muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 21 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

Ўзбекистон халқига байрам табриги

Муҳтарам ватандошлар!
 
Сиз азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
 
1989 йил 21 октябрда, ғоят мураккаб ижтимоий-сиёсий шароитда юртимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши миллий мустақиллик сари қўйилган муҳим қадам бўлганини барчамиз яхши эслаймиз.
 
Жамоатчилигимиз, халқимизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, ўтган йили ушбу тарихий санани Ўзбек тили байрами куни сифатида белгилаш тўғрисида қонун қабул қилганимиздан ҳаммангиз хабардорсиз. Бугун мамлакатимизда биринчи марта кенг нишонланаётган ана шу байрам маънавий ҳаётимиздан мустаҳкам ва муносиб ўрин олади, деб ишонаман.
 
 
Ҳурматли юртдошлар!
 
Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз.
 
Чунки, неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш –
 
бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир. Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир.
 
Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
 
Айни вақтда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият марказлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатмоқда. Хорижий тилларга ихтисослашган ҳамда таълим чет тилларда олиб бориладиган таълим муассасалари сони ошиб бормоқда.
 
Бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган чет эллик олимлар сафи тобора кенгаймоқда.
 
Куни кеча Афғонистон Ислом Республикасида Ўзбек тили кунига бағишланган байрам тадбирлари биринчи марта давлат миқёсида нишонланганини мамлакатимиз жамоатчилиги, бутун ўзбек халқи катта мамнуният ва хурсандчилик билан олқишлади.
 
Фурсатдан фойдаланиб, қардош Афғонистон давлати раҳбариятига ўзбек тилига расмий тил мақомини бериб, унга кўрсатаётган юксак эътибор ва ҳурмати учун яна бир бор чин дилдан миннатдорлик билдираман. Бу кўҳна заминда яшаётган барча миллатдошларимизни бугунги қутлуғ байрам билан эл-юртимиз номидан самимий муборакбод этаман.
 
 
Муҳтарам юртдошлар!
 
Мамлакатимизда ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида олдимизда катта ва масъулиятли вазифалар турибди.
 
Шу мақсадда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун лойиҳасининг янги таҳрири ҳамда шу муносабат билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари тайёрланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди.
 
Хабарингиз бор, куни кеча “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди.
 
Фармонга мувофиқ, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва истиқболдаги вазифалар белгилаб берилди.
 
Фармон ижросини таъминлаш учун давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, тиббиёт соҳаларида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳарбий муассасалар фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритиш бўйича бошлаган ишларимизни кучайтиришимиз керак.
 
Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган, Ўзбекистонимизни ягона ва аҳил оила деб биладиган турли миллат ва элатлар вакиллари ҳам ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш ва истак билдираётганлари айниқса эътиборлидир.
 
Шу муносабат билан бу борада мотивация омилларини кучайтириш, махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар, замонавий ўқитиш услубларини кенг жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
 
Бугунги глобаллашган дунёда тилларнинг бир-бирига ўзаро таъсири, жумладан, четдан сўз қабул қилиш кўлами ва суръати ортиб бормоқда. Афсуски, юртимизда бу жараён аниқ тизим ва илмий ёндашувларсиз юз бераётганини тан олган ҳолда, мавжуд ҳолатни бартараф этиш учун таъсирчан чоралар кўриш лозим.
 
Айни вақтда ўзбек тили алоҳида фан сифатида ўқитилаётган хорижий университет ва марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, улар учун ўқув адабиётлари яратиш борасида ҳам фаол иш олиб боришимиз лозим.
 
Жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиётининг сара намуналарини чет тилларга таржима қилиш ва нашр этиш, бу йўналишда шаклланган ижодий мактабларни ривожлантириш, юқори малакали таржимон-адиблар ҳамда мутахассисларни тайёрлаш ишларига жиддий эътибор қаратишимиз даркор.
 
Мамлакатимизда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, “Биринчи китобим”, “Жаҳон адабиёти дурдоналари” каби серияларни нашр этиш бўйича бошланган ишларни тизимли асосда давом эттириш керак.
 
Шунингдек, ўзбек тилининг жаҳон майдонида, хусусан, Интернет ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, она тилимизда кўплаб янги компьютер дастурларини яратиш бўйича ҳам олдимизда турган муҳим ва долзарб вазифаларни ҳал қилишимиз зарур.
 
Ушбу қутлуғ байрам арафасида қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ҳам ўзбек тили ва адабиётини, миллий маданиятимизни янада равнақ топтиришга қаратилган амалий ҳаракатларимиз билан уйғун ва ҳамоҳангдир.
 
 
Ҳурматли дўстлар!
 
Атоқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний бобомиз айтганидек, тил – миллат руҳини юксалтирувчи буюк кучдир.
 
Шу маънода, Она Ватанга муҳаббат ва садоқат – она тилига муҳаббат ва садоқатдан бошланади, десак, янглишмаган бўламиз.
Мен мана шундай қараш ва тушунча ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётий эътиқодига айланади, бу борада муҳтарам зиёлиларимиз, фаол ёшларимиз, кенг жамоатчилигимиз барчага ўрнак ва намуна бўладилар, деб ишонаман.
 
 
Азиз ва қадрли ватандошларим!
 
Сизларни Ўзбек тили байрами билан яна бир бор самимий табриклайман.
Барчангизга соғлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Ўзбек тилимиз ҳамиша безавол яшасин, доимо мағрур янграсин!
 
