muslim.uz

muslim.uz

2017 йилнинг ноябрь ойидан ислом тақвимининг энг аҳамиятли ойларидан бири – Рабиул аввал ойи бошланди. Ислом тарихида бу ойда энг аҳамиятли воқеа – мавлид, яъни бизнинг суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд кунлари борлиги сабабидан ҳам азиз саналади. Рабиул аввал – Аллоҳ таоло инсониятга ислом динини мукаммал кўринишда нозил қилган сўнгги Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборган муқаддас ойдир.  Муҳтарам Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам 571 йилнинг Рабиул аввал ойи, ўн биринчидан ўн иккинчига ўтар кечада, аксарият манбаларда ўн иккинчи куни душанба субҳида таваллуд топганлар. Бундан ташқари, бу муқаддас ойда бир қатор эътиборга молик воқеалар содир бўлган, хусусан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилганлар, У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайя туғилганлар, биринчи масжиднинг қурилиши ва ундаги илк жума намози ўқилиши каби ҳодисалар ҳам шу ойда рўй берган. Булар орасида албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган куни дунёнинг турли бурчакларидаги барча мусулмонлар томонидан нишонланади.

Ушбу байрамни нишонлаш ҳақида турли фикрлар мавжуд, биз мусулмонлар учун бу борада ихтилофга боришнинг зарурати йўқ. Биз учун муҳими – бу кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни, уларнинг ҳаёти ва таълимотларини эсга олиш ва номларини поклаб ёд этиш айёмидир. Қолаверса бу кун ўз ҳаётимиз ҳақида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга умматликни адо эта оляпманми, дея мулоҳаза қилиш, ўзини назорат қилмоқ палласидир.

Рабиул аввал – дунё ташвишларидан четга чиқиб, абадий ҳаёт ҳақида фикр юритиш, қоронғулик ҳукм сурган вазиятда оламни ёритган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборгани учун Яратганга чексиз ҳамдлар айтиш фурсатидир.

Бу ой – яна бир марта севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак даврларини – асри саодатни ёдга олиш вақтидир.

Аллоҳ таоло “... сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор”, дея марҳамат қилган.

Демак, бу ой – янада кўпроқ зикр қилиш ва Аллоҳга ибодат қилмоқ мавридидир.

Кўпгина имонли кишиларда “Ушбу ойни қандай ўтказишимиз керак?” деган савол юзага келиши мумкин. Жавоб бериш мумкинки, бу ойни қандай ўтказиш борасида муҳим тавсиялар берилмаган. Қандай ва қайси йил, ой, ҳафта, кунда бўлмасин, мўмин киши ўз ибодатини, фарзлар қатори нафл ибодатларини ҳам адо этишда, таъқиқланган нарсаларни тарк этишда, хайрли ва фойдали ишларда бардавом бўлишда жидду жаҳд қилмоғи лозим.   Эътибор берилса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган бу ойнинг моҳияти – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун саловат айтиш, Аллоҳни зикр қилиш мазмун илгари сурилади.

Манбалар асосида рабиул аввал ойини ўтказиш борасида бир қатор тавсиялар бериш мумкин. Бу ойда ўзингиз учун муҳим бир неча мақсадларни илгари суринг: аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини батафсил ўрганинг, бу ажру савобга-да нойил этади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини кўпроқ ўқинг. Саловат айтишни кўпайтиринг. Бу жараёнда албатта, ибодатларингизни ўз вақтида адо этинг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олсин.

Муҳими, Аллоҳ таолонинг чексиз муҳаббати ва меҳрибонлиги учун, бизларга инсонларнинг энг яхшисини, Пайғамбарларнинг энг буюгини, энг улуғ ҳикмат соҳибини, энг марҳаматли ва Ўзи ҳам яхши кўрган зотни Пайғамбар қилиб юборгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтинг! Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вавасалламга саловату дурудлар бўлсин!

Шарифа ҒАНИЕВА

 

الإثنين, 27 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Ғафлатда қолманг! салавот айтинг

«Биз Сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик ...» деб марҳамат қилган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.

“Аввалги Пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар Пайғамбар қилиб юборилганман” деган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом салавоту саломлар бўлсин.

САЛАВОТ АЙТИНГ! АЛЛОҲ ТАОЛО ВА ФАРИШТАЛАР ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА САЛАВОТ АЙТАДИЛАР.

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!», (Аҳзоб сураси, 56-оят).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! БАХИЛ БЎЛМАЙСИЗ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг олдида зикр қилинсам-у, менга салавот айтмаса, бурни ерга ишқалансин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! ДУОИНГИЗ ҚАБУЛ БЎЛАДИ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.  

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ШАФОАТЛАРИГА ЭРИШАСИЗ.

