muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 21 تشرين2/نوفمبر 2016 00:00

Ярим финал натижалари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “8 декабрь – Конституция куни” муносабати билан навбатдаги футбол турнири ўз якунига етиб қолди. Ушбу учрашув ўзаро муросасиз баҳсларга жуда бойлиги билан бошқа учрашувлардан ажралиб турди. Ярим финал учрашувининг қизиқарли ва кескин вазиятларга бойлиги мухлисларнинг тўхтовсиз олқишига сазовор бўлди.

 

“Бухорий авлодлари”  2 – 3  “Минор”

 

Ярим финал натижалари:

  

Ҳазрати имом                        10-8                    Мовароуннаҳр

 

Кўкалдош                                4-6                     Минор

 

Турнирнинг финал босқичига қуйидаги жамоалар йўл олди:

 

ҲАЗРАТИ ИМОМ     -   МИНОР

 

Ушбу жамоаларга финал ўйинида омад тилаймиз!

 

ЎМИ ахборот хизмати  

الإثنين, 21 تشرين2/نوفمبر 2016 00:00

“ИШИД” ҳам маънавий, ҳам моддий таҳдиддир!

Муқаддас ва жонажон мамлакатимизда 25 йилдан бери ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг, мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Аммо, бугунги замонамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани, кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган, янги шаклдаги таҳдидларнинг кун сайин пайдо бўлаётгани ва бунинг натижасида бузғунчи ғояларнинг мафкура майдонини қуршаб олишга ҳаракат қилаётгани барчамиздан огоҳлик ва хушёрликни талаб этмоқда.

Яқин Шарқ давлатларида рўй берган ва ҳамон давом этаётган қонли тўқнашувлар, оммавий тартибсизликлар, хунрезликлар, бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритаётганларнинг ҳам аксарияти динни ниқоб қилиб олган кучлар экани, улар экстремистик оқим ва террористик гуруҳлардан фойдаланаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда мазкур террористик ташкилот мингдан ортиқ шиа, христиан ва язидий эътиқодида бўлган кишиларни қатл қилди. Қўлга олинган шаҳарлардаги бир қанча аёллар ва болалар гаровда ушлаб келинмоқда. Минглаб оилалар тажовузкорлик оқибатида ўз уйларини ташлаб чиқиб кетмоқдалар.

Террорчилар ўзларининг сафларини кенгайтирш мақсадида кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйишган. Жумладан, кўп тилларда ҳижрат ва жиҳод каби экстремистик ғоялар билан йўғрилган материалларни тарқатганлар. Интернет тармоғида жангариларнинг сафини кенгайтиришга қаратилган ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Дунёдаги етакчи уламоларнинг “ИШИД”га раддиялари

Дунёдаги етакчи уламолар ИШИД аъзолари хунрезликларини ва “халифалик” эълон қилинишини қаттиқ қораламоқда. Жумладан, 2015 йилнинг 3 июлида дунё мусулмон уламолари кенгаши ташкилоти ИШИД эълон қилган “халифаликни” кескин қоралаб, уни шаръан ботил деб, фатво берилди. Фатвода ислом таълимотига кўра қандайдир алоҳида фирқа ва оқимлар ўзбошимчалик билан “халифалик”ни эълон қилиш ҳуқуқи берилмагани таъкидланган.

Таъкидлаш жоизки, Қуръони карим суралари ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадисларида мусулмонлар тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Қуъони каримда “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”[1].

Яна ояи каримда шундай дейилади: “Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яъни, унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга азобни тайёрлаб қўйган”[2].

Аллоҳ таоло ер юзида ёвузлик қилмасликка буюради ҳамда ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди.

Одам ўлдиришга қасд қилиш муқаддас ислом динимизда кечирилмас “гуноҳи азим” ҳисобланиб, гуноҳкор охиратда жаҳаннам азобларига дучор бўлиши қайд этилади. Ҳадиси шарифда: “Қайси бир мусулмон киши иккинчи бир мусулмон биродарига тиғ кўтарса, то ўша тиғни қайтариб ўрнига қўймагунча Аллоҳнинг фаришталари унга лаънат айтиб турурлар”, – дейилган.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилмоқ эса, куфрдир” – деб марҳамат қилганлар. Мусулмон диёрларида яшаётган бошқа дин вакилларини ўлдириш катта гуноҳлиги ҳақида қуйидаги ҳадис келган, Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким бир зиммийни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳидламайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик йўлдан келиб туради!” – деб, марҳамат қилганлар.

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида” – деб, марҳамат қилинган. Абдуллоҳ бин Умар айтадилар: “Ноҳақ қон тўкиш сира қутулиб бўлмайдиган ҳалокатли ишлардандир”.

Шундай ноҳақликларни кўриб халқимизнинг тинчлигини, маънавиятини асраш учун, мухтарам Президентимиз Ислом Каримов 2014 йил 31 августда “Шаҳидлар хотираси” хиёбонидаги суҳбатда халқимизга ўзининг асрларга татигулик қуйидаги сўзларини айтиб ўтдилар “Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олийжаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш – бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз бўлиши керак”.

Шундай экан, юрт тинчлиги, бирдамлиги ва соғлом муҳитни қарор топтириш учун, одамларда энг аввало, дахлдорлик, ён-атрофдаги нохушликларга бепарво бўлмаслик ҳиссини кучайтириш даркор.

