muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 19 كانون1/ديسمبر 2016 00:00

Расулуллоҳга муҳаббат!

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки Аллоҳ таоло сизни яхши кўради.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки Аллоҳ таоло сизни бутун оламларга раҳмат қилиб юборди.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Сиз Аллоҳ таолонинг бутун оламларга юборган охирги ҳақ Расулисиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сизни севмоқ суннатингизга эргашиш ва сизга итоат қилиш демакдир. Бу эса бизлар учун улкан саодатдир.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сиз бизларга ўзимиздан ҳам яқинроқ ҳамда ота-онамиз, фарзандимиз ва барча яқинларимиздан маҳбуброқсиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки мана шу севги бизларни ота-онамизга яхшилик билан итоат қилишимизга, фарзандимизни гўзал тарбиялашимизга ва барча яқинларимизга чиройли муомала қилишимизга ундайди. 

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сизни яхши кўриш Аллоҳ таолога энг афзал ибодатлардандир.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки биз муҳаббатингиз билан сизга яна ҳам яқинроқ ва муштоқроқ бўламиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сийратингиз Ислом дини ҳукмларининг амалий татбиқидир.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сийратингиз Аллоҳ таолонинг муборак каломи Қуръони карим оятлари ва ҳукмларининг батафсил баёнидир.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сиз буюк хулқ соҳибисиз ҳамда ҳаётингиз дин ва ахлоқдир.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки ҳаётингиз бизлар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сиз бизларнинг икки дунё бахтимиз учун ўз жонингизни машаққатга қўйдингиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сиз башариятни бадбахтлик ва ҳалокатдан сақлаб қолдингиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сийратингиз бизлар учун ибрат ва ҳикмат манбаидир.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки ҳаётингиз дунёдаги энг гўзал, энг қизиқарли ҳамда энг қимматли ҳаёт қиссасидир.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки муҳаббатингиз нафақат оддий инсон учун, балки умматнинг энг буюклари учун ҳам бахту саодат ва иззат-икромдир.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам Одам фарзандларининг саййидисиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сиз ёшу қари учун ҳам, устозу шогирд учун ҳам, намунавий эр ва меҳрибон ота учун ҳам, одил раҳбар ва тажрибали қўмондон учун ҳам энг олий, энг гўзал ва энг мукаммал намунадирсиз. Балки сиз ҳар бир инсон учун барча ҳолат ва кўринишингизда энг буюк намунадирсиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки ҳаётингиз ва турмуш тарзингиз орқали набавий шахсиятингизни дақиқ фаҳмлаймиз. Зеро, сиз шунчаки жуда иқтидорли ва қаҳрамон шахс эмас, балки сиз Аллоҳ таолонинг ваҳийси билан қувватланган пайғамбари ва расулидирсиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки ахлоқингиз борасидаги ҳадислар бизларга одоб-ахлоқни, ибодатингиз борасидаги ҳадислар Аллоҳ таолога қандай ибодат қилишимизни, шижоатингиз борасидаги ҳадислар шижоатни ва фақат Аллоҳ таолодан қўрқишимизни, олижаноблигингиз борасидаги ҳадислар олижанобликни ва сиздаги барча сифатлар ҳақидаги ҳадислар бизларга барча яхшиликларни ўргатади.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки Аллоҳ таоло сизни бизлар учун энг олий намуна қилди. Сиз барча замонларда бутун инсоният учун ҳар бир ишда энг юксак ўрнаксиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки Аллоҳ таоло сизга Хавзи Кавсарни ато қилган. Тоинки биз сизнинг муборак қўлингиздан кетидан умуман чанқоқлик келмайдиган сувдан тўйиб ичайлик.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сиз қиёмат кунида шафоатчимизсиз. Тоинки сиз бизларни ўз шафоъатингизга олинг.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Чунки сиз "Киши севган инсони билан биргадир" деб айтгансиз! Биз сиз билан жаннатул Фирдавсда бирга бўлишимизни истаймиз.

Ё Расулуллоҳ! Сизни яхши кўрамиз. Сизга салот ва салом айтамиз. Чунки Аллоҳ таоло бизларга сиз учун салавот ва салом айтишимизни буюрди.

Ассолату вас саламу алайка Я Расулаллоҳ! Ассолату вас саламу алайка Я Ҳабийбаллоҳ! Ассолату вас саламу алайка Я Хойра холқиллаҳ!