Анас  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ  ва шафоатчи  бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ЯҚИН БЎЛАСИЗ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! АЛЛОҲ ТАОЛО ГУНОҲИНГИЗНИ МАҒФИРАТ ЭТАДИ, ДАРАЖАНГИЗНИ КЎТАРАДИ.             

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ СИЗНИ ЭШИТАДИЛАР.

Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ!  Ҳар дуонинг аввали ва охирида.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини айтганда ва эшитганда.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Бошга мушкул тушганда ва хурсандчиликда

САЛАВОТ АЙТИНГ! Уйқуга ётишдан олдин.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Қуръони каримни хатм қилгандан кейин.

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

الإثنين, 27 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Аллоҳ меҳрибон, меҳрлиларни яхши кўради

Мусулмон кишининг бошқа дин вакиллари билан бўладиган муносабати ҳам ўз дини таълимоти асосида бўлади. Бу муносабатлар оят ва ҳадисларда ўз ифодасини топган.

Ислом самовий динларнинг барчасини Аллохдан, деб эълон қилди. Жумладан, Аллоҳ таоло Шуаро сурасида:

«У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга
(эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Исога тавсия қилган нарсамизни шариат қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», деган (13-оят).

Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни Набий қилиш учун танлаб олган. Шу билан бирга, Аллоҳ томонидан юборилган мазкур набийларга бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон, «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган амри илоҳийдир.

Ушбу амр мусулмонларнинг зиммасига қуйидаги вазифаларни эклайди.

  1. Мусулмон киши Аллоҳ таоло юборган набийларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларга бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб четга чиқариб қўймаслиги лозим.

Аллоҳ таоло бу ҳакда мусулмонларга шундай деб буюрган:

«Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва набийларга Раббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз» (Бақара сураси, 136-оят).

Ушбу ояти каримага биноан, ҳар бир мусулмон одам Аллоҳ таоло юборган набийлардан бирортасига иймон келтирмаслиги ёки уларни беҳурмат қилиши мумкин эмас.  

Яҳудийлар Тавротни ибронийча тиловат қилиб тафсирини арабча қилишарди. Бу хабар Пайғамбаримизга етганда, айтдиларки: “Уларни тасдиқламаймиз, ёлғонга ҳам чиқармаймиз, балки “Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтирдик”, деймиз”.

  1. Мусулмон эркак бошқа диндаги аёл билан турмуш қуриши
    ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини ейиши мумкин.

Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфалар ҳам (ҳалолдир)» (Моида сураси, 5-оят).

  1. Мусулмон шахс бошқа динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслиги, улар билан яхши муомалада бўлиши, яхши қўшничилик қилиши, зиёфатга чақириши, оилавий алоқалар ўрнатиши мумкин.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир» (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Ушбу ҳукм Ислом динининг нақадар инсонпарвар ва бағри кенг дин эканининг ёрқин далилидир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни манъ қилмайди.

Умар розияллоҳу анҳу элчилардан зиммийларнинг ҳолидан сўрар эдилар. Улар: “Аҳдларимизга вафо қиляпмиз” дердилар. Шунда Умар уларни зиммийларга яхшилик қилиш  аҳдига вафо қилиш ва уларни ҳимоя қилишга буюрарди.

Мусулмонлар зиммийларнинг қонлари ва нафсларининг ҳимоялангани ва уларни ўлдириш ҳаромлигига иттифоқ қилишган.

  1. Мусулмон киши бошқа дин вакиларининг ибодатхоналарини ҳурмат қилади, уларнинг диний-ақидавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ жабр қилмайди, ораларини яқинлаштиради.

Қосим ибн Мухайрама Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларининг биридан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради», дедилар».

Насаий ривоят қилган.  Имом Бухорийнинг ривоятида эса:

Яъни: “Қирқ йиллик масофадан жаннат ҳиди келади”,  деганлар

Бошқа бир ҳадисда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг бир неча ўғилларидан, улар оталаридан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Набий алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларида у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ҳаёт кечириш ва жамият манфаати учун ҳамкорлик қилиш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар.

  1. Мусулмон одам бошқа дин вакиллари билан яхши алоқада бўлади, уларга ҳадя бериб, улардан ҳадя олиши мумкин.

Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар қилган ҳадяларни олар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари ҳадя қилган кийимларни кийганлари маълум ва машҳур.

Саъд ибн Иброҳимдан ривоят қилинади: «Муқавқис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя юборди. Бас, у зот уни қабул қилдилар» (Ибн Абу Шайба ривоят қилган).

Имом Сарахсий «Мабсут»да қуйидаги ривоятни келтирган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муқавқис ҳадя қилган чопонлари бор эди. Ул зот уни ҳайит ва жума кунлари ҳамда ҳузурларига элчилар келганида кияр эдилар».

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва: «Улар бизнинг дўстларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман», деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишларига рухсат берганлар.

