muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 26 كانون1/ديسمبر 2016 00:00

Гурлан тумани масжидлари

Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли соҳаларда эришаётган улкан ютуқлари нафақат қўшни мамлакатлар, балки халқаро миқёсда ҳам ҳақли равишда эътироф этилаётир. Бундай тараққиёт ва ривожланиш замирида шубҳасиз, Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва динлараро бағрикенгликнинг мужассамлиги ётибди. Бу борадаги ишлар самарадорлиги эса ҳар томонлама диний соҳа ходимларининг фаоллиги билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Зеро, Ўзбекистон азалдан ислом маданияти ва цивилизациясига улкан ҳисса қўшган диёр ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилояти вакиллиги томонидан вилоятдаги шаҳар ва туман бош имомлари иштирокида ҳар ойда масжидлар фаолиятини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳудуддаги масжидлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида туманларга сафарлар уюштириш белгилаб олинган эди. Мазкур режага мувофиқ ушбу тадбирнинг иккинчи сафари шу йилнинг 17 декабрь куни Гурлан туманида бўлиб ўтди. Шу муносабат билан тумандаги “Усмон Саид бобо”, “Ҳидоят”, “Шайх Жалолиддин Гургоний бобо”, “Шайх Жамол бобо”, “Нур Саид Эшон бобо” ва “Қора Алам бобо” масжидларининг фаолияти, жумладан, биноси, таҳоратхона ва ёрдамчи бинолари, санитария-гигиена, ёнғин хавфсизлиги, қурилиш меъёрларига жавоб бериши, масжидларнинг ҳужжат юритиш ҳолати, имом-хатибларнинг меҳнат фаолияти ва самарадорлиги яқиндан ўрганилди.

Тумандаги “Ҳидоят” масжиди чегара ҳудудда, марказдан олисда жойлашганига қарамасдан қишлоқ аҳлининг бирдамлиги, масжид ободончилигига эътибор қаратигани, масжид биносининг том қисми ва таҳоратхона жорий таъмирдан чиқарилгани билан таҳсинга лойиқ, бўлди. Масжидга туман бош имомлари томонидан ҳам моддий ёрдам амалга оширилди.

Тадбир сўнгида Гурлан тумани бош имом-хатиби М. Қурбанбаев ушбу ташкил қилинган тадбир туманлар ўртасида маҳорат ва тажриба алмашиш учун муҳим эканлигини таъкидлади.  Барча қатнашчиларга ўз миннатдорчилигини билдирар экан, берилган тавсия ва билдирган фикр-мулоҳазаларни эътиборга олиб,  янада жадал ҳаракат қилишини билдирди.

  

Музаффар Жабборов,

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

الأحد, 25 كانون1/ديسمبر 2016 00:00

Юз ракат нафл намоздан афзалдир

Ривоят қилинишича, бир куни Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ҳазрат Расули Акрам (соллаллоҳу алайхи ва саллам)нинг хизматларида ўтирган эдилар.

Шунда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) савол билан юзланиб:  “Ё, Расулуллоҳ, Сизнинг наздингизда бир дона нонни садақа қилмоқ яхшироқми ёки юз ракат нафл намоз ўқимоқ яҳшироқми?" деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайхи ва саллам): “Бир нон садақа қилмоқ юз ракат нафл намоздан афзалдир”.

Сўнгра яна сўрадилар: “Ё, Расулуллоҳ, бир мўминнинг ҳожатини чиқармоқ афзалми ёки юз ракат нафл намоз афзалми?”

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Бир мўминнинг ҳожатини чиқармоқ юз ракъат нафл намоздан афзалдир” ва яна айтдиларки:

  — “Эй, ибн Молик, ҳар кимики ҳаромдан бир луқмага муяссар бўлган вақтида тақво юзасидан уни емай тарк қилса, унинг савоби, менинг наздимда, минг ракат нафл намознинг савобидан афзалдир. Ҳар ким ўзининг ҳаётлик вақтида Аллоҳ таоло йўлига бир танга садақа берса, менинг наздимда, ўша киши ўзини ўлганидан кейин жамики молини садақа қилмоққа васият қилгандан афзалдир.

Эй, ибн Молик, менинг наздимда, ота ва онанинг ризосини топиш, бутун умри давомида ўқиган нафл намозидан афзалдир ва баъзи вақтда ҳаж ва умра қилиб ўша жойда ўқиган нафл намозидан афзалдир”.

