muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 16 حزيران/يونيو 2016 00:00

Қалб рўзаси

Аллоҳ таолога ҳамд-санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафo (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот-саломлар бўлсин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“...Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур..” (Тағобун, 11).

Қалб ҳидояти барча ҳидоят асоси, тавфиқ негизи, умр моҳиятидир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Огоҳ бўлинг, жасадда бир гўшт парчаси бор. У солиҳ бўлса, жасад солиҳ бўлади. У бузилса, бутун жасад бузилади. У қалбдир”, дедилар ( Имом Бухорий, Муслим).

Қалбнинг солиҳ бўлиши икки дунёда саодатга эришиш гаровидир. Унинг бузилиши эса чегарасини Аллоҳ таоло биладиган ҳалокатдир.

“Албатта, бунда (уйғоқ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлиб, қулоқ тутган киши учун эслатма бордир” (Қоф, 37).     

Ҳар бир махлуқнинг қалби бор. Қалб тирик ёки ўлик бўлиши мумкин. Тирик қалб нур билан уради, имон билан ёришади, ишонч билан лиммо-лим тўлади, тақво билан тўлиб тошади. Ўлик қалб эса касаллик, иллатдан иборат бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

“Уларнинг дилларида иллат (шубҳа ва такаббурлик) бор. Аллоҳ уларга (шу) иллатни зиёда қилди...” (Бақара,10).

”Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда «қулфлари»бордир?!” (Муҳаммад, 24).

“Улар дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан тўсилган, қулоқларимизда эса оғирлик (карлик) бордир” (Фуссилат, 5).

Бу оятлар қалб касал бўлиши ҳамда ўлишига далил бўлади. Аллоҳ таоло душманларининг қалблари кўксларида турса-да, ҳақиқатни кўрмайди ва ҳидоят тополмайди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй қалбларни ўзгартирувчи зот, қалбимни динингда қарор топтиргин”, деб дуо қилар эдилар

Мўминнинг қалби Рамазонда ҳам бошқа ойларда ҳам рўза тутади. Қалб ҳалок қилувчи нарсалардан, фосид эътиқодлардан, исёнкор васвасалардан, ёмон ниятлардан, даҳшатли хатарлардан тийилиш билан рўза тутади. 

Мўминнинг қалби Аллоҳ таоло муҳаббати билан тўлиб тошади. Раббисини исм ва сифатлари ила тинийди. Унинг қалбида нур бўлади ва заррача зулмат қолмайди. Абадий рисолат, самовий таълим ва раббоний нурлари билан Аллоҳ таоло бандани яратган вақтдаги фитрат нури қўшилиб, икки буюк нур ҳосил бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай зикр қилинади:

“...(Мазкурлар қўшилганда эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир” (Нур, 35).

Мўминнинг қалби қуёш каби нур сочади, тонг каби ёришади Қуръон эшитса, имон нури зиёда бўлади, тафаккур қилса, ишончи ортади.

Мўминннинг қалби кибрдан рўза тутади, чунки у рўзани бузади. Кибр  ҳаром бўлгани учун мўминнинг қалбини обод қилмайди. Кибр қалбни эгалласа, бу қалб соҳиби касал бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини кибрдан қайтариб шундай дейди:

“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон, 18).

Мўминнинг қалби ўзига бино қўйиш каби иллатдан рўза тутади. Ўзига бино қўйиш инсонга ўзини мукаммал, афзал қилиб, бошқаларда йўқ яхшиликларни ўзида бордек қилиб кўрсатади. Бу айни ҳалокатдир. Бу ҳақида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳалок қилувчи нарсалар учтадир. Кимса ўз-ўзига бино қўйиши, бахиллик қилиши ва эргашилган ҳавои нафс”, дедилар (Баззоз ривояти).

Мўминнинг қалби ҳасаддан рўза тутади, чунки ҳасад солиҳ амалларни йўққа чиқаради, қалб нурини ўчиради, қалбни Аллоҳ таолога боғланишига тўсқинлик қилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: 

“Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими?” (Нисо, 54).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида имон билан ҳасад жам бўлмайди”, дедилар” (Ибн Ҳиббон).

Эй Раббимиз, қалбимизни тўғри йўлингга ҳидоят этиб, иймонда барқарор эт. Ушбу Рамазон ойида ҳам жисмонан, ҳам қалбан, ҳам руҳан рўза тутишни насиб қил.

 

 

Баҳриддин ПАРПИЕВ

الخميس, 16 حزيران/يونيو 2016 00:00

Умра зиёратчиларига атиргул тарқатилади

Рамазон ойида умра зиёратини амалга ошириш учун Жидда аэропортига ташриф буюрган ҳар бир зиёратчини ажойиб совғалар кутмоқда.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги Рамазон ойи муносабати билан умрачиларга ифторлик дастурхони ташкил этмоқда. Ҳамда уларга атиргул, турли хил совғалар, хурмолар ҳам берилмоқда. Бу хайрли тадбир Рамазон ойининг охиригача давом этиши маълум қилинди.

