muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 2 июль куни уламоларимиз Тошкент шаҳрига ташрифлари давомида қуйидаги масжидларда жума намозида маъруза қилиб берадилар:

Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари – Яккасарой тумани “Усмон ибн Маъзун” жоме масжиди;

Иброҳимжон домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари – Миробод тумани “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди; 

Салоҳиддин домла Шарипов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси – Миробод тумани “Қўйлиқ ота” жоме масжиди;

Нуриддин домла Холиқназаров, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби – Мирзо Улуғбек тумани“Мулла Қосим домла” масжиди; 

Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири – “Яккасарой” жоме масжиди;  

Аброр Мухтор Алий домла, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази масъул ходими – Яшнобод тумани “Ислом ота” жоме масжиди; 

Жалолиддин домла Хамроқулов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози – Яшнобод тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди; 

Шунингдек, уламоларимиз масжидлар атрофида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан учрашув ўтказиш, эҳтиёжманд оилаларда бўлиб, “Вақф” фондининг моддий ёрдамини етказиш ва пойтахтдаги ижтимоий объектларга ташриф буюришлари режа қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳар бир ота - она ўз фарзандининг бахту - саодатли, маънавий соғлом, истиқболи порлоқ,    келажакдаги мустақил ҳаётида ҳам моддий жиҳатдан соғлом  бўлиб яшамоғини орзу қилади ва шу мақсадга эришиш учун бутун умрини, бор-йўғини сарф қилади. Айниқса, бу боласевар халқимизнинг қалбига сингиб кетган фазилатдир. Ислом дини таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат бўлиши билан бирга, у ота – онага  топширилган масъулияти жуда катта омонат ҳамдир.

Фарзанд неъматини шукрини адо қилиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги энг асосий бурчларимиздан бири ҳисобланади. Уни  асраб–авайлаб, чиройли тарбиялаб камолга етказиш эса бу неъматнинг олий шукронасидир.  Фарзандларимизни  ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадьфеллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”, деб бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳар қандай инсонни хоҳ у ёш бўлсин, хоҳ қари бўлсин жамиятда беобрў қилишидан огоҳ этадилар.

Фарзандларимизни бундай иллатдан асрашнинг бош омили албатта, уларга чиройли тарбия бериб, ҳаётнинг турли фитналаридан қалбларини покиза сақлаб, билимли инсон қилиб вояга етказишдир. Фарзанд ҳаётида яхши хулқ, чиройли одоб энг биринчи ўринда туради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар. Чунки, эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота - она хизматини қилиб, ватанига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади. Фарзанднинг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсоннинг ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта. Бу тўғрида доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи бор: “Фарзанд азиз, тарбияси эса унданда азиз”. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга  бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.

Бола тарбияни дастлаб оиласида олади. Катталарнинг бутун ҳатти - ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча -кўйда юриш - туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият бериш керак.

Менимча, фақат ота - онасини йўқотган эмас, балки қаровсиз қолган, тарбиясига биров аҳамият бермаган бола ҳам етим ҳисобланади. Келажагимиз бўлган болаларимиз тарбиясига катта аҳамият беришимиз, уларнинг юксак ахлоқий қадриятлар, миллий ва диний анъаналаримизга содиқ бўлишларига ҳаракат қилиш  лозим.

Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота – онасидир”. Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахту - саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари учун давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик билан бирга ота - оналарнинг бу борадаги доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, мукаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўрнини топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур. Фарзандлари улғайган сари улар тақдирига ҳушёрроқ қараш, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш ота - оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади.

Ҳозирги глобаллашув шароитида ота-оналарнинг фарзандлари устидаги масъулиятлари янада ортиб, бу борада умуман бепарво бўлмасликлари талаб этилади. Фарзандларини ёшлигиданоқ кучи, қобилиятига мос тушадиган илм-фан, меҳнат ва касб - ҳунарларга йўналтиришлари  ва оммавий маданият ва турли ғоявий ҳужумлардан эҳтиёт қилишлари жуда зарурдир.

Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсинин” асарида фарзанд тарбиясида муҳим бўлган қадриятларга тўхталиб: “Фарзанд Ҳақ таолонинг омонатидир. Ота - онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳақи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна – бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хоҳласа, ўшанга мойил қилиш мумкин. Демак, зарурат бўйича фарзандни тўғри тарбия қилиш керак, токи ёқимли сифатларга эга бўлсин. Аввало унга чиройли ном бериш керак. Агар фарзанд номи муносиб бўлмаса маълум муддат яшагандан сўнг унда ўз исмига нисбатан нафрат пайдо бўлади. Яна мўътадил табиатли, хушмуомала ва покиза кўринишли бўлсин”, дейди.  