 

 

Аббос ҚОСИМОВ,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси

 

 

الإثنين, 19 كانون1/ديسمبر 2016 00:00

Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият

Жорий йилнинг 17 декабрь куни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси Т. Упаев томонидан билим юрти ўқитувчилари ва 1-курс талабалари иштирокида “Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигига эришган ва суверенитетини қўлга киритган дастлабки кунлардан бошлаб, жамиятимизда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини ҳамда фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳар томонлама асраш асосий вазифалардан бири деб эътироф этилгани, давлатимизда инсон манфаати инсон соғлиги ҳамма нарсадан юқори туриши ва мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш ва ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш ҳамда «кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини амалга татбиқ этишда мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилиши ҳақида давра суҳбати иштирокчиларига кенг тарзда маълумот бериб ўтилди. 

Ўтказилган давра суҳбати давомида юртимизда бўлиб ўтган Президент сайлови ва унда халқимиз томонидан юртимизнинг тинчлигини мустаҳкамлаш каби улуғ вазифаларни амалга оширувчи муносиб номзодга овоз берилгани, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ташкиллаштирилган тантанали маросимда янги сайланган Президент Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларининг мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилиб ўтилди.

 

 Саламат КУДАЙБЕРГЕНОВ,

“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний”

ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

الإثنين, 19 كانون1/ديسمبر 2016 00:00

Фиқҳ фанидан очиқ дарс

Жорий йилнинг 15–16 декабрь кунлари “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида фиқҳ фанидан амалиётчиларнинг илк очиқ дарслари бўлиб ўтди. Унда 3-курс талабалари учун “Мино, Арафот, Муздалифа” мавзуида ҳамда  1-курс талабалари учун “Таяммум боби” мавзуида очиқ дарс бўлиб ўтди.

Очиқ дарсда амалиётчилари “Ассисмент”, “Зинама-зина”, “Интервью”, “Ақлий ҳужум” каби итерактив методлардан фойдаланиб дарсни янада қизиқарли олиб боришди. Айниқса, “Ҳаж” ибодатига оид видеоролик, “Таяммум” мавзусига доир слайд ўтилаётган фиқҳий ҳукмларни мустаҳкамлашда катта ёрдам берди. Дарсда билим юрти устозлари ҳам иштирок этиб, амалиётчиларнинг педагогик маҳоратлари, дарс услублари ва талабаларнинг билимини ошириш учун қўлланган интерактив методларга алоҳида эътибор бердилар.

Катта устозлар томонидан дарсда йўл қўйилган баъзи жузъий камчиликлар ҳам айтиб ўтилди, ёш амалиётчиларга керакли тавсиялар берилди.    

 Нилуфар САИДАКБАРОВА,

билим юрти ўқитувчиси

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ўтган жума маърузамизда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликкача бўлган сийратлари – ҳаётларидан айрим лавҳаларни тинглаган эдик. Бугун эса у зотнинг пайғамбарлик ҳаётларидан Макка ва Мадина даври ҳақида қисқача суҳбатлашамиз.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик келишидан олдинги уч йилнинг рамазон ойларида илоҳий илҳом ила Нур тоғидаги Ҳиро ғорига чиқиб, «таҳаннус» (руҳий покланиш ва каттаю кичик гуноҳлардан сақланиш) ва «муроқаба» (бутун мавжудот – Холиқ ва махлуқот ҳақида тафаккур қилиш) ибодатлари билан машғул бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда пайғамбарликнинг дебочаси олти ой аввал содиқ – рост тушлар орқали пайдо бўла бошлади. Қандай туш кўрсалар, тонг зиёси каби аниқ рўёбга чиқар эди. Буларнинг барчаси Аллоҳ томонидан у зотни илоҳий ваҳийга ҳозирлаш эди.

Ниҳоят, ҳижратдан аввалги 13-йил, Рамазон ойи, Қадр кечаси, душанба тонги, бомдод маҳалида (милодий 610 йил август ойида) пайғамбар бўлдилар. Ўшанда у зотнинг ёшлари 40 ёшда эди.

У зотга илк ваҳий у зот Масжидул Ҳаромнинг шимоли-шарқий тарафида, тахминан 4 км узоқликда,  ердан 634 метр баландликда жойлашган Ҳиро ғорида эканларида нозил бўлди. Унда Алақ («Иқро») сурасининг илк беш ояти тушди:

(اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ، خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ، اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ، الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ، عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ  (سورة العلق/5-1

яъни, “Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан. (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” .

