратилган кўрсатув ва эшиттиришлар, мақола ва маслаҳатларга кўзингиз тушади.

Бироқ шунча ҳаракатнинг таъсири ва ижобий тарафи кўпайиш ўрнига ажралишлар сони янада ортиб бораётгани  ачинарлидир. Касбимиз тақозоси билан кунда кунора оилавий жанжаллар ва яраштириш тадбирларида иштирок этаман. Оилавий жанжалларнинг сабаблари билан қизиққанимда эса уларнинг жудаям кўп қисми арзимаган икир-чикирлар, беҳуда гап-сўзлар ва асоссиз нарсалар оқибатида юзага келганига гувоҳ бўламан.

Ҳамма ушбу муаммонинг ечимини излаган, ҳар икки тарафга насиҳат қилган… Ҳар икки тараф ҳам айбни бир-бирига юклаган, бир-бирининг “камчилигини” юзига солган… Энг қизиғи айбдор “йўқ”… Ҳамма “оппоқ”… Гўёки бу икки ёшнинг никоҳ тўйини бу ота-оналар ўтказмаган, аёллар тоғора кўтариб қизникига совчиликка бориб, “қулчиликка келдик айланай”, дея бўлажак келиннинг қўлини сўрамаган… Гўёки йигит ва қиздан розилик сўралмаган, улар ўз тўйида иштирок этмаган, бахтдан сархуш бўлиб еттинчи осмонда учмаган. Жажжигина чақалоғини эса шунчаки,  “лайлак ташлаб кетган…” Ҳеч ким, ҳа, ҳеч ким! бирор яхши кун ва ширин хотирани эсламайди. “Айбдор” фақат бу икки ёшни бир-бирига ҳалоллаб никоҳ ўқиган имом домла, маҳалла оқсоқоли, участка нозири ва маҳаллий ҳокимият вакиллари… жудаям ачинарли ҳолат.

Хўш, нега бунчаликка боряпмиз? Наҳотки, никоҳ аталмиш бу иноятнинг, оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг биз учун қадри шунчалар паст бўлса! Нега бу ажримга икки хонадон вакиллири совуққонлик ила қарамоқдалар? Аллоҳнинг Аршини ларзага келтирувчи талоқ деган сўзнинг оғиздан чиқиши эркаклар учун оддий ҳолатга айланмоқдами? Бундай хунук оқибатларни олдини олишнинг чораси нима?

Маслаҳатгўйлар кўп. Фикрлар ва маслаҳатлар турли хил. Кимдир қайнонани айбдор қилса, кимдир ёшларнинг хаётга жиддий тайёр эмаслигини сабаб қилади. Яна кимдир оилада сўзи ўтмай қолган қайнотани айблайди.

Барчанинг фикрида жон бор. Ҳамманинг мулоҳазаси ўринли. Бироқ асосий сабаб булар эмас. Калаванинг учи бошқа тарафда.  Муаммога ечим излаш учун эса асосий сабабни топиш муҳим. Асосий сабаб эса иккита катта хатодир. Булар  қуйидагилар:

  1. Инсонларнинг жудаям кўпчилиги никоҳдан кўзланган асосий мақсадни унутиб қўйдилар. Икки жуфтнинг бир-бирига никоҳланишидан кўзланган энг асосий мақсад бу – Расулуллоҳ с.а.в.нинг битта суннатларини ҳаётга татбиқ қилиш орқали Аллоҳ таолонинг розилигини топиш эди. Демак, никоҳ – уни қоим қилиш орқали охират яхшиликлари талаб этиладиган ибодатдир. Бироқ бугунги кунимизда никоҳ биз учун фақат дунё манфаатлари кўзланадиган, дунёнинг зеб-зийнатлари жалб қилинадиган маросимга айланиб қолди гўё. Икки ёшнинг никоҳидан келадиган манфаатдан ҳамма умидвор. “Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр”, дея орзу ҳавасларини чегаралай олмасдан сарполи келинни кутаётган қайнона ва қайноталар, қимматбаҳо сарполар, данғиллама уй-жой ва қайнота совға қиладиган машинадан умидвор бўлганча қуда-тарафдан сюпризлар кутаётган келин- куёвлар… хуллас, “ Қассобга ёғ қайғуси, эчкига жон қайғуси ”, дегандек, ҳар кимнинг орзуси ҳар хил.

