muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 10 كانون2/يناير 2017 00:00

ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ

Яратганга шукроналар бўлсинки, Юртимиз тинч, ҳаётимиз осойишта, кунларимиз ёруғ, тунларимиз осуда. Узоқ сафарларга кетиб, бир неча кун мусофир бўлсак ҳам, ҳар куни эрталаб кетиб, кечқурун ишдан қайтсак ҳам, уйдагилардан кўнглимиз хотиржам. Болаларимиз боғчага, мактабга ўзлари бориб, ўзлари келишяпти, улардан ҳам кўнглимиз тўқ. Шу ўринда, тинчлик нақадар улуғ неъмат эканини англаб етасан киши. Ҳақиқатан ҳам, тинчлик бебаҳо неъмат. Уни сақламоқ, авайламоқ, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Таъкидлаш жоизки, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги барқарорлик – тинчлик туфайлидир.

Тинчликнинг қадрига етиб яшаш керак. Шу азиз Ватан барчамизники экан, уни авайлаб-асраш ҳам барчамизнинг чин фарзандлик бурчимиздир.

Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган, шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар. "Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди".

Ватан ҳимоячиси дегани, энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳар томонлама, жисмоний ва маънавий жиҳатлардан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар ва шу сифат ва хислатларни эгаллашга ҳаракат қиладилар, зеро улар Ватан ҳимояси хаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туриш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини англаб етганлар. Улар аввало ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавму-қариндошлари, бир сўз билан айтганда Она-Ватанни қўриқламоқдалар.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Аксинча, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши муҳимдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар - ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан ғанимларга раддия бериш билан Ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур. Бу ҳам иймоний бурчга киради.

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.

Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган Пайғамбаримиз (с.а.в.):

"Молини, жонини, динини, аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир", — деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди.

Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини саклаш учун уни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмаслиги барчага маълум. Халқимизда "Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл" деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она-Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.

Ҳакимлар айтадилар: "Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади". Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.

Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганидек: "Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир".

Бизлар ўз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини уларнинг она Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида хазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эдилар: "Она Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур".

Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Азиз Юртимизда истиқлол берган улкан имкониятлар ҳақида сўзласак, шунча оз. Зеро, мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Иймон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишбйимиз мустаҳкамланди. Шаҳару-қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукур қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.

Аллоҳ таоло мустақил Юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва ҳалқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.

 

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ

Янгийўл тумани «Жомеъ» масжиди имом хатиби

 

الثلاثاء, 10 كانون2/يناير 2017 00:00

“Ҳаж-метро” ер ости транспорти


“Saudi Press Agency“ нашрининг маълум қилишича, ўтган 2016 йилги ҳаж мавсумида 311 минг зиёратчи “Ҳаж-метро” ер ости жамоат транспорти хизматидан фойдаланган.

Ушбу метро ер усти транспорт воситалари тирбандлигини олдини олиш мақсадида қурилган бўлиб, у Арафот майдонининг жануби-шарқий қисми билан Мино ва Муздалифа водийсининг жануби-ғарбий қисмини боғлайди. Ушбу ер ости жамоат транспорти 9 та бекатдан иборат бўлиб, ҳар бир бекатнинг узунлиги 300 метрни ташкил этади. Йўловчиларга хизмат кўрсатувчи вагонларнинг ҳар бирида 3200 нафаргача зиёратчи, бир вақтнинг ўзида ҳаракатлана олади.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударрис-ўқитувчилари учун 2017 йилнинг 4–6 январь кунлари “Таълимда сўнгги илғор технологиялар”дан фойдаланиб дарс ўтишни ташкил этишларини таъминлаш мақсадида ўқув-семинари ташкил этилди. 

2016 йилнинг 4–6 январь кунлари 2016–2017 ўқув йили 1-ярим йиллиги учун белгиланган қишки таътил кунларидан фойдаланган ҳолда билим юртида таълим-тарбия ишлари самарадорлигини янада ошириш, барча фан мударрис-ўқитувчиларининг ўз устида доимий равишда ишлаб тажриба орттиришлари, машғулотларда таълимнинг интерфаол услубларидан кенг фойдаланишига жиддий эътибор қаратишларини таъминлаш учун Андижон вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти билан ҳамкорлик қилган ҳолда “Таълимда сўнгги илғор технологиялар”дан фойдаланиб дарс ўтишни ташкил этишларини таъминлаш мақсадида тасдиқланган жадвал асосида қисқа муддатли ўқув-семинари (мастер класс) ташкил этилди. Ўқув-семинарлари ушбу институтнинг барча қулайликларга эга инновацион технологиялар билан жиҳозлаган хоналарида ташкил этилди.

