ЖАНОЗА

1-ФАТВО

Ўлими яқинлиги билинган оғир беморни, ўнг томони билан юзини қиблага қаратиб ётқизилади. Бу суннатдир. Осмонга қаратиб ётқизиб, боши остига ёстиқ қўйиб, тиззалари кўтариб қўйилса ҳам, жоиздир. Лекин бу икки хил ётқизишда беморга ноқулайлик туғиладиган бўлса, ўз ҳолича қолдирилади.

Ўлими яқинлашганининг белгилари – оёқлари бўшашганидан тиззасини кўтариб ётолмаслиги, бурнининг эгри шаклга кириши, юзининг ранги ўчиб, терисининг бўшашиши ва ҳоказо. Шу каби аломатлар пайдо бўлиши билан унга Шаҳодат калимаси талқин этилади. Яъни, унга эшиттириб, «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» калималари ўқиб турилади. Бу мустаҳаб амаллардандир. Лекин беморга «Айт!» деб қисталмайди. Агар бир марта бўлса ҳам айтса, ёки ғарғара қила бошласа, талқин тўхтатилади.

 «Мухтасар», «Оламгирия»,

«Ҳидоя», «Жавҳара».

 

2-ФАТВО

Бемор ўлими олдидан мабодо куфр сўзларини айтиб юборган бўлса ҳам, унга кофир ҳукми берилмайди, балки унга ҳамма мусулмонлар қатори муомала қилинади.

 «Оламгирия»,  «Фатҳул-Қадир».

 

3-ФАТВО

Ўлим тўшагида ётган оғир беморнинг жони узиладиган пайтда солиҳ ва улуғ одамлар ҳозир бўлиб туриши фойдадан холи эмас. Унинг ёнида Ёсин сураси бардавом ўқиб турилиши мустаҳаб амаллардандир. Бемор атрофида хушбўй нарсалар муаттар ҳид таратиб туриши ҳам айни кўнгилдагидек ҳолдир.

«Оламгирия», «Муня», «Зоҳидий».

 

4-ФАТВО

Жони узилаётган беморнинг ёнида жунуб бўлган ёки ҳайз кўрган аёлларнинг бўлишига рухсат этилади, яъни бу макруҳ эмас.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

5-ФАТВО

Беморнинг жони узилиши биланоқ, унинг энг яқин кишиси ип билан эмас, энли латта ила иягини бошига тортиб боғлайди. Кўзлари очиқ қолган бўлса, юмиб қўяди. Кийимлари ечиб олиниб, ердан баландроқ жойга – тахта ёки сўри устига ётқизиб, усти матоҳ билан ёпилади. Иссиқ кунларда бўлса, қорнига темир ёки лой қўйилади. Ўлими тўғрисида одамларни хабардор қилиш ҳам мустаҳаб ишлардандир. Сўнгра имкон борича тезроқ маййит ювилиб, кафанланиб, жанозаси ўқилиб, дафн этилади. Касал бўлмай, тўсатдан вафот этган киши, ўлими аниқланмагунича, дафн этилмай туради.

«Оламгирия», «Жавҳара»,

«ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

6-ФАТВО

Маййит ювилмай туриб, унинг ҳузурида Қуръон тиловат қилиш макруҳдир.

«Оламгирия», «Табйин».

 

Изоҳ:

Демак, маййитга жаноза ўқилмагунча, ташқарида тиловат этиш жоиз экан. Лекин бизнинг диёримизда дафндан кейин тиловат қилиш одати жорийдир.

 

7-ФАТВО

Ҳомиладор аёл ўлиб қолса ва қорнидаги боланинг қимирлагани маълум бўлса, Имом Муҳаммаднинг (р.ҳ.) сўзига кўра, онанинг қорнини ёриб, бола чиқариб олинади.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

8-ФАТВО

Маййитни ювиш тириклар зиммасидаги вожиб амаллардандир. Бир марта ювиш вожиб. Уч бор ювиш суннат. Маййит хилват жойда тўла ечинтириб, тахта устига ётқизилган ҳолда ювилади. Тахта бир ёки уч, ёхуд 5 марта мижмар (исириққа ўхшаш уд номли хушбўй гиёҳ) билан дудланган бўлиши лозим. Маййитнинг аврати (киндигидан тиззасигача) бирор матоҳ билан ёпиб қўйилади. Баъзи уламолар фақат ғализа аврати ёпилса кифоя, сонлари очиқ қолса, зарари йўқ, дейдилар.

«Оламгирия», «Заҳирия», «Ҳидоя».

 

9-ФАТВО

Маййит ювилганида истинжо ҳам қилдирилади. Бу Абу Ҳанифанинг (р.ҳ.) сўзидир. Ғассол бунинг учун қўлига латта ўраб олади. Сўнгра балоғат ёшида бўлса, таҳорат ҳам қилдиради. Оғиз-бурунлари чайилмайди. Юзидан бошлаб илиқ сув билан ювилади. Баъзи уламолар оғиз-бурни сув билан ювилмаса-да, ғассол бармоғига юпқа латтани ўраб, лаб ва тишларини артиб тозалайди, бурнига ҳам ўша бармоғини тиқиб, етган жойигача артади, дейдилар. Бошига масҳ ҳам тортилади. Чап ва ўнгига ағдариб ювилади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Жавҳара»,

 «Қозихон», «Заҳирия».

