muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 29 آب/أغسطس 2017 00:00

01.09.2017 й. Истиқлол – улуғ неъмат

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Бугун жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан кутиб олмоқдамиз. Аллоҳ таоло бу саодатли ва қутлуғ айёмни барчамизга муборак айласин!

Дарҳақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлиги, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, ўтган давр мобайнида ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди.

Мустақиллик бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Натижада ҳалқимиз ўзлигини таниб турмушнинг барча жабҳаларида миллийликка қайтмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилганидек:

(وَقُلْ جَاء الْحَقُّ وَزَهَقَ الْبَاطِلُ إِنَّ الْبَاطِلَ كَانَ زَهُوقًا  (سورة الاسراء/81

яъни: “Айтинг, Ҳақиқат келди ва ботил йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир” (Исро сураси, 81-оят).

Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржам адо этиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Азиз авлиё, улуғ аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёратгоҳлар таъмирланди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси, албатта, Аллоҳнинг инояти ва шунингдек истиқлолимизнинг шарофатидандир.

Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид кўплаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди ва қилинмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ   (سورة إبراهيم/7

яъни: “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”, - деб таъкидлаган (Иброҳим сураси, 7-оят).

Инсон ўзидаги неъмат ҳақида мулоҳаза юритиши, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд  ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриши билан унинг қадрини англайди.

Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Албатта, бу Аллоҳ таолога хуш келади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз ﷺ ҳадисларининг бирида:

(قَالَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِنًا فيِ سِرْبِهِ، مَعَافًي فيِ جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأَنَّما حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا بِحَذَافِيرِهَا" (رواه الإمام البخاري و الإمام الترمذي

яъни: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, - деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Давлатимизнинг ислом динига нисбатан ғамхўрлиги барчамизда ўз навбатида ислом динининг мусаффолигини сақлаш, унинг асл моҳиятини теран англаб, ёш авлодни турли ғаразли кучлар таъсиридан ҳимоя қилишга масъулият ҳиссини оширмоғи  зарур бўлади.

Абу Ҳурайра رضي الله عنه дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ لَّمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ "

(رواه الإمام الترمذى).

яъни: “Кимики инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмаган экан, демак Аллоҳга шукр қилмабди”, - деганлар (Имом Термизий ривояти).

Демак, биз мусулмонларга ҳар томонлама кўмак бериб, зарур бўлган шарт-шароитлар яратиб берган раҳбарларимиздан тортиб, то атрофимиздаги кишиларнинг яхшилигини эътироф этиб, ташаккурлар айтмас эканмиз, Аллоҳ таолонинг беҳисоб неъматларининг шукронасини ҳеч ҳам адо этолмаймиз.

Пайғамбаримиз ﷺ: шундай деганлар:

(قَالَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا أَنْعَمَ اللهُ عَلَى عَبْدٍ نِعْمَةً، فَقَالَ: الحَمْدُ لِلَّهِ، إِلاَّ  كَانَ الَّذِي أّعْطَاهُ أَفْضَلُ مِمَّا أَخَذَ" (رواه الإمام ابن ماجه

яъни: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти).

Муҳтарам жамоат! Барчангизга маълумки, ўтиб бораётган 2017 йил жаннатмакон юртимиз раҳбари ташаббуслари билан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган.

Ислом  динида инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалардан ҳисобланади.

Зеро, Аллоҳ таоло йўлида қилган яхши амалларимиз, халққа қилган холис хизматларимиз, эзгу ниятларимиз асло зое бўлмайди. Чунки, сизу-бизнинг қилган яхши ишларимизни ва инсонларга кўрсатган ғамхўрликларимизни бандалар унутиб юборса ҳам Аллоҳ таоло асло унутмайди. Аллоҳ таоло Ўз шаънига муносиб тақдирлайди. Динимиз мўмин-мусулмонларни бир тану бир жон бўлиб, ўзаро бир-бирига ёрдам бериб, манфаат келтириб яшашга тарғиб қилган.

Чунки қайси бир инсон бошқа бир инсонга яхшилик қилиб, ёрдам қўлини чўзиб, унинг мушкилини енгил қилса, Аллоҳ таоло у бандага Ўзи ёрдамчи бўлади.

Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعَهُمْ لِلنَّاسِ"

(رواه الإمام الطبراني).

яъни:  Ибн Умар رضي الله عنه дан ривоят қилинади Пайғамбар ﷺ: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни юксак даражада қадрлаб ва ардоқлаб бормоғимиз зарур бўлади. Зеро, тинчлик ва осойишталик фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт омилидир.

Истиқлол туфайли она диёримиз мусулмонлари ҳаётида ҳам катта ижобий ўзгаришлар юз берди.

Давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтириш, имон-эътиқодли қилишга катта эътибор қаратилди.

Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда зикр этган:

( إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آَمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآَتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ فَعَسَى أُولَئِكَ أَنْ يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ   (سورة التّوبة/18

яъни: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба сураси, 18-оят) ояти каримасининг мазмунига мувофиқ мустақиллик йилларида Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид обод бўлди ва намунали фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, 6-7 ой давомида мамлакатимизда диний соҳада катта ўзгаришлар содир бўлди. Аллоҳ таолонинг:

 وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا  (سورة ال عمران/97

яъни: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят) ояти каримасига амал қилган ҳолда бу йил етти мингдан зиёд ҳамюртларимиз исломнинг асосий арконларидан бўлмиш Ҳаж ибодатини адо этишга муяссар бўлмоқдалар.

Шунингдек, Президентимизнинг Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этиш, Сурхондарёдаги Абу Исо Муҳаммад Термизий зиёратгоҳини улкан мажмуага айлантириш, Бухорода “Мир Араб” олий мадрасасини ташкил этиш, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий, Навоий вилоятидаги Нурота қадамжоларини, пойтахтдаги Сузук ота ва ат-Термизий масжидларини капитал таъмирлашга доир ташаббусларини халқимиз катта қувонч билан қарши олди.

Буларнинг замирида мустақиллик берган имкониятлар ва эркинликлар ётади. Мўмин-мусулмонларимиз Аллоҳ таоло ато этган мустақиллик ҳамда ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишлари лозим.

Ўтган йилларда юрт тинчлиги, халқимизнинг фавровонлигига раҳна солиш мақсадида Ватанимизга кириб келган мутаассиб оқимлар тузоғига илинган баъзи шахслар қилмишларига яраша жазо олдилар. Жорий йил давомида давлатимиз томонидан ташкил қилинган, диний уламолар, имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, маҳалла вакилларидан иборат махсус ҳайъат жазо муддатини ўтаётган ҳамда яшаш манзилларидаги ана шундай шахслар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказдилар. Натижада, улар адашганини англаб, қилмишидан пушаймон эканини билдилар. Шунга кўра уларга махсус ҳисобда турувчилар рўйхатидан чиқарилиб, кейинги ҳаётларида Ватанга, халққа хизмат қилиш орқали хатоларини оқлаш имкони берилди. Ўз навбатида маҳалла жамоатчилиги, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда имом-хатибларимиз ҳам уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, фойдали меҳнат билан машғул бўлиши учун ёрдам кўрсатмоқдалар.

Бу ҳам бўлса, кечиримли бўлиш чин мўминга хос фазилатдир, деган ҳикматнинг тўлиқ ифодасидир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси, 134-оятида шундай марҳамат қилади:

 

الَّذِينَ يُنْفِقُونَ فِي السَّرَّاءِ وَالضَّرَّاءِ وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ  

(سورة آل عمران/134).

яъни: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.   

Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ ва азиз мустақиллик неъматининг қадрига етиш, унинг учун шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизни насибу рўзи айласин! Азиз ва қадрли Истиқлолимизнинг йигирма олти йиллик шодиёналарини шоду-хуррамлик, масрурлик, тинчлик-омонлик ва ўзаро иттифоқлик билан ўтказишимизда Парвардигор ёру мададкор бўлсин!

Муҳтарам азизлар! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимизда ҳанафий мазҳабимизда истинжо ва таяммум қилишга оид ҳукмлар ҳақида сўз юритамиз.

 

Истинжо қилиш тартиби:

 

  1. истинжо қилиш суннатдир;
  2. кесак ёки унга ўхшаш нарса билан истинжо қилиб, то поклангунча артиш;
  3. истинжо қилишда муайян адад йўқ, бироқ сони тоқ бўлгани яхши;
  4. истинжодан кейин сув билан ювиш афзалдир;
  5. агар нажас махраж жойидан бошқа жойга ёйилса бу ҳолатда ювиш вожиб бўлади;
  6. суяк ва тезак кабилар билан истинжо қилиш мумкин эмас;
  7. ейиладиган нарса билан истинжо қилинмайди;
  8. ўнг қўл билан истинжо қилинмайди.

 

Таяммумнинг фарзлари:

 

  1. таяммумни ният қилиш;
  2. пок тупроқни қасд қилиш;
  3. икки қўлини ерга уриб, юзига масҳ қилиш;
  4. қўлларини ерга уриб икки қўлини тирсаклари билан қўшиб масҳ қилиш.

