muslimuz

muslimuz

الثلاثاء, 20 شباط/فبراير 2024 00:00

Соҳиби узр ким?

Cавол: Динимизда кимни соҳиби узр дейилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Соҳиби узр (узрли одам) – тўлиқ бир фарз намозининг вақтича ёки ундан кўпроқ вақт бетаҳоратлик етиб турган кишидир. Бу ҳақида “Мухтасарул-виқоя” китобида шундай дейилган: “Кимга тўлиқ бир фарз намозининг вақти истиҳоза (касаллик қони), бурундан қон келиши ёки шуларга ўхшаш таҳоратни синдирувчи нарсалар билан ўтса, ҳар бир фарз намозининг вақти учун алоҳида таҳорат қилади ва ушбу таҳорати билан ўша намоз вақтида истаганича фарз ва нафл намозларини ўқийверади. Соҳиби узрнинг таҳоратини вақтнинг чиқиши бузади, масалан қуёш чиқиши каби. Вақтнинг кириши унинг таҳоратини бузмайди, масалан завол каби” (“Таҳорат боби”).

Демак, соҳиби узрга айланиш учун тўлиқ бир фарз намозининг вақти миқдорича бетаҳоратлик давом этиши шарт бўлиб, масалан: бир кишининг бурни ёки тиши ёки бошқа жойи пешин намозининг аввалги вақтида қонашни бошласа ва пешиннинг охирги вақтига бориб тўхтаб қолса, у соҳиби узр саналмайди. Чунки бетаҳоратлик тўлиқ бир намознинг вақтини ўз ичига олмади. Аммо ушбу ҳолатда қон асрнинг вақти кирганидан кейин ҳам давом этиб, аср вақтини тўлиқ қопласа, у ҳолда мазкур одам соҳиби узрга айланади. чунки узр тўлиқ бир фарз намозини яъни асрнинг вақтини ўз ичига олди.

Бир киши соҳиби узрга айланганидан кейин, унинг узри бир фарз намозининг вақти ичида бир марта содир бўлса ҳам, соҳиби узрликдан чиқмайди. Қачонки тўлиқ бир фарз намозининг вақтида узри тўлиқ йўқ бўлса, кейин соҳиби узрликдан чиқади. Бу ҳақда “Мухтасарул-Қудурий”нинг шарҳи “Лубоб” китобида шундай баён қилинган: “Сўнг узрнинг собит бўлиши учун узр бир фарз намозининг вақтини тўлиқ ўз ичига олиши шартдир. Яъни бир фарз намозининг вақти ичида таҳорат қилиб, шу таҳорати билан гарчи фарзларни ўзига чекланиб бўлса ҳам узридан холи бўлган ҳолда намоз ўқишга қодир бўлмаса, соҳиби узрга айланади. Бу аввалда узрнинг собит бўлишининг шарти бўлиб, унинг давом этиши учун эса, бир фарз намозининг вақтида бир марта бўлса ҳам содир бўлиши кифоя қилади. Узрнинг йўқ бўлиши учун эса, мазкур узрнинг бир фарз намозининг вақтида бир марта бўлса ҳам содир бўлмаслиги шарт қилинади”.

Соҳиби узр ҳар бир фарз намоз вақти учун янги таҳорат олади ва ушбу таҳорати билан мазкур фарз намозининг вақтида истаганича намоз ўқийверади. Қачонки ушбу намознинг вақти чиқса, унинг таҳорати синган ҳисобланади ва кейинги фарз намози учун яна қайтадан таҳорат олади. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

الثلاثاء, 20 شباط/فبراير 2024 00:00

Китоб ўқиганга мукофот

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, уйда катта кутубхонамиз бор. Ўзим кўпинча уйдаги вақтимни ўша ерда ўтказаман. Кутубхонамиз 7 ёшдан 70 ёшгача кишилар ўқиши учун мўлжалланган турли мавзулардаги китоблар билан тўла. Қўплари отамдан қолган. Яна анча-мунчасини ўзим олиб келиб кутубхонани тўлдирганман.

Болаларимга ўқишни тарғиб қилишнинг яхши йўлини ўйлаб топдим. Болаларга аталган китобларни фарзандларимнинг қўллари етадиган пастки токчаларга жойлаштириб, ҳар бир китобнинг устига "Бу китобни ўқиган одамга фалон минг сўм мукофот" бор деб ёзиб чиқдим. Мукофот миқдорини ёзишда китобнинг ҳажми ва аҳамиятига алоҳида эътибор бердим.