Эслатиб  ўтамиз, Жидда аэропортига ҳар 8 соатда 4000 – 5000 нафар зиёратчи ташриф буюради. 
                                                                                            

Халқаро алоқалар бўлими

 

الأربعاء, 15 حزيران/يونيو 2016 00:00

Рўза ғанимат!

Бисмиллаҳир рохманир роҳийм

Ойларнинг султони муборак Рамазон ойининг ғанимат кунлари борган сари ортга қараб кетиб бормоқда. Мана бугун Рамазон ойининг 10 куни. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам рамазонни 30 кунини учга бўлиб, биринчи ўн кунлигини Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмат, баракотлар ёғдирадиган ўн кунлиги эканини таъкидлаганлар. Шунга кўра, раҳмат ўн кунлигидан баҳра ололдикмикан? Бошларимиз узра Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилдимикан? Рўза тутиб, билиб-билмай яна хатоларга қўл уриб қўймадикмикан? Арзимас туюлган дунё ишлари билан овора бўлиб, сабримиз етмай ота-оналаримиз, яқинларимиз ёки корхонада бирга хизмат қилаётганларни кўнгилларини оғритиб қўймадикмикан? Аслида рўзанинг ҳикматларидан асосийси бўлган жисмимизни очлик ва ташналикдан сабрга йўллаш, руҳимизни поклаш эканини бироз унутиб қўймадикмикан? Маълумки, ишловчи ишчи-хизматчилар ва ўқувчи талабалар бир йилда бир маротаба таътилга чиқиб, дам оладилар. Руҳан-жисман тетиклашиб яна ишга, ўқишга қайтадилар. Баданимизнинг таътили эса мана шу рамазон рўзасидир. Ҳамма ҳам бир йиллик таътилини рисоладагидек ўтказса, яна ишга қайтганида келгуси йилгача шу кайфиятда ўтишига туртки бўлади. Ўз соғлигимизга эътиборли бўлиб, соғ-саломат бўлсак, иш унумдорлиги ўйлаганимиздан ҳам кўра яхшироқ бўлади.  

Азизлар! Биз ҳам Аллоҳ таолонинг биз билган-билмаган  фазлу марҳамати билан мўмин-мусулмонларга фарз қилган Рамазон рўзаси - баданларимиз таътилини хуш кайфиятда ўтказайлик.  Инсон ички аъзолари тўхтовсиз бизлар учун тиним билмай хизмат қилиб туради. Улар ҳам шу муборак рамазон ойида таътилга чиқадилар. Бўйнимизда жисмларимизнинг ҳаққи бор, улар ҳам дам олиш ҳуқуқига эга. Улар ҳам ортиқча еб-ичишдан, ортиқча ухлашдан ҳоли бўлсинлар. Очликда руҳият тетиклашади, дейилади. Мажбурий очлик билан фарз қилинган рўзадан ибрат олиб, очлар ва муҳтожлар ҳолини бир бора тафаккур қилайлик. Тинч ва осуда мамлакатимизда ибодатларни эркин-эмин қилиб, хотиржамликда ўтаётган ҳар бир кунимизни ғанимат билайлик. Дунёнинг қайси бир бурчагида рўза тутиш учун ейишга егуликлари йўқ ёки бўлмаса беҳуда бўлаётган жанжал-урушлар туфайли ўз ҳаловатини йўқотиб рўза тута олмаётганлар ҳолидан ибратланайлик. Аллоҳ таолога шукрона айтиб, ихлосу эътиқод билан иккинчи бошланган мағфират ўн кунлиги қадрига етайлик. Парвардигор гуноҳларимизни мағфират қилсин, билиб-билмай қилган гуноҳларимизни ойлар султони бўлган Рамазон шариф сабабли кечирсин. Масжидларда бўлаётган Хатми Қуръонлар, истиғфор ва дуойи хайрлар шарофати билан юртимизда тинчлик бардавом бўлсин. Оилаларимизда файзу баракотлар ёғилишига бу йилги Рамазон аввалги йиллардагидан ҳам кўра муборакли из қолдирсин.  Инсонни бир йиллик ҳисоботи қилинадиган ва яна бир йиллик тақдирлари янгиланиб ёзиладиган  бу ой ҳар биримизнинг номаи-аъмолларимизга яхшиликлар бўлиб ёзилсин. Аллоҳ таоло Рамазоннинг биринчи ўн кунлигида қилишга улгура олмаган яхши амалларимизни қолган ғанимат кунларида кўпроқ қилишга имкониятлар берсин. Дуоларимиз ижобат бўлсин. Яна бир бор Юртимиздаги тинчлик ҳукмронлиги абадий бўлсин. Рамазон ойидаги кунларимиз хайрли ўтсин.