 

10-ФАТВО

Маййит ювилгач, ўтқизиб, қорни аста силаб қўйилади. Бирор нарса чиқса, фақат ўша жойи ювиб қўйилади, холос. Соч ва соқоли таралмайди, тирноқлари олинмайди, мўйлаби ҳам қайчиланмайди, қўлтиқ ости юнглари ҳам юлинмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

11-ФАТВО

Маййит сув остидан топилган бўлса ҳам, ғусл қилдирилади. Аммо сувдан олмай туриб, ғусл қилдириш нияти билан жасадни у-бу ёққа ағдариб, сўнгра олинса, ғусл ўрнига ўтади.

«Оламгирия», «Тажнис», «Бадое».

 

12-ФАТВО

Жасад узоқ туриб қолгани сабабли айниб, қўл билан силашнинг имкони бўлмаса, устидан сув қуйиб ювилаверади.

«Оламгирия», «Татархония».

 

13-ФАТВО

Туғилган чақалоқ овоз чиқариб ёки қимирлаб, сўнгра ўлган бўлса, унга ном қўйилади, ювиб, жаноза ҳам ўқилади. Ўлик ҳолда туғилган чақалоққа ном қўйилмайди, жаноза ўқилмайди, ювиб, бир латтага ўраб кўмилади. Чақалоқнинг тирик туғилгани тўғрисида туққан она ёки туғдирган доянинг гувоҳлиги қабул қилинади.

«Оламгирия», «Ҳидоя», «Музмарот».

 

14-ФАТВО

Мурданинг ярмидан кўп қисми бошсиз ёки ярим қисми бошли ҳолда топилса, ювиб, кафанлаб, жаноза ўқиб кўмилади. Жасаднинг кўп қисми топилиб, жаноза билан кўмилгандан кейин қолган қисмлари топилса, бу қисмларига жаноза ўқилмасдан, латтага ўраб кўмиб қўйилаверади. Ярим қисми бошсиз ёки жасад узунасига иккига бўлинган бўлиб, бири топилган бўлса ҳам, ювилмайди, жаноза ҳам ўқилмайди, балки латтага ўраб дафн этилади.

«Оламгирия», «Музмарот», «Изоҳ».

 

15-ФАТВО

Мурданинг мусулмон ёки кофирлиги номаълум бўлса, қаралади: агар у мусулмонлар диёрида топилган бўлса ёки мусулмонлигига далолат қиладиган бирор аломати билинса, ювиб, жаноза билан дафн этилади. Мусулмонлик аломатларига хатна қилингани, соқоли хина билан бўялгани кабилар киради.

«Оламгирия», «Меърожуд-дироя».

 

16-ФАТВО

Кемада ўлган киши (қирғоқ узоқ бўлса) ювилиб, кафанланиб, жанозаси ўқилгач, тош каби оғир нарса боғлаб, сувга ташлаб юборилади.

«Оламгирия», «Меърожуд-дироя».

 

17-ФАТВО

Мусулмон подшоҳга итоат қилмай, унга қарши чиқиб, қуролланган исёнчи (боғий)лар ҳамда қароқчилар жанг асносида ўлсалар, ювилмайдилар ва уларга жаноза ҳам ўқилмайди.

«Оламгирия», «Хизона».

 

18-ФАТВО

Маййитни ювувчи ғассол таҳоратсиз бўлса ҳам, жоиз, лекин таҳоратли бўлиши яхшидир. Агар у жунуб ёки ҳайзли аёл ёхуд кофир бўлса, макруҳ эса-да, жоиздир.

«Оламгирия», «Меърож», «Зоҳидий».

 

19-ФАТВО

Ғассол ишончли кишилардан бўлиб, маййитнинг айб-нуқсонларини фош қилмайдиган, яхши сифат ва аломатларинигина гапирадиган киши бўлиши тавсия этилади. Масалан, маййитнинг юзи қизариб кетгани, хушбўй ҳид таратгани каби аломатларни гапирса, яхши. Аммо юзи қорайгани, нохуш ҳид таратгани, шаклу сурати ўзгаргани каби сифатларини айтмагани маъқул.

«Оламгирия», «Жавҳара».

 

20-ФАТВО

Эркаклар жасадини эркаклар, аёллар жасадини аёллар ювади. Норасида ўғил болани аёллар, норасида қиз болани эркаклар ювишига рухсат этилади. Аёллар эрларини ювишлари мумкин. Аёлларни эрлари ювмайдилар. Бу бизнинг ҳанафий фуқаҳоларимизнинг хулосаларидир.