 

Таяммум қилиш жоиз бўлган ҳолатлар:

 

  1. сув топишга ожиз бўлган вақтда таяммум ҳам таҳорат ва ҳам ғусл ўрнига ўтади;
  2. баданидаги касал сув тегиш натижасида кучайиб кетадиган бўлса;
  3. сув соғлиги учун ўта совуқлик қилса;
  4. душманлар хавфи бўлса;
  5. сув озлиги сабабли агар таҳорат қилса, ташналик ёки сувсизликда қоладиган бўлса;
  6. сув бор бўлиб, таҳоратга қодир бўлган вақтда таҳорат қилиб бўлгунча, қазо қилинмайдиган намозга улгирмайдиган бўлса (икки ҳайит намози кабилар);
  7. маййит эгаси (валий)дан бошқа киши агар таҳорат қилса, жаноза намозига етиша олмаслигидан қўрқса.
الثلاثاء, 29 آب/أغسطس 2017 00:00

01.09.2017 й. Қурбон ҳайитингиз муборак!

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки,  сизу бизни Қурбон ҳайитидек улуғ кунларга етказди! Бу кунда ҳамма баробар хурсанд бўлади, Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Қурбон ҳайити Ҳаж ибодатлари тамом бўлгани муносабати ила ҳамда Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилишлик учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади.

Қурбонлик қилиш тўғрисида Қуръони каримда қуйидагича келган: 

(فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ  (سورة الكوثر/2

яъни: “Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг! (Кавсар сураси, 2-оят). Ушбу ояти каримани олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган.

Динимиз буюрган молиявий ибодатлардан бири зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидан бирида қурбонлик қилишдир.

Қурбонлик Аллоҳ йўлига жонлиқ сўйиш бўлиб, унинг замирида бой-бадавлат кишилар ўз тасарруфларидаги мол-дунёдан боқувчисини йўқотганлар, етим-есир, қарздорлар, қўни-қўшнилар ва кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилиш ётади. Бу билан жамият аъзолари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.

Шунга кўра Қурбон ҳайити кунлари Аллоҳ таолога севимли энг яхши иш қодир бўлганларнинг қурбонлик сўйишидир. Қурбонлик қилиш Иброҳим Халилуллоҳдан қолган амал бўлиб, Ҳанафий мазҳабимиз бўйича закот нисобига етарли маблағга эга бўлган кишилар учун вожибдир.

Қурбонликка аъзоларида ҳеч қандай айбу нуқсони йўқ туя, қора мол, қўй ва эчки сўйиш мумкин. Пайғамбаримиз ﷺ нинг муборак ҳадисларида: 

(عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "عَظِّمُوا ضَحَايَاكُمْ فَإِنَّهَا عَلَى الصِّرَاطِ مَطَايَاكُمْ" (أَسنَدَهُ الإِمَامُ الدَّيْلَمِيُّ

яъни: “Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади”, деб айтганлар (Имом Дайламий ривояти).

Қурбонлик қилган киши қурбонлигининг гўштидан ейди, истаган кишиларга ҳадя қилади ва бир қисмини кейин ейиш учун олиб қўяди. Агар оиласи катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини оила учун олиб қолиши мустаҳабдир.

Азиз жамоат! Аллоҳ таоло сизу бизга қалбимиздаги ниятимизга кўра муомала қилади. Чунки, Қуръони каримда марҳамат қилинади: 

(لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ  (سورة الحج/37

яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Ҳақиқатан ҳам, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Зеро, қурбонлик қилиш Аллоҳнинг шиорларидан бири бўлиб, Қуръони каримда шундай дейилган: 

(ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ  (سورة الحج/32

 

яъни: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).

Ҳайит кунлари кишилар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни, хайр-эҳсонни, умуман, эзгу ишларни кўпайтириш фурсати саналади. Мазкур кунларда Пайғамбаримиз ﷺ ўгитларига мувофиқ  мўмин-мусулмонлар бир-бирларини ҳайит билан қутлашлари, ўзаро ҳурмат-тавозеда бўлишлари, меҳрибонлик, саховат, оқибат кўрсатиш каби фазилатларни кўпроқ қилишлари керак.

Байрам кунларида ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, ёр-биродарларни, бемор, қарздор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб ёки ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш мусулмон кишининг бурчидир.

Зеро, Ибн Аббос رضي الله عنه дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қилганларидек:

 

(عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللَّهُ تَعَالَى عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ أَحَبَّ الأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ بَعْدَ الْفَرَائِضِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى الْمُسْلِمِ "(رواه الإمام الطبرانى

 

яъни: "Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишдир"  (Имом Табароний ривояти).

Бугунги улуғ айём кунида мусулмонлар бир-бирларига қучоқ очиб, Парвардигорлари инъом этган хушнудликни баҳам кўрадилар. Очиқ чеҳра, ёруғ юз билан кўнгилларига хурсандчилик улашадилар. Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотганлар ҳолидан хабар оладилар, қарздорларга ёрдам берадилар, уларга моддий ва маънавий томондан кўмак берадилар. Кўпчилик инсонлар кексаларнинг дуосини олиш ниятида уларни зиёрат қиладилар. Бу кун дуолар қабул бўладиган кунда барча мўмин-мусулмонлар бир-бирларининг ҳақларига хайрли дуолар қиладилар.