 

Ҳ.Умаралиев,

Мархамат тумани “Хаким Хўжа Эшон Бува”

масжиди имом-хатиби

الأحد, 25 كانون1/ديسمبر 2016 00:00

Ибратли ҳаёт

Одамлар табиатан кимгадир ҳавас билан қарайди, унга ўхшагиси келади. Айниқса, ёшлар болалик давриданоқ ўзлари учун кимнидир намуна қилиб оладилар. Юришда, туришда ҳатто кийинишда ҳам унга тақлид қилишга интилади. Баъзи кишилар эса ўзлари ҳавас қиладиган кишиларнинг ҳаёт йўлини ўрганиш учун кўп вақтларини сарфлайдилар.

Биз мўмин-мусулмонлар эса тақлид борасида энг гўзал ҳаёт, илоҳий йўл бўлган Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийрати шарифларидан намуна оламиз. Чунки бу ҳаёт инсонларни камолотга, бахту саодатга, икки дунё роҳату фароғатига етаклайдиган ҳидоят манбаидир.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримда бундай хабар берган «Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Росулуллоҳда гўзал ўрнак бордир» (Аҳзоб, 26).

Дарҳақиқат, маҳбуб Пайғамбаримизнинг ҳаётлари бизлар учун энг ажойиб намунадир. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларига эътибор берсак, умрларининг аввалидан охирига қадар хар бир кишининг бошига тушиши мумкин бўлган ҳаётий вокеъликларни кўрамиз.

Болалик даврлариданоқ ота-онадан етим колишлари, арзимас ҳақ эвазига одамларнинг қўйларини боқишлари, тижоратдаги ҳалолликларию жамиятдаги тутган мавқифлари ҳамма-ҳаммаси бизлар учун ибрат мактабидир.

Айниқса, у кишининг хулқ-атворлари, бошқалар билан ўзаро муносабатлари таҳсинга сазовордир. Ёшликларида кўпгина қийинчиликларни бошдан ўтказсаларда, ушбу қийин вазиятлардан ҳийлакорлик ёки ёлғончилик билан ўтиб кетишга ҳаракат қилмадилар. Балки, ҳар бир сўз ва амалда ростгўйлик ва адолат йўлидан бордилар. Ҳаттоки, душманлар ҳам у зотни амин (яъни, ишончли), дея ҳурмат қилишарди. Оилавий ҳаётда, қўни-қўшничилик муносабатларида, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат қилиш борасида, борингки одамийликнинг ҳар бир кўринишида бизларга улкан намуна бўлдилар.

Зеро, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)ни мақтаб Қуръонда бундай марҳамат қилган: «Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам, 4).

Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, деб айтганлар.

Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларини ўрганган ҳар бир киши, ким бўлишидан қатъи назар, албатта, ҳавас билан ёд этади. Немис файласуфи ва шоири Ёханн Волъфганг Гёте ўз сўзид­а Пайғамбаримизни бундай эътироф этган: “Биз Европаликлар ўзимизни энг маъданиятли халқлар десакда, лекин Муҳаммад Пайғамбар энг юқорисигача кўтарилган маданият зинапояларининг ҳали биринчи зинасига ҳам кўтарила олганимиз йўқ”.

Шундай экан, фарзандларимизни маҳбуб Пайғамбаримизнинг ҳаёт йўлларини, сийратларини ўқиб-ўрганишга ва шу асосда ҳаётий йўлларини олиб боришга ундайлик.


 

 Кўнглимдагин айтай сизга қулоқ солинг,

 Ақл билан зеҳн билан англаб олинг,

 Чин умматлик даъвосида содиқ қолинг,

 Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

 Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

Етимликнинг аччиқлигин тотганларга,

Ота-она меҳрини зор кутганларга,

Сабр бирла ёруғ кунга етганларга,

Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир

 

 Илм истаб Руму – Хитой борганларга,

 Ҳақиқатни билмай хаёл сурганларга,

 Тўғри йўлни топарман деб юрганларга,

 Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

 Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

Хақни истаб тариқатга кирганларга,

Тақводорлик зоҳир этар кўрганларга,

Кибр билан ўзин зўр деб билганларга.

Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

 Эр йигитлар, маҳкам тутар суннат йўлин,

 Хушхулқ ила хурсанд этар ўнгу-сўлин,

 Бундай йўлдан адашишлик унга ўлим,

 Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

 Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

 Ҳақ доимо ҳақлигида собит турар,

 Билмаганлар гоҳ тентираб сарсон юрар,

 Оқил киши ўз йўлини ўзи қурар,

 Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

 Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

Улкан мерос қолдирдилар ул Зот бизга,

Одоб – ахлоқ намунаси ўғил қизга,

Аллоҳ учун илинганим шудир сизга,

Расулуллоҳ ҳаётида ибрат бордир.

Бу ҳаётга интилганга толеъ ёрдир.

 

 

 

 

Х.Чоршанбиев,

Қизириқ тумани “ Такия ота” жоме

масжиди имом-хатиби

2016 йил 24 декабр куни Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Самарқандга келди.

