muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилда Ҳаж зиёратини амалга оширган 2,3 миллиондан ортиқ ҳожиларнинг кўпчилиги ўз мамлакатига қайтиб кетаётган бўлса, айрим мамлакатлардан келган ҳожилар Мадина шаҳрига тарихий масканларни ва музейларни томоша қилиш учун ташриф буюрмоқдалар.

arabnews.com интернет нашрининг хабар беришича, Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий жойларни томоша қилиш ҳар бир зиёратчининг орзусидир.

Доктор Фаваз ал-Даҳас: "Зиёратчиларнинг бундай масканларга ташрифи уларнинг ўзлари зиёрат қилган жой билан боғлиқ билимларини бойитиш учун фойдалидир". Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида француз, инглиз ва урду тилларида саёҳатлар ташкил этилиши, Макканинг маданий ҳаётини таништиришда муҳим аҳамиятга эга.

Уҳуд жанги бўлиб ўтган майдон, Саид ал-Шуҳада, Ал Жума, Қубо, Қиблатайн, Ижабаҳ, Жамама, масжидларини кўриш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Голландияда охирги 50 йилда черковга борувчилар сони шитоб билан камайгани туфайли бўшаб қолаётган ва сотувга қўйилаётган черковлар сони ортмоқда. Келгуси 10 йилда яна мингга яқин черковнинг бўшаши кутилмоқда.

ВВСга таяниб Azon интернет нашрининг хабар беришича, қавмсиз қолган кўпгина черковлар ресторан, бар, уй ёки иш жойига айлантирилмоқда. Баъзилари бузиб ташланяпти.

Маълумотларга қараганда, 1968 йилда Голландияда 2 миллион 700 минг католик ҳар ҳафта черковга борар эди. 2016 йилда бу рақам 173 мингга тушиб қолди. 2030 йилга бориб эса 63 мингга тушиши кутилмоқда. Муаммо фақатгина католикларда эмас – протестант черколари ҳам ёпилмоқда.

“Хафамиз, черковимиз сотувга чиқарилди. Энди одамлар худога ишонмай қўйди”, – дейди Валвейк шаҳридаги Синт-Клемент черкови вакили Антон ван Диссен.

Баъзи черковлар эса масжидга айлантирилмоқда. Масалан, Гаагадаги протестант Томас черкови бир неча йил бўш турганидан кейин мусулмонлар томонидан сотиб олинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

الإثنين, 27 آب/أغسطس 2018 00:00

Онага итоатда ибрат зотлар

Абу Мусо Ашаърий (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) онасини елкасига миндириб Каъбани тавоф қилаётган яманлик кишини кўрдилар. У Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан: “Эй Ибн Умар нима деб ўйлайсиз онамнинг хаққини адо эта олдим-ми”? деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо): “Йўқ сени дунёга келтириш вақтидаги тўлғоқ азобларида чеккан қийинчиликларидан биттасини ҳам адо эта олмадинг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 Тобеинлар саййиди Абул Хасан Али ибн Хусайн Зайнул Обидин (розияллоҳу анҳу) онасига кўп яхшилик қиларди. Одамлар: “Сиз инсонлар ичида онасига энг кўп яхшилик қилувчи зотсиз, бироқ, онангиз билан бир идишдан таом еганингизни кўрмаймиз, бунинг сабаби нима?” деб сўрадилар. Шунда у зот: “Қўлимни онамнинг кўзлари тушган таомга биринчи бўлиб узатишдан қўрқаман”, деб жавоб берди.

Зуръа ибн Иброҳимдан ривоят қилинади. Умар (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига бир киши келиб: “Жуда кекса ёшга етган онам бор. Елкамда опичиб хизматларини адо этаман. Доимо онамни ювиб, тараб, таҳорат қилдираман. Шу хизматларим билан онамни хаққини адо этдимми?” деб сўради. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Йўқ”, деб жавоб бердилар.                  У: “Ахир мен онам учун ўзимни бағишладимку”, деди. “Онанг сенинг хизматингни, ўсиб улғайишинг, ҳаётда яшаб кетишинг умидида қилди. Сен эса ундан ажралиш умидида қиляпсан”,  дедилар ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу).

Муҳаммад ибн Бишр Асламий айтадилар: “Куфада бирор киши Мансур ибн Мўътамир ва Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан кўра онасига яхшилик қила олмади. Ҳатто Мансур ибн Мўътамир онасига озор бермасин деб майда ҳашоратларни ҳам  онасига яқин келтирмас эди”.

Ҳажар ибн Адбар онасининг роҳатини истаб, юмшоқлигига ишонч ҳосил қилиш учун тўшагини қўллари билан пайпаслаб, сўнгра унга онасини ётқизар эди.

Суфён ибн Уяйна айтадилар: “Бир киши сафардан қайтди. Уйда онаси тик турган ҳолда намоз ўқир эди. Онаси тик туриб, ўзи ўтиришни истамади. Онаси ўғлини фикрини фаҳмлади ва ўғли кўпроқ савобга эга бўлиши учун намозини узун қилди.

 

Авазхўжа БАҲРОМОВ,

Тошкент вилояти “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби

Ўзбекистонда Ҳалол сертификатлаштириш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай тадбирлардан бири сифатида Ўзстандарт агентлиги вакилларининг тажрибани ўрганиш мақсадида Малайзияга ташриф буюрганликларини келтириб ўтиш мумкин.

Ташриф доирасида Ўзстандарт агенлиги ва JAKIM-Ислом тараққиёт департаменти ўртасида музокаралар олиб борилди. Музокаралар якунида ҳалол сертификатлаштириш тизимини амалда қўллаш бўйича ҳамкорлик ҳужжати имзоланган.

Маълумот учун, Малайзиянинг JAKIM ташкилоти Halol сертификатини берувчи ягона давлат органи ҳисобланади. Ушбу идора ўзининг Latihan Islam деб номланувчи тадқиқот институтига эга бўлиб, бу ерда назорат лаборатория ходимларининг малакаси оширилади. Ташкилот дунёнинг 42 мамлакатнинг миллий сертификатлаштириш идоралари билан ҳамкорлик қилади.

Бундан ташқари, Ўзстандарт агентлиги ходимлари Global Haltech компаниясига ҳам ташриф буюрдилар.

Агентлик раҳбари фикрига кўра, Малайзияда имзоланган келишувлар Ўзбекистон маҳсулотларига Жануби-шарқий Осиё бозорига чиқиш имконини беради.

ЎМИ Матбуот хизмати

Макка шаҳридаги “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонасида Ўзбекистон “Ҳаж-2018” ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бошчилигида, Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ва Индонезиядаги “Бурҳонул Ҳидоя” ширкати раҳбарлари ўртасида мулоқот ташкил этилди.

 

Учрашувда индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ҳисобланган Самарқанд ва Бухоро орқали Умра зиёратига боришини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

 

Учрашувда таъкидланишича, ҳар йили 150-200 минг индонезиялик зиёратчи қадимий шаҳарларимиз – Самарқанд ва Бухоронинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб, сўнгра Умра сафарига шу ернинг ўзидан жўнаб кетишади.

 

Ушбу жараённи самарали ташкил этиш мақсадида, ҳамкор ширкат раҳбари шайх Солиҳ Салим Баҳвиний яқинда Ўзбекистонга келади. Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида амалга ошириладиган ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон ҳаво йўллари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

 

Малумот учун, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб индонезияликларнинг юртимиз орқали Умра сафарига жўнаб кетиши белгиланган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top