Ушбу ўқув-семинарида билим юртининг барча асосий штатдаги мударрислари ва мутахассислик фан ўқитувчилари иштирок этдилар. Ўқув-семинарининг биринчи кунида  барча мударрис-ўқитувчилар ҳамда Андижон вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти профессор-ўқитувчилари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ушбу ташкил этиладиган ўқув-семинарни ташкил этилишидан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида икки томоннинг фикр ва мулоҳазалари тингланди.

Ўқув-семинарининг биринчи кунида жадвалга киритилган “Таълимда инновация, дарс услуби, техникаси ва “Бумеранг” технологияси”, мотивация мавзуларида  машғулотлар ташкил этилган бўлса, иккинчи ва учинчи кунларида “Ўқитувчининг инновацион фаолияти: маҳорат, ижодкорлик, новаторлик, бошқарув педагогикаси”, “Профессор-ўқитувчиларнинг меъёрий ҳужжатларини тўлдириши, иш юритиши, педагогик технология ва интерфаол услублар – давр талаби”,  “Ёш даврлари психологияси”, “Ёш даврлари классификацияси”, “Ёшлар тарбиясига таъсир этувчи глобаллашув жараёнлари”, “Талаба ва ўқитувчи ўзаро муносабатларининг психологик хусусиятлари”, “Тарбия ва ижтимоий муҳит психологияси” мавзуларида ташкил этилди.

Ташкил этилган ўқув-семинари учун алоҳида журнал юритилди ҳамда машғулотларга қатнашган барча тингловчилар ўтилаётган мавзуларни муфассал қайд этиб бордилар. Ўқув машғулотлари якунида мударрис-ўқитувчиларнинг билим кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича ўтилган мавзулар бўйича савол-жавоблар ташкил  этилди. Ўқув-семинари якунлари бўйича барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Ўқув-семинари якунида билим юрти мудири Н. Қодиров ўқув-семинар машғулотларини ташкил қилишда ўзларининг вақтларини аямасдан дарсларни ташкил қилиб берганлари учун малака ошириш институтининг барча профессор-ўқитувчиларига ҳамда ушбу профессор-ўқитувчиларга бошчилик қилиб келаётган Муқаддасхон опа Абдуллаевага ўз миннатдорчилигини билдириб, билим юрти маъмуриятининг эсдалик совғаларни топширди.

 

 

Искандарбек ЗАКИРОВ,

билим юрти ходими

الأربعاء, 04 كانون2/يناير 2017 00:00

Соллаллоҳу алайка Йа Расулаллоҳ

Бутун дунёда бўлганидек диёримиз мусулмонлари орасида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган ойларини байрам қилиш одат тусига кирган. Шу муносабат билан бу йилги рабиъул аввал ойида барча жоме масжидларимизда, тўй ва маросимларимизда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг сийратлари, юксак ахлоқ-одоблари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг етук ахлоқлари гўзал байтларда ифодаланган “Мавлиди шариф” китоби севиб ўқилди.

Ўтган рабиъул аввал ойида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўплаб салавотлар айтиб, у зотга муҳаббатларимизни зиёда қилишга ҳаракат қилганимиздек, бу интилиш кейинги ойларда, қолаверса, йил давомида давом этмоғи лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):  “Ким менга бир маротаба салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради”, деб марҳамат қилганлар.

الأحد, 01 كانون2/يناير 2017 00:00

ХАЛҚИМИЗНИНГ ИШОНЧИ ЮКСАК, УМИДИ КАТТА

Ҳар бир мамлакатнинг демократия тамойилларига қанчалик амал қилаётгани ўтказган сайловларида намоён бўлади. Қачонки, сайловда халқ ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода эта олса, ана ўша сайлов умум­эътироф этилган хал­қаро стандартларга мувофиқ тарзда ўтказилган ҳисобланади. Сайловнинг яна бир фазилати шуки, демократик давлатларда халқ ҳокимияти – фуқаролик жамияти ана шу қадрият асосида ўрнатилади. Республикамиз аҳолиси истиқлол йилларида сайлов қонунчилиги ва амалиёти борасида етарлича тажриба тўплагани Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида яққол ифодасини топди.

 

2016 йилнинг 4 декабрь куни тонгни юртдошларимиз кўтаринки кайфиятда қарши олди. Эрталабдан кечгача ёшу қари гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қувноқ кайфиятда сайлов участкаларига бораётганига гувоҳ бўлдик. Ўзимиз ҳам уларнинг сафида овоз бердик. Ватандошларимиз мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ҳодиса – Президент сайловида қатнашиб, ўзи танлаган номзодга овоз бердилар. Республикамиз аҳолисининг 87,73 фоизи сайловда мамнуният ила қатнашди.

