muslimuz

muslimuz

الإثنين, 19 شباط/فبراير 2024 00:00

Зиёратчилар учун умра дарси ўтилди

 Шу йил 17 февраль куни Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарси ўтказилди.

Унда “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси, “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби Акрам домла Абдуллаев, умра сафарига кетаётган элликбошилар ва гуруҳ аъзолари иштирок этди.

Акрам домла Абдуллаев маъруза давомида умра зиёрати аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олди тайёргарлик каби мавзуларни айтиб ўтдилар.

Дарс давомида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунтириб берди

Аллоҳ таоло умрага отланаётганларнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати 

الإثنين, 19 شباط/فبراير 2024 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Янгийўл тумани "Пусур оқсоқол" жоме масжиди имом-хатиби Баҳодир домла Усмоновнинг волидаи муҳтармалари вафоти муносабати билан таъзия билдиради.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни раҳматига олсин, маконини жаннат қилсин. Бу дунёда қилган барча хайрли ишларини бошларига соя, охиратларига захира айласин. Ортда қолган барча яқинларига гўзал сабр берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига, хусусан, Баҳодир домлага ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

الإثنين, 19 شباط/فبراير 2024 00:00

Устозларга умра йўлланмаси ҳадя этилди

Умрини Ислом дини равнақига хизмат қилишга, халқимиз маърифатини юксалтиришга, одамларга зиё улашишга бағишлаётган устозларга ҳамма ҳавас қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйи раҳбарияти бугун қарийб чорак асрдан бери шу ерда меҳнат қилиб келаётган Бош муҳаррир Абдужалил Хўжамовга ва 35 йилдан бери фидойилик кўрсатиб келаётган катта муҳаррир Муҳаммадшариф Жумановга "Умра сертификат"ларини топширди.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизларнинг яхшиларингиз умри узун ва хайрли амаллари кўп бўлганингиздир", деб марҳамат қилганлар.

Ҳақиқатан, яна кўп йиллар устозлар билан биргаликда хизмат қилиб, улардан кўп илм ўрганишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин.

✈️ @HidoyatUz

الإثنين, 19 شباط/فبراير 2024 00:00

Саждада дуо қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дарҳақиқат, сажда ҳолатида қилинган дуо ижобатга яқинлиги ҳақида ҳадиси шариф ва уламоларимизнинг сўзлари кўпдир. Чунки, киши саждада турганида Аллоҳга энг яқин ҳолатда бўлади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Банда Раббисига энг яқин бўладиган ҳолати сажда қилган вақтидир. Шундай экан, (бу пайтда) дуони кўпайтиринглар” (Имом Муслим ривояти).

Демак, банда Аллоҳ таолога энг яқин ҳолатда туриб дуо қилса, дуоси ҳам ижобатга яқин бўлади.

Ҳанафий мазҳабимизда фарз ва вожиб намозларининг саждасида суннат бўлган тасбеҳларга ҳеч нарсани зиёда қилинмайди. Фақат “Субҳаана Роббиял аълаа” дейилади холос. Бу ҳақда Имом Шурунбулолий бундай дейдилар: “Руку ёки саждада тасбеҳдан бошқа нарсани айтмайди.

Имом Шофеъий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилингани каби рукуда: “Ё, Аллоҳ сен учун руку қилдим, сенга хушу қилдим, сенга бўйсундим, сенга таваккал қилдим”, саждада эса: “Юзим уни яратган, сурат берган, қулоқ ва кўзини очган зотга сажда қилди. Гўзал яратувчи Аллоҳ муборак бўлди”, деб айтади, дейдилар.

Биз (яъни, Ҳанафийлар): “Бу (дуолар) таҳажжуд намозига хосдир”, деймиз” (“Мароқул-фалаҳ”).

Демак, юқорида келган ва Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда зикр қилинган дуоларни таҳажжуд намозида, шу жумладан нафл намозларда ҳам қилиш мумкин.

Аммо одамлардан сўраладиган нарсани нафақат фарз ва вожиб намозларининг саждасида, балки нафл намозларининг саждасида ҳам сўраш жоиз эмас. Масалан, “Аллоҳумма аъти маалан” яъни “Эй, Аллоҳ! Менга мол бер” ёки “Аллоҳумма аъти саманан” яъни “Эй, Аллоҳ! Менга пул бер” каби дуолар. Агар сўралса намоз бузилади.

Шуни ҳам билиш керакки, руку ёки саждада Қуръон қироат қилиш мумкин эмас. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Огоҳ бўлингки, мен руку ёки сажда ҳолида қироат қилишдан қайтарилдим. Рукуда Роббни улуғланглар, саждада дуога ҳаракат қилинглар. Мана шунда ижобатга лойиқ бўласизлар” (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз бу ҳадисдаги саждада дуога жидду жаҳд қилишни ҳам нафл намозларга хос дейдилар.

Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саждада мана бу дуони қилардилар: “Аллоҳим! Менинг ҳамма гуноҳларимни кечир, кичигини ҳам, каттасини ҳам, аввалгисини ҳам, охиргисини ҳам, очиғини ҳам, махфийсини ҳам кечир” (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1-курс талабаси Анвар қори Шерқулов 30 пора Қуръони каримни 7 соатда ёддан ўқиб хатм қилиб берди.

Қуръони каримни ўқиш жараёнини таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Музаффар Қосимов ва устозлари Саидмуҳаммад қори Муҳибуллоев, Ҳикматулло қори Ҳамидов, Оллоёр Омонов ва Асилбек қори Исломов кузатиб борди.

Хатм якунида Музаффар домла Қосимов хайрли дуо қилиб берди. Анваржон қорига таълим муассасаси мудири Ўткир домла Ғузаров ҳадя сифатида 7 000 000 (миллион) сўмлик сертификат ва қимматбаҳо совғаларни топширди.

Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6 236 та оят ва тахминан 1 015 030 нуқта, белги, 323 670 ҳарф ва 77 934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Видеолавҳалар

Top