«Оламгирия», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

21-ФАТВО

Аёллар ичида бир эркак ўлиб қолса, уни сув билан ювмайдилар, балки аёллар ичида маҳрами ёки хотини бўлса, улардан бири қўли билан таяммум қилдиради. Агар улардан бошқа бегона аёллар таяммум қилдирадиган бўлсалар, қўлларига латта ўраб оладилар.

«Оламгирия», «Меърож».

 

22-ФАТВО

Маййит ювилгандан кейин уни кафанлаш фарзи кифоя амаллардандир. Суннатга кўра, эркак кишига уч қават кафан бичилади:

  1. Изор (иштон) – узунлиги маййит бошининг тепа қисмидан оёқларининг остигача.
  2. Қамис (кўйлак) – бўйнидан оёқларигача.
  3. Лифофа (чойшаб) – узунлиги изор узунлигичадир.

Баъзи фуқаҳолар, марҳум олим кишилардан бўлса, унга салла ҳам кийдириб қўйилгани яхши, яъни мустаҳаб, деганлар. Бунда салланинг печи юз томонига тушириб кийдирилади. Изор билан лифофанинг ўзи ҳам кафанликка кифоя қилади. Аёл кишига ҳам, суннатга кўра, уч қават (изор, қамис, лифофа) кафан бичилади. Фақат унга химор (рўмол) ва кўкрагидан сонларигача етадиган хирқа (қийиқ) қўшилади. Аёл кишига изор, лифофа, химорнинг ўзи ҳам кифоя қилади. Фақат зарурат ҳолатлардагина эркакка бир қават, аёлга икки қават кафан бичиш мумкин.

«Мухтасар», «Оламгирия», «Ҳидоя», «Жавҳара».

 

23-ФАТВО

Қабристонга дафн учун борганлар тобут елкалардан ерга қўйилмагунича ўтиришлари макруҳдир. Агар тупроқ тортилгунча ўтирмай, тик турсалар, янада яхшироқ бўлади.

«Мухтасар», «Оламгирия», «Муҳит».

 

24-ФАТВО

Маййитга жаноза намози ўқиш фарзи кифоядир. Бир киши – хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – жанозасини ўқиса, қолган мусулмонлар зиммасидан соқитдир, ҳеч ким ўқимаса, гуноҳкорлик ҳамманинг зиммасига тушади. Жума, ҳайит намозларида адад хусусида шарт қилинган жамоат жаноза намозида шарт эмас. Лекин жамоат қанча кўп йиғилса, шунча яхши.

«Оламгирия», «Ниҳоя», «Татархония».

 

25-ФАТВО

Ўзини ўзи ўлдирган одам жуда катта гуноҳ қилиб қўйган бўлсада, мўмин-мусулмонлигининг эътибори билан Имом Абу Ҳанифа, Имом Муҳаммад ва Ҳалвоний (р.ҳ.) наздларида, унга жаноза ўқилаверади. Аммо ота-онасидан бирини қасддан ўлдирган одам ўлса, унга жаноза ўқилмайди.

«Оламгирия», «Табйин», «Ниҳоя».

 

26-ФАТВО

Маййит ўлими олдидан жанозамни фалон киши ўқисин, деб васият қилган бўлса, бу васияти шаръий ҳисобланмагани учун уни ижро этиш лозим бўлмайди.

«Оламгирия», «Музмарот».

 

Изоҳ:

Лекин маййитнинг эгалари ўша васият этилган одамнинг имомлик қилишига рози бўлишса ва бошқа томондан ҳам қаршилик бўлмаса, жанозага ўтиши мумкин.

 

27-ФАТВО

Шом намози пайтида жаноза ҳозир бўлиб қолса, шомнинг фарзидан кейин жаноза ўқилади. Ундан сўнг шомнинг суннати адо этилади.

«Оламгирия», «Қуня».

28-ФАТВО

Жаноза намозининг ниятини дилга келтириб, яна тил билан ҳам айтса, бошқа намозлардаги каби яхши. Аммо шошилинч пайтида имомнинг жаноза тўғрисида ўйлаб қўйиши ва иқтидо қилувчиларнинг «имомга иқтидо қилдим», дейишлари кифоя қилади.

 «Оламгирия», «Музмарот».

 

29-ФАТВО

Бизнинг ҳанафий мазҳабимизга кўра, жаноза намозида Фотиҳа сураси ўқилмайди. Мабодо ўқилганда ҳам, қироат нияти билан эмас, сано нияти билан ўқилади. Яна жаноза намози тўрт такбирининг ҳаммасида қўл кўтармаймиз. Балки фақат биринчи такбирда қўл кўтарамиз, холос.

«Оламгирия», «Муҳит», «Шарҳи Канз».

Изоҳ:

Такбирларни айтаётган пайтда айрим кишиларнинг бошини осмонга бир бор кўтариб қўйишлари бидъат ишлардандир.