Сайловда фаол қатнашиб юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор ифода этдик. Илло, бугун одамларнинг тафаккури, дунёқараши, ҳаётга муносабати, теварак-атрофимизда рўй бераётган туб ўзгаришларга қарашлари ўзгача. Ҳар бир кишининг ўз мустақил фикри, воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўзига хос ёндашуви бор. Одамларда мамлакатимизда юз бераётган ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси кучайиб бормоқда. Юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллиги ошди, фуқаролик масъулияти юксалди.

Халқимиз қадимдан ҳар бир масалани ортиқча ҳис-ҳаяжонларга берилмасдан, вазминлик билан бамаслаҳат ҳал этишни одат қилган. Зеро, бу Аллоҳ таолога хуш келувчи сифатлардандир: “Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур” (Шўро, 38). Аждодларимизнинг ана шу анъанасига амал қилингани туфайли сайлов кампания­сининг барча иштирокчилари қонунчилик талабларига оғишмасдан риоя қи­лди. Бирор сайлов участкасида қонунбузарлик ва бошқа кўнгилсизликлар содир этилмади. Номзодларнинг бири иккинчисининг қачонлардир йўл қўйган бирор хатоси бўлса, ўшани топиб олиб, дастак қилиб кўтармади. Аксинча, ўзининг келажакда амалга оширмоқчи бўлган ёруғ режаларини халқимиз муҳокамасига олиб чиқди.

Сайлов участкаларига турли сабаблар билан кела олмаганлар ҳам овоз беришдан четда қолмади. Сайлов куни ўз маконида бўла олмайдиган кишиларимизга муддатидан олдин овоз бериш учун қулай шароитлар яратилди. Янада эътиборлиси, ногиронлар эътибордан четда қолиб, кўнгли ўксимади, овоз бериш учун уларга ҳам муносиб қулайликлар яратилди.

Демократик тамойилларга тўла мос ҳолда ўтказилган сайловда узоқ йиллардан бери масъулиятли вазифаларда самарали фаолият юритиб, халқимиз меҳрини қозонган Шавкат Мирзиёев ишончли ғалабага эришиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти деган юксак ва масъулиятли мартабага сазовор бўлди.
Раҳматли биринчи Прези­дентимиз олиб борган савобли ишларни давом эттиришдек залворли вазифа энди у кишининг зиммасида. Халқимизнинг янги сайланган Президентдан умидлари катта. Давлатимизнинг янги раҳбари бу ишончни оқлаши аниқ. Чунки у кишида бунинг учун илм ҳам, тажриба ҳам, юртпарварлигу халқпарварлик ҳам, энг муҳими, мамлакатни бошқариш борасида ноёб қобилият ҳам етарлидир.

Ўзимизнинг эркин хоҳиш-иродамиз билан маъқул номзодни сайлаб олдик, алҳамдулиллоҳ. Энди Президентимиз атрофида жипслашмоғимиз, у кишини дуойи хайрлар билан қўллаб-қувватлаб турмоғимиз бизнинг диний ва фуқаролик бурчимиздир. Аллоҳ таборака ва таоло бундай буюради: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) иш эгалари (раҳбарлар)га итоат этингиз!..” (Нисо, 59).

Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси қабул қилинганига 24 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда давлатимизнинг янги раҳбари кириб келаётган 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, масъул ташкилотларнинг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги имкониятлари ва самарали усулларини жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Бу, ўз навбатида, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсияларига ҳам тўла мос келадиган таклифдир. У зот бундай марҳамат қиладилар: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулдирсиз...” (Имом Бухорий ривояти).

Бундан ташқари, келаси йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бир қатор муҳим ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Бу ўзгаришлар халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишига, юртимизнинг бундан-да равнақ топишига хизмат қилади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло юртимизга берган тинч­лик-хотиржамликдай улуғ неъматга самимий шук­ронамиз, раҳматли биринчи Президентимиздан жудолик мусибатига қилган сабримиз туфайли берилажак ажру мукофотлар бўлади, иншоаллоҳ...

Илоҳо, янги сайланган Президентимизнинг ушбу мартабадаги қадамлари қутлуғ ва баракотли бўлсин, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган барча хайрли ишларида Парвардигори олам тавфиқи ва ёрдамини аямасин!

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий

 

Мақолалар

Top