 

                                                      Зарифа Маҳкам қизи      

الأربعاء, 15 حزيران/يونيو 2016 00:00

Имом Бухорий - фахримиз

Инсоният тараққиёти тарихида ўчмас из қолдирган мўътабар зотларнинг асарлари ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Буюк муҳаддис, Ислом оламида машҳур Абу Абдулло Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий,   Абу Исо Муҳаммад ибн  Исо ат-Термизий, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол аш-Шоший, Абу Али ибн Сино, Абул Қосим Маҳмуд аз-Замахшарий ва бошқа кўплаб машҳур юртдошларимизнинг муборак номлари тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган. Умуминсоний маданият ва билимларни юксалишида бу алломаларнинг хизматлари беқиёсдир. Муқаддас китобларимизда келтирилган ҳикматларни изчил ўрганиш ва ижтимоий, маънавий ҳаётимизга татбиқ этиш, халқимиз онгига чуқур сингдириш – долзарб вазифа. Илму маърифат, маънавий қадриятларимиз, тарихий, маданий меросимиз, ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақида тўла маълумот беришимиз ҳозирги давримиз учун жуда муҳимдир. Бу борада буюк бобокалонимиз Имом ал-Бухорий ҳазратларининг  серқирра фаолиятлари, бой илмий меросларини пухта ўрганиш ва ёшлар тарбиясига йўналтириш муҳим аҳамият касб этиб, жамиятимиз маънавий соғломлигининг янада ошишига хизмат қилади.

Ўтмишда асоссиз унутилган кўплаб алломаларимиз қатори Имом ал-Бухорий ҳам ўз элига қайтарилди. Унга бўлган муносабат охирги йилларда тубдан ўзгарди. Асарлари ўрганилиб, кенг жамоатчиликка тақдим қилинаётир. Имом ал-Бухорий ҳазратларининг ҳурматларини жойига қўйиш, руҳи покларини тиловату дуолар билан шод этиш мақсадида  ул зоти бобаракотнинг муборак қадамлари теккан, ўзлари мангулик оламига сафар қилган муқаддас масканда, яъни Хартанг қишлоғидаги зиёратгоҳда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шунингдек, унинг 1998 йилда таваллудларига 1225 йил хижрий сана буйича Халқаро илмий-амалий анжуман ҳам бўлиб ўтган.

Имом ал-Бухорий умр бўйи ҳадисларни  тўплаш ва бир тизимга солиш  билан шуғулланганлар, шунингдек уларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайри саҳиҳ (хато ёки заиф)га ажратганлар.  Бу ишни ҳадис ровийларининг кечирган ҳаётлари , яшаш жойлари, таваллуд  ва вафот этган саналари , бир-бирлари билан қилган ўзаро  мулоқотларини ўрганиш билан  боғлиқ ҳолда олиб борганлар. Аллома олти юз мингга яқин ҳадис тўплаб,  шундан  юз минг «саҳиҳ» ва икки юз минг «ғайри саҳиҳ» ҳадисни ёддан билганлар. Имом ал-Бухорий ўзларининг бундай ноёб қобилият ва  қувваи-ҳофизасининг кенг мушоҳадалилиги билан ўз тенгқур ва илм аҳлларини ҳайратда қолдирганлар.

Имом ал-Бухорийнинг қаламларига мансуб асарлар сони йигирмадан ортиқдир. Улардан айримлари  бизгача етиб келган. Алломанинг шоҳ асари  «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ», (Ишончли тўплам) деб номланган 4 жилддан иборат ҳадислар тўплами Ислом оламида бошқа муҳаддислар тузган ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир. Имом Бухорийнинг   «Ал-Адаб ал-муфрад» (Адаб дурдоналари) асари эса, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган  бебаҳо тўпламдир. Шунингдек, «Ат-тарих ал-кабир» (Катта тарих), «Ат-тарих ас-сағир» (Кичик тарих),  «Ат-тарих ал-авсат» (Ўрта тарих), «Китоб ал-фавоид» (Фойдали ашёлар ҳақида китоб), «Ал-Жомеъ ал-кабир» (Катта тўплам), «Ат-тафсир ал-кабир» (Катта тафсир), «Китоб ал-куня» (Кунялар ҳақида китоб) ва бошқа бир қанча асарларни ҳам таълиф этганлар.   Бу асар «Саҳиҳ ал-Бухорий» номи билан машҳурдир. Мазкур асарнинг қимматли томони шундаки, Имом ал-Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларни киритаверганлар. Имом ал–Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларини табақаларга бўлиб, уларнинг ишончли (саҳиҳ)ларини танлаб, алоҳида китоб яратдилар.

Имом ал–Бухорийнинг ушбу йирик асарлари ёзилганига қарийб 1000 йилдан ошган бўлганига қарамай,   ўша даврдан  то ҳозирги вақтгача ислом таълимотида Қуръони каримдан кейинги иккинчи ўринда турадиган асосий манба сифатида юқори баҳоланиб келиниши барчага маълум. Бугунга қадар «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр қилинган.

Тарихдан маълумки, қадимдан бу китобни саёҳатчилар ҳам ўзлари билан доим олиб юрганлар. Шайх Абу Муҳаммад Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳамза ёзадиларки: «Мен аҳли зуҳду тақволардан эшитдим: «Саҳиҳ ал-Бухорий» мушкул кунларда кишига нажот йўлини топишга ёрдам беради».

