Биз ўзимиздан олдин ўтган умматлардан бир неча фазилатлар борасида яққол ажралиб турамиз. Ушбу фазилатларни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўз муборак ҳадисларида баён этиб берганлар. Жумладан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дейдилар: “Менинг умматимга Рамазонда мендан олдин бирор умматга берилмаган беш нарса берилди:
- Рамазон ойининг биринчи туни бўлганида Аллоҳ бандаларига назар солади. Кимга Аллоҳнинг назари тушса, у ҳеч қачон азобланмайди;
- Рўзадорнинг оғзидаги нохуш ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушки анбар ҳидидан ҳам яхшироқ бўлади;
- Фаришталар Аллоҳ таолодан туну кун бандалари учун истиғфор сўрайдилар;
- Аллоҳ таоло Жаннатга: “Таёрлан, менинг бандаларим учун безангин, улар яқиндирлар, дунё ҳаётидан толиқиб келиб Менинг ҳузуримда роҳатлансинлар!” – деб амр қилади;
- Рамазоннинг охирги куни бўлганида эса уларнинг барча гуноҳлари мағфират этилади!”
Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Бу Лайлатул Қадр тунида бўладими?” – деб сўради. У зот (алайҳиссалом): “Йўқ, бу худди ишчилар ишини тугатганидан кейин ишҳақи олишига ўхшайди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бахтиёр Наджмитдинов,
Тошкент ислом институти талабаси