 

2-давра 8-босқич тингловчиси

Шерматов Хусанбой

Тошкент шаҳар “Ҳазрати Умар” жомеъ масжиди имом – хатиби 

 

[1] А. Мансурнинг Қуръони карим ва унинг таржималари тафсири. Бақара сураси 256

[2] А. Мансурнинг Қуръони карим ва унинг таржималари тафсири. Нисо сураси, 93

Испания транспорт вазирлигининг хабар беришича, Испания консорциуми ва Саудия Арабистони ҳукумати Макка ва Мадина шаҳарларини боғловчи юқори тезликка мўлжалланган темир йўл қурилишини ўз вақтида самарали битказиш бўйича ўзаро келишувга эришди.

“Al Shoula” консорциуми 12 та Испания ва 2 та Саудия арабистони компанияларидан ташкил топган бўлиб, улар Саудия ҳукумати билан тўлов масаласида келишолмай туришган эди.

“Ҳарамайн” лойиҳасини қуриш ва техник хизмат кўрсатиш учун консорциум шартноманинг умумий қиймати  6,7 млрд евро яъни 7,11 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу лойиҳа Ҳаж ва умра мавсумида икки муборак шаҳар ўртасидаги транспорт ҳаракатини такромиллаштиришга қаратилган бўлиб, зиёратчиларга қулайлик туғдириш мақсадида амалга оширилда.

“Бу битим икки томон ўртасидаги тушунмовчилик ва муаммоларни бартараф этиб, лойиҳани ўз якунига етказишга катта ёрдам беради”, деди Испания ҳукумати.

Саудия арабистони ҳукумати темир йўл қурилиши 2018 йилгача яъни 14 ойга кечиктирилгани учун Испания компаниялари билан ўзаро келишувга бориш бироз қийин бўлганини маълум қилди.

Ушбу келишув битимига кўра, “Саудия темир йўллари” ташкилоти “Ҳарамайн” лойиҳасига талаб этиладиган қўшимча харажатлар учун 150 млн евро компенсация (бадал) тўлаб беради.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

Жорий йилнинг 17 ноябрь пайшанба куни Қуддус вақф ишлари бошқармаси ва вақф кенгаши “Икки тарихий лойиҳа” – Масжидул Ақсо (Ал-Ҳарам аш-Шариф) ва Ал-Жоме ал-Қибла (Масжидул Ақсонинг жанубий томони)ни таъмирлаш ишлари якунига етганини маълум қилди. Бу ҳақда Иорданиянинг Petra ахборот агентлиги хабар қилди.

Биринчи лойиҳа яъни Масжидул Ақсони таъмирлаш ишлари 2008 йилда бошланган эди. 2016 йилнинг июнь ойига келиб таъмирлаш ишлари ўз ниҳоясига етди.

Иккинчи лойиҳа яъни Ал-Жоме ал-Қибла (Масжидул Ақсонинг жанубий томони)ни таъмирлаш ишлари 2014 йилда бошланиб, 2016 йилнинг октябрь ойига қадар давом этди.

Ушбу масжиднинг таъмирлаш ишлари якунига бағишлаб ўтказилган маросимда Масжидул Ақсони қайта таъмирлаш фонди аъзоларидан иборат иорданиялик делегация аъзолари Қуддус шаҳрига ташриф буюришди.

Эслатиб ўтамиз, Ал-Ҳарам аш-Шарифни таъмирлаш ишлари Иордания дастури доирасида амалга оширилди.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

الجمعة, 18 تشرين2/نوفمبر 2016 00:00

Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти

Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни мўътабар ҳисоблайдилар. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий қилинган “Китобхонлик куни” муносабати билан 2016 йил 17 ноябрь куни устоз ва талабаларни дунёқараши кенг, интеллектуал ривожланган, маънавий ва бадиий ҳамда сиёсий илм савияларини янада юксалтириш мақсадида Ахборот-ресурс маркази  ташаббуси Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши муассислигида фаолият юритаётган “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази билан ҳамкорликда китоб кўргазма савдоси ташкил этилди.

17 ноябрь куни соат 10:00 дан 16:00 га қадар ташкил этилган мазкур кўргазмада институт жамоаси билан биргаликда  “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири бошчилигидаги устоз ва талабалар иштирок этдилар.

“Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа марказида чоп этилган китоб ва журналлар ўзининг ранг-баранглиги билан алоҳида ажралиб турди. “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа марказининг “Ёшлар матбуоти” савдо тармоғи ходимлари кўргазма иштирокчиларига 315 номдаги 1400 дона “Камолот кутубхонаси”, “Заковат дурдоналари”, саломатлик рукнларидаги адабиётларни, сиёсий, бадиий, илмий, ҳажвий, жаҳон ва болалар адабиёти дурдоналари, инглиз, рус ва корес тилларидаги луғат, ҳикоя ва бадиий китоблар, оила психология, тарих, юридик китоблар, шерий тўплам китоблар, халқ табобати ва инсонни ўрганишга оид китоблар, журналларни тақдим қилдилар.

Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда нақдини тежаётгани ва албатта талабалар дунёқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

 

Камолиддин Маҳкамов,

Тошкент ислом институти АРМ мудири

Мақолалар

Top