Имом ал-Бухорий ҳазратлари «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китобини ёзиб тугатганларидан сўнг, айтган эканларки: «Бу китобни мен олти юз минглар чамасидаги ҳадислар орасидан саралаб олиб, ўн олти йил мобайнида ёзиб битириб, ўзим билан Аллоҳ таолонинг ўртасида ҳужжат қилдим».

Алломанинг бу ўчмас асарлари мусулмонларга ҳидоят йўлини кўрсатувчи манба сифатида асрлар оша ўз қимматини йўқотмайди.

Имом ал-Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақатгина шариат аҳкомларига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Уларда меҳр-оқибат, сахийлик, очиқ кўнгиллик, ота-она ҳурмати, олий ҳиммат, мурувват, ватанга садоқат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, дўсту  биродарлик каби инсоний фазилатлар ўз ифодасини топган. Бутун Ислом оламида Имом ал-Бухорий ҳақида эшитмаган бирор кимса, ул зотнинг  номи етмаган бирор жой йўқ, десак сира муболаға қилмаган бўламиз. Чунки, мусулмон дунёсининг барча мадрасаю дорилфунунларида алломанинг буюк  асарлари асосий қўлланма, дастуриламал ҳисобланади. Олиму фузалолар, дин уламолари Имом ал-Бухорийнинг ибратли фаолиятига тез-тез мурожаат этиб, илмий меросидан кенг фойдаланадилар ва унга таяниб иш юритадилар.

Дунёнинг қайси бурчагига бормайлик, бизга Имом ал-Бухорийнинг ватандоши, авлодлари – бухорийлар деб катта ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлишади, ҳавас қилишади. Имом ал-Бухорий барчамизнинг фахримиз, ифтихоримиз. Чунки, хайрли амалларни қилган, қалблари доимо Парвардигор зикри билан банд бўлган зотдирлар. Номи етти иқлимда  машҳур бўлган зотга муносиб ворис бўлиш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади, албатта.

Буюк ватандошимиз Имом ал-Бухорийнинг бой илмий меросини пухта ўрганиш, кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида республикамизда Имом Бухорий Халқаро маркази фаолият юритиб келмоқда. Имом ал-Бухорий ҳазратларининг илмий-ижодий фаолиятлари билан бир қаторда ул зотнинг ҳаётлари, ахлоқ-одоблари, юксак инсоний фазилатларида биз учун ибрат, намуна бордир.

У киши илмда, хулқи одобда ва тақвода энг олий даражага эришганлар. Ана шулар туфайли одамлар қалбидан чуқур жой олган эдилар. Имом ал-Бухорийнинг энг улуғ фазилатларидан бири ул зот таассуб (мутаассиблик)нинг ҳар қандай шаклларидан узоқ эдилар. Ўз салоҳиятлари билан бирор марта ғурурланмадилар. Баъзида ёлғон билан синамоқчи бўлганларга нисбатан яхши гумон қилиб, ўз зеҳнларини ҳимоя қилдилар. Мақсадлари бу дунё амалларидан фақат тўғрилик ва ҳалоллик билан охират савобини топиш  эди.

Ривоятларга қараганда, Имом ал-Бухорий ҳаётлари мобайнида бир лаҳза ҳам Аллоҳнинг зикридан тўхтамадилар. Йил бўйи Қуръони карим билан муттасил алоқада эдилар. Рамазон ойида эса ҳамма ишлардан холис бўлиб, бутун шижоатлари билан Қуръони карим тиловатига киришиб, ҳар куни саҳардан то қуёш ботгунгача бир ёки уч хатм, ҳар уч саҳарда қироат билан бир хатм қилардилар, яъни 114 сурани ёд ўқиб тугатар эдилар. Аллоҳ таоло ул зотни Ўз раҳматига олган бўлсин!

Шайх Абдураззоқ Юнус, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

 

الأربعاء, 15 حزيران/يونيو 2016 00:00

17.06.2016 Закот-молиявий ибодат

ЗАКОТ-МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

بسم الله الرحمن الرحيم

 Муҳтарам жамоат!  Закот орқали ўзига тўқ кишиларга молиявий ибодатни адо этиш ва эҳтиёжмандларга моддий ёрдам олиш имконини яратиб берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин! Закот ҳақидаги илоҳий таълимотларни ўз умматларига англатиб, уни татбиқ қилиш йўлларини кўрсатиб берган ҳабиб Пайғамбаримизга энг пок салавоту саломлар бўлсин.

Закот – исломнинг бешта асосий устунларидан бири бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили Шаввол ойида рамазон рўзаси ва фитр садақасидан сўнг фарз қилинган. Қуръони каримнинг ўттиз икки оятида закот  беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма етти  жойда намоз билан бирга зикр қилинган. Бундай ҳол намоз билан закот ўртасидаги узвий бир алоқа борлигини кўрсатади. Аллоҳ таоло айтади:

(وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ (سورة النّور/56

яъни:(Эй, мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз(Нур сураси 56-оят).

(خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ (سورة التّوبة/103

яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Тавба сураси 103-оят).

(وَآَتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ ... (سورة ﺍﻷﻧﻌﺎﻡ/141

яъни:Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз” (Анъом сураси 141-оят)

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

(عن ابن عمر رضي الله عنهما قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم بُنِي الإسْلاَمُ عَلَى خَمْسٍ شَهَادَةِ أنْ لاَ إلهَ إِلاَّ اللهُ  وَأنَّ مُحَمَّداً رسولُ اللهِ وَإقَامِ الصَّلاَةِ وَإيتَاءِ الزَّكَاةِ وَحَجِّ البَيْتِ وَصَوْمِ رَمَضَانَ .( رواه البخارى

яъни: “Ислом беш асос устига қурилгандир. Улар: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва ҳақиқатда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасидир”, дедилар.

 Қадрли намозхонлар! Киши закот беришга ҳақли бўлиши учун  унда қуйидаги шартлар топилиши керак:

  1. Мукаллаф бўлиш. Закот берадиган киши мусулмон, озод, ақлли ва балоғатга етган бўлиши керак. Мусулмон бўлмаган, ақли заиф кишиларга ва болаларга закот фарз эмас. Мусулмон бўлмаган киши закот беришга масъул эмас.

Ҳанафий фуқаҳолар фикрига кўра, закот беришга масъул бўлиш учун ақлли бўлиш ва балоғат ёшига етган бўлиши шартдир. Чунки ақли заиф кишилар  ва болалар намоз ва рўза каби ибодатларни бажаришга масъул бўлмаганликлари сингари закот беришга ҳам мажбур эмаслар. Закот бу ибодатдир. Ибодатда масъуллик эса балоғатга етиш ва оқ-қорани ажратиш даврига етишиш билан бошланади.

  1. Нисоб миқдоридаги молга эга бўлиш. Нисоб – Исломнинг бирор нарса ҳақида ўлчов, чегара ва аломат тайин қилган миқдоридир. Нисоб мол-мулкдан  закот берилиши шарт бўлган миқдорни билдиради. Закот масаласида олтиннинг нисоби йигирма мисқол-85гр, кумушнинг нисоби икки юз дирҳам-595гр, йилнинг аксар қисмида яйловда боқиладиган қўй билан эчкининг нисоби қирқ, қорамол (сигир ва қўтос)нинг нисоби ўттиз, туянинг нисоби эса бештадир.
  2. Нисоб миқдоридаги мол аслий эҳтиёждан ортиқ бўлиши. Аслий эҳтиёж ва қарздан ортиқ нисоб миқдорида моли бўлмаган кишига закот фарз эмас. Закот бериладиган моллар қаторига киритилмайдиган асл эҳтиёжларга, закот берувчининг ўтирган уйи, уй учун керакли ашёлар, қишлик ва ёзлик кийимлар, керакли асбоблар, китоб, улов ва хизматчи, бир ойлик – бошқа бир саҳиҳ ривоятга кўра бир йиллик – моддий эҳтиёж ёки оила харажатларидан иборатдир. Олинган қарзга тўланадиган  нақд пуллар ҳам шу ҳукмдадир.

Шунга кўра ҳожати аслий  бўлган нарсаларни ушбу бандларда келтириш мумкин:

  1. a) Яшаш учун ишлатиладиган уй, боғ, полиз ва экин экиладиган ерлар.

б) Миниладиган ва қўшга кўшиладиган ҳайвонлар ва ҳозирги пайтда уларнинг ўрнида ишлатиладиган автомобиль, хизмат воситаси, трактор, сув мотори ёки ҳунармандларнинг иш асбоблари, ишлаб чиқариш учун қўлланиладиган машиналар, дастгоҳлар, фабрика ва бошқа асбоблар. Буларнинг қийматидан эмас, балки чиқадиган даромадидан закот берилади.

в) Урф-одатга мос кийим ва уй ашёлари, гилам, мебеллар, олтин ва кумушдан бўлмаган идиш-товоқлар, холодильник (совутгич), кир ювиш машинаси ва бошқа қўлланиб келинаётган турли хил электор асбоблари.

г) Олимларнинг хусусий кутубхонаси.

д) Бир кишининг ўзи ва унинг қарамоғида бўлган оила аъзоларининг бир ойлик –ёки бир йиллик – одатдаги ҳаражатлари.

е) Нисоб миқдорига етмаган олтин, кумуш, нақд пул ва тижорат моллари ва қарзга тўлаш учун олиб қўйилган моллар.

Ҳанафий фуқаҳоларимиздан Ибнул Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ: “Яшайдиган уй, кийиладиган кийим, уй ашёлари, улов ҳайвонлари ва ишлатиладиган аслаҳалар учун закот йўқдир”, деган.

  1. Нисоб миқдоридаги мол ўсувчи бўлиши. Молнинг кўпайиши зоҳиран бўлмаса ҳам унинг кўпайиш имконияти бўлиши  етарлидир. Бу жиҳатдан нисоб миқдоридан ортиқ бўлсада  кўпаймайдиган молларга закот бериш керак бўлмайди. Кўпайиш ёки ҳақиқатда ҳам  амалга ошади ёки  уни кўпаяди деб ҳукм қилиш билан бўлади.

