www.muslimuz

www.muslimuz

Шу кунларда юртимизнинг айрим ҳудудларида ҳижрий 1442 йил учун (милодий 2020-2021 йил) мўлжалланган намоз вақтлари тақвим китобининг қалбаки нусхаси тарқатилаётгани кузатилган.
Таъкидлаймизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан шакллантирилган, соҳа мутахассислари ва астрономия институти билан мувофиқлаштирилган ҳақиқий намоз вақтлари тақвим китоби айни пайтда Диний идора ҳузуридаги “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этиш жараёнидадир.

Шу йилнинг 20 август санасидан тақвим китобини сотувга чиқариш режалаштирилган. Ушбу тақвим китобига Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси ҳам олинган.

Мўмин-мусулмонларни огоҳ этамизки, намоз вақтида фарз эканини инобатга олган ҳолда ҳақиқий намоз вақтлари тақвим китобини харид қилишингиз жуда ҳам муҳимдир. Шариатимиз таълимотида намоз вақтлари Қуёшнинг чиқиши, қиёмга келиши ва ботиши ҳолатлари билан боғлиқлиги алоҳида таъкидланган. Диний идора томонидан чоп этилаётган тақвим китобида айнан мана шу жиҳатларга катта эътибор қаратилган.

Қалбаки тақвимдаги намоз вақтларининг тўғри эканига ҳеч ким кафолат бермайди.

Эслатиб ўтамизки, Диний идора томонидан чоп этилган тақвим китобининг муқова қисмида ҳақиқийлигини ифода этувчи махсус ҳимоя белгиси мавжуддир.

Азиз ўқувчилар, ишончли, мазмундор ва ҳар томонлама сифатли тақвимни 20 августдан кейин республикамиздаги барча китоб дўконларидан харид қилинг.

Нашриётнинг ўзидан ҳам харид қилсангиз, янада қулай нархларда олишингиз мумкин.

Мурожаат учун телефон: 71-240-05-19

 

“Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи

Кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўляпти. Буни биз сўнги уч ярим йил ичида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган илм-маърифат масканлари мисолида яққол кўришимиз мумкин. Улар қаторига Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказларини киритишимиз мумкин.

Бугун ҳам ана шу эзгу ишлар давом этмоқда. Жорий йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилди. Шунингдек, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия таъсис этилди.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

- ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш;

- ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;

- Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;

- “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халқимиз, айниқса, ёшларга етказишдан иборат экани қайд этилди.

Ҳужжатда Марказ ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ICESCO)га аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларнинг махсус муассасалари, университетлари ўртасида самарали халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.

Шунингдек, Қарорда “Эл-юрт умиди” жамғармаси мунтазам равишда Марказ илмий ходим ва тадқиқотчиларининг хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш бўйича амалий чораларни кўриши қайд этиб ўтилди.

Юртимизда бу каби нуфузли дорулфунуннинг ташкил этилиши орқали Имом Мотуридий ва унинг издошларининг мусулмон оламидаги машҳур асарлари ўзбек тилига таржима қилинади ва халқимизга етказилади. Юртимиз мотуридийшунос олимлари хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро конференцияларда иштирок этадилар. Марказ муассислигида “Мотуридийлик” маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали нашр этилади.

Келгусида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида конференция ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, дунё қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид қўлёзма асарлар нусхалари жамланади ҳамда уларнинг каталоги яратилади. Йиғилган малумотлар асосида мотуридийлик таълимотига оид энциклопедия тайёрланади.

Яна қувонарлиси ўзбек ва жаҳон кино ихлосмандлари учун Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрланади.

Қайд этиш керакки, бугунги кунда дунёда мавжуд 1,9 млрд мусулмон аҳолининг 38% ёки 726 миллиони мотуридийлик таълимотига амал қилади. Улар Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Россия каби 20 га яқин давлатда истиқомат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичи сифатида улуғ аллома аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илми меросини чуқур тадқиқ этиш, халқимиз, хусусан, ёшларимизни эзгу умуминсоний ғоялар, муқаддас динимизнинг илм-маърифат, ҳалол-поклик, юксак ахлоқ ва эзгулик таълимоти асосида тарбиялаш имконини беради.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Шу йил 8 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига гўёки номзодлар кўриб чиқилиб, Azon.uz сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад маъқулланди, деган мазмундаги хабар сохта ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.

Мазкур асоссиз хабар тарқалган заҳотиёқ, Azon.uz таҳририяти ушбу хабар нотўғри экани, унга кўр-кўрона ишониб кетмасликка чақириб, раддия эълон қилди.

Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида Усмонхон Алимов ҳазратлари фаолиятларини давом эттирмоқдалар.

Биз, фазилатли муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраймиз.

Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини таълимотларига кўра, қаттиқ қораланади, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз.