Бу билан у зот набий бўлдилар. Набий деб, Аллоҳдан ваҳий келган пайғамбарга айтилади.

Орадан тахминан бир ойча вақт ўтгач, иккинчи ваҳий – Муддассир сурасининг илк етти ояти нозил бўлди:

(يَا أَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ، قُمْ فَأَنْذِرْ، وَرَبَّكَ فَكَبِّرْ، وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ، وَالرُّجْزَ فَاهْجُرْ، وَلَا تَمْنُنْ تَسْتَكْثِرُ، وَلِرَبِّكَ فَاصْبِرْ  (سورة المدّثر/1-8

яъни, “Эй (либосларига) бурканиб олган (Муҳаммад!) Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг! Раббингизни улуғланг, либосларингизни покланг, бутлардан йироқ бўлинг, (бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолда эҳсон қилманг ва Раббингиз учунгина сабр қилинг!”

Ушбу оят нозил бўлгач, у зот расул бўлдилар. Расул ўзи қабул қилиб олган ваҳийни бошқаларга етказишга буюрилган элчидир, таъбир жоиз бўлса, даъватчи пайғамбардир.

Муҳтарам жамоат! Пайғамбаримиз алайҳи васалам одамларни ислом динига чақиришни бошлаганларида Макка мушриклари томонидан таъзиқ ўтказа бошланди. Улар ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд қилишгача етиб боришди ва Бани Ҳошим уруғи раҳбари Абу Толибдан у зотни ўзларига топширишни талаб қилишди. Бани Ҳошим бунга рози бўлмагач, мусулмонларни «Абу Толиб маҳалласи»да 3 йил қамал қилишди ва талабни бажармагунларича улар билан қуда-андачилик, олди-сотди ва бошқа ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий алоқаларни узиш ҳақида аҳднома имзолашди. Эътиборлиси шундаки, Пайғамбаримизнинг қариндошлари бўлмиш Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғларининг ичидаги мусулмон бўлмаганлари ҳам у зотни бажонидил ҳимоя қилишди.

Нубувватнинг 10-йили бошида қамал якун топиб, мусулмонларга бироз енгиллик шабадаси етган эди ҳамки, уларни навбатдаги мусибатлар қарши олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб, қўллаб-қувватлаб турган икки ғамхўр инсон – амакилари Абу Толиб, унинг ортидан у зот алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари Хадича онамиз вафот топдилар. Мусулмонларга, хоссатан, Пайғамабаримизга душманларнинг зулмлари ниҳоятда кучайиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳимоя истаб, Макканинг жануби-шарқий тарафидаги 110 км узоқликда жойлашган Тоиф шаҳрига бордилар. Бироқ, ҳимоячи ҳам, кўмакчи ҳам топмасдан, озору азиятлар кўриб қайтдилар.

Муҳтарам намозхонлар! Маълумингизким, Ислом динининг асосий манбаси Қуръони каримдир. Макка даврида Қуръони каримнинг 86 та сураси нозил бўлган. Уларда асосан эътиқодий ҳукмлар ҳамда ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг қиссалари баён қилинган. Маккада нозил бўлган суралар ҳажм жиҳатидан Қуръоннинг қарийб ярмини ташкил қилади.

Бу пайтда Маккадаги мусулмонлар Қуръон сураларини ва бошқа диний таълимотларни фақат махфий равишда ўрганишар ва бир-бирларига ўргатишар эди. Аммо Мадинада вазият бошқача эди, янги мусулмон бўлган мадиналиклар Исломни, Қуръонни ўрганишда етарли эркинликка эга эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръон ва Ислом кўрсатмаларини ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни, унинг ортидан Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуни юбордилар. Қолаверса, янги нозил бўлган оятлар карвонлар орқали етказиб туриларди. Улар Маккадаги диндошларининг бемисл жабру ситамлардан азият чекаётганларини кўриб, уларни ўз юртларига таклиф қилишди. Аста-секин Маккадаги мусулмонлар Мадинага ҳижрат қила бошладилар ва икки ярим ой давомида бутунлай кўчиб ўтдилар.

Ниҳоят, Аллоҳдан изн бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам нубувватнинг 14-йили, Рабиул аввал ойининг бошида (милодий 622 йилда ) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилдилар. Ўшанда у зот қамарий ҳисоб бўйича роса 53 ёшга тўлган эдилар. Шу билан пайғамбарликнинг биринчи даври  Макка даври тугади.