Молнинг тижорат, туғиш ёки деҳкончилик қилиш билан кўпайиши “ҳақиқатда кўпайиш”дир. Шунга кўра тижорат мақсадида қўлда сақланаётган нарсалар ва чорва моллари учун закот бериш лозим бўлганидек, наслини (болаларини) ва сутини олиш учун яйловларда боқиладиган ва (соима-йилнинг кўп вақтида яйловда ўтлайдиган ҳайвон) деб аталадиган моллар ҳам закот чиқариладиган  қаторига киради.

Қўлда мавжуд бўлган олтин ва кумушда эса “ҳукман кўпайиш” хусусияти бор. Чунки бу икки модданинг ўзи билан эҳтиёж қондирилмайди, балки улар тижоратда қўлланиш, молларни айирбошлашда восита сифатида эҳтиёжни қондиради, бу жиҳатдан улар кўпайиш, ортиш ва тижорат қилишга қулайдир. Бунинг натижаси сифатида қўлда бўлган олтин ва кумуш нақд пул, тақинчоқлар, улар билан тижорат қилишга ният қилинса ҳам, қилинмаса ҳам, ҳатто улар нафақага, уй-жой сотиб олишга сарф қилиш учун тўпланган бўлса ҳам, нисоб миқдорига етиши билан закот чиқаришга тегишли саналади.

  1. Молнинг тўлиқ мулк бўлиши. Закот берадиган киши молнинг  тўлиқ эгаси бўлиши билан бирга, ўша молни ўзи тасарруф ҳам қила олиши керак. Тасарруф қилиш (эгалик) – молнинг феълан мулк эгасининг қўлида бўлиши ёки унга ўзи ҳукм қилиши ва фойдаланиш унинг қўлида бўлиши демакдир.

Шунга кўра мол эгаси молга эга бўлсаю, тасарруф қилиш унинг ихтиёрида  бўлмаса ёки тасарруф унда  бўлиб, моликлик бўлмаган нарсалардан закот берилмайди. Масалан, эридан маҳр олиши керак бўлган хотин уни қўлига олмагунча закот беришга масъул бўлмайди. Чунки у маҳрга эга бўлсада, ҳали тасарруфга эга эмас.

Шунингдек, гаровга олинган ва қўлда бўлган гаров молга ҳам закот берилмайди. Чунки бу қарзнинг ўрнига олинган молдир. Бундай мулкда мол  эгасининг тасарруф қила олиш ҳуқуқи йўқ. Қарздор бўлган киши ҳам, қарзини бериш учун тўплаган моли учун закот беришга масъул эмас. Чунки  киши бу каби молга эгалик қилсада, ҳукман молга эгалиги йўқ  киши ҳисобланади.

  1. Бир йил ўтиши. Рўза ва ҳаж ибодатларида бўлганидек, закот масаласида ҳам қамарий ойга асосан амал қилинади. Закотнинг фарз бўлиши учун нисоб миқдоридаги молга қамарий бир йил ўтиши керак.
  2. Қарздор бўлмаслик. Қарз берувчи томонидан сўралиши мумкин бўлган қарзлар закотнинг фарз бўлишига тўсқинлик қилади. Бу қарз ваъда қилинган мол савдосидан пайдо бўлиши мумкин бўлганидек, қарзга пул олиш ёки бошқа бир кишига кафил бўлиш сабабли ҳам юзага келиши мумкин. Қарз нима сабабдан пайдо бўлган бўлса ҳам, одамлар томонидан сўралиш эҳтимоли бўлса, аввал қарзни узиш керак. Қарзлар узилгандан кейин кишида нисоб миқдорига етадиган мол қолмаса, закот бериш шарт бўлмайди. Одамларга тегишли қарзлар олдин тўланиши ёки уларга тўланадиган нақд пул ёки тижорат молини ажратиб қўйилиши керак. Аммо одамлар томонидан сўралмайдиган назр, каффорат ва ҳаж каби қарзлар бўлса, улар закотнинг фарз бўлишига тўсиқ бўла олмайди.

Аммо “Раддул мухтор” китобида: “Қарзнинг мавжудлиги деҳқончилик маҳсулотларининг ушри ва ер солиғини беришга тўсиқ бўла олмайди” дейилган.

Закотнинг фарз бўлиш ва  адо қилиниш вақти. Асосий эҳтиёжлари ва қарзларидан ташқари нисоб миқдорида, закот берилиши керак бўлган ва унга бир йил ўтган молга эга бўлган киши, унинг закотини кечиктирмасдан бериши керак бўлади. Закот беришга масъул бўлган киши узрсиз ҳолда закотини кечиктирса, гуноҳкор бўлади. Чунки закот-одамларга берилиши керак бўлган бир ҳақдир, у камбағал кишининг эҳтиёжини қондириш мақсадида фарз қилингандир. Тўланиш давридан  кечиктирилса, фарз қилинишдан кўзланган мақсад тўла амалга оширилмаган бўлади.