Ўзбекистон дунё бўйлаб бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик тарафдори. Бу эса юртимиздаги тинчлик, тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим омилидир.

Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек: “Ўзбекистоннинг бойликлари жуда кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётгани дўстлик ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.   

ВАҲОБИДДИН БОЗОРОВ,

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

الإثنين, 27 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Жиноят – жаҳолат маҳсули

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан тараққий этиб боряпти. Бир томондан иқтисодиётимиздаги силжишлар яққол кўзга ташланаётган бўлса, иккинчи томондан халқимизнинг дину диёнати йўлида қилинаётган хайрли ишлар кўзимизни қувонтиряпти.

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз жамиятдаги нохуш ҳолатларни муолажа қилишга дин ходимларини жалб қилаётгани имом-хатибларга билдирилган катта ишончдир. Оилавий можароларга, ёшларнинг таълим-тарбиясига оид муаммоларни ҳал қилишда аҳли илмларимизга мурожаат қилинишига сабаб шуки, ҳар қандай муаммо динсизликдан, илм-маърифат йўқлигидан, жаҳолатдан келиб чиқади. Шунинг учун аввал муаммонинг сабабини аниқлаб, сўнг ўша сабаб бартараф қилинсагина масала ҳал бўлади.

Давлатимиз раҳбари жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ўтказилган мажлисда айнан ана шу ҳақиқатни илгари сурди. Жиноят ўз-ўзидан содир бўлмаслиги, жиноятнинг оқибати билан курашмасдан унинг содир бўлишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, ўз вақтида бартараф этиш зарурлигини таъкидлади. Бевосита имом-хатибларга мурожаат қилиб, дин ходимлари жиноятчиликка қарши курашда камарбаста бўлиши лозимлигини айтди.

Жиноятчиликнинг урчиб бораётгани, энг ачинарлиси, ёшлар ва аёллар орасида ҳуқуқбузарлик кўпайиб кетгани халқимиз учун ниҳоятда уятли ҳолат бўлса-да, давлатимизнинг масалани ҳал қилишда айнан дин ходимлари, имом-хатибларимизга мурожаат қилиши бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.. Зеро, халқнинг бошига тушган мусибатни даф қилиш биринчи навбатда мўмин-мусулмонларнинг, диндорларнинг зиммасидаги вазифадир.

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, эндиликда дин ходимлари фақат диний маросимларни ўтказиб берадиган хизматчи эмас, балки жамиятни соғломлаштириш ҳақида, юртнинг равнақи, халқимизнинг келажаги ҳақида ғамхўрлик қиладиган мақомга кўтарилмоқда.

Нима учун жиноятчиликка қарши курашишга дин ходимлари  ҳам жалб этилмоқда? Чунки ҳар бир жиноят – Аллоҳ таолога қарши исёндир. Ҳар бир жиноят Қуръони каримга, суннатга, шариатга хилофдир, мункар ишдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мункарга қарши курашга чақирганлар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қайси бирингиз бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин. Бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин. Аммо бу энг заиф иймондир».

Мункар иш – динимизда, шариатимизда инкор қилинган, қайтарилган ҳар қандай ёмон ишдир. Мўмин-мусулмон одам ўз жамиятида содир бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб турган бўлса, лоқайдлик қилиши мумкин эмас. Мўмин одам аввало бу мункарни бевосита ўзи, қўли билан қайтаради. Уламоларимиз мункарни қўл билан қайтариш деганда айнан давлат раҳбарининг, жамиятда қонун-қоида, тартиб-интизом ўрнатишга масъулларнинг жиноятчиликка қарши кураши деб изоҳлаганлар. Кичик бир мункар ишни ҳар ким ҳам тўхтатиши керак, аммо жиноятнинг кўлами кенг бўлса, унга қарши жамият миқёсида, давлат миқёсида курашиш керак бўлса, бу иш мутасаддилар, масъулларнинг зиммасида бўлади. Давлатимиз раҳбарининг жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш борасида саъй-ҳаракатлари ҳадиси шарифнинг айнан шу қисмига оиддир.

Аммо барча масъулиятни раҳбарларга юклаб қўйиб, қўл қовуштириб ўтирилмайди. Мункарни қўли билан қайтара олмаган одам уни тили билан қайтариши лозим. Мункарни тил билан қайтариш айнан уламоларнинг, имом-хатибларнинг, зиёлиларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вазифаси – ҳар биримизнинг бурчимиздир, ҳар бир имкони бор мўмин-мусулмон учун вожиб амал. Мўмин одам мункарни қўли билан қайтара олмаса, уни амру маъруф, наҳйи мункар йўли билан қайтаради, мункар ишнинг ёмонлигини баён қилади, уни қилмасликка чақиради.

