Рамазон-2019

Рамазон – ибодат мавсуми

Эзгулик ва эҳсон, ибодат мавсуми Рамазонга етганимиз улуғ бир неъмат. Аллоҳ таоло бу ойда гуноҳлардан покланишимиз, нафсларимизни тарбиялаб, тоатларга ўргатишимиз учун бизга рўзани фарз қилди, Қуръон тиловатига, кечалари қоим бўлишга, хайр-эҳсон қилишга ундади.

Шубҳасиз, бу ойнинг энг улуғ ибодати рўзадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одам боласининг ҳар бир (яхши) амали савоби ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб берилади. Аллоҳ таоло айтди: “Фақат рўза мустасно. Албатта, у Мен учун ва унга Ўзим мукофот бераман. Банда шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади”” (Имом Муслим ривояти).

Рўза инсонни ёлғизликда ҳам, одамлар орасида ҳам Аллоҳ таолони унутмасликка, тоатларга сабрли бўлишга, доим гўзал хулқли бўлишга, Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқ бўлишга ўргатади.

Рамазон – таровиҳ ойи. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мағфиратга ноил бўлиш, ажру савобларни кўпайтириб олиш учун бу ой кечаларида ибодат билан қоим бўлишга тарғиб қилиб: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Тунги намоз мўминлар шарафи, солиҳлар одати, обидлар унсидир. У бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг афзал амалдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Тунги намозни канда қилманг. У сизлардан олдин ўтган солиҳлар одати, Раббинггизга яқинлик, гуноҳларга каффорат, маъсиятлардан қайтарувчидир” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Рамазон – Қуръон ойи. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир(Бақара, 185). Рўзадор бу ойни Қуръони карим тиловати учун ғанимат билиши керак. Қуръон рўзадорга шафоатчи ва гувоҳдир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандага шафоат қилади. Рўза: “Эй Раббим, мен уни кундузи таомдан ва шаҳватлардан тийдим, мени унга шафоатчи қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни тунда уйқудан қолдирдим, мени унга шафоатчи қил”, дейди ва иккалови шафоатчи қилинади” (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Рамазон – хайру саховат ойи. Бу ойда бошқа ойларга қараганда кўпроқ сааховат кўрсатишга тарғиб қилинган. Зеро бу ойда қилинган садақа ва эҳсонлар савоблари кўпайтириб берилади. “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахий бўладиган вақтлари Рамазонда – Жаброил (алайҳиссалом) билан учрашганларида бўлар эди. У зот Жаброил (алайҳиссалом) билан Рамазоннинг ҳар тунида учрашиб, Қуръонни дарс қилишар эди. Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саховатда эсаётган шамолдан-да тез бўлиб кетар эдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 Жамшид Шодиев тайёрлади.

 

Read 38378 times

Мақолалар

Top