Кўп ўтмай ҳамма фарзандларим вақтларини мен билан бирга кутубхонада ўтказадиган бўлиб қолишди. Деярли ҳар ҳафта бир фарзандим “Дада, мен мана бу китобни тугатдим” деб бир китобни қўлимга тутқазадиган бўлди. Табиийки, мен мукофтотни беришдан олдин китобни олиб 5-10 дақиқа савол жавоб қилардим. Боламдан китоб ҳақидаги таассуротларини, китоб ёққан- ёқмаганини сўрардим. Гоҳида бу савол-жавобга бошқа фарзандларим ҳам қўшилиб кетиб, кутубхонамиз катта китобхонлар суҳбати бўлаётгандек баҳс-мунозалар майдонига айланиб кетарди.

Қўллаган тадбирим орқали барча болаларим китобхонларга айланишди. Ёшлари улғайгач, ўқиган китобларига пул ҳам сўрамай қўйишди. Қайтанга фарзандларимнинг катталари кичикларини менга қўшилиб рағбатлантирадиган бўлишди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

الثلاثاء, 20 شباط/فبراير 2024 00:00

У менинг аёлим!

Устоз Ислом Абдуттаввоб аёлларининг хислатлари ҳақида мақола ёзибдилар:

“Одатда аёлини мақтаб мақола ёзган одамни ёки эрини мақтаб мақола ёзган аёлни учратмаймиз. Доим икки тарафдан бири наригиси устидан шикоят қилиб ёзганини ўқиймиз ва эшитамиз. Аслида иккисидан бири яхши бўлса, оиласини бахтли оила қила олади, гарчи бунда жуфти унга боғланмаса ҳам!”.

Мен бир куни аёлимнинг менга муносабати ҳақида ўйлаб қолдим. Эътибор бериб қарасам, у мени шу қадар яхши кўрарканки, доим атрофимда гирди-капалак бўларкан. Унинг кўз олдидан бир лаҳза ҳам ғойиб бўлмаслигим учун “Қанийди ишлари уйнинг ўзида бўлса эди!” деб орзу қиларкан. Кўпчилик аёллар эса бунинг акси, эрлари ишга кетса, ўзида йўқ хурсанд бўлишади.

Менинг аёлим мени яхши кўради ва яхши кўришини изҳор қилишдан чарчамайди. У мен билан ўйнашишга, хурсанд қилишга ҳаракат қилади, ғамларимни мендан аритиш учун… Мен маҳзун бўлиб қолсам, унга ҳам маҳзунлигим ўтади. Мендан қайғу ва сиқилишни кетказиш учун маҳзун қилаётган нарса нималигини очиқлашга ҳаракат қилади.

Аёлим мени доим гапга солади, чунки уни ҳис қилишимни ва ундан бошқа нарса ҳақида ўйламаслигимни хоҳлайди. Уйдамас вақтим телефон қилиб гаплашади, севишини, менга иштиёқманд бўлиб ўтирганини изҳор қилади.

Мен уни уй ишларини қилмайдиган замонавий хонадондан олган эдим, уйида хизматчилар бор эди. Лекин уйланганимдан кейин уй ишларини шу даражада чиройли тартибда бажарадиган бўлдики, мен мутлақо нуқсон топа олмасдим.

Аёлим бошқа аёллар сингари тиллага, уни йиғишга қизиқмайди. Аксинча яшаб турган уйимиздан яхшироқ хонадонга кўчмоқчи бўлганимизда уни сотиб юборди. Кейинроқ ўрнига ўрин тилла-тақинчоқлар олиб берай, десам, унамади ва унга бермоқчи бўлганим ўша пулни уйга керак бўладиган нарсаларга ишлатди.

Эътибор берсам, аёлим модомики у билан бахтли яшар эканмиз, оз нарсага ҳам қаноат қилар экан. У нимани хоҳласа, бисёр қилинишига ўргангани учун мен унга тўкин-сочинчилик қилиб беролмаётганимни айтиб, афсусимни ифода қилганимда, у дарҳол менга Аллоҳ бизнинг устимизга тўкиб-сочиб қўйган неъматларни эслатди ва биз Аллоҳнинг розилигидан бошқа ҳеч нарсага муҳтож эмаслигимизни айтди!

