muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 06 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

Шукр қилувчи мукофотланади

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

"Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсаниз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир" (Иброҳим, 7).

Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда "алҳамду лиллаҳ" дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, улар­нинг шукрини адо этишда тил билан айтилган ҳамднинг ўзи кифоя қилмайди. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни адо қилиш жисм неъматининг шукри бўлса, фарзанд неъматининг шукри уларни имон-эътиқодли, пок виждонли, ватанига садоқатли қилиб вояга етказишдир.

Ўтган  пайғамбарлардан бири Аллоҳнинг амри билан  бир хонадонга ташриф буюриб, уларга ўзини таништирди. Сўнг уларга деди: “Аллоҳ таоло сизларга бир хабарни етказишимни буюрди. У сизларнинг умрингизни икки қисмга бўлиб, бирини роҳат-фароғат, сиҳат-саломатлик, иктисодий кенгчиликда, иккинчисини эса қийинчилик, машаққат, бетобликда ўтказишингизни тақдир килибди. Аллоҳ таоло сизларга танлаш ихтиёрини берди. Қай бирини аввал берсин, кенгчиликними ёки машаққатли ҳаётними?” Эр­­­-хотин куп ўйладилар. Оила раҳбари аёлига ушбу фикрни айтди: «Биз ёш ва қувватлимиз, ҳозир ҳар қандай қийинчиликни енгишимиз осон кечади. Шунинг учун қийинчиликни ихтиёр қилсак-да, кексайганимизда машаққатсиз роҳатда ҳаёт кечирсак!?» деди. Аёли бунинг аксини – аввал енгил ва фаровон ҳаётни танлашни таклиф килди. Кўп мулоҳазалардан кейин эр-хотин бир қарорга келиб пайғамбарга дедилар: «Аллоҳ таоло бизга аввал фаровон ҳаётни инъом килсин». Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасданок Аллоҳ таоло хонадонларига барака берди, иктисодиётлари юксалиб роҳатда яшай бошладилар. Эр-хотин бу берилган роҳат-фароғатнинг шукронаси ўларок, кундузлари рўзадор, тунлари қоим, қуни-қушнилар билан гўзал муносабатда, ғариблар ҳолидан хабар олиб, муҳтожларга ёрдам курсатиб умр гузаронлик килдилар. Берилган неъматни исроф килмай Аллоҳ буюрган ўринга сарф этдилар. Вақт олий ҳакам деганларидек, пайғамбар айтган ҳаётнинг иккинчи кисми, яъни қийинчилик, машаққатли давр етиб келган эди. Оиладагилар «Энди бизнинг машаққатли  ҳаётимиз бошланади» дея кута бошладилар. Лекин, айтилган муддат келган бўлсада,  ҳанузгача фаровон ҳаётлари тугамас эди. Белгиланган муддатдан икки йил ўтиб яна ўша пайғамбар ташриф буюрди. Оила раҳбари пайғамбарга мурожаат қилиб: «Аллоҳ таоло умримизни икки қисм килиб қуйганлиги ҳақида хабар бергандингиз. Умримизнинг бир кисми ўтиб, иккинчи машаққатли ҳётимиз бошланиши керак эди, лекин ҳануз фаровон ҳаёт кечирмокдамиз. Не сабаб роҳатдаги ҳаётимиз давом этмокда?» деди. Пайғамбар (а.с) «Ҳақиқатда Аллоҳ таоло   умрингизни икки кисим – фаровон ва машаққатга тақсимлаган  эди. Сизлар Аллоҳнинг берган неъматларини исроф қилмасдан туғри йулда сарф килиб, шукроналикда ҳаёт кечирганингиз учун машаққатли ҳаётингизни ҳам яна фаровон ҳаётга айлантириб берди» деди.