Муҳтарам жамоат! Мадинаи мунавварага кўчишнинг биринчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида Мадина шаҳрига яқин бўлган Қубо қишлоғида тақвога асосланган илк масжид қурилди.

Аллоҳ таоло бу масжид ҳақида шундай деган:

(...لَمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ...  (سورة التّوبة/108

яъни, “... Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, ...”

Илк жума намози ўқилди. Ушбу жума намози ўқилган жойга кейинчалик масжид солиниб, “Жумъа масжиди” деб номланди.

«Сўкиш, ҳақорат қилиш» маъноларидаги «Ясриб» номи «Мадинатур Расул», «Мадинатун Набий» (Пайғамбар шаҳри) деб номланди ва бу ном кейинчалик қисқариб «Мадина», «Мадинаи мунаввара» деб айтила бошлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорларни бир-бирига ёрдамлашадиган, молу мулкига шерик ва меросхўр бўладиган даражада биродар қилиб, оға-ини тутинтирдилар.

Мадинага кўчиб келинганининг иккинчи йили Ражаб ойининг ўртасида қибла Байтул Мақдисдан Масжидул Ҳаромга ўзгартирилди. Шу йили яна Рамазон рўзаси фарз қилинди, фитр садақаси вожиб бўлди. Рамазон ойининг ўн еттинчисида Ислом тарихидаги машҳур Бадр жанги бўлди.

Мадинага кўчишнинг учинчи санасида Шаввол ойининг еттинчисида Уҳуд жанги бўлди. Шу йили яна хамр (маст қилувч ичимликлар) истеъмол қилиш бутунлай ҳаром қилинди.

Мадинага кўчишнинг олтинчи санаси Зулқаъда ойида Қурайш мушриклари билан Мадина мусулмонлари ўртасида сулҳ битими имзоланди. Бу битим Ислом тарихида «Ҳудайбия сулҳи» номи билан машҳурдир.

Мадинага кўчишнинг еттинчи санаси бошида Пайғамбаримиз Ҳабашистон, Миср, Форс, Рум ва Умон подшоҳлари ҳамда Баҳрайн, Ямома ва Дамашқ амирларига уларни Исломга таклиф этиб, мактублар юбордилар.

Мадинага кўчишнинг еттинчи санаси Зулқаъда ойида Пайғамбаримиз икки минг саҳоба билан Маккага бордилар ва қазо умрани бажариб қайтдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алаҳиссаломнинг Мадинага кўчишнинг саккизинчи санаси Ислом тарихидаги машҳур Муъта жанги бўлди. Рамазон ойининг 17-си, сешанба куни Пайғамбаримиз 10 минг нафар саҳобалари билан Маккага бориб, уни жангу жадалсиз фатҳ қилдилар ҳамда Пайғамбаримизга ва барча мусулмонларга 20 йил давомида озору азиятлар бериб келган Макка мушрикларини авф этиб юбордилар.

Зулқаъда ойида Пайғамбаримиз Тоифдан қайтиб, Жиъронада ўлжаларни тақсим қилиб бўлганларидан сўнг умрага ният қилиб, у ердан Маккага қайтдилар ва умрани адо қилиб, Мадинага жўнадилар.

Мадинага кўчишнинг тўққизинчи йили бошидан Пайғамбаримизнинг ҳузурларига турли қабила ва юртлардан элчи-вакиллар кела бошлади.

Мадинага кўчишнинг ўнинчи йили Рамазон ойи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан ҳар йили рамазонда бир бор ўтказганлари ҳолда, ушбу охирги рамазон ойида икки марта тўлиқ ўтказиб олдилар.

