Мақолалар

Ўз иффатингизни сақланг аёллар!

Халқимизда ажойиб нақл бор: “Ўз уйим – ўлан тўшагим”. Албатта, эркакли аёлни тирикчилик деб иссиқ уйини, бола – чақасини ташлаб чиқиб кетиши осон эмас. Ачинарлиси, чет элларга иш қидириб кетаётганлар ширин жонларини хатарга қўйиб, ўзларини хўрлашмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Ҳикоятлардан бирида бундай дейилади: «Бир киши иложсизликни, қўли калталигини рўкач қилиб, ўзга юртга ризқ излаб бормоқчи бўлади. Кўч-кўронини ортиб кетаётса, доно бир қўшниси йўлда учраб, қаерга ва не сабабдан кетаётганини сўрайди. Шунда ҳалиги киши бор гапни айтади. Шунда доно қўшниси энди унга маслаҳат беришга кеч бўлганини ўйлаб бундай дейди: “Ўша борган юртингни “Худосига” мендан салом айт”. У киши кета-кетгунча бу гапнинг мағзини чақишга уринади. Яратган танҳо Аллоҳ Ягона бўлса, ризқ берувчи ҳам фақат У. Борган жойимда ҳам, шу ерда ҳам ўша фақат Аллоҳ ризқ беради-ку. Юртдан кетиб нима қиламан, деб ортига қайтади».

Энди иш излаб четга чиқаётган аёлларимиз аксарият ҳолларда эрлари топиб келганига қаноатсиз чет элга кетишаяпти, ўз иффатини, ору номусини, аёллик, миллати шаънини хатарга қўймоқда.

Аллоҳ уч кунлик сафарга ҳам маҳрамсиз аёлга бир ерга боришга изн бермайди. Эр розилигисиз чиқиш эса, аёл киши учун гуноҳдир.

Зеро, ҳадиси шарифда эр рухсатисиз чиққан аёл то қайтгунича Аллоҳ ва фаришталар лаънати остида бўлиши айтилган. Шундай экан, эрнинг норозилиги остида қандай қилиб катта даромад топиш, қандай файз-барака бўлиши мумкин?

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, аввало, аёлми, эркакми улар ҳар доим сабрли бўлиши тавсия этилади. Зеро, “Мен сабрлилар билан биргаман”, дейди Аллоҳ. Сабрсизлик қилиб узун орзуларга эргашиб, соғлигидан, умрнинг қанча азиз онларидан, иффатидан ва ҳатто ширин жонидан айрилаётганларнинг ҳаёти барчамизга ибрат бўлсин.

 

 

Х. Холбоев,

 Тошкен вилоятидаги “Улуғбек”

жоме масжиди имом-хатиби

Read 6235 times

Мақолалар

Top