Олий даражадаги делегация дастлаб марҳум Президентимиз қабрини зиёрат қилиш учун Хизр масжидига келди. У ерда Қуръон тиловати қилиниб, марҳум юртбошимиз руҳи покига бағишланди.

Зиёрат асносида меҳмонлар ўзбек халқига ўзлигини қайтариб берган, юртни мустақиллик сари бошлаб, қисқа вақт ичида асрга татигулик ислоҳотлар, бунёдкорликлар олиб борган марҳум Ислом Каримов мангу қўним топган жой унинг номига ўта муносиб бўлгани, Самарқандда илк қурилган масжид – “Хизр” масжиди ёнида ва улуғ саҳоба Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу қабрларининг яқинидан танланган ўрин оқилона танлов эканини эътироф этдилар.

Кейин эса делегация таркибида келган Қирғизистон Республикаси уламолари кенгаши раиси Абдушукур ҳожи Норматов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида зиёратни давом эттириш учун Имом Бухорий мажмуаси томон юрди. Мажмуада дастлаб Бухорий ҳазратлари қабри ҳамда мажмуа бўйлаб зиёрат амалга оширилди. Меҳмонлар мажмуа тарихи билан танишиб, унинг мустақилликдан олдинги ва кейинги ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни диққат билан тингладилар. Айниқса, сўнги йилларда олиб борилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари борасида фикр билдириб, ўзларининг таҳсинини, мутасаддиларга нисбатан чуқур миннатдорчилигини билдирдилар. Сўнгра аср намозини адо этиш мақсадида Имом Бухорий жоме масжидига кирилди. Масжид имом хатиби Зайниддин Эшонқулов намоздан олдин жамоатга меҳмонларни таништирди ва тинчликни қадрлаш, уни авайлаб-асраш, турли ёт ғоялар, салбий таъсирлардан ҳимояланиш, айниқса ёш авлодни бундай кучлардан йироқда тутиш ҳақида маъруза қилди. Маъруза сўнгида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ваъзни ниҳоялаб дуо қилиб бердилар.

Шунингдек ташриф асносида ҳар икки давлат диний раҳнамолари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича давра суҳбати ўтказилди. Томонлар бу борадаги ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, ҳамкорлик ишлари истиқболли бўлиши ҳамда давлатларимиз қўшничилиги мустаҳкам давом этишини тилаб қолдилар. Учрашув сўнгида меҳмонларга Регистон мажмауси акс эттирилган ғилофли сувенир (лаган) совға тариқасида инъом этилди.

Сўнгра Имом Бухорий халқаро марказига ўтилди ва меҳмонларга марказ фаолияти батафсил таништирилди. Айниқса у ерда имомлар учун махсус малака ошириш ўқувлари ташкил этилгани ва етмиш кун давомида диний ходимларнинг диний, дунёвий ва сиёсий фанлар асосида билим, кўникмаларини ошириб боришлари меҳмонларга алоҳида таассурот уйғотди.

Шом намози Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи Зинда” жоме масжидида адо этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов йиғилганларга меҳмонларни таништирди ва уларнинг ташрифи моҳияти ҳамда мақсади ҳақида маълумот берди.

Ташриф сўнгида қўшниларимиз мусулмон олами эътироф этган кўплаб уламоларга бешик бўлган Ўзбекистон бугунги кунда ҳам ота-боболари изидан бориб, ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани, дунё ҳамжамиятида ҳам муносиб ўрин топиб бораётганини таъкидлаб, бу диёр ва унинг халқига порлоқ келажак тилаб қолдилар.  

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

Жорий йилнинг 24 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилояти,  Самарқанд туманида жойлашган Имом Аъзам жоме масжидига ташриф буюришди. Ушбу масжид 1880-1890 йилларда қурилган бўлиб, собиқ шўролар даврида турли мақсадларда фойдаланган.

Давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг турли соҳалар қатори мўмин-мусулмонлага ҳам эркинликлар берилди. Юртимизда кўплаб масжиду-мадрасалар қайтадан қад рослади, ибодат қилиш учун қулай шароитлар ҳозирланди. Диёримиз ўзра олиб борилган кўплаб бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари қаторида эскириб, анчайинки яроқсиз ҳолатга келиб қолган Имоми Аъзам жоме масжиди биноси ҳам 1990-1991 йиллар давомида қайтадан бунёд этилди.

Бугунги кунга келиб эса Имоми Аъзам жоме масжиди тўлиқ таъмирдан чиқарилган ва намозхонлар ихтиёрига топширилган. Қулай шароитларда ибодат қилаётган юртдошларимиз давлатимиз ҳаққига, унинг тинчлики бардавом, келажаги порлоқ бўлишини сўраб дуои хайлар қилмоқдалар.

ЎМИ Масжидлар бўлими

Мақолалар

Top