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
الأربعاء, 21 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

Равзаи муборак зиёратчиларга очилди

Олти ойдан ортиқ вақт ичида биринчи марта Мадинадаги Набавий масжидидаги Равза жамоатчиликка очилди. Ҳар бир мусулмон учун алоҳида жой ҳисобланмиш Равза март ойида Қиролликдаги COVID-19 эпидемияси туфайли ёпилганди. Гарчи Набавий масжиди июнь ойида намозхонлар учун ўз эшикларини очган бўлса-да, Равзага кириш таъқиқи амалда бўлиб келаётган эди.
Islam.ru маълумотларига кўра, бу кунда Мадинада бўлиш бахтига муяссар бўлган мусулмонлар фурсатдан фойдаланиб, Равзада ибодат қилиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га ўз ҳурматларини бажо келтирдилар.
"Раби ул-аввал ойининг биринчи тонгида Равзани зиёрат қилган биринчи гуруҳ аёллар орасида бўлиш бахтига муяссар бўлдим, - дейди 39 ёшли Ханан ал-Жиҳаний. - Бу фавқулодда тажриба".
Жиддалик Эман Maҳмуд: "Бу албатта муборак ойнинг бошидаги муборак кундир. Ниҳоят Муқаддас хонага ташриф буюриб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ни қутлашимиз мумкинлигини эшитганимда жуда хурсанд бўлдим. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! " - деди.
Мадина ва Набавий масжидига тез-тез ташриф буюрадиган 50 яшар Эман Maҳмуд сўнгги бир неча ой ҳаммага қийин бўлганини айтди: "Набавий масжидидаги эски кунларни қанчалик соғинганимни сўз билан ифодалай олмайман."Умид қиламанки, инқироз яқинда тугайди ва барча мусулмонлар масжидда қалбни тозалайдиган маънавий тажрибадан баҳраманд бўла олишади".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

✨Оталари: Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилмасларидан олдин оламдан ўтганлар.

✨Оналари: Омина бинти Ваҳб пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг 6 ёшликларида вафот қилганлар.

✨Боболари: Абдулмуттолиб ибн Ҳошим пайғамбаримиз алайҳиссалом 8 ёшликларида дунёдан ўтган.

✨Амакилари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 9 та амакилари бўлган. Уларининг исмлари: Ҳорис, Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абду¬маноф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, Муғийра ва Навфал.

✨Аммалари: Умайма, Баро, Умму Ҳакийм, Сафия, Арво, Отика.

✨Аёллари: Хадийжа бинту Ҳавайлид, Савда бинту Замъа, Оиша бинту Абу Бакр, Ҳафса бинту Умар, Зайнаб бинту Ҳузайма, Умму Салама (Ҳинд бинту Абу Умайя), Зайнаб бинту Жаҳш, Маймуна бинту Ҳорис, Жувайрия бинту Ҳорис, Умму Ҳабиба (Рамла бинту Абу Суфён), Мория бинту Шамъун, София бинту Ҳуяй.

✨Ўғиллари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг учта ўғиллари бўлган аммо улар ёшликларида вафот қилганлар. Улар: Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим.

✨Қизлари: Зайнаб, Фотима, Руқайя, Умму Кулсум розияллоҳ анҳунна.

✨Куёвлари: Абул Осс ибн Робиъ розияллоҳу анҳу – Зайнаб бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг турмуш ўртоқлари.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу – Фотима бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг турмуш ўртоқлари.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу – аввал Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг Руқайя исмли қизларига уйланадилар, бир қанча вақт ўтиб Руқайя розияллоҳу анҳо вафот этганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кенжа қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳога уйланадилар. Шу сабабли Усмон розияллоҳу анҳу «Зиннурайн» - икки нур соҳиби деган ном билан шарафланганлар.

✨ Набиралари: Абул Осс ибн Робиъ ва Зайнаб бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг фарзандлари: Али, Умома.

Али ибн Абу Толиб ва Фотима бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг фарзандлари: Ҳасан, Ҳусайн, Мухассин, Зайнаб, Умму Кулсум.

Усмон ибн Аффон ва Руқайя ибн Муҳаммад алайҳиссаломнинг фарзандлари: Абдуллоҳ.

Имом Термизийнинг«Шамоили Муҳаммадия» асари асосида тайёрланди.

mehrob.uz

Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг 30 йиллиги шарафига 21-22 октябрь кунлари Нур-султон шаҳрида Қуръон ҳофизларининг IX Республика танлови ўтказилади .
"Hazrat Султон" республика жомеъ масжидида Диний идора томонидан ташкил этиладиган танлов ўтказилади. Унда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 74 нафар ҳофиз иштирок этади. Улар Қуръони Каримнинг 10, 20 ва 30 жузларини ёддан билиш бўйича тоифаларда беллашадилар, шунингдек, мамлакатдаги эпидемилогик вазият туфайли ҳофизлар танловини "Ҳикмат студияси" YouTube канали да ва "Холиқ Арна" телеканалида жонли томоша қилиш мумкин.
Muftyat.kz маълумотига кўра, танлов иштирокчиларига мамлакатнинг таниқли устозлари ва олимлари - Комилжон Содиқов, Саидваққос Ўлжабой, Эркинбек Шокай, Эрсин Амире ва Жуманазар Содирхоновлар ҳакамлик қилишади.
Энг кекса иштирокчи 30 ёшда, энг кичиги эса 13 ёшда. 10 жузни биладиган ҳофизлар орасида 10 ёшли мактаб ўқувчиси бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?

Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?

Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?

Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?

Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?

Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?

Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?

Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.

Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?

Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?

Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

 

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг

“Шамоили Муҳаммадия” асари асосида

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Мақолалар

Top