muslimuz

muslimuz

الأربعاء, 14 حزيران/يونيو 2023 00:00

Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар

Масжидлар – намозларни жамоат билан адо этадиган жой. Бу ер Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган маконлар бўлгани учун улар «Аллоҳнинг уйлари» дея васф қилинади.

Қуръони каримда масжидларнинг фазли ва аҳамияти ҳақида кўплаб ояти карималар келган.

Масжидларни обод қилувчилар васфи

 “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажабмас (Тавба сураси, 18-оят)

Масжидлар фақат Аллоҳники

“Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!” (Жин сураси, 18-оят); 

Масжидга борувчиларни дунё ишлари Аллоҳга ибодатдан чалғитолмайди

 “(У чироқ) бир уйларда (яъни, масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У Зотни поклайдиган кишилар борки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас” (Нур сураси, 36–37-оятлари).

Аллоҳнинг ердаги уйлари

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир» (Абу Нуайм ривоят қилган).

Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар, ёмонроғи бозорлардир», дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидлар тақводор зотларнинг жойларидир», деганлар (Имом Муслим ривоят қилган).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифлардан маълумки, масжидларни фақат иймонли ва амалли кишиларгина обод этадиган, фақат Аллоҳники ва Унинг ердаги уйлари бўлган ва Аллоҳ таолога маконларнинг энг яхшиси бўлган жойдир. 

Демак, ҳар бир мусулмон ва муслима бундай улуғ масканни икром-эҳтиром қилиши, унинг қадрига етиши, масжидлар ҳақида фақат яхши гумонда бўлиши, уларда макруҳ саналган амалларни қилмаслиги ва уларнинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуриши лозим экан.

Баҳриддин Хушбоқов

الثلاثاء, 13 حزيران/يونيو 2023 00:00

Инсон учун нималардан фойда йўқ...  

 

  1. Аллоҳга яқинлашишга интилмайдиган қалбдан;
  2. Аллоҳга хизмат қилмайдиган ва бўйсунмайдиган танадан;
  3. Аллоҳ ризоси кўзланмаган муҳаббатдан;
  4. Аллоҳга яқинлаштирмайдиган, дунё ва абадий ҳаёт учун фойда бермайдиган ишдан;
  5. Аллоҳга яқин қиладиган солиҳ амалларни бажариш ва гуноҳларга тавба қилиш учун сарфланмайдиган вақтдан;
  6. Аллоҳга итоатсиз кишидан қилинган умиддан.
  7. Фойдасиз фикрлар билан банд бўлган ақлдан;
  8. Амалиётга татбиқ қилинмаган билимдан;
  9. Мақсадсиз ва сидқидилдан қилинмаган ҳаракатдан;
  10. Бефойда сарфланувчи бойликдан.

Аллоҳнинг зикрига бепарво қалб, солиҳ амалларсиз ўтказилган вақт энг катта зарардир. Ўткинчи дунё ҳавасларига берилган кишининг қалби ғафлатда қолади. Вақтни бекорга сарфлаш эса бора-бора пушаймонлик келтиради. Шу боис инсон фойдасиз нарсалардан четланиб, ҳар бир хатти-ҳаракатини Аллоҳ ризоси учун қилса, икки дунё саодатига мушарраф бўлади, иншоаллоҳ.   

Баҳриддин ХУШБОҚОВ, 

таржимаси

 

Бу касалликка чалинган одам ўзгаларнинг мақтови, олқишига эришиш учун ташқи кўринишини безаш билан овора бўлади. Бунинг учун у бутун куч-ғайрати, вақти ва мол-давлатини сарфлайди. Аммо, нафсининг поклиги ҳақида қайғурмайди, хато-камчиликларини тузатишга бирор ҳаракат ҳам қилмайди. Ваҳоланки, инсон қалби Аллоҳ таолонинг назари тушадиган қароргоҳдир.

 
Муолажа услуби

Бу касалликдан даволаниш учун – инсоннинг қанчалик ҳурмат қилиниши ва эъзозланиши бу фақат Аллоҳнинг иродаси билан бўлишини англаб етиш керак. Одамларнинг унга бўлган муносабати ва муҳаббати фақат Қодир Аллоҳга боғлиқдир. Яна шуни унутмаслик керакки Аллоҳ таоло банданинг қалби ва хаёлида содир бўлаётган ҳамма нарсани билиб туради.

Шунинг учун, инсонни ташвишга соладиган биринчи нарса бу – унинг ички дунёси бўлиши лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир (Нисо сураси, 1-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ташқи суратингизга қарамайди. Қалб ва амалларингизга қарайди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шунинг учун, банда қалбини поклашга ва одамларнинг эмас, балки Роббининг муҳаббатига эришишга ҳаракат қилиши лозим. Шунда Аллоҳнинг ҳам, одамларнинг ҳам муҳаббатига сазовор бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Аллоҳ бир бандага муҳаббат қилиб қолса, Жаброилни чақириб: “Мен фалончига муҳаббат қилдим. Сен ҳам унга муҳаббат қил”, дейди. Шунда Жаброил унга муҳаббат қилади ва осмонда нидо қилиб: “Аллоҳ фалончига муҳаббат қиладир. Сиз унга муҳаббат қилинг!” дейди. Аҳли осмон ҳам унга муҳаббат қилади...», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

الجمعة, 09 حزيران/يونيو 2023 00:00

Кийим кийганда бажариладиган суннатлар

  1. Кийимни кийишда “Бисмиллаҳ” (Аллоҳнинг номи билан) дейиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг зикри ва “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошланмаган аҳамиятли ҳар бир ишнинг орқаси кесикдир», деганлар.