Аллох таоло оятнинг давомида: «Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир" дея огоҳлантирди. Аллоҳ тарафидан берилган ҳар бир нематнинг шукри уни туғри йўлга сарф қилиш орқали амалга ошади. Чунки баъзи нодон кишилар Аллоҳнинг берган неъматларини жоҳиллик қилиб инкор қиладилар. Шунинг учун ўзларига бино қуйиб  «Мен бу қулимдаги мол дунёни, мансабни, обрўни ўзимнинг ақл заковатимнинг зўрлигидан, серҳаракатлигим, уддабронлигим эвазига қўлга киритганман», деб ўйлайдилар. Йўлларида учраган, Аллоҳ таоло қайтарган гуноҳ маъсиятларга бор будларини сарф этадилар. Қарабсизки, дунёни ўзидаёқ  берилган неъматга шукр қилиб, туғри фойдалана олмагани учун ундан маҳрум булади. Охиратда эса  унинг жавоби янада оғир кечади. Ушбу оят тафсирида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Неъматга куфроналик қилган бандаси учун Аллоҳнинг  берадиган азоби икки хилдир. Бири ношукурлиги сабабидан дунёдаёқ берган неъматини ундан олиб қўяди. Иккинчиси эса қиёмат кунида неъматга куфроналик қилгани учун унинг уқубатини бардавом қилиб қўяди» деганлар.    

Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга ундайди. Аксинча, шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.

"Руҳул-баён" тафсирида шундай ривоят келтирилади: "Бир куни Исо алайҳиссалом бир фосиқ билан сафарга чиқдилар. Исо алайҳиссалом сафарда ейишга ўзлари билан уч бурда қотган нон олиб, уларни ҳамроҳларига бериб қўядилар. Йўлда у киши Исо алайҳиссаломга билдирмай ноннинг биттасини еб қўяди. Бир дарахтнинг ёнига етганларида Исо алайҳиссалом нонушта қилиб олишни таклиф қилиб, кишига нонларни халтадан олишни буюрадилар. У икки бўлак нонни чиқаради. Буни кўрган Исо алайхиссалом ундан қолган бир бўлакни ҳам чиқаришни айтадилар. Фосиқ киши эса унда фақат мана шу иккита бўлакдан бошқа йўқ эканини, Исо алайҳиссалом унга фақат иккита нон берганларини айтиб, ҳар қанча талаб қилсалар-да, еб қўйган нонидан тонади.

Нонуштадан сўнг яна йўлда давом этадилар. Сафар давомида ҳалиги киши Аллоҳ таолонинг Исо алайҳиссаломга берган бир нечта мўъжизаларининг гувоҳи бўлади. Исо алайхиссалом унга кўрган мўъжизалари ҳаққи-ҳурмати учинчи нонни қаерга қўйганини айтишни сўрайдилар. У Аллоҳнинг ягоналигига, Унинг қудратига далолат қилувчи қанчадан-қанча мўъжизаларни кўрган бўлсада, барибир ёлғон гапиради, яъни унда фақат иккита нон бўлганига қасам ичади.

Икки ҳамроҳ йўлда кета туриб, тасодифан қум уюми остида ялтираб турган нарсага кўзлари тушади. Яқинига бориб қарасалар, уч бўлак тилло қуймаси экан. Шунда Исо алайхиссалом тиллоларни тақсимлашни так­лиф қиладилар ва бир бўлаги менга, иккинчи бўлаги сенга, учинчи бўлаги эса учинчи бўлак нонни олган кишига, дейдилар. Мана шу вақт фосиқ тиллонинг учин­чи бўлагига ҳам эга бўлиш мақсадида ноннинг учинчи бўлагини ўзи еганини тан олади. Шунда Исо алайҳиссалом унга: “Аллоҳнинг қанчадан қанча мўъжизаларини кўра туриб тан олмаган нарсангни, арзимас дунё матосига эришиш учун бўйнингга олмоқдасан. Демак, сен Парвардигорнинг неъмати қадрини билмайдиган ношукр бандасан, энди сен билан менинг йўлимиз бошқа-бошқа”, деб фосиқни тарк этиб кетдилар.

Исо алайҳиссаломдан ажраган киши ёлғиз кетаётганида ногаҳон олдидан уч нафар қароқчи чиқиб қолади. Улар уни ўлдириб, тиллоларини бўлишиб оладилар. Шундан сўнг қароқчилардан бири егулик олиб келиш учун яқин қишлокдарнинг бирига кетади. Қолган иккитаси шериклари егулик олиб келгач, уни ўлдириб, тиллосини бўлиб олиш режасини тузиб қўядилар. Таом сотиб олишга кетган қароқчи ҳам шерикларининг таомига заҳар солиб, улар ўлгач тиллоларини ўзлаштириб олишни режалаб қўйган бўлади. Шундай қилиб, таом олиб келган қароқчини шериклари ўлдиради ва ўзлари ҳам таомдан татиб, заҳарланиб ўладилар.