Хуллас, никоҳ тўйини бошлашдан олдинги биринчи қадам нотўғри қўйилди. Ҳар икки тарафнинг ният ва мақсадлари ҳам Аллоҳнинг розилиги устида бирлашмади. Аллоҳ таолонинг розилиги кўзланмаган ҳар қандай ишда эса, нафс ва шайтон ғолиб бўлади. Ривоят қилинадики: “Бир солиҳ тақводор киши йўлда кетиб бораркан, инсонларни бир дарахтнинг атрофида айланиб, уни тавоф қилиб, унга ибодат қилаётганликларини кўрди. Бу ҳолдан ғазабланганча изига қайтди. Мақсади уйидан болта олиб келиб, ширк ва маъсиятга сабаб бўлаётган бу дарахтни чопиб ташламоқчи эди. Йўлда унга иблис инсон қиёфасида рўбарў келди ва ундан сўради: “Нега бунча ғазабланган ҳолда кетмоқдасан?” Киши воқеани айтиб берди. Иблис: “ Одамлар билан нима ишинг бор, сен уларнинг ишига аралашма”, дея унинг йўлига ғов бўлмоқчи бўлди. Ҳалиги киши эса  иблисни роса дўппослади. Кишини куч билан енга олмаслигини билган шайтон энди ҳийла йўлига ўтди. Айтдики: “Агар сен дарахтни кесиш фикридан қайтсанг, сенга ҳар куни икки тиллодан бериб тураман”. Кунига икки тилло васвасаси кишини ўйлантириб қўйди ва иккиланганча сўради: “Сўзингнинг рост эканлигига қандай ишонаман?” Иблис: “Ҳар тонг уйғонганингда ёстиғинг остидан икки тилло топасан”, деди. Киши қайтиб кетди. Иблис айтганидек, эрта тонгда уйғонар ва ёстиғи остидан икки тиллони олар эди. Бу ҳол бир неча кун давом этди. Бир куни тонгда уйғонган киши айтилган жойдан иблис ваъда қилган тиллоларни топмади ва ғазаб отига минганча, дарахтни чопиб ташлаш учун болта кўтариб йўлга тушди. Йўлда эса яна шайтонни учратди ва унга деди: “Сен ўз ваъдангда турмадинг, мен энди бу ширк дарахтини чопиб ташлайман”. Иккаласининг орасида бошланган жанжал  кишининг мағлуб бўлиши билан якунланди. Шунда иблис: “Эй инсон, сен ўтган сафар дарахтни кесмоқчи бўлиб кетаётган пайтингда ниятинг холис эди. Бу ишингни фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилмоқчи эдинг. Аллоҳ ва унинг фаришталари ҳам сенга ёрдам бериш учун ҳозир эдилар. Шунинг учун курашда сени енголмагандим. Сўнгра, сени мол дунё билан васваса қилгандим. Бугун эса сен бу жойга тиллолардан айрилганинг учунгина, дунё матоҳининг аламини олиш учун келдинг. Шунинг учун сени енгиш менга қийин бўлмади. Сабаби бугун сенда Аллоҳ таолонинг нусрати йўқ. Агар дарахт сари яна бир қадам қўйсанг, бўйнингни узиб ташлайман”, деди. Ноилож қолган киши ортига қайтиб кетди”.  Ушбу воқеани ҳужжат билан қувватлаш учун асри саодатга назар ташлаймиз. Расулуллоҳ с.а.в. ҳазрати Абу Бакр р.а. билан Макка мушрикларидан қочиб Савр ғорига беркинган пайтларини эсланг. Ўшанда мушриклар ғорнинг оғзига бордилар ва бир муддат уёқ-буёққа қараганларидан сўнг ортга қайтиб кетдилар. Шунда Абу Бакр р.а.: “Ё Расулуллоҳ, агар улар шундоқ оёқларини остига қарашганда бизни кўрар эдилар”, деганларида, Росулуллоҳ с.а.в. хотиржамлик билан: “Эй Абу Бакр, учинчи шериги Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида қандай фикрдасиз?” деган эдилар.

Демак, никоҳдан кўзланган энг асосий мақсад Аллоҳ таолонинг розилиги бўлса, ушбу икки жуфтликнинг учинчи шериги ҳам Аллоҳ таолонинг ўзи бўлади. Аллоҳнинг Ўзи шерик бўлган оила эса шубҳасиз мустаҳкам бўлади.

