muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 25 نيسان/أبريل 2023 00:00

Туш – ғайритабиий ҳодиса

Барча динлар каби ислом ҳам тушни ғайритабиий ҳодиса сифатида қабул қилади. Қуръони каримда тўғри ва рост туш маъносида “рўё”; аралаш-қуралаш ва ёлғон туш маъносида “ҳулм” сўзининг кўплиги бўлган “аҳлом” қўлланилган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз “Юнус” сурасининг 64-оятида Аллоҳнинг дўстларига ваъда қилинган “бушра” (хушхабар) калимасини “мўминнинг саҳиҳ туши” дея тафсир қилиб, “Мўминнинг туши пайғамбарликнинг қирқ олти жуъзидан бир жуъздир” деганлар. Тушнинг нафақат маънавий билим воситаси, балки солиҳ бандалар учун хушхабар ва неъмат эканлигига ишора қилувчи мазкур набавий маълумотлар тасаввуф оламида туш тушунчасининг асоси ҳисобланади.

Аслида илк ваҳий туш орқали келган, туши Аллоҳ томонидан Қуръонда тасдиқланган, барча тушлари саҳиҳ бўлган ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақти-вақти билан саҳобаларидан кўрган тушларини айтиб беришларини сўраб, таъбир қилганлар. Туш билан боғлиқ илк таъриф ва таснифларга қўшимча равишда, уларни қандай таъбир қилиш ҳақидаги дастлабки амалий маълумотлар ҳам ҳазрати Пайғамбаримиз томонидан белгиланган. Туш мавзуси илк даврларда жамланган ҳадис китобларидан “рўё”, “таъбир”, “китобур рўё” номлари остида ўрин олган.

Сўфийлар ҳадисларда келган туш ҳақидаги маълумотларга амал қилганлар. Уларга тушларнинг таснифини ўз ичига олган қуйидаги ҳадис асос бўлган: “Қиёмат яқинлашганда, мўминнинг туши камдан-кам ёлғон бўлади. Мўминлардан тушларининг энг тўғриси энг ростгўй бўлганлариникидир. Мусулмоннинг туши пайғамбарликнинг қирқ олти жуъзидан бир жуъздир. Туш учга бўлинади: солиҳ туш Аллоҳ таолодан келган хушхабардир. Иккинчи хил туш шайтоннинг ғамга солишидан иборат бўлади. Учинчи хили эса инсоннинг ботиний нутқидан иборат. Сизлардан бирингиз ўзи ёқтирмаган тушни кўрса, ўрнидан турсин ва нафила ибодат қилсин, тушини ҳеч кимга айтмасин” (Бухорий, “Таъбир”, 26).

Қушайрий, Калабозий ва Ибн Арабий каби мутасаввифлар ўз асарларида тушнинг Қуръоний ва набавий далиллари билан бирга, моҳияти, жойи, турлари ва сўфийлар учун боғлаш хусусияти ҳақида тўхталганлар. Қушайрийнинг фикрича, туш кишилар қалбида яратилган ва белгилаб қўйилган нарсанинг тасаввур ва хаёл орқали идрок этилиши ҳамда ўзига хос кароматдир. Ибн Арабийга кўра, ташқи оламдаги сезги органи билан идрок этиш ҳолатига “кўриш”; уйқу ҳолатида ички сезги аъзоларидан “ҳисси муштарак” билан идрок қилиш ҳолатига “туш” дейилади. Тушлар мисол оламидан шаҳодат оламига акс этган ҳақиқат парчаларидир.

Тушлар Аллоҳдан, фаришталардан ва шайтондан бўлишига кўра учга бўлиб ўрганилганидек, саҳиҳ, руҳоний ва козиб (ёлғон)лигига кўра ҳам таснифланади. Саҳиҳ тушлар пайғамбарлар ва солиҳ бандаларнинг кўрган тушлари бўлиб, ҳеч қандай таъбирга эҳтиёж сезмасдан, шаҳодат оламида айнан рўй беради. Тасаввуф пешволари, сўфийлар бундай тушни маънавий илм усули сифатида кўрганликларини таъкидлайдилар. Руҳоний тушлар малакий (фаришталар келтирадиган) тушлар деб ҳам аталади ва таъбир талаб қилади. Тасаввуф таълимотида муридлар кўрган тушларнинг аксарияти мана шу турга мансуб бўлиб, улар пирнинг таъбири ва назоратига эҳтиёж сезади. Козиб (ёлғон) тушлар Қуръони каримда “адғасу аҳлам” бирикмаси билан ифодаланган чалкаш ва маъносиз тушлардир. Шайтоний тушлар деб ҳам юритиладиган бундай тушлар таъбир қилинмайди.

 

Алимардон Ҳайитов

Шукуҳли ўтган Рамазон, Қадр кечасидаги миллионлаб дуолар, интиқиб кутилган янги ҳилол...

Давлатимиз раҳбарининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида хайрия тадбирлари давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг кам таъминланган оилалар вакилларини Умра зиёратига юборишда давлат томонидан ёрдам бериш борасидаги илтимоси Президентимиз томонидан қаноатлантирилиб, 100 нафар қорақалпоғистонлик Умра зиёратига бориб қайтди. Кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар вакилларининг давлат томонидан берилган йўлланма асосида Умра зиёратига юборилиши улар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Муборак Рамазон ойида  меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан жойларда ифторлик дастурхони ёзилиб, уларга маҳаллалардаги рўзадорлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” да рўйхатда турувчи оилалар таклиф этилди.

Барча юртдошларимиз сингари, Оролбўйи аҳолиси ҳам Рамазон ҳайитини катта хурсандчилик билан, ўзгача кайфиятда қарши олди. Айниқса, байрам муносабати билан Президентимизнинг халқимизга йўллаган табриги уларга янада катта қувонч бағишлади. Байрам куни 63 та масжидда ҳайит намози адо этилиб, уларга 43 минг нафардан зиёд киши ташриф буюрди.  Байрам муносабати билан жойларда хайрия тадбирлари ўтказилиб, эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган оилаларга 129 миллион 950 минг сўм, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларига,  Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат нуронийларига  14 миллион 600 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлиб ҳисобланади.  

Байрам кунлари хайрия тадбирлари давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

Бутун ислом уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар етакчилари ва ҳукумат раҳбарлари, чет элдаги таниқли жамоат ва дин арбоблари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларидан табрикномалар келмоқда.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, хорижий ҳамкорлар ўз қутловларида мамлакатимиз Президенти ва кўп миллатли халқига чуқур ҳурмати ва эзгу тилакларини изҳор этиб, кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирмоқда, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиламоқда.
Жумладан, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд;
Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси;
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев;
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров;
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон;
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов;
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев;
Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий;
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди;
Бирлашган Араб Республикаси Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён;
Индонезия Республикаси Президенти Жоко Видодо;
Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб;
Кувайт Давлати Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;
Баҳрайн Подшоҳи Шайх Ҳамад бин Исо Ал Халифа;
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II;
Сурия Араб Республикаси Президенти Башар Асад;
Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос;
Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд;
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум;
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Шайх Мансур бин Зоид ол Наҳаён;
Кувайт Давлати валиаҳди Мишаал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;
Сингапур Республикаси Бош вазири Ли Сянь Лун;
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён;
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев;
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусрав Нозирий;
Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа.
Қутловлар келишда давом этмоқда.

Мақолалар

Top