 

30-ФАТВО

Маййитлар кўп бўлса, имом ихтиёрлидир, хоҳласа, ҳар бирига алоҳида жаноза ўқийди ёки ҳаммасига бир ният билан бир марта ўқийди. Маййитлар имомнинг рўпарасидан бошлаб, дастлаб катта ёшли эркаклар, уларнинг ортидан норасида ўғил болалар, сўнгра аёллар қўйилади. Агар ҳаммаси бир жинсдан бўлса, ёши улуғроғи ёки илмлироғидан бошлаб қўйилади.

«Оламгирия», «Меърож», «Фатҳул-Қадир».

31-ФАТВО

Агар маййит жанозасиз ёки ювилмай кўмиб қўйилган бўлса, баъзи уламолар уч кунгача, деганлар, лекин неча кун ўтган бўлишининг аҳамияти йўқ, балки мурда айниб, титилишга ўтмаганига умид бўлса, қабр очилиб, маййит чиқарилади ва ювилмаган бўлса, ювилиб, жанозаси ўқилади ва қайта дафн қилинади.

«Оламгирия», «Сирожия».

 

32-ФАТВО

Маййитни дафн қилиш ҳам фарзи кифоядир. Қабр лаҳад шаклида ковланиши суннатдир. Яъни, икки метр атрофида чуқур ковлаб тушилгандан кейин қибла томондан маййит учун алоҳида жой тайёрланади. Унинг чуқурлиги кўкрак баробарича бўлиши керак. Агар ундан чуқурроқ бўлса, янада яхши. Эни ярим қомат, яъни бир метрга яқин бўлиши лозим.

«Оламгирия», «Муҳит»,
«Жавҳара», «Музмарот».

 

33-ФАТВО

Агар қабрни лаҳад шаклида ковлашга ернинг юмшоқлиги ёки қумли тупроқ экани сабабли имкон бўлмаса, «шаққ» кўринишида, яъни ёрма гўр ковлаб, дафн этиш ҳам мумкин. Бунда ариқ қазигандек ер очилади ва икки ёни хом ғиштлар билан уриб чиқилади. Маййит қўйилгач, устига тегмайдиган қилиб ёғоч, тахта ёки шох-шаббалардан «шип» ясаб, устидан тупроқ тортилади.

«Оламгирия», «Меърож».

 

34-ФАТВО

Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлнинг (р.ҳ.) берган фатвосига кўра, баъзи юмшоқ тупроқли ерларда лаҳад ёки ёрма қабр ковлашнинг имкони бўлмагани учун нимадан бўлса ҳам тобут (қути, сандиқ) ясаб, маййитни унга солиб кўмиш мумкин. Агар темирдан ясалса, унинг ичига аввал тупроқ тўшалади, устки қисми ёрма қабр усти каби ёпиб, лой билан суваб қўйилади. Маййитнинг ўнг ва чап томонларига хом ғишт терилади. Шундай қилинса, лаҳадга ўхшатилган бўлади. Лаҳадга пишиқ ғишт ишлатиш макруҳдир.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

35-ФАТВО

Аёл киши мурдасини лаҳадга қўйишга ҳаммадан кўра унинг маҳрамлари ҳақлироқ ва яхшироқдир. Улардан кейин маҳрам бўлмаган қариндошлари авлодир. Агар улардан ҳеч ким бўлмаса ёки қўйишни уддалай олмаса, бегоналар қўйиши жоиз бўлади. Аёллар қабрга туширилмайди.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ», «Муҳит».

 

36-ФАТВО

Қабр ердан бир қарич баланд қилиб кўтариб қўйилади. Устки қисмини нам ўтказмайдиган қурилиш воситалари билан беркитмаслик тавсия этилади. Қабр устида иморат қуриш, ўтириш, ухлаш, босиб юриш, таҳорат ушатиш, кўкариб турган гиёҳларни юлиш ёки чорва молларини ўтлатиш макруҳ ишлардан саналади. Қабр тоши ўрнатиш ва маййит тўғрисида баъзи муҳим маълумотларни ёзиб қўйишга айрим уламолар жоиз, деб фатво берганлар.

«Қозихон», «Оламгирия».

 

Изоҳ:

Мақбара тиклаш, қабр тоши қўйиб, унга ёзувлар битиш масаласидаги уламоларнинг ихтилофи асосан, оддий мусулмонларнинг қабрлари тўғрисида бўлган. Аммо машҳур азиз-авлиёлар, дунёга танилган олиму уламоларнинг қабрлари эса, зиёратчилар руҳий таассурот олсин, кейинги авлод учун уларнинг мозорлари ибрат манбаи бўлсин, деган эзгу мақсадда ўзлари васият қилмаган ва хоҳламаган бўлсалар-да, бошқалар томонидан тикланса, обод қилинса, зарари йўқ, балки кўп манфаатли жиҳатлари борлиги учун рухсат берилган.

 

37-ФАТВО

Тириклик вақтида ўзи учун қабр ковлатиб қўйишнинг зарари йўқ, аксинча, савобли ишдир.

«Оламгирия», «Музмарот».