  1. 2. Аллоҳ таоло айтади: “Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Рум,21). Ушбу оятда Аллоҳ таоло эркак ва хотиндан иборат икки жуфтликка икки нарсани ваъда қилмоқда. Улар севги ва марҳаматдир. Шубҳасизки, Аллоҳ таолонинг ушбу икки ваъдаси никоҳ орқали бирлашган жуфтликка ато қилинади. Шу ўринда савол туғилиши мумкин. Нега энди Аллоҳ таоло севги ва марҳамат ато қилган эр-хотин урушиб жанжаллашади, бир-биридан ажралиб кетади? Бунинг жавоби эса оддий. Айтганимиздек, севги ва марҳамат фақат никоҳ сабабли қоим бўлади. Модомики, эр ва хотин никоҳ аталмиш муқаддас риштага нуқсон етказмас эканлар, уларнинг ораларидаги меҳр-оқибат, севги ва марҳамат мустаҳкам туради. Муқаддас никоҳ риштасининг боғланиши учун эса, энг катта шарт бу – иймон калимасидир. Яъни, эр ва аёл ҳам иймонли бўлиши керак. Бандада иймон мукаммал бўлса, унинг устида воқе бўлган никоҳ ҳам мустаҳкам бўлади. Никоҳ мустаҳкам бўлганда эса Аллоҳнинг ваъдаси севги ва марҳамат мустаҳкам бўлади. Агар эр ёки хотиндан бири илмсизлик ёки қасддан иймонини нуқсонга учрашига сабаб бўладиган сўз ёки амалларни бажариб қўйса, иймонга зарар етади. Иймонга етган зарар эса тўғридан-тўғри никоҳга зарар етказади. Айни пайтда, никоҳга етган зарар эр-хотин орасидаги севги ва марҳаматни барбод қилади.  Бу икки хислат бўлмаган жойда уруш-жанжаллар, тушунмовчиликлар, зиддиятлар, алалоқибат, ажралишлар вужудга келади.

Демак, оила мустаҳкам бўлиши учун энг аввало ниятни тўғри қилайлик. Қизини узатмоқчи бўлган ота-оналар Ҳасан Басрийнинг ушбу сўзини эсласинлар: “Қизингизни Аллоҳдан қўрқадиган йигитга беринг. Агар севса, ардоқлайди. Агарчи, севмаган тақдирда ҳам зулм қилишга Аллоҳдан қўрқади”.

Ўғлини уйламоқчи бўлган ота-онанинг асосий мақсади эса Расулуллоҳ с.а.в.нинг ушбу сўзлари бўлиши керак: “Ким бир фарзанд кўрса, унинг исмини ва одобини чиройли қилсин. Агар балоғатга етса уни уйлантириб қўйсин. Агар фарзандини уйлаб қўймаса ўша фарзандга етган ҳар бир гуноҳдан отасига ҳам улуш етиб туради” (Байҳақий).

Ўзига бир умрлик жуфти ҳалол, фарзандларига бўлажак она танлаётган йигит ҳам Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ушбу насиҳатларини эсласин: “Аёл киши тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли учун, насаби учун, чиройи учун ва диёнати учун. Барака топгур, сен диёнатлисини танлагин” (Абу Довуд ва Насоий).

Уйлангандан сўнг Аллоҳ таолонинг: “Улар (аёллар) билан тинч-тотув яшанглар”, (Нисо,19) деган амрини ва Расули акрам с.а.в.нинг: “Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир” (Термизий) деган сўзлари ҳамда ҳажжатул вадоъдаги: “Аёлларингиз тўғрисида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки сизлар уларни Аллоҳнинг омонати ўлароқ олдиларинг, улар Аллоҳнинг сўзлари билан сизларга ҳалол қилинди”, деган муборак васиятлари асосида яшасинлар.

Жажжи қизалоғи дунёга келганда унга атаб олинган сандиққа келинлик сепларини йиғаётган ота-оналар ҳам бугун келинлик остонасида турган қизларига Пайғамбаримизнинг аёлларга айтган ушбу сўзларини энг катта сарпо сифатида қўшиб берсинлар: “Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни  эрларига сажда қилишга амр қилган бўлур эдим” (Термизий) ва яна: “Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотнинг номига қасам ичиб айтаманки, аёл киши то эрини рози қилмагунича Аллоҳни рози қила олмайди”, деган қасамларини ҳамда улуғларимизнинг: “Қайси аёл эрига исён қилади?”, дея берилган саволга: “Жаннатдан умидини узган аёл”, дея берган жавобларини ҳам эслатиб қўйсинлар.

Хуллас, икки ёш ва уларнинг никоҳи устида турган масъулларнинг ниятлари фақат Аллоҳ таолонинг розилиги устида бирлашса, ҳар бир инсон ўз масъулияти тўғрисида Худодан қўрқса ва бир-биридан шариат талаб этганидан ортиқ нарсани талаб қилмаса, энг асосийси, иймон деган неъматга гард юқтириб қўймаса, оилалар тинч ва хотиржам, ҳаётимиз эса янада фаровон бўлади.

Р. МАРҲУМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-хатиби

 

Read 4799 times

Мақолалар

Top