Исо алайхиссалом тасодифан ҳалиги ҳамроҳи ва учта қароқчининг мурдаси устидан чиқиб қоладилар ва Аллоҳнинг берган ҳалол ризқига қаноат қилмаган, берилган неъматларнинг қадрига етмаган, унинг шукрини адо этмаган кишининг ҳоли шудур, деб йўлларида давом этадилар".

 Манбалар асосида Фарғона вилояти Бағдод тумани “Қўштегирмон” жоме масжиди имом-хатиби Давлатёров Муҳаммадсафохон тайёрлади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Ияд Амин Маданий Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан ҳамдардлик телеграммаси йўллади. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Маданий Ўзбекистон халқи ва барча мусулмон уммаси доно ва узоқни кўра биладиган давлат арбобидан айрилганини таъкидлади.

«Ислом Каримов мусулмон уммаси орасида ўзаро ҳамфикрлилик, ҳамжиҳатлик мустаҳкамланишининг қатъий тарафдори эди. 2016 йилда Тошкент бежиз ташкилотимизга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 43-йиғилиши ўтказиш жойи сифатида танланмаганди», — дейилади телеграммада.

Манба: Daryo.uz

 

الثلاثاء, 06 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

Истиқлолимиз раҳнамоси

Жафокаш халқимизнинг бошига кўп мусибатлар тушган. Зеро, Аллоҳ таоло суйган бандасига турли синовлар, имтиҳонлар юбориб, унинг иймонини, иродасини пўлатни ўтда тоблагандек тоблаб турар экан. Ўзбек халқи ҳам сўнгги асрлар давомида, айниқса, кўп заҳматлар чекди, мустабид тузумнинг асоратида қолди. Бироқ, эрксевар халқнинг метин иродасини, порлоқ келажакка, ҳурриятга бўлган ишончини ҳеч нарса синдира олмади. Парвардигоримизнинг инояти ила халқимиз ичидан буюк ўғлонлар, асл қаҳрамонлар етишиб чиқиб, Ватан озодлиги, юрт ободлиги йўлида улкан ишлар қилиб, исмлари тарихимизга зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолди.

Салкам юз йил давом этган истибдод давомида эркидан, динидан, тарихидан, тилидан айрилаёзган халқимизнинг дардига ана шундай улуғ фарзандлардан бири малҳам бўлди. Ҳуррият байроғини баланд кўтариб, дунё харитасида Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлатни пайдо қилган бу инсон Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти, мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримов эди.

Бу инсонга инсоният тарихида камдан-кам одамларга бериладиган бахт насиб этди. Бу бахт – она халқини зулматдан нурга, қулликдан озодликка олиб чиқиш, уни тараққиёт ва эзгулик йўлига бошлаш, порлоқ истиқбол йўлини кўрсатиб беришдир. Бундай шараф тарихи, ўтмиши буюк халқимизнинг, башариятга кўплаб улуғ зотларни берган заминимизнинг улуғ фарзандларига насиб бўлган эди, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга ҳам насиб этди.

Бугун муҳтарам юртбошимизни сўнгги йўлга кузатар эканмиз, у кишининг раҳбарлиги остида босиб ўтилган шонли тарихимизга бир назар ташлаб, эришилган муваффақиятларни сарҳисоб қилсак, у кишининг Ватан олдидаги, эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги буюк хизматларини яхшироқ англаймиз.

Халқимиз мустақилликнинг мураккаб вазиятли дастлабки кунларини, турли фитналар таҳдид солиб турган таҳликали даврларни Ислом Каримов раҳнамолиги остида енгиб ўтиб, тинчлик, бунёдкорлик, тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт сари дадил қадам ташлай бошлади. Юртбошимиз ғоят оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволга тушиб қолган республикани муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолишга, чигал вазиятни қисқа вақт ичида тубдан ўзгартиришга эришди.