 

  1. Либосни кийишда ўнг тарафдан бошлаш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар кийинсангиз, ўнгдан бошланг”, деганлар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Бошқа ҳадисда: “Сизлардан бирортангиз пойабзал кийса, ўнгдан, ечганда чапдан бошласин. Кийганда ҳар иккисини кийсин, ечганда ҳар иккисини ечсин”, дейилади (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Либосни кийганда қуйидаги дуони қилиш:

الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي كَسَانِي هَذَا وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَلا قُوَّةٍ

“Алҳамду лиллаҳи аллазий касаний ҳаза ва розоқонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин”

“Менга ушбу либосни менинг тарафимдан ҳеч қандай куч-қудратсиз кийдирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”.

 

  1. Кийимни ечишда чап тарафдан бошлаш.

  1. Ечганда ҳам “Бисмиллаҳ” ни айтиб ечиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Одам болаларининг аврати билан жинларнинг кўзлари ўртасидаги парда кийимни ечганда “Бисмиллаҳ” дейишдир» (Имом Тобароний ривояти).
 

  1. Янги либос кийганда дуо қилиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иштон, кўйлак, ридо ёки салла кийсалар, қуйидаги дуони ўқир эдилар:

اللَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ أَنْتَ كَسَوْتَنِيه أَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِهِ وَخَيْرِ مَا صُنِعَ لَهُ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهِ وَشَرِّ مَا صُنِعَ لَهُ

“Аллоҳумма лакал ҳамду анта касавтанийҳи асалука мин хойриҳи ва хойри ма суниаъ лаҳу ва аъузу бика мин шарриҳи ва шарри ма суниаъ лаҳу”

“Ё Аллоҳим, мен сендан ушбу либосдаги яхшиликни ва унга боғлиқ яхшиликни сўрайман. Мен сендан ундаги ёмонликдан ва унга боғлиқ ёмонликдан паноҳ сўрайман” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).

 

  1. Янги либос кийган кишининг ҳаққига дуо қилиш:

“Бахтли ҳаёт кечиринг, шаҳодат билан вафот этинг” (Имом Термизий ривояти).

Кийиб эскиртираверинг, Аллоҳ ўрнига бошқасини бераверсин(Имом Абу Довуд ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД

☀️Йилдан йилга ёз мавсумида ҳаво ҳарорати юқорилаб бормоқда. Албатта, бунга қатор техноген ва табиий омиллар таъсир қиляпти. Бундай шароитда инсонлар аномал иссиқ об-ҳавода яшашга кўникишига тўғри келади, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

Хўш, ёз чилласини қандай ўтказиш керак?

– Иссиқ ҳавода табиий, ёрқин рангдаги, пахта матосидан бўлган кийимларни кийиш мақсадга мувофиқ. Мавсумга мос бундай либослар терининг нафас олишига имкон яратади, тана қизиб кетишининг олдини олади.
– Иложи борича тўғри тушаётган қуёш нуридан сақланишга ҳаракат қилиш ва бош кийим кийиб юриш лозим.
– Қуёш нури соат 12:00 дан 16:00 гача жуда фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқишни режалаштирмаган маъқул.
– Аммо ташқарига чиқишга зарурат бўлса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан асрашга ҳаракат қилиш керак.
– Иссиқ об-ҳавода организмда сув баланси бузилади ҳамда кўп намлик йўқотилади. Шунинг учун жазирамада кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичиш зарур.
– Ёз кунлари чанқоқни олча, олма ва нордон мевалардан тайёрланган шарбатлар, айрон ҳамда лимонли сувлар босади.
☕️⛔️ Жазирама кунларда қаҳвадан воз кечган маъқул. Чунки у иссиқ кунда чарчоқни оширади.
❌ Ширин ва газланган ичимликлар ҳам тавсия этилмайди.

Ўз навбатида жазирама иссиқ кунлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "...Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир", деганлар.

Уламоларимиз томонидан жазирама иссиқ кунларда кўпроқ "Аллоҳумма, ажирний минан-наар" (Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин) деб дуо қилиш тавсия этилади! Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, дуо нозил бўлган ва нозил бўлмаган нарсага фойда келтиради. Эй Аллоҳнинг бандалари! Ўзингизга дуони лозим тутинг!" деганлар.

Интернет маълумотлари асосида
Баҳриддин Хушбоқов тайёрлади

Мақолалар

Top