muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 28 تشرين2/نوفمبر 2016 00:00

Покистонда халқаро сийрат анжумани

1438 ҳижрий сана рабиул аввал ойининг бошида (2016 йил 1 декабрь) Покистон давлатининг пойтахти Исломобод шаҳрида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд кунлари – Мавлиди шарифга бағишланган халқаро анжуман ўтказилади.

Мазкур анжуманнинг иш фаолияти 2 кун давом этиб, унинг мавзуси “Қуръони карим ва суннати набавия таълимотида жамиятдаги ижтимоий тенглик ва тараққиёт” деб номланади.

Анжуман Исломобод шаҳридаги “Аллома Иқбол” университети (ALOU) томонидан ташкиллаштирилади.

“Аллома Иқбол” университети ректори Шоҳид Содиқий  бўлиб ўтган матбуот анжуманида шуни таъкидлаб, университетдаги “Араб тили ва диний фанлар” кафедраси ушбу анжуманни ўтказишга ташаббус кўрсатаётганини қўшимча қилди.
Шунингдек, “Пайғамбаримиз сийрати” мавзуидаги халқаро анжуманда ўз маърузалари билан иштирок этиши учун Покистондаги ҳамда  бир қатор давлатлардаги сийратшунос олимларга таклифномалар йўлланганини маълум қилди.

                                                Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси 

                                                                        И. Аҳмедов тайёрлади.

Россия Федерациясининг Свердловск вилоятига жўнаб кетган имом-хатиблардан иборат делегациянинг сафарлари давомида Свердловск вилояти ҳудудида жойлашган масжидларда намозхонлар билан суҳбат қилиш, маданий марказларда мулоқотлар ва жойларда турли учрашувлар ўтказиш режалаштирилган эди.

Айни кунларда делегация аъзолари Иброҳим Иномов, Одилхон Исмоилов, Зайниддин Эшонқулов ва Баҳром Атаджонов Свердловск вилояти мусулмонлари идораси марказий муфтиёти билан ҳамкорликда масжидларда намозхонлар билан ташкил этилаётган суҳбат ва учрашувларда қизғин иштирок этишмоқда.

Жумладан, 2016 йил 28 ноябрь куни Свердловск вилояти “Нижний Тагилга”даги масжидда намозхонлар билан маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Унда вакилларимиз “Ислом тинчлик ва бағрикенглик дини, турли бузғунчи ва ёт ғоялар динимиз таълимотига зид ғоялар” мавзуида кенг ва батафсил маъруза қилиб ўтишди.

Шу билан бирга тадбирда “Смута ИГИЛ” китобининг такдимоти ҳам ўтказилди. Иштирокчилар мазкур китобга катта қизиқиш билдиришиб, ундаги маълумотлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига етарли жавоблар олишди.

Масжид имом-хатиби Фанис Галиев вакилларимизга тадбир иштирокчилари ва ўз номидан чексиз миннатдорчилик изҳор этди.

Самимий учрашув барчада катта таассурот қолдирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

الإثنين, 28 تشرين2/نوفمبر 2016 00:00

Имом бухорийга муносиб ворис бўлайлик!

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 2-курс талабалари ўртасида ҳадис фанидан “Имом Бухорийга муносиб ворис бўлайлик” шиори остида мусобақа бўлиб ўтди. Талабаларнинг билим савиясини ошириш ва мутахассислик фанларига бўлган иштиёқни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмасига биноан институтда алоҳида фан ойлиги ташкил этилган. “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” ойлиги муносабати билан ўтказилган мазкур мусобақа талабалар ўртасида ҳадис фанига бўлган қизиқишни янада мустаҳкамлади.

Мусобақа муҳаддислар, уларнинг асарлари, мусталаҳул ҳадис атамаларига оид саволлар, Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-муфрад” асарида келган ҳадисларни ёддан айтиш каби тўртта шартдан иборат эди.

Мусобақа иштирокчиларини Тошкент ислом институти ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори И.Аҳроров, Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот марказининг ҳадисшунослик бўлими мудири т.ф.н. Д.Муродов, “Тиллар” кафедраси мудири Ф.Маманосиров, “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчилари М.Сайдалиев ва С.Масайитовлардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар.

Мусобақа Қуръони карим тиловати билан бошланди. Институт ректори У.Ғафуров кириш сўзини айтиб, мусобақа иштирокчиларига муваффақият тилади. Тўртта шарт бўйича пухта тайёрланган 2-курс талабалари ҳадис ва мусталаҳал ҳадис фани бўйича эгаллаган билим ва маҳоратларини намойиш этишди.

Мусобақа якунига кўра, 2-Д гуруҳи 177 балл билан биринчи ўрин, 2-А гуруҳи 160 балл билан иккинчи ўрин, 2-Г гуруҳи 159 балл билан учинчи ўрин ҳамда 2-Б гуруҳ 152 балл билан тўртинчи эгаллади.

Мусобақа сўнгида ғолибларга институт раҳбариятининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

  

                              ТИИ “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси  Ф.Жўраев

Биз дунёдаги чиройли ва катта масжидлар ҳақида кўп эшитганмиз. Уларнинг қурилиш архитектураси ва ўзига хослиги кишини ҳайратга солади. Ана шундай масжидлардан бири, Татаристон ва Қозон шаҳрининг марказий “Қул Шариф” жоме масжидидир. Татаристонда худди шу масжид кўринишида қурилган яна бир масжид борки, ҳозирда у “Дунёдаги энг кичик масжид”и сифатида эътироф этилмоқда.

Ушбу ажабтовур масжид 2000-2003 йиллар оралиғида қуриб битказилган. Гумбаз ва тўрт минорадан иборат ушбу масжиднинг умумий майдони 25 квадрат метрни ташкил этади. Хонақоҳи ҳам жуда кичик бўлиб, атиги 10 квадрат метрдан иборат. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 5-6 киши эркин намоз ўқиш имкониятига эга.

Масжид жуда ажойиб услубда, яъни саккиз бурчакли қилиб қурилган. Ушбу ғаройиб масжид ва унинг бетакрор архитектурасини томоша қилиш учун Россиянинг турли бурчакларидан зиёрачилар ташриф буюриб туришади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу масжид расман “Дунёдаги энг кичик масжид” сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади

الإثنين, 28 تشرين2/نوفمبر 2016 00:00

Урал университетида мулоқот

2016 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг делегацияси Урал давлат иқтисодиёт университетига ташриф буюришди.

Университетга ташриф буюрган меҳмонлар талабалар ва ўқитувчилар билан экстремизмга қарши кураш мавзусида мулоқот олиб боришди. Учрашув жонли мулоқот тарзида ўтди, талабалар ва ўқитувчилар делегация аъзоларига ўзларининг қизиқтирган саволларини беришди.

Ректор Яков Петрович профессор-ўқитувчилар ва талабалар номидан бутун дунёнинг хавотирга солаётган ИШИД террорчи ташкилоти ҳақидаги маъруза учун ташаккур билдирди. Шунингдек, у ушбу мулоқотнинг муҳимлигини эътироф этиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномовга миннатдорлик мактубини топширди. Ўз навбатида Иброҳим Иномов ректорга “ИШИД фитнаси” китобини совға қилди.

Моҳира ЗУФАРОВА,
Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Мақолалар

Top