Ҳуррият тонги отиб, истиқлол қуёши чарақлаган сари юртимизда иқтисодий юксалиш, диний эркинлик, бағрикенглик, ўзликни англаш, тикланиш шамоллари эса бошлади.

Юрт ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан обод бўлди: Ватанимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошди, иқтисодиётда қатор тармоқлар ривожланди, янгиларига асос солинди, кўплаб саноат объектлари барпо этилиб, ишга туширилди; Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинди, ибодатлар эмин-эркин бажарила бошлади, янги масжидлар, мадрасалар қурилди, таъмирланди, минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра сафарига отланди. Ҳар бир янги ўқув йилининг бошида мактабга илк қадам қўйган болажонларга Президент совғаси топширилиб, фарзандларимиз юртбошимиз берган қалам-қоғоз билан хат-савод чиқаришди, илм-фан соҳасида, маданият ва спорт соҳасида катта муваффақиятларга эришишди, жаҳон спорт майдонларида улкан ғалабалар қозонишди ва қозонишмоқда.

«Яхшидан боғ қолади», дейди доно халқимиз. Мустақилликнинг чорак асрлик солномаси минг-минглаб бино ва иншоотлар, янги йўллар, кўприклар ва бошқа кўплаб қурилиш объектлари билан тўлиб-тошди. Шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон дунёда иқтисодиёти энг жадал суръатлар билан ривожланаётган бешта давлат қаторидан жой олди, юрт ободлиги, Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги, халқ ҳаётининг тинчлиги, турмуш фаровонлиги таъминланди.

Шу йиллар давомида Ўзбекистон тинчликпарвар, халқпарвар ташқи сиёсат олиб борувчи, барқарорликни, ҳар қандай можароларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишни ёқловчи кучли давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади.

Юртбошимиз миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшди.

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг фидокорона меҳнатини, юртда тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга қўшган улкан ҳиссасини халқимиз муносиб тақдирлаб, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, «Мустақиллик» ва “Амир Темур” орденлари билан тақдирлади.

Мураккаб геосиёсий вазиятларда, миллат тақдири, Ватан тақдири, нафақат юртимиз ҳудудида, балки Ўрта Осиё минтақасидаги барча халқлар тақдири ҳал қилинаётган оғир шароитларда юртбошимиз қатъият билан, метин ирода билан фақат тинчлик йўлини танлади, Ўзбекистоннинг мустақиллигини, халқ манфаатларини ҳимоя қилди, оғир синовлардан шараф билан ўтди.

Сўнгги йилларда халқаро вазият оғирлашиб, дунёнинг турли чеккаларида биродаркушлик урушлари, босқинчилик, мутаассиблик олови тобора кучайган сари, нафақат юртимизда, балки бутун дунёда юртбошимиз танлаган йўлнинг, иқтисодий-ижтимоий сиёсатдаги ўзбек моделининг қанчалик тўғри экани эътироф этила бошланди.

Табиийки, халқимиз бу улуғ инсоннинг улкан хизматларини юксак қадрлади. Юртбошимиз халқнинг самимий меҳр-муҳаббатини қозонди, элнинг ардоғида бўлди. Президентимиз ҳар бир байрамда, ҳар бир шодиёнада халқимизнинг олқишлари остида нутқ сўзлаб, барчамизни муборакбод этар, эл-юртнинг қувончига шерик бўларди. Шунинг учун ҳам ўзбек халқи бу йилги истиқлол байрамини алоҳида ҳаяжон билан кутаётган, мустақиллигимизнинг чорак асрлик тўйини алоҳида қувонч билан, ўзгача бир шукуҳ билан нишонлашга тайёрланаётган эди. Йигирма беш йиллик шонли йўлнинг сарҳисобига ўзгача тараддуд кўриларди. Аммо йигирма беш йиллик тинимсиз оғир меҳнат, улкан масъулият оддий бир инсон учун жуда катта синов эди. Бу синов мезонининг бир палласига юрт ободлиги, Ватан озодлиги қўйилган бўлса, бир палласига ана шу улкан масъулиятни зиммасига олган инсоннинг саломатлиги, ҳаёти қўйилган эди. Айни байрам арафасида юртбошимизнинг саломатлиги кескин ёмонлашгани ҳақидаги хабар бутун Ўзбекистон халқини чуқур изтиробга солди. Барча ватандошларимиз давлатимиз раҳбарининг соғайиб кетишини сўраб, дуолар қилиб турдилар. Аммо тақдир қалами битган иш амалга ошмай қолмайди. Тирик жон борки, ҳаёт интиҳосига юзланади, боқийлик эса фақатгина Аллоҳ таолога хосдир.

