www.muslimuz

www.muslimuz

الأربعاء, 25 آذار/مارس 2020 00:00

Балога учрамаслик учун ўқиладиган дуо

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

 

Балога учрамаслик учун ўқиладиган дуо

Баъзан кўча-кўйда, йўлда, бозор ва яна бошқа ерларда турли мусибатга учраган, синовга мубтало бўлганларни учратамиз. Масалан, автоҳалокат ҳодисаси, ёнғин, бирор касалликка чалинган ва ҳ.к.

Кимдир уларни ҳолини кўриб ачинади, ёрдам беришга ҳаракат қилади, бунга имконияти етмаса ҳақига дуо қилади. Баъзилар эса “кўзига қараса бўлмайдими”, “ҳаммасига ўзи сабабчи”, “ўзини эҳтиёт қилса бўлмасмиди” каби турли “танбеҳ”ларни беради. Яна бошқалар дарҳол чўнтагидан қўл телефонини чиқариб суратга, видеога олишга “ошиқади”.

Аслида ҳар бир банда синовга дучор бўлувчидир. Зеро, бу дунё – синовлар майдони. Ундаги бир синовнинг ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси..... етиб келади. Ҳа, ҳаёт аслида ана шундай битмас-туганмас имтиҳонлар занжиридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Одамлар: “Имон келтирдик”, дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! Биз улардан олдинги (имонли) кишиларни синаган эдик-ку!» (Анкабут сураси, 2-3 – оятлар).

Банда дучор бўлган ва бўладиган барча синовлар Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси билан бўлади. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлмай қолмас ва хоҳламаган иш асло бўлмас. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Ҳадид сураси, 22-оят).

Муҳими мусибат етганда, синовга учраганда ёлғиз Аллоҳ таолодангина ёрдам сўраш, Ўзидангина умидвор бўлиш, сабр қилиб улуғ ажрни қўлга киритишга интилиш лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят).

Хўш, мўмин банданинг биродарини мусибатга, балога учраганини кўрганда одоби қандай бўлмоғи лозим? Ҳар бир ишда умматларига ўрнак бўлган севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатда ушбу дуони ўқишни таълим берганлар:

 الحمد لله الذي عافاني مما ابتلاك به وفضلني على كثير ممن خلق تفضيلا لم يصبه ذلك البلاء

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким балога учраган кишини кўрганда “Алҳамду лиллаҳиллазий аъфаний миммаа ибталаака биҳи ва фаззаланий аъла касийрин мимман холақа тафзийлан” деса, унга ўша бало етмайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни турли бало-офат ва касалликлардан Ўз паноҳида сақласин. Нусрат, офият ато этсин. Хузур-ҳаловатда, тинч, осойишта, иймон лаззатидан баҳраманд ҳолатда ҳаёт кечиришимизни насиб айласин.

Даврон НУРМУҲАММАД

الأربعاء, 25 آذار/مارس 2020 00:00

Бугун шаъбон ойининг биринчи куни

Шаъбон ойининг фазилатлари

Фазилатли ойлардан бири шаъбонда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, бу ойнинг биринчи ярмида нафл рўза тутиш ниҳоятда савоблидир.

Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани "Бароат кечаси" дейилади. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади.

Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен: «"Ё, Расулуллоҳ, сизни ҳеч бир ойда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим?" деб сўраганимда, у зот: "Бу ой ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қолади. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Роббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини истайман", дедилар» (Имом Насоий ва Абу Довуд ривояти).

Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбоннинг ўртасидаги кечада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилишини айтганлар: "...Истиғфор айтгувчи борми? Уни мағфират қилурман. Ризқ сўровчи борми? Унга ризқ берурман. Мубтало борми? Унга офият берурман".

Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлаш ҳамдир.

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ дунё осмонига нузул этади ва Бани Калбнинг қўйлари жунидан ҳам кўп одамни мағфират қилади", дедилар» (Ибн Можа, ИмомТермизий ва Аҳмад ривояти).

Бани Калб қабиласи ўша вақтда сурув-сурув қўйлари билан машҳур бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбон ойининг ярмида Аллоҳ таоло ниҳоятда кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаш учун ана шу қўйларнинг жунини мисол қилиб келтирганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Аммо кимдир (доимий нафл) рўза тутиб юрган бўлса, уни тутаверсин", дедилар» (ИмомТермизий ривояти).

Кимдир бирор нафл рўзани маълум кунларда ўзига вазифа қилиб олган бўлса, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, рўза тутиш жоиздир. Масалан, кўпчилик душанба ва пайшанба кунлари нафл рўза тутади.

Демак, шаъбон ойининг иккинчи ярмида нафл рўза тутмаган яхши, аммо биринчи ярмининг охиридаги кечаси ҳам, унинг эртаси ҳам улуғ фазилат ва баракотли фурсатдир.