Зулҳижжа ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 100 мингдан ортиқ саҳоба билан Ҳажжатул вадоъ – видолашув ҳажини адо этдилар. Арафотда “Ҳажжатул вадоъ хутбаси” номи билан тарихда қолган оламшумул хутба қилдилар. Унда инсоният учун керак бўлган асосий нуқталарга қисқача тўхталиб ўтдилар. Жумладан шундай дедилар:

أَيُّهَا الناس، إنه لا نَبِيَّ بَعْدِي وَلا أُمَّةَ بَعْدَكُمْ، أَلَا فاعْبُدُوا رَبُّكُمْ وَصَلُّوا خَمْسَكُمْ وَصُومُوا شَهْرَكُمْ وَأَدُّوا زَكَاةَ أَمْوَالَكُمْ طَيْبَةً بها أَنْفُسَكُمْ وتَحُجُّونَ بَيْتَ رَبِّكُمْ وَأَطِيعُوا وُلاةَ أَمْرِكُمْ، تَدْخُلُوا جَنَّةَ رَبِّكُمْ

яъни, «Эй одамлар! Мендан кейин пайғамбар йўқ, сизлардан кейин бошқа уммат йўқ. Огоҳ бўлинглар! Парвардигорингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, бир ой рамазон рўзангизни тутинглар, бойликларингизнинг закотини кўнгилдан чиқариб беринглар, Парвардигорингизнинг Байтини – Каъбани ҳаж қилинглар ва бошлиқларингизга итоат қилинглар. Шунда,  Парвардигорингизнинг жаннатига кирасизлар» (Ибн Жарир ва Ибн Асокирлар ривояти).

Муҳтарам намозхонлар! Вафотларидан икки ҳафта олдин, душанба куни Бақиъ қабристонидан бир жанозада иштирок этиб қайтаётганларида, йўлда бошларига оғриқ кирди. Уйларига киргач, иситмалари кўтарилиб, тўшакларига ётиб қолдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дард чекиб ётган бўлишларига қарамай, 11 кун давомида Масжиди Набавийда имом бўлиб намоз ўқиб бердилар.

Вафотларидан бир ҳафта олдин, душанба куни бошлари боғлиқ ҳолда, Фазл ибн Аббос ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳумга суяниб, оёқларини судраб босганча бошқа аёлларининг изнлари ила Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг уйига кўчиб ўтдилар ва ҳаётларининг сўнги ҳафтасини шу ерда ўтказдилар.

Вафотларидан беш кун олдин, чоршанба куни дардлари зўрайиб, иситманинг шиддатидан беҳуш бўлдилар. Ўзларига келгач, устларидан сув қуйдирдилар ва масжидга кириб, минбарга чиқиб, саҳобаларга панду насиҳат қилдилар. Сўнг минбардан тушиб, пешинни ўқидилар, кейин яна минбарга чиқиб, панду насиҳат қилдилар.

Вафотларидан тўрт кун олдин, пайшанба куни қаттиқ дард чекиб ётган ҳолларида саҳобаларга васиятлар қилдилар. Хуфтон пайтига бориб, дардлари зўрайиб, масжидга чиқишга ҳам ҳоллари келмай қолди ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни намозга имомликка тайинладилар.

Пайшанба куни хуфтон намозидан, то вафот қилган кунлари – душанба кунининг бомдод намозигача бўлган намозларни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Масжиди Набавийда ўқиб бериб турдилар.

Вафотларидан икки кун олдин, шанба куни дардлари бироз енгиллашиб, икки киши ёрдамида пешин намозига чиқдилар.

Вафотларидан бир кун олдин, якшанба куни қолган қулларини озод қилдилар ва садақа қилдилар.

Ҳаётларининг сўнги куни, 12-Рабиул аввал, душанба. Саҳобалар бомдод намозида турганларида у зот ҳужранинг пардасини очдилар, жамоатга қараб, табассум қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз намозга чиқсалар керак, деган гумонда сафга қўшилиш учун ортга тисарила бошлади. Пайғамбаримиз эса қўллари билан «Намозингизни давом эттираверинг» дегандек ишора қилдилар ва пардани туширдилар.

Шу куни, чошгоҳ маҳали суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жон омонатини Парвардигорига топширишларидан олдин одамларга энг охирги васиятларини қилдилар:

الصلاةَ الصلاةَ وَمَا مَلَكَتْ أَيمانُكُم

яъни, “Намозни, намоз(ни муҳофаза қилинглар!) ва қўл остингиздагилар(нинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилинглар!) ва:

مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ مِنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ وَالصَّالِحِينَ،

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي وَارْحَمْنِي، وَأَلْحِقْنِي بِالرَّفِيقِ الْأَعْلَى، اللَّهُمَّ الرَّفِيقَ الْأَعْلَى

яъни,(Мени) уларга инъом қилганинг пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қил. Аллоҳим, мени мағфират қил, раҳматингга ол. Мени Рафиқи Аълога етказ. Аллоҳим, Рафиқи Аълога» деб, вафот этдилар” (муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий ҳисобда тўлиқ 63 йил ой умр кўрдилар. Вафот этган кунлари 12-Рабиул аввал милодий 632 йилнинг 6-июнига тўғри келади.