Закотни бериш вақтлари молнинг турига қараб белгиланади:

1) Олтин, кумуш, пул ва турли тижорат молларининг закоти ва яйловда боқиладиган чорва молларининг закоти ҳар йили бир марта қамарий йил тугагандан кейин берилади.

2)   Деҳқончилик   маҳсулотлари   ва   меваларнинг   закоти   йил   бўйи маҳсулотнинг такрор олинишига қараб  ҳосилдан берилади. Буларда бир йил ўтиш шарти йўқ. Ҳосил оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам йиғиб-терим кунида закот фарз бўлади. Маҳсулот етиштирилишига кўра унинг закоти икки хил миқдорда адо қилинади:

а) Ўз-ўзидан ўсувчи анҳор ёки ёмғир суви билан суғориладиган ерлардан олинадиган махсулотлардан: 1/10 (ўндан бир-ушур).

Б) Ташқаридан суғориш, ўғитлаш каби куч ва ҳаражат сарфланиб қўлга киритиладиган маҳсулотлардан: 1/20 (йигирмадан бир) берилади.

3) Асалнинг закоти закот бериладиган миқдорда асал ҳосил бўлиши билан ушр-1/10 ўндан бир фарз бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Асалдан ҳар ўн мешчадан бир мешча”, дедилар.

Кон-дафиналарнинг закоти эса закот бериладиган миқдорда кон қазиб чиқариш билан фарз бўлади. Унда хумс яъни 1/5-бешдан бир закотга берилади.

Моли нисобга етган кишининг закотини йил тўлмасдан олдин ўз хоҳиши билан олдиндан бериб қўйилиши жоиздир. Чунки бундай пайтда киши закотнинг фарз бўлиш сабаби амалга ошгандан кейин тўлаётган ҳисобланади. Закот беришни йилнинг охирига қолдирилиши мол эгаларига қулайлик учундир. Шунинг учун камбағал кишининг бирор нарсадан олдин фойдаланишини таъминлаш мақсадида вақти келамасдан олдин ҳам закот берилиши мумкин. Бу ҳолат ҳали ваъдалашган вақт келмасдан қарзни узишга ўхшайди.

Закот кимларга берилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

(إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ (سورة التّوبة/60

яъни: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси 60-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада закотни олишга кимлар ҳақдор экани очиқ ва аниқ баён қилди. Демак улар мазкур саккиз тоифадир. Закотни ана шу саккиз тоифага ёки улардан бирига берилади. “Мухтасари виқоя”да улар қуйидагича баён қилинган:

Закот қуйидагиларга сарфланади: Фақир, яъни нисобдан оз моли бор одамга. Мискин, яъни ҳеч нарсаси йўқ кишига. Закот омилига амали миқдорича берилади. Мукотабга ўзини озод қилиши учун ёрдам берилади. Қарзидан ортиб қоладиган моли нисобга етмайдиган қарздорга берилади.  

Закотни кимларга бериб бўлмайди: Закотни нисоб миқдоридаги моли бўлган бой кишига бериш мумкин эмас. Шунингдек закот берувчи ўзининг ота-онаси, бобо-момоси ва улардан юқоридагиларга, ўзининг ўғил-қизларига ва улардан пастдагиларга, эр-хотин бир-бирига закот бериши мумкин эмас.

Кимларга берган афзал: Ушбу саволга “Фатавои ҳиндия” китобида шундай жавоб берилган: “Закот, фитр ва назр садақаларини беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингилларга берилади. Сўнг уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар сўнг уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар. Касбдошлар кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар.

Яна “Баҳрур роиқ”да: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.

Закот бермаслик гуноҳи кабира. Закот Ислом рукнларидан бири бўлгани учун ақиданинг ажралмас қисмидир. Шунинг учун закотни инкор қилган диндан чиқиб кофир бўлади. Лекин инкор қилмасдан зиқналик қилиб бермаган қаттиқ гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таоло охиратдаги азоб ҳақида шундай хабар беради:

(وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلَا يُنْفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَبَشِّرْهُمْ بِعَذَابٍ أَلِيمٍ . يَوْمَ يُحْمَى عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ فَتُكْوَى بِهَا جِبَاهُهُمْ وَجُنُوبُهُمْ وَظُهُورُهُمْ هَذَا مَا كَنَزْتُمْ لِأَنْفُسِكُمْ فَذُوقُوا مَا كُنْتُمْ تَكْنِزُونَ (سورة التّوبة/34-35

яъни: “Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг! (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқалари куйдирилган куни: «Бу ўзларингиз учун сақлаган хазинангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз!» (дейилади) (Тавба сураси 34-35-оят).