Ҳадис шарифда “Фарзандинг ё жаннатинг ёки дўзахингдир”, деб айтилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат кунида ўзи билан ота-онасини ҳам     жаннатга         етаклайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим экан. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 104 – моддасида: “Ота – оналар ўз фарзандларини вояга етганларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деб  белгилаб  қўйилган.

Бу эса ҳар биримизнинг фарзандларимиз, ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий камолоти, ғоявий чиниқишига, ҳар хил бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши муросасиз курашчи руҳида тарбиялашга масъулият билан ёндашишга ундайди. Айнан фарзандларнинг камолоти – эртанги кунда барчамизнинг тинч ҳаётимизни таъминлайди.

Ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида шу халқнинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк кучни кўради. Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг асосий устувор йўналишлардан бири ана шундай комил инсонларни тарбиялашга йўналтирилган.

Келажак авлод тарбияси барча замонларда халқимиз олдида турган асосий вазифалардан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу каби савобли мақсад ва вазифани нафақат тарбия билан шуғулланувчи ташкилотлар, балки барча - барчамиз ўз олдимизга асосий мақсад сифатида қўйишимиз лозим. 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳар  “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби

Шу йил июнь ойида Германиянинг Оснабрук шаҳрида имомларни тайёрлашга ихтисослашган илк ўқув маркази (Ислом коллежи) ташкил этилди. Ушбу марказ давлат томонидан молиялаштирилади. Германиянинг биринчи Ислом маркази директори Булент Учар расмий очилиш маросимида сўзлаган нутқида: “Бугунги кунда Германияда диний мутахассисларни тайёрлашда бурилиш даври бўлишини истаймиз, шунда биз доимий равишда Германияда ўқишни бошлашимиз мумкин", деди.

Мазкур марказда имомлар ва Германиядаги масжид ва исломий диний жамоалар учун ижтимоий ходимлар етишади. Мутахассислар фикрига кўра, бундай таълим муассасасига эҳтиёж узоқ вақтдан бери мавжуд эди.

Конрад Aденауер жамғармаси Германия масжидларидаги имомларнинг 80-90 фоизини чет элдан олиб келинган деб ҳисобламоқда. Уларнинг аксарияти немис тилини кам ёки умуман билмайди.

“Deutsche Welle” хабарига кўра, янги Ислом ўқув марказида дарслар немис тилида олиб борилади. Биринчи курсда 50 дан ортиқ талаба таҳсил олади, уларнинг 20 фоизга яқини аёллардир.

Марказ директори Булент Учарнинг сўзларига кўра, ўқув дастурини марказни қўллаб-қувватловчи бешта мусулмон уюшмаси, шунингдек, Германия ва Қуйи Саксония мусулмонлари марказий кенгаши каби масжид ва исломшунос мутахассислардан иборат комиссия белгилаб беради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими

Қоҳирадаги таниқли Ал-Азҳар университети кейинги босқичга ўтиш учун ўйинчиларни Каъбани бузишга ундайдиган Fortnite деб номланган кўп ўйинчи иштирок этувчи видео ўйинини тақиқлаш ҳақида огоҳлантириш хати эълон қилди. Огоҳлантириш университетнинг Халқаро электрон фатволар маркази орқали берилган.

«Марказ илгари ёшлар онгини банд қиладиган, уларни фойдали билим олиш ёки ишлашдан чалғитадиган ва уларни воқеликдан узоқлаштириб виртуал оламларга қамаб қўядиган, нафратга, ўзига ёки бошқаларга зарар етказишга ундайдиган баъзи электрон ўйинлардан огоҳлантиради», дейилади университетнинг фейсбук саҳифасида.

Рўйхатга қўшилган Fortnite видео ўйини қуролларни ютиб олиш ва кейинги босқичга ўтиш учун ўйинчиларни Каъбани бузишга  ундайди. «Бу ёшларнинг эътиқоди ва қадр-қимматига таъсир қилади. Шу сабабли, марказ зўравонликни рағбатлантирадиган ёки ёлғон ғояларни ўз ичига оладиган, эътиқодни бузадиган ёки диний эътиқодга ҳурматсизлик кўрсатадиган барча электрон ўйинларнинг тақиқланишини талаб қилади».

Мақолалар

Top