 

38-ФАТВО

Дафндан кейин дарҳол тарқаб кетмай, бир оз вақт дуо, Қуръон тиловати билан ўтириш мустаҳаб ишлардандир. Имом Муҳаммад (р.ҳ.) қабристонда Қуръон тиловат қилишнинг кароҳияти йўқ, деб фатво берган. Машойихларимиз бунинг маййитларга фойдаси бўлгани учун шу фатвони қабул қилишган.

«Оламгирия», «Музмарот», «Жавҳара».

 

39-ФАТВО

Зарурат юзасидан бир қабрга икки-уч кишининг жасади дафн этилиши мумкин. Агар улар турли жинсдан бўлишса, қибла томонга катта ёшдаги эркак, кейин норасида ўғил бола, сўнг аёл киши қўйилади ва ораларини ажратиб туриш учун тупроқ ташланади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

40-ФАТВО

Қабрдаги маййит чириб, тупроққа айлангани маълум бўлса, шу қабрга бошқа маййит қўйилиши мумкин. Шунингдек, бу каби қабрлар ўрнида деҳқончилик қилиш ва иморат солиб, фойдаланиш жоиздир.

«Оламгирия», «Табйин».

 

41-ФАТВО

Маййит қиблага қараб ётқизилмагани ёки чап ёни билан ётқизилгани, ёхуд боши оёқ томонга қилиб қўйилгани маълум бўлса, қаралади: агар лаҳаднинг оғзи ғишт билан беркитилган, лекин тупроқ тортилмаган бўлса, очиб, суннат бўйича ўзгартирилади. Аммо тупроқ тортилгандан кейин билинса, қабр очилмайди.

«Оламгирия», «Табйин».

 

42-ФАТВО

Қабр ичида кимнингдир қиймати бир дирҳамлик бирор нарсаси қолиб кетган бўлса ҳам, тупроқ тортилган бўлсада, қайта очиб, унинг омонати қайтарилади.

«Оламгирия», «Қозихон», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

Изоҳ:

Бир дирҳам олтин – 3,12 гр.

 

43-ФАТВО

Мусибат етган хонадон эгаларига уч кунгача бир марта таъзия билдириш яхши ишлардан саналади. Таъзия билдириш деганда, «марҳум ёки марҳумани Аллоҳ раҳмати ва мағфиратига сазовор қилсин, гуноҳларини кечирсин. Сизга Аллоҳ сабр берсин», каби сўзлар билан дилларга тасалли бериш тушунилади. Мусулмон одам кофирга ва кофир одам мусулмон кишига ўзига яраша сўзлар билан таъзия билдириши жоиз.

«Оламгирия», «Музмарот»,
 «Заҳирия», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

44-ФАТВО

Кимнингдир вафот этиши билан мусибат етган хонадон аҳли уйдан чиқмай, уч кунгача аза тутиб ўтиришлари ва таъзияга келувчиларни кутиб-кузатиб туришлари мумкин. Фақат дарвоза олдида курси ва тўшакларда ўтириб ёки тик туриб, таъзиячиларни кутиш энг хунук одатлардандир.

«Оламгирия», «Заҳирия».

 

Изоҳ:

Бунга қараганда, бизнинг шу каби одатларимизни ислоҳ этиш лозимга ўхшайди. Ҳақиқатан, дарвоза олдида таъзиячи кутиш дегани, албатта, ҳамманинг келиши шарт, дегандек бўлади. Аммо дарвозани очиқ қолдириб, уч кунгача ичкарида ўтириш эса, биринчидан, камтарлик аломати. Зеро, камтар инсон одамларни овора қилиш, вақтларини олишдан иложи борича ўзини сақлайди. Таъзияга кела олмаганлардан хафа ҳам бўлмайди. Иккинчидан, кўчадан шошилинч ўтиб кетаётган вақти танг кишилар хижолат тортмайди. Таъзияга келиши ҳам холис бўлади.

 

45-ФАТВО

Аза боис аёлларнинг қора кийим кийишларида зарар йўқ. Эркакларга бу мумкин эмас. Аммо мусибатга тоқатсизлик қилиб, юз ва қўлларини қорага бўяш, ёқа йиртиш, юзни тирнаб, қон чиқариш, бошига тупроқ сочиш, сон ва кўкракларига уриб, фарёд солиш, қабристонга чироқ ёқиш каби ишлар ботил ва жоҳилият одатларидандир.

«Оламгирия», «Музмарот».

 

46-ФАТВО

Мусибатзада хонадон аҳли учун таом тайёрлаб едириш жоиз. Учинчи куни зиёфат бериш ножоиз ишлардандир.

«Оламгирия», «Табйин», «Татархония».