 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

الأربعاء, 25 آذار/مارس 2020 00:00

Ҳадисларда вирус ҳақида сўз борми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вирус ҳақида нима деганлар?

 

Ушбу ҳолатда ҳам намозни жамоат билан адо этиш керакми?

 

Ҳозирги кунда кенг тарқалаётган коронавирус (СOVID-19) ҳукуматларни ва ахборот агентликларини бутун дунё аҳолисига фойдали бўлган энг аниқ маълумотлар ва керакли кўрсатмалар беришни талаб қилмоқда. Чунки вирус бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетди. Шунингдек шифокорлар, эпидемия ва пандемия соҳа мутухасисларига талаб ошмоқда.

 

Иммунолог доктор Энтони Фосси ва тиббиёт мухбири доктор Санжай Гупта каби мутахасислар касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиена ва карантин қоидаларига риоя қилиш, одамлардан ажралиб олиб уйда ўтириш (СOVID-19) га қарши энг самарали восита деб айтишмоқда.

 

Эпидемия вақтида шахсий гигиенага риоя қилишни ва карантин қоидаларига амал қилишни ким тавсия қилганини биласизми?

 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, бундан 1400 йил аввал.

 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалокатга олиб борадиган касалликларнинг мутахассиси эмасдилар. Шундай бўлса-да ҳозирги замонда кенг тарқалаётган коронавирус каби касалликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича маълумотлараг эга эдилар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай юқумли касалликлар ҳақида: “Агар сизлар у (касаллик) бирор ерда тарқаганини эшитсангиз у ерга борманг. Агар сиз яшаётган ерда (у касаллик) тарқаган бўлса у ердан чиқманг”, деганлар.

 

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касал одам соғлом одамнинг олдига бормасин”, деганлар.

 

Шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни касалликдан ҳимоя қиладиган тозалик қоидаларига амал қилишга даъват қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларига эътибор беринг: “Поклик иймондандир”.

 

“Таомнинг баракаси ундан олдин (икки қўлни) ювишдир ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғриқдан озор чекаётган одамларга нима қилишга буюрганлар?

 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни тиббиёт билан даволанишга чақириб: “Эй Аллоҳни бандалари, даволанинглар. Албатта Аллоҳ таоло ўлимдан бошқа дардга шифо беради”, деб марҳамат қилганлар.

 

Муҳими шундаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мантиқ ва ақида ўртасидаги мувозанатни идрок этганлар. Охирги кунларда баъзи одамлар карантин ва ўз ўзини ҳимоя қилиш учун уйда ўтиришдан жамоат билан намоз ўқишни афзал дейишмоқда.

 

Тўғри, намоз ўқиш Роббимизнинг бандаларига буюрган буйруғидир. Лекин ушбу ҳолатда намозни уйда адо этган маъқул. Касалликдан тузалиш учун унинг сабабларига амал қилиш керак.

 

Қуйидаги қиссани тафаккур қилиб кўринг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туясини боғламасдан тарк қилган бир саҳройи кишини кўрдилар. Саҳройидан туяни боғлаб қўймаганининг сабабини сўрадилар. Бадавий Аллоҳга таваккал қилганини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Уни боғлаб қўй, кейин таваккал қил дедилар”.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга дин ишларида маслаҳат қилишни буюрдилар. Лекин барча одамлар яхши ҳаёт кечиришлари учун турли хил касалликлардан ҳимояланиш, бунинг учун маълум қоидаларга амал қилиш лозим эканини буюрдилар.

Бошқача қилиб айтганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ақл билан иш тутишларини тавсия қилдилар.  

 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида у ерда вабо тарқалганини эшитиб орқага қайтишга қарор қилдилар.

 

Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу:

 

«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди.

 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга:

 

«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди? Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан, Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?» дедилар.

 

Манба: azon.uz

Жорий йилнинг 24 март куни Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов билан онлайн брифинг бўлиб ўтмоқда. 
 
Унда коронавирус аниқланган ўзбекистонликлар аҳволи ҳақида айтилди. Юзага келаётган саволларга имкон даражасида жавоб берилди.
 
Баҳром Алматовнинг маълум қилишича, коронавирусга чалинган 5 нафар Ўзбекистон фуқаросида касаллик аломатлари йўқолган. Ҳозирда улар кунига икки маҳал вирусга текширувдан ўтишмоқда. Бу фуқаролар 14 кун карантинда сақланади. Вирус йўқолганига тўлиқ ишонч ҳосил қилганганидан кейин, уларга уйга рухсат берилади.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳозиргача 49 нафар фуқарода коронавирус аниқланган. Уларнинг барчаси шифокорлар назоратида. 

 

ЎзА

Мақолалар

Top