Биз бугун умрини халқ озодлиги йўлида, юрт тинчлиги, фаровонлиги йўлида сарфлаган, бор куч-ғайратини, шижоатини, ҳаётини миллатининг, Ватанининг шаънини юксалтиришга фидо қилган инсонни сўнгги йўлга кузатдик.

Ишонамизки, юртимиз узра истиқлол қуёши мангу порлагай, халқимиз ўзи танлаган порлоқ истиқбол йўлидан дадил қадам ташлагай ва бу йўлга асос солган, бу йўлдан бизларни бошлаб борган Юртбошимизнинг руҳини шод айлагай!

Ислом дини боқий манзил сари отланган инсоннинг ҳаққига хайрли дуолар қилишни ўргатади. Шундай экан, дорулфанодан дорулбақога риҳлат қилган Юртбошимиз олдидаги биродарлик, фуқаролик, ватандошлик, инсонлик бурчимиз ўлароқ, у кишининг ҳақларига Аллоҳ таолодан раҳмату мағфират сўраб, дуоларга қўл очамиз:

Раббимиз! Ватанимизнинг истиқлоли, халқимизнинг тинчлиги, фаровон ҳаёти учун қайғуриб, шу йўлда умрини бахшида этган бу бандангни мағфиратингга олгин, раҳматингга буркагин, борадиган манзилини, ётадиган маконини тинч-осойишта айлагин! Умри давомида қилган барча солиҳ амалларини, саъй-ҳаракатларини садақаи жория ўлароқ ўзига ҳамроҳ айлаб, бу савоб ишлар учун ваъда қилган ажру мукофотларинг билан сийлагин! Ортда қолган аҳли-оиласи, фарзандлари, яқинларига ва бутун Ўзбекистон халқига сабру жамил ато айлагин!

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

الإثنين, 05 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

“...АЛЛОҲ УЧУН БАЙТНИ ҲАЖ ҚИЛИШ”

“Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш(фарзи) бордир” (Оли Имрон, 97). Ушбу ояти каримага кўра ҳаж қодир бўлган кишиларга умри давомида бир марта адо этиш фарз ибодатдир.

Уламолар фикрича, ҳижрий тўққизинчи йилнинг охирида ҳаж амали фарз қилинган. Ўша дамдан то ҳозирги кунимизгача, ҳар йили зулҳижжа ойида бутун ер юзидаги қодир бўлган мусулмонлар Каъбатуллоҳга ҳам молиявий, ҳам жисмоний, ҳам руҳоний амал ҳисобланувчи ушбу ибодатни адо этиш учун тўпланадилар.

Эҳромда бўлиш, Арафотда туриш ва Ифоза тавофини қилиш каби фарзларни тўлиқ ихлос билан адо этган мўминга Аллоҳ таоло улкан савобларни ваъда қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Ким Байтуллоҳни ҳаж қилса, (унда) ахлоқсиз сўзларни гапирмаса ва фисқ-фужур ишларни қилмаса, худди онаси уни туққан кундаги каби (барча) гуноҳлардан покланиб қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ фарз қилгани ва унга улкан савоблар ваъда қилингани туфайли ҳам ҳар бир мўмин умри давомида бир бор бўлсин, ўша муборак масканларда – Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада бўлиш, Аллоҳнинг уйини зиёрат қилиш, ўқилган бир ракат намоз учун юз минг ракат савоби ваъда қилинган Масжидул Ҳаром,  бир ракат намоз учун минг ракат намознинг савоби ваъда қилинган Масжиди Набавийда Аллоҳ қодир айлагани қадар ибодат қилишни ўзининг энг олий мақсади деб билади.