 

Изоҳ:

Мусибат аҳлининг кўнглига овқат тайёрлаб ейиш сиғмайди. Шунинг учун қўшнилар таом ҳозирлаб, бериб турсалар, айни савоб иш қилган бўладилар. Ҳатто маййит чиққан хонадонда шароит кўтарса, бир чеккада қозон осиб, овқат тайёрлаб, мусибат аҳли, узоқдан келган меҳмонлар, хизматда бўлганлари боис, чиқиб овқатланиб келишга имконият тополмай турган кишиларга ҳам берилса, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Фақат исрофгарчиликка йўл қўйилмаса, тўй зиёфатига ўхшаб қолмаса бўлгани. Зеро, зарурат юзасидан енгиллик бахш этиш динимизга хос хусусиятлардандир.

 

47-ФАТВО

Ўзини ёки мол-мулкини душман ва ўғридан ҳимоя қилаётганида нима биландир ўлдирилса, мусулмонлар ёхуд зиммийларнинг жонини сақлаб қолиш ҳаракати асносида ҳалок этилса, душманнинг ўт очишидан кемадаги мусулмонлар куйиб ўлса, уларнинг ҳаммаси шаҳид ҳисобланади. Улар ювилмасдан, жаноза ўқиб, кийимлари билан бирга дафн этиладилар. Либосларида қондан бошқа нажосат бўлса, ўша жойи ювилади. Кафанликка ярайдиган кийимларидан бошқа барча нарсалари ечиб олинади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

48-ФАТВО

Шаҳарда қотили номаълум жасад топилса ёки жанг майдонида оғир яраланиб, ташқарига тирик ҳолда чиққач, дунёвий гапдан сўзлаб, овқатланиб, бирор ичимлик ичиб ёки ухлаб, даволаниб, васият қилиб, салқинлаб, ёки бир намоз вақти ўтгунича тирик туриб, сўнгра жон берса, бу каби шаҳидлар ювилиб, кейин жанозалари ўқилади. Боғийлик ва қароқчилик қилгани сабабли ўлим жазосига маҳкум этилганлар ювилади, лекин уларга жаноза ўқилмайди.

«Мухтасар», «Оламгирия».

 

49-ФАТВО

Мозор ва қабристонларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга баробар жоиз, ҳатто савобли ишлардандир. Пайшанба, жума ва шанба кунлари зиёрат этилса, маййитлар сезиб тураркан. Фақат зиёрат одобларига риоя қилиб, бидъат ишлардан сақланиш шарт.

«Раддул-муҳтор» матни ва ҳошияси.

 

50-ФАТВО

Мозор ва қабристон зиёратининг одобларидан бири – маййитнинг оёқ томонидан келиб, салом бергач, тик турган ҳолда дуо қилишдир. Пайғамбаримиз (а.с.) «Жаннатул Бақиъ» қабристонини зиёрат қилганларида шундай қилар эдилар. Агар оёқ тарафдан келишнинг имкони бўлмаса, бошқа томонлардан келиш мумкин. Салом бергандан кейин бундай дейди: «Ассалому алайкум, йа даро қавмин муъминин. Ва инна ин шааллоҳу бикум лаҳиқун». Агар арабча айта олмаса, унинг таржимаси: «Ассалому алайкум, эй мўминлар диёри! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшилажакмиз». Шундан кейин, билса, Ёсин ёки ўн бир марта Ихлос ёхуд билган сура ва оятларини ўқиб, савобини маййитлар руҳига ҳадя этади.

«Раддул-муҳтор» матни ва ҳошияси.

 

 

51-ФАТВО

Кимки, нафл рўза тутиб ёки нафл намоз ўқиб, хайр-садақа қилиб, савобини маййитлар руҳига ҳадя этса, аҳли сунна валжамоа эътиқодига кўра, юборган савоби уларга етади.

«Раддул-муҳтор» ҳошияси.

 

52-ФАТВО

Қуръон тиловатининг савобини Пайғамбаримизга (с.а.в.) ҳадя этиш жоизлигига кўпчилик уламолар иттифоқ қилишган.

«Раддул-муҳтор» ҳошияси.

 

53-ФАТВО

Ўлимдан олдин ўзи учун кафан тайёрлаб қўйгани каби, қабр ковлатиб қўйиши ҳам жоиз, ҳатто савобли ишдир. Умар ибн Абдулазиз, Рубаййиъ ибн Хайсам ва бошқа улуғ зотлар шундай қилганлар.

 «Раддул-муҳтор» матни ва ҳошияси.

 

54-ФАТВО

Мусибат етган хонадон аҳли ва қариндошларининг йиғлаши мумкин. Фақат оғизларидан куфрона, шикоятомуз гаплар чиқмаслиги шарт. Агар Аллоҳдан нолиб йиғласалар, қаттиқ гуноҳкор бўлишади. Мабодо маййит йиғлашга васият қилган бўлса, қабрида азобланади.

«Раддул-муҳтор» матни ва ҳошияси.

 

 

55-ФАТВО

Маййитнинг пешонасига «Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим», кўкрагига «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб сиёҳ билан эмас, қуруқ кўрсаткич бармоқ билан ёзиб қўйиш фойдадан холи эмаслигида йирик уламолар иттифоқ қилишган. Лекин пешона, кафан, кўкрак каби жойларга оят ва Аллоҳнинг номларини сиёҳ билан ёзиб қўйишга кўпчилик уламолар рухсат берсалар, айримлари чириб, йирингга айланадиган жойда оят ва Аллоҳнинг исмлари ёзилмагани маъқул, деб қаршилик билдирганлар.