Муҳтарам жамоат! Мавлиди шариф ойида бутун Ислом олами билан биргаликда севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини янада чуқурроқ ўрганишга, у зотга кўпроқ дуруду салавот айтишга ҳаракат қилайлик. У зот алайҳиссаломнинг барча оламларга, бутун инсониятга, мўмин-мусулмонларга чинакам раҳмат бўлиб келганларини каттаю кичик ҳар бир мусулмонга, барча юртдошларимизга, хусусан, хонадон аҳлимизга ўргатайлик. У зот алайҳиссаломни таниш, севиш, у зотга эргашиш ва доимо салавот айтиш барчамизнинг мўмин-мусулмонлик бурчимиздир.

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишни насиб қилсин, Ўзи севган бандаларидан қилсин, қиёматда у зоти бобаракотнинг шафоатларига мушарраф қилсин, омин.

 

الجمعة, 16 كانون1/ديسمبر 2016 00:00

Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз!

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли бўлиш мукаммал мўминлик белгиси саналади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен сизларга отасидан ҳам, боласидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам суюклироқ бўлмагунимча, сизлардан бирортангиз ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).  

Ушбу ҳадисда комил мўмин бўлиш учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли бўлиш лозимлиги баён қилиняпти. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминлар учун барча муҳаббат қилинадиган кишиларидан кўра севишликка ҳақли бўлган зотдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир”, (Аҳзоб, 6).

Бу шундай улуғ мақом бўлиб, бу мақом фақатгина бизнинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га берилгандир.

Қозий Иёз (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деган: “Инсонда бошқа кишига нисбатан муҳаббатни пайдо бўлишига тўрт ишдан бири сабаб бўлади:

фойда келтириши. Қайси бир киши сенга фойда келтирадиган иш қиладиган бўлса, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади;

зарарни даф қилиши. Бирор киши сенга келадиган зарардан сени ҳимоя қилса, унга нисбатан сенда меҳр ва муҳаббат уйғонади;

хилқати, кўриниши чиройли бўлиши. Инсон бирор чиройли манзара ёки товусга ўхшаган чиройли қушни кўриб қолса, унга қизиқиши ортади ва унга муҳаббат қилади;

 хулқи чиройли бўлиши. Сен бирор хулқи, одоби чиройли бўлган кишини одамлар билан гўзал муомала қилаётганини кўриб қолсанг, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади.

Мана шу тўртта хусусиятнинг барчаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да жам бўлган:

– У зот бизга Раббимизни танитдилар. Бандага ўз Раббисини танишидан кўра яхшироқ нарса йўқ. У зот бизга жаннатга бориш йўлларини таълим бердилар. Бизга Исломни ўргатдилар. Аллоҳ таолога қандай ибодат қилишни таълим бердилар. Буларнинг барчаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бизга берган энг катта манфаатлари ва ёрдамларидир;

– У зот ҳаётимиздаги ҳар бир ёмонликдан бизни қайтардилар. Бизни дўзахдан қайтардилар. Бизга дўзах йўлларидан сақланишни ўргатдилар. Биримиз бошқамизнинг обрўсини тўкишдан, жонига ва молига хиёнат қилишдан бизни қайтардилар;

– Набий (алайҳиссалом)нинг хилқатлари, кўринишлари жуда чиройли бўлган;

– У зот барча инсонларнинг энг хулқи яхшиси бўлганлар. У зот ҳақида Қуръони каримда: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, (Қалам, 4) дейилган. Ойша (розияллоҳу анҳо) у зотнинг хулқларини “Қуръон”, деган. Шунга кўра, у зот севилишга ҳақли бўлган зотдирлар.

Шунингдек, баъзи уламолар инсониятда бўлган муҳаббат ҳақида қуйидаги фикрларни айтишган.