Ўз навбатида мўмин-мусулмонларни мана шундай фитна ва иккиланишларга сабаб бўладиган ёлғон хабарларни тарқатмасликка чақирамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қурбон ҳайити муносабати билан Президентимизнинг топшириқларига биноан, давлат бюджетидан “Вақф” хайрия фондига 150 млрд сўм маблағ диний соҳа вакилларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилди. Бундан масжид имомлари, ноиблари, Ислом билим юртлари мударрислари, ходимлари моддий рағбатлантирилди. Бундай савобли ишдан бутун диний соҳа ходимлари хурсанд бўлиб президентимиз ҳақларига, ватанимизни янада фаравон бўлишини Яратгандан сўраб дуои хайрлар қилмоқдалар. Имом хатибларимиз масжидга тушадиган хайриялар ҳисобига ойлик маошлари олиб келишган. Айрим чекка ҳудулардаги масжидларда даромад йўқлиги сабаб ойлик маош ҳам олмасдан ишлаётган имом-хатибларимиз мавжуд эди. Уларнинг дилларига бугун кирган сурур қалбларига сиғмаяпти.

Мўмин киши бир мўмин биродарига етган яхшиликдан хурсанд бўлиши, унга етган қийинчиликдан хафа бўлиши лозим. Аммо бундай етган яхшиликларни кўра олмайдиган ғаламис кимсалар ҳам афсуски мавжуд экан. Улар бу кўрсатилган моддий  ёрдамга хурсанд бўлиш ўрнига, турли туҳмат ва иғво гапларни ижтимоий тармоқларда тарқатишди. Ушбу қабилдаги одамлар кундалик иғвогарлик билан машғул бўлиб қолишган. Буни гўё ўзларига диний аҳкомлардай қилиб қарашадиган бўлиб қолишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган, ёки одамлар ўз холига ташлаб қўйган кишидир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Мусулмонга мусулмоннинг номуси моли ва қони харомдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини хақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир” (Имом Термизий ривояти).

Фузайл ибн Иёз рахимаҳуллоҳ айтади: “Мўмин киши насихат қилади яширади. Фожир эса айблайди ва ошкор қилади”. Ушбу мезонларга солиб кўрганда ўзларини тақводор қилиб кўрсатиб бошқаларга таъна отадиганларнинг қилмишлари набавий кўрсатмаларга хамда салафлар ўгитларига зид экани яққол намоён бўлади. Улар иғвогарликни даъват қилиб, айрим ақидаси мустаҳкам бўлмаган ёшларни мана шу нарсаларни гўё уларга дин сифатида тарғиб этишмоқда. Кундалик таънакорлик уларга одатий ҳолга айланиб қолмоқда.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Дин насиҳатдир”, деганлар. Насиҳат қилувчи одам холис насиҳат қилиши, бир мўмин биродарини камчилиги бўлса, ўзига танҳо тушунтириши мусулмон ахлоқидандир. Уламолар насиҳат қилувчи беш нарсага риоя этиши керак дейдилар:

Аввало, насиҳат қилишда холис ниятли бўлиши керак;

Насиҳат қилишга лойиқ илми ва илмига амал қилган бўлиши керак;

Мулойимлик ва меҳрибонлик билан тушунтириши керак;

Ошкора ва шарманда қилмаслик керак;

Насиҳат қиладиган муносиб вақт ва маконни танлаш керак;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз амаллардан кейин амалларни афзали мўмин кишининг қалбига сурур киргизишдир”, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин”. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу оятдаги ҳумаза – ғийбат қилувчи, лумаза – эса одамларни айбловчи киши эканини айтганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши таъначи ҳам, лаънат айтувчи ҳам, фоҳишабоз ҳам, уятсиз ҳам бўлмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло Ўз фазли ила берган чексиз неъматларига шукр этишимизга тавфиқ ато этсин. Ҳар бир ҳолатимизга Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

 

Д.Абдуқадиров,

Имом Фаҳриддин ар-Розий ўрта махсус Ислом билим юрти мудири.

 

الجمعة, 31 تموز/يوليو 2020 00:00

Ҳайит намозининг шартлари

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, улар (Мадина халқи)нинг хурсандчилик қиладиган икки куни бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизларга бу иккисидан яхшироғини алиштириб берди: Фитр (Рамазон ҳайити) ва Азҳо (Қурбон ҳайити) кунига” дедилар.

Мазҳаблар ҳайит намозининг вожиб ёки суннат эканлиги борасида ихтилоф қилишган. “Жомеъус-соғир” китобида зикр қилинишига кўра – суннатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки байрам (Ҳайит ва жума) бир кунда жамланадиган бўлса, улардан биринчиси суннатдир, деганлар.

Имом Ҳасан (ибн Зиёд) раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар: “Ҳайит намози Жума намози унга вожиб бўлган кишига вожибдир”.