«Раддул-муҳтор», «Наводирул-усул».

 

56-ФАТВО

Жамоат билан ўқиладиган бошқа намозларда биринчи сафда туриш афзал, жаноза намозида эса, охирги сафда туриш афзал. Зеро, бу тавозе (камтарлик) белгисидир.

«Баззозия».

 

57-ФАТВО

Маййит қабрга қўйилиб, қарор топгач, Мункар ва Накир аталмиш икки фаришта келиб, у билан савол-жавоб қилиши ҳақ. Агар йиртқич еб кетган бўлса ҳам, унинг қорнида сўроқ қилинади. Узоқ жойга олиб кетиш учун бирор қутига ўхшаган нарсага солиб қўйилган маййит олиб бориб, дафн этилмагунича сўроқ қилинмай туради. Барча омонат руҳи топширилган инсон сўроқ қилинади. Ҳатто чақалоқ ҳам бундан мустасно эмас. Унинг жавоб беришида Аллоҳ таоло илҳом билан ёрдамлашади.

«Баззозия».

 

58-ФАТВО

Масжидга харж қилиш учун одамлардан тўпланган пул маблағини масжид ходими шахсий эҳтиёжига ишлатиб, сўнгра ўринга-ўрин ўз маблағидан тўлаб қўйиши жоиз эмас.

«Баззозия».

 

59-ФАТВО

Маст қилувчи ичимлик ичиб маст бўлган ҳолдаги мусулмон одамни номаълум шахс зулман (ноҳақ) уриб ўлдириб кетган бўлса, шаҳид ҳисобланадими ёки йўқми, деган масалада ҳанафий ва шофиъий мазҳабларининг уламолари, шаҳид бўлади, деб жавоб айтганлар. Далил сифатида шаҳидликнинг шартлари унда топилди. Маст ҳолда бўлмасин ёки гуноҳ устида ўлдирилган бўлмасин, деган шарт ҳеч қаерда қайд этилмаган, деб таъкидлайдилар. Шартлар: мукаллафлик (яъни, оқил, болиғ, мусулмон бўлиш), зулман қатл қилиниш, хун тўланмаслиги, жунуб бўлмаслик ва иртисос бўлмаслиги.

«Фатовои хайрия», «Шарҳи Равз».

 

60-ФАТВО

Қабрлари бир-биридан узоқ ёки яқин бўлишидан қатъи назар, маййитларнинг руҳлари ўзаро зиёратлашиб турадилар. Бу хусусда ҳадислар ворид бўлган. Тирикларнинг қилиб юрган яхши-ёмон ишлари вафот этган яқинларига кўрсатиб турилади. Тирикларнинг қилаётган амаллари Аллоҳга душанба ва пайшанба куни, пайғамбарлар ва авлиёларга жума куни кўрсатилади. Шунда улар бундан шодланадилар.

«Баён лин-нос».

 

61-ФАТВО

Дафн этилган марҳум ва марҳумаларнинг руҳлари жасадлари билан алоқадордирлар. Уларнинг ўзаро боғлиқлиги уйқудаги одамнинг руҳи билан бўладиган алоқасидан ҳам кучлироқдир. Мўминларнинг ҳам, кофирларнинг ҳам руҳлари жасадлари ҳузурида, қабристон ҳудудида бўлиб туришлари тўғрисида ривоятлар бор. Шунингдек, баъзи солиҳ кишиларга марҳумларнинг вафот этганларидан кейинги кечирган ҳолатлари аён қилинган.

«Баён лин-нос».

 

62-ФАТВО

Дуохонлик, азайимхонлик, дам солиш каби одатлар қадимдан ҳамма халқда мавжуд. Бу одатлар ичида шаръан рухсат этилган ва этилмаганлари бор. Ислом таълимоти улардан шариатга зидларини тақиқлаган, мос келадиганларини аниқлаб берган. Масалан, дуохон ёки азоимхон беморга ёки бошига бирор ташвиш тушган кишига оятлардан ўқиб, дам солса, ҳадисларда келган дуоларни ўқиб, шифо тиласа, жоиз, суннат ҳам. Аммо куфрона сўзлар, маъносиз тўқима дуолар ўқиб, дам солиш тақиқланади. Ибн Ҳажар Асқалоний сўзига кўра, уламолар дам солишнинг уч шарти борлигига ижмо қилишган:

  1. Аллоҳнинг каломидан, исм ва сифатларидан ўқиш.
  2. Араб тилида ёки бошқа тилда эсада, маъноси шаръий бўлиши.
  3. Дуо ва дам солиш мустақил равишда таъсир қилмайди, балки Аллоҳнинг изни ва тақдири билан таъсир этади, деб эътиқод қилиш.

«Баён лин-нос».