Ҳадиси шарифнинг учинчи қисмида мункарни қўл ёки тил билан қайтаришдан ожизлик иймоннинг заифлигига далолат қилиши айтилмоқда. Демак, мутлақо имкони йўқ одам ҳеч бўлмаганда бу нохушликларга қалбидан норози бўлиши, бефарқ бўлмаслиги лозим экан. Бефарқлик билан, лоқайдлик билан шу ҳолатгача келиб бўлдик. Бироқ энди аввалгидек яшаб бўлмайди. Замоннинг шиддати тез, ахборот асрида ёшларнинг онгига хуружлар кўпайиб боряпти. Шунинг учун энди ҳар бир мункарга, ҳар бир жиноятга қарши бир тану бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб курашишимиз лозим. Чунки бунинг ортида ёшларимизнинг, фарзандларимизнинг, халқимизнинг, Ватанимизнинг келажаги турибди.

Ушбу ҳадисдан келиб чиқадиган ҳикматларнинг нақадар муҳимлиги бугунги кунда янада яққол сезилмоқда. Зеро, мункар иш қилаётган одамни бу йўлдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши муқаррар.

Жиноятнинг сабабларидан бири – қилаётган ишининг жиноят эканини, мункар эканини, гуноҳ эканини билмасликдир. Аввало ана шу сабабни йўқотиш керак, жаҳолатга қарши курашиш керак. Бир ишнинг гуноҳ эканини билган мўмин одам албатта ундан қайтади. Жиноятнинг қайси бир турини олиб қараманг, шариатимизга хилоф бўлиб чиқади. Одам ўлдириш, ўғрилик, зинокорлик, порахўрлик, судхўрлик – буларнинг барчаси инсонни иймонидан айирадиган, шариат ҳаром қилган гуноҳлардир. Шундай экан, одамларга бунинг гуноҳлигини тушунтиришимиз лозим. Буни ким тушунтиради? Аввало ота-она тушунтиради. Тарбия уйдан, оиладан бошланади. Кейин бола боғчага борса, тарбиячи тушунтириши, мактабга борганда ўқитувчиси тушунтириши керак. То бола улғайиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунича унга ота-онаси, қариндош-уруғлари, маҳалла-кўй, ўқитувчилари, мураббийлари устозлик қилиши лозим. Исломда азалдан шундай бўлган. Ҳар бир инсон атрофидагиларни мункар ишдан қайтарган, ҳеч ким ўзини бу масъулиятдан холи деб билмаган. Шунинг учун мусулмон халқлар бутун дунёга иймонда, ихлосда, илм-маърифатда, одоб-ахлоқда намуна бўлган.

Бугун эса бухорийлар, термизийлар юртида жиноятчиликка қарши кураш долзарб муаммога айланиб қолди. Динимизга, менталитетимизга мутлақо ёт бўлган жиноятларга қарши курашишга мажбур бўляпмиз. Бу эса халқимиз учун ор-номусдир. Ёшларнинг, айниқса аёлларнинг жиноят кўчасига кириши бу борада қилинадиган ишлар жуда кўплигини кўрсатяпти. Энди бу мусибатга қарши бутун халқ оёққа туриши, ҳамма сафарбар бўлиши керак. Ҳар биримиз ишни аввало ўзимиздан, оиламиздан, маҳалламиздан бошлашимиз керак. Ўзимизни ислоҳ қилсак, оила ислоҳ бўлади. Оила ислоҳ бўлса, бутун жамият ислоҳ бўлади, иншааллоҳ.

Давлатимизнинг бугунги талаби барчага ўрнак бўлган ана шу маънавиятимизни тиклаш, ёшлар онгига одоб-ахлоқимизни, миллий қадриятларимизни, маънавиятимизни, урф-одатларимизни сингдиришдир.

Аллоҳ таоло жамиятимизни барча мункарлардан тозалашимизда Ўзи мададкор бўлсин, хайрли ишларимизни бардавом айласин!

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Аввалроқ, 24 ноябрь куни Мисрнинг Синай яриморолида жойлашган масжидда жума намози ўқилаётган пайтда портлаш юз бергани ҳақида хабар берган эдик. 

Мисрнинг Синай ярим оролида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб тинч аҳоли, хавфсизлик ходимлари қурбон бўлганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдул-Фаттоҳ Ас-Сисига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилди.                                                                              

Террорчилар айнан жума намози ўқилаётган пайтда портловчи ускунани ишга туширган бўлиб, теракт натижасида қурбонлар сони 235 нафарга етгани маълум бўлган эди. 

Террорчилар Шимолий Синайдаги масжидда содир этилган портлашдан кейин масжидни тўртта машинада қуршаб олганлар ва жангарилар портлашдан кейин масжиддан югуриб чиқаётган одамларни ўққа тутган. 

Миср ҳукумати теракт қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилган.

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар

Top