(Шамсул-аимма Сарахсий роҳимаҳуллоҳ “Мабсут” (13\71)да зикр қилганлар. Имом Кархий раҳимаҳуллоҳ бу гапни қўллаб-қувватлаганлар).

Ҳайит намозининг вожиблиги ва жоизлигининг шартларига келсак, Жума намозининг вожиблиги ва жоизлигининг барча шартлари икки ҳайит намозининг вожиб бўлиши ва жоизлигига шартдир: хутбадан бошқа, имом, шаҳар, жамоат ва вақт. Хутба намоздан кейин суннатдир. Уни тарк қилинса ҳам намоз дуруст бўлади.

Жума намози ҳақидаги бобда зикр қилинганидек, имом бизнинг мазҳабда шартдир. Шунингдек, шаҳар ҳам. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жума, ташриқ, фитр ва азҳо фақатгина жоме бўлган шаҳардагина бўлади”.

Бу ерда фитр ва азҳонинг айни ўзини (садақа ва қурбонликни) назарда тутмадилар, зеро бу нарсалар ҳар жойда, ҳар маконда бўлаверади. Бу ерда у киши икки ҳайит намозини назарда тутдилар. Чунки, бу нарса аввал фақатгина шаҳарларда бўлганлиги қўлма-қўл бўлиб собит бўлган. Уни икки ўринда адо қилса бўлади, жума бобида бу зикр қилинган.

Жамоат ҳам шартдир: чунки, бу намоз фақатгина жамоат билан адо қилинган. Вақт ҳам шартдир: чунки бу намоз махсус вақтдагина адо қилинади. Шунингдек, эркаклик, ақлли бўлиш, балоғатга етган бўлиш, озод бўлиш, тананинг саломат бўлиши ва муқим бўлишлик шарт қилинади. Булар вожиб бўлиш шартларидир, худди жума намози учун шарт бўлганидек. Аёлларга, ёш болаларга, жинниларга, хўжайининиг изнисиз қулга, сурункали ва ётиб қолган касалларга ва мусофирларга вожиб бўлмайди. Бу зикр қилганларимиз жума намози борасида ҳам уларга тааллуқлидир. Бу узрлар фарзни (жума намозини) соқит қила олаётган экан, вожиб (ҳайит) намозини соқит қилиши авлороқдир”

(Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадоеъус-саноеъ фий тартибиш-шароеъ” (3\85)да зикр қилганлар).

Ҳайит намозининг жума намозига бўлган муносабати шундаки, у иккиси ҳам ёруғ пайти катта жамоат билан адо қилинади ва қироатни жаҳрий қилади. Хутбадан бошқа, бирига шарт қилингани бошқасига ҳам шарт қилинади. Таклиф борасида ҳам бир-бирига мувофиқдир. Жума кимга вожиб бўлса, ҳайит ҳам шунга вожиб бўлади. Жума ҳайитдан фарз эканлиги ва кўпроқ адо қилинганлиги сабабидан муқаддам зикр қилинди.

Айтадилар: ҳайит намози мусофирга, қулга, касалга жумада бўлганидек, вожиб бўлмайди. Жума бобида бу борада зикр қилинганидек.

(Акмалуддин Бобартий раҳимаҳуллоҳ “Ал-иноя шарҳул-ҳидоя” (2\419)да зикр қилганлар).

Ҳайит намозининг жума намозига бўлган муносабати шундаки, у иккиси ҳам катта жамоат билан адо қилинади ва унда жаҳрий тиловат қилинади. Бирига бўлган шарт иккинчисига ҳам шарт ҳисобланади. Фақатгина хутба бундан мустасно. Жума кимга вожиб бўлса, ҳайит намози ҳам унга вожиб бўлади. Жума ҳайитдан фарз эканлиги ва кўпроқ адо қилинганлиги сабабидан муқаддам зикр қилинди. Ҳайит намози жума кимга вожиб бўлмаса, унга ҳам вожиб бўлмайди. Бундан мустасно фақатгина хўжайинидан изн олган қулдир.

(Абу Бакр ал-Яманий ал-Ҳананфий раҳимаҳуллоҳ “Ал-жавҳаратун-наййиро шарҳу Мухтасарул-Қудурий” (1\289)да зикр қиладилар. Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул мухтор” (6\138)да ушбу китобдан иқтибос келтирадилар).

Юқорида айтилган сўзлардан хулоса қилиб шуни айта оламизки, жума намозига ҳам ийд намозларига ҳам жамоат шарт қилинган. Бугунги карантин шароитида жамоат ташкил қилиш мутлоқ манъ қилинган ишлардандир. Шунга кўра, ушбу узрли ҳолат фарзни (жума намозини) соқит қила олаётган экан, вожиб (ҳайит) намозини соқит қилиши авлороқдир.

 

Хайруллоҳ домла Саттаров,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиб ўринбосари.

Мақолалар

Top