Закот берувчининг одоби. Закот берувчи катта бир имтиҳондан ўтаётганини ҳис қилиб туриши лозим. Шунинг учун закотга молининг энг яхшисидан берсин. Аллоҳ таоло айтади:

(لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ (سورة آل عمران/180

яъни: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Молининг энг ҳалол-покидан берсин. Чунки ҳадиси шарифда: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир. Фақат пок нарсани қабул қилур”- дейилган (Имом Бухорий ривояти). Бераётган нарсасини оз санасин. Чунки берган нарсани катта санаш билан одамда мақтаниш ва ўзига бино қўйиш каби салбий иллатлар пайдо бўлиб амални бекор бўлишига олиб боради. Миннат қилмасин! Чунки бу билан фақир кўнглини синдириши ва ўз амалини бекор қилиб қўйиши мумкин. Аслида у фақирга эмас, фақир унга яхшилик қилган бўлади. Закотни беришга лойиқ одамни топиб берсин. Чунки ҳақиқатда ҳақли ўрнини топиб берса, садақанинг ажри ҳам шунга кўра етти юз баробар ёки ундан-да зиёда қилиб берилади. Албатта,  Аллоҳ Восиъ ва Алимдир.

Закот олувчининг одоби. Закот олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоифадан бири бўлиши лозим. У закот берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳаққига дуо қилсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга шукр қилмаган киши Аллоҳга ҳам шукр қилмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

У ўзига мубоҳ бўлган миқдорнигина олсин. Эҳтиёжидан ортиғини олмасин. Агар қарздор бўлса, қарзидан ортиғини олмасин. Ўзига берилган нарсага назар солсин. Ҳалол бўлмаган нарса бўлса, мутлақо олмасин. Чунки бировнинг молидан чиқарилган закот, закот эмас. Агар шубҳали нарса бўлса, ўзини олиб қочсин. Иложсиз қолганда ҳожатига ярашагина олсин.

Муҳтарам жамоат! Алҳамдулиллоҳ, муборак Рамазон ойининг биринчи кунларидан бошлаб, мустақил мамлакатимизда жоме масжидларда таровеҳ намозлари адо этилиб, юзлаб масжидларда юртимизда етишиб чиққан ёш мужаввид қорилар иштирокида хатми Қуръонлар ўтказилмоқда. Бу ҳам бўлса истиқлолимиз шарофатидан эканлигини унутмайлик.

         Азизлар, мана шундай пайтларда Ватанимиз тинчлигининг бардавом бўлишини, халқимизни осойишталик, хотиржамлик, фаровонликда ҳаёт кечиришини, ёшларимизни тавфиқини, ҳидоятини, инсофини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сўраб, уларни ислом ахлоқи-одобига муносиб бўлишини, ўрганган илму ҳунарлари билан мустақил ватанимизнинг тараққиётига ҳисса қўшадиган, ватанни, тинчликни, мустақилликни қадрига етадиган бўлиб вояга етишини чин ихлос билан сўрайлик. Зеро, барчамиз тинчлик ва хотиржамликда бўлиш Яратганнинг бемисл неъмати эканини яхши биламиз. Аллоҳ таолонинг бандалари ўртасида ўзаро тинчлик-тотувлик ва бирдамлик руҳи барқарор бўлсагина уларнинг дунёю охиратлари обод, тоат-ибодатлари мақбул бўлади.

         Рамазон ойи ўз номи билан покланиш ойи. Яъни бу ойда қалбларимизни кибру ҳаводан, ҳасаддан, бахиллик, адоват каби иллатлардан фориғ қилайлик. Айни пайтда, Кимда ким бир кишига енгиллик яратиб берса,  Аллоҳ унга қиёматда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти), деган ҳадиси шарифга амал қилиб, Рамазони шарифнинг серфайз дамларини ғанимат билиб, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга, ёши улуғ кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват, саховат кўрсатишга шошилайлик.

Ушбу раҳмат ва мағфират ойида берадиган закотларимизни хайрли ишларга сарфлайлик. Ўзига тўқ кишиларимиз маҳаллаларининг обод ва пок бўлишига, хусусан, ободонлаштиришга, таъмирталаб биноларни тартибга келтириш, деворларини оқлаш, томларини тузатиш, кўча-куйларни тозалаш, асфальт ётқизиш, ариқларни пок-озода сақлаш, манзарали дарахт ва гулларни кўпайтириш каби савоби улуғ ишларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшсинлар. Буларнинг барчаси кўп савобли амаллар бўлиши билан бирга улуғ ва азиз байрамларимиз Рамазон ҳайити ва мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига муносиб тайёргарлигимиз бўлади.

Зеро, сахийларни Аллоҳ таоло яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда янада саховатли бўлиб кетар, шамолдан ҳам кўпроқ яхшилик қилар эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда тонг оттирганида икки фаришта тушади. Улардан бири: “Ё Аллоҳ, инфоқ қилувчиларга ўрнини қоплайдиган  нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси “Ё Аллоҳ, хасис-зиқналарга  талофат бергин” дейди”, дедилар.

Шу сабабли, муборак Рамазон ойида янада саховатли бўлиб, сахийлик сифатини ҳам ўзимизга касб қилайлик. Муқаддас ояти каримада таъкидланганидек, “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”. Биз эзгу ишларни қанча кўп қилсак, меҳр-оқибат кўрсатсак, Яратганнинг Ўзи бизни турли бало-офатлардан, ёмонликлардан асрайди, куч-қувват ато этади, йўлимизни очиб беради.

Мақолалар

Top