 Инсониятда мавжуд бўлган муҳаббат уч хил бўлади:

– табиий муҳаббат – буни Аллоҳ таоло инсоннинг асл фитратида бор қилиб яратган. Бу муҳаббатда инсон учун яхши кўриш ёки яхши кўрмаслик ихтиёри бўлмайди. Бунга инсон ўзини, фарзандини, ота-онасини яхши кўришини мисол қилишимиз мумкин;

– ақлий муҳаббат – бу муҳаббат аслида инсоннинг фитратида бўлмайди, лекин ақлнинг тақозосига кўра шу нарсага меҳр қўяди ва уни хоҳлайди. Бунга мисол, бемор кишининг аччиқ дорини истеъмол қилиши. Аслида нафси буни хоҳламаса ҳам, жисмига даво бўлишини билганидан буни хоҳлайди. Яна бирор инсонни унга манфаати етиб тургани сабабидан уни яхши кўриши;

– имоний муҳаббат – бу муҳаббат Аллоҳ таолога ва унинг Расулига имон келтирган имонли кишидагина бор бўлади. Бунга бир киши мусулмон кишини Аллоҳнинг розилиги учун яхши кўришини мисол қилишимиз мумкин. Бу муҳаббат қариндошлиги учун ёки бирор манфаат учун бўлмайди. Балки шариатимиз шунга буюргани ва имони тақозо қилгани учун бўлади.

Юқоридаги ҳадисда зикр қилинаётган Муҳаммад (алайҳиссалом)га муҳаббатли бўлиш имоний муҳаббатдан ҳисобланади. Агар инсонда имоний муҳаббат бўлсагина, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳақиқий муҳаббат қила олади. Саҳобаи киромларда мана шу муҳаббат бўлган ва шу сабабли у зотга ҳақиқий ошиқ бўлганлар. Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Абдуллоҳ ибн Ҳишом (розиялоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Биз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг қўлларини ушлаб турган ҳолда эдилар, шунда Умар (розияллоҳу анҳу) у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, нафсим унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, токи мен сизга ўзингиздан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча бўлмайди”, дедилар.

Умар (розияллоҳу анҳу) у зотга: “Энди Аллоҳга қасамки, албатта, сиз мен учун ўзимдан ҳам маҳбуброқсиз”, деди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ана, энди бўлди, Эй Умар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Умар (розияллоҳу анҳу) айтган гапларининг икки хил эҳтимоли бўлиши мумкин:

– У киши аввалги ҳолатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўриш инсоннинг фитратида бўлган табиий муҳаббатдан деб ўйлаб, қалбидаги борини очиқ-ойдин Набий (алайҳиссалом)га айтган бўлишлари мумкин, сўнгра бу имоний муҳаббатдан эканлигини билиб, иккинчи гапни айтганлар.

– Аллоҳ таоло у кишини Муҳаммад (алайҳиссалом)га мурожаат қилиш баракаси билан улуғ мақомга етказди, натижада у кишининг қалбида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан улкан муҳаббат жойлашди.

У зотга бўлган муҳаббат қалбий ва амалий бўлиши лозим. Шунга кўра, у зотга муҳаббатли бўлган киши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг суннатларига амал қилиши, у зотни хурсанд қиладиган ишларни қилиши керак бўлади. Уламолардан бири: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳақиқий муҳаббатли бўлиш – У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатини қўллаб-қувватлаш, унинг шариатини ҳимоя қилиш ва нафсини ва молини сарфлаш учун у киши билан бирга бўлишни орзу қилишдир”, деб айтган.

Шунга кўра, Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Биз сизни яхши кўрамиз:

– Эй Расулуллоҳ! Бизни яхши кўрамиз. Чунки сиз оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбардирсиз;

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз. Сиз бизни тўғри йўлга бошладингиз ва гуноҳ ишлардан бизни қайтардингиз;

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз. Зеро, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари сизга салом ва салавот айтишган ва Аллоҳ бизни ҳам сизга салавот ва салом айтишга амр қилган;

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, зеро, сизни яхши кўриш Аллоҳ таолога қурбат ва Аллоҳга энг афзал ибодатдир;

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, чунки тушимизда сизни кўришимизни Аллоҳдан дуо қилиб сўраймиз;

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, зеро, жаннатда сиз билан бирга бўлишимизни умид қиламиз;

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизга муҳаббатли бўлган ҳолда, сизга иштиёқманд бўлган ҳолда, сизга яқинлашган ҳолда, сизни ҳис қилган ҳолда, қадр-қимматингизга улкан меҳр қилган ҳолда яхши кўрамиз;

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, қиёматда бизни шафоат қилишингиз учун....

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли бўлиб яшашни насиб айласин.

Манбалар асосида

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси

Шокиржон МАДАМИНОВ

тайёрлади.

Мақолалар

Top