 

63-ФАТВО

Оятлар, Аллоҳнинг исм ва сифатлари ёзилган туморларни тақиш ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий мазҳаблари уламолари наздида, жоиз саналган. Бу тўғрида тақиқ келган ҳадис ширк ёзилган туморларга оид, деб таъвил қилганлар. Эзиб-ички тўғрисида, агар оятлардан бўлиб, уни ёзгач, сув билан ювиб, ичилса ёки ювинилса, жоизлиги таъкидланган. Ибн Аббос (р.з.) туғишга қийналган аёлга шундай қилишга буюрганлари нақл этилган.

«Баён лин-нос», «ал-Мавсуъатул-фиқҳийя».

 

64-ФАТВО

Касалликнинг соғ одамга юқиши мумкинлиги ҳадиси шарифдан маълум. Унда: «Бирор жойда вабо касали тарқалгани ҳақида эшитиб қолсангиз, у ерга борманг. Ўзингиз яшаётган жойда вабо тарқалса, ундан қочиб чиқиб кетманг», дейилган. Бошқа ҳадисда: «Касал юқиши йўқ нарса...», дейилган. Лекин ушбу ҳадисда Аллоҳнинг изни ва тақдирисиз юқиш йўқ, деган маъно назарда тутилган, деб таъвил қилинади.

«Баён лин-нос», «Зодул-маъод».

 

65-ФАТВО

Қуръон хатми, худойи ёки эҳсон номи билан қори ва муллаларни уйига таклиф этиб, амри маъруф, наҳйи мункар, тиловат қилингач, меҳмонларни кузатиш асносида қори ва муллаларга мезбон томонидан берилган пул ёки бошқа нарсаларни олиш жоизми, деган масалада мутааххир уламолар, жумладан, Имом Сарахсий, Мавлоно Абдулҳай (р.ҳ.) агар олдиндан шу нарсаларни беришини шарт қилиб келган бўлсалар, мумкин эмас. Аммо ҳеч қандай шартсиз, мезбон ўзи кўнглидан чиқариб, ҳадя тариқасида берса, олиш жоиз, деб фатво чиқарганлар.

«Айнул-илм», «Комилия».

 

66-ФАТВО

Дафн этилган маййит шаръий узр билан очилиб, бошқа жойга кўчирилиб, дафн этилиши мумкин. Масалан, эгасидан рухсат олинмаган бировнинг ерига дафн қилиниб, ер эгаси норозилик билдириб турган бўлса, қабр остини намлик ёки сув эгаллаган ёки ғайридинлар юртига дафн этилган бўлса. Ҳанафий мазҳабида бўлган Малика Шоҳсувор (охирги Усмоний халифа Султон Абдулмажид-II нинг хотини) Франция қабристонидан олиб келиниб, Мисрга дафн этилгани тарихдан маълум.

 «Дорул-ифто», Миср, «Саҳиҳи Бухорий»,

 «Оламгирия».

 

67-ФАТВО

Маййитнинг қорнини ёриш масаласида, шаръий узр билан бўлса, жоиз дейилган. Масалан, маййит заҳарланиб ўлган бўлса, буни аниқлаш, гумон қилинган одамни туҳматдан халос қилиш каби сабаблар билан ички аъзолари очиб, текшириб кўрилиши жоиз.

«Дорул-ифто», Миср.

 

68-ФАТВО

Тирик инсоннинг бирор аъзосини шу аъзога муҳтож беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тиббий амалиёт билан кўчириб ўтказиш жоиз. Лекин шу шарт биланки, аъзо берувчининг ҳаётига зарар етмаса, мажбуран эмас, ихтиёрий равишда берса, шундан бошқа муолажа чораси қолмаган ва амалиёт ҳар икки томон учун муваффақиятли чиқиши одатда кузатилиб турган бўлса.

Ислом фиқҳи Академияси йиғилишининг қарори.

Макка, 1985.

 

69-ФАТВО

Ўлик инсоннинг бирор аъзосини шу аъзога муҳтож беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тиббий амалиёт билан кўчириб ўтказиш жоиз, ҳатто авлодир. Фақат аъзоси олинувчи маййит бунга тириклигида рухсат берган бўлиши шарт.

Ислом фиқҳи Академияси йиғилишининг қарори.

Макка, 1985.

 

70-ФАТВО

Тирик инсон организмининг бирор қисмини ўзининг бошқа бир жойига кўчириб олиб ўтказиш зарурат юзасидан жоиз. Масалан, териси, суягидан олиб, бошқа жойига улаш, ямаш мумкин.

Ислом фиқҳи Академияси йиғилишининг қарори.

Макка, 1985.

 

71-ФАТВО

Беморнинг жисмоний соғлиғини тиклаш мақсадида сунъий суяклар ўрнатиш, юрак, ўпка, жигар каби ички аъзоларга тутқичлар ясаб қўйдириш жоиз.

Ислом фиқҳи Академияси йиғилишининг қарори.

Макка, 1985.

 

 

Read 42326 times

Мақолалар

Top