Асрлар давомида кўнглида ана шундай олий орзу-истак билан яшаган аждодларимизнинг ушбу самимий орзуси Аллоҳга шукрлар бўлсинки, истиқлол туфайли амалга оша бошлади. Истиқлолнинг илк дамлариданоқ, ҳаж ва умра ибодатларини юксак савияда ташкил қилиш, мўмин-мусулмонларга ибодатларини энг яхши шароитларда адо этишлари учун имкон яратишга катта эътибор қаратилди.

“Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши” нинг қарорлари ҳамда тавсиялари асосида ташкил этилаётган ушбу ибодатларни юртдошларимиз ўтган йиллар мобайнида энг яхши шаротиларда адо этиб қайтдилар.

 Ўрнатилган тартиб-қоидага кўра, ҳаж ва умра сафарига чиқиш истагида бўлган юртдошларимиз, аввало, тиббий кўрикдан ўтказилиб, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг тавсиясига кўра касалликларга қарши вакцинация қилинадилар. Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ҳаж вазирлигининг тавсиялари билан барча зиёратчиларни таништириб ўтади. Шунингдек, зиёратчиларга махсус йўл халталари, ибодатни бехато адо этишларида кўмакдош бўладиган Ҳаж ва умра қўлланмалари тарқатилади. Кўрилган ушбу чора-тадбирлардан сўнг юртдошларимиз сафарга жўнаб кетадилар.

Бу йил ҳам, зиёратчилар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг “БОИНГ” русумли ҳаво кемаларида Тошкент, Наманган, Бухоро, Урганч, Қарши ва Самарқанд шаҳарларидан амалга оширилилган чартер рейсларда 24 август – 4 сентябрь кунлари муборак заминга жўнаб кетдилар.

Ҳаж ва умра мавсуми чора-тадбирлари ҳам ҳар галгидек, юксак савияда ташкил этилди. Зиёратчиларимиз шинам ва кўркам, барча шароитлар мавжуд меҳмонхонага жойлашдилар. Ишчи гуруҳ таркибида бўлган ошпазлар томонидан уч маҳал миллий таомлар билан таъминланмоқдалар. Шифокорлар ҳам ҳожиларнинг саломатлигини назорат қилиб туришибди. Элликбоши ва юзбошилар эса ҳар йилгидек ўз гуруҳидаги ҳар бир зиёратчига масъул бўлиб, ибодатларни мукаммал адо этишларида уларга кўмакдош бўлмоқдалар. Бунинг натижасида, юртошларимиз ибодатларини адо этиб, ҳеч қандай талафотларсиз омон-эсон оиласи бағрига қайтмоқдалар.

Ишнинг ана шундай, ҳар бир жиҳатга эътибор берган ҳолда, юксак савияда ташкил этилгани ҳар йили Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан эътироф этилмоқда.

Ҳар йили бўлганидек, бу йил ҳам беш мингдан зиёд юртдошларимиз муборак заминда бўлиб, динимизнинг бешинчи арконини адо этиш бахтига сазовор бўлмоқдалар.

Таъкидлаш жоиз, ҳаж ва умра зиёратининг мукаммал ташкил этилиши, ўтган 25 йил мобайнида неча минглаб мўмин-мусулмонларнинг кўнглидаги ана шу самимий орзунинг амалга ошиши албатта, юртимизда динимизга берилган кенг имкониятларнинг натижасидир.

 

Эрта тонгдан Мадина шаҳридан Маккаи мукаррамага йўлга чиққан Қашқадарёлик ҳожиларимиз эсон-омон етиб келдилар. Уларни ишчи гуруҳ вакиллари кутиб олиб, меҳмонхонага жойлаштирдилар. Зиёратчиларимиз ташкилий равишда гуруҳ раҳбарлари бошчилигида Умра амалини Ҳарами шарифда адо этдилар ва муҳтарам Юртбошимизнинг охиратлари обод бўлишини ҳамда юртимизнинг тинчлиги ва осойишталиги ҳамда халқимиз янада фаровон бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилдилар. 
Ҳозирда ҳожиларимиз соғ ва саломатдирлар. 

Саудия Арабистони, Макка шаҳри

Мақолалар

Top