Бизнинг иккита фарзандимиз бор. Аёлим жуда яхши она ва тарбиячи! Уларнинг тарбияси билан шуғулланишни ўзининг дарсларидан ҳам устун кўради ва натижада ўзининг дарслари орқага сурилади. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг иккала фарзандимиз ҳам аълочи, қариндошлар ва атрофдагилар уларнинг тарбиясини мақташади.

Аёлим қўшнилар билан ҳам жуда яхши муомалада. Уларга ёрдамлашишдан ҳеч қочмайди. Қўлидагини уларга эҳсон қилишни яхши кўради.

У дугоналарига ҳам аёл эрига итоат этиши, бўйсуниши лозимлигини уқтиради. Неча марталаб дугоналаридан эрига итоатсизлиги ёки қайсарлиги сабаб хафалашиб қолганини эслайман!

Аёлим уйини ҳаётида биринчи ўринга қўяди ва у бунга ҳеч ачинмайди. Мен айни вақтда аёлим, икки фарзандим ва аёлим жаннатга айлантирган уйим билан жуда бахтлиман. Дунёда асло ундан юз ўгиришни хоҳламайман!

Ҳа, азизлар, у менинг аёлим, мен уни яхши кўраман ва Аллоҳдан уни олий Фирдавс жаннатида ҳам менга жуфт қилиб беришини сўрайман! Мен шундай аёлим борлиги билан фахрланаман!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

الثلاثاء, 20 شباط/فبراير 2024 00:00

Қор Аллоҳнинг раҳмати!

Юртимизда қалин қор ёғди. Ҳаммаёқ оппоқ қор билан ўралди. Оппоқ қорга қараб инсон завқ олади. Қор мўл-кўл ёғин бўлиб, у Аллоҳ таолонинг раҳматидир.

Аллоҳ таоло бир қавмга яхшилик ирода қилса, уларнинг ерига баракали ёғин ёғдиради.  Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: “У (Аллоҳ) раҳматидан шамолларни хабарчи қилиб юборадиган Зотдир. Улар оғир булутларни ҳайдаб келишганда Биз уни ўлик жойга ҳайдаб, у (ўлик ер)ни суғорамиз ва тушган сув билан турли мевалар ундирамиз. Ибрат олишларингиз учун ўликларингиз ҳам шундай тирилтирамиз” (Аъроф сураси, 57-оят).

Ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло бир қавмга яхшиликни ирода қилса, уларнинг ерига мўл-кўл ёғин ёғдиради, бундан экинлар яшнаб, чорвалари семиради ва кўпаяди, юртда тўкинчилик ва фаровонлик бўлади. Ҳамма нарсага қодир Зот ёғиндан олдин даракчи шамолларни юборади. Улар булутларни Аллоҳ белгилаган жойларга ҳайдаб, ёғин ёғишига сабабчи бўлишади. Ёғин ёққач, ўлиб, экин ўсмай ётган ерлар унумдор бўлади, ёғин билан инсонларга ва бошқа жон-зотларга қут-барака ёғилади”, дейилади.

 Аллоҳ таоло ёққан қорни баракали ёғинлардан қилиб, юртимизда тўкинчилик ва фаровонликни  янада зиёда қилсин! 

Руҳиддин АКБАРОВ,

Ўзбестон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими

الثلاثاء, 20 شباط/فبراير 2024 00:00

Мадинада биринчи ўзбек ресторани очилди

Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида «Ал-Урз ва ал-Кабаб» номли биринчи ўзбек тамаддихонаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. 

Ресторан Саудия Арабистони аҳолиси ва дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонлар учун ўзбек миллий таомлари, халқимиз анъаналари ва маданияти билан яқиндан танишиш нуқтасига айланади.

Эътиборлиси, бу ерда мижозларга таклиф этилаётган таомлар миллий услубда ишлаган идишларга тақдим этиляпти. Рестораннинг барча бурчаклари махсус мониторлар билан жиҳозланган бўлиб, уларда хорижлик меҳмонларга мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳарлари, урф-одатлари, сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги видеороликлар намойиш қилинмоқда.

Мазкур мажмуа Саудия Арабистонидаги ватандошларимиз Аброр Акмалов ва таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий томонидан ташкил этилди.

Уларнинг айтишича, ушбу ресторан ўз мижозлари сонин кенгайтирганидан кейин, Жидда ва Маккада филиал очиш режалаштирилган.

Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари тадбиркорларга ресторанни тарғибот материаллари билан таъминлашга ёрдам бермоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top