Бировга меҳр кўрсатиш қанчалик савобли ва шарафли иш эканлиги барчамизга маълум. Меҳр-мурувват кимларга ва қандай кўрсатилиши ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

(يَسأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ  (سورة البقرة/215

яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад,) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: "Ниманики xайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар! Ҳар қандай қилган эҳсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир" (Бақара сураси, 215-оят).

Азиз жамоат! Жонажон юртимизда Қурбон ҳайитини хотиржамлик ва осойишталикда қарши олмоқдамиз. Юртимиз бўйлаб бу байрам жуда шоду хуррамлик ва кўтаринки кайфиятда кутиб олинмоқда. Бу ҳам бўлса, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик туфайлидир. Зеро, дунёвий ишларнинг ҳам бир маромда кетиши, охират ишларининг ҳам мукаммал ва ҳаловат билан адо этилишида тинчлик ва хотиржамлик неъматининг ўрни беқиёсдир.

Бугунги кунда биз қатор мусулмон мамлакатларнинг фуқаролари турли фитналар оқибатида  хузур-ҳаловатини йўқотгани, юз минглаб инсонлар ҳаётдан кўз  юмаётгани, киндик қони тўкилган Ватанини тарк этишга мажбур бўлаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Аллоҳнинг ўзи бизнинг юртни бундай балолардан сақлаб келмоқда. Шаҳару қишлоқларимиз кун сайин кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматнинг қадрига етиш, унинг шукрини қилиш, асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:

 

(وَ مَنْ شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ   (سورة النّمل/40

 

яъни: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир” (Намл сураси, 40-оят).

Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, тоат-ибодатлар ҳам ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсоннинг зиммасида бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиш энг зарурий бурч ва вожиб амалдир. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Тинчликни асраш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши ғоявий курашиш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.

Муҳтарам жамоат! Бу табаррук кунлар фазилатидан насиба олиш учун биз, мусулмонлар, биринчидан, ортга боқиб, ўтган умримизни сарҳисоб этишимиз, гуноҳ ва хатоларимизга тавба-тазаррулар қилишимиз лозим. Гуноҳни англаш абадий саодатга эришишнинг бир шарти бўлса, тавба қилиб яхши амаллар қилишга ўтиш унинг кейинги шартидир. Иккинчидан, мустақиллик туфайли эришган бундай доруломон замон, тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликда ҳаёт кечириш, ибодатларимизни мукаммал адо этишда яратилган кенг шароитлар учун Аллоҳга шукроналар айтишимиз лозим. Зеро, неъматга шукр қилиш унинг баракотига сабаб бўлади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришларга диққат билан назар солсак, уларнинг марказида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти, фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай ўсиб-улғайиши каби бир-биридан буюк мақсадлар турибди.

Бинобарин, бу жараёнлар мазмун-моҳиятига кўра ислом дини таълимотларида ҳам ўз аксини топгандир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни ер юзида барча жонзотлардан устун қилиб, азизу мукаррам қилиб яратган.

Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш бахтига мушарраф бўлмоқдамиз. Айниқса, сўнгги пайтда, давлатимиз томонидан Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази ва Мир Араб олий мадрасаларининг ташкил этилиши, ҳеч шубҳасиз, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни инсонпарварлик ғоялари руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Азизлар! Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этамиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва руҳиятини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларнинг руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин! Юртимиздан муборак ҳаж сафарига борган барча ҳожиларимиз ибодатларини мукаммал адо этиб, Ватанимизга соғ-саломат келишларини Аллоҳ таоло муваффақ қилсин! Омин!

الإثنين, 28 آب/أغسطس 2017 00:00

“Шайх Зайд” жоме масжиди

Меъморчилик санъатининг дурдона кўриниши, дунёнинг энг йирик масжидларидан бири ҳисобланган ушбу масжид Бирлашган Араб Амирлигининг пойтахти Абу-Дабида жойлашган. Масжид унинг асосчиси ва мамлакатнинг биринчи раҳбари Шайх Зайд ибн Султон Наҳаён исми билан номланган. Қурилиш ишлари 1996 йилда бошланиб, 12 йил давом этган. Унда 3500 дан ортиқ дунёнинг 38 та қўшма корхоналарининг қурувчи, мутахассислари меҳнат қилган.

Масжиднинг расмий очилиши 2007 йилнинг Рамазон ойида бўлган. Масжид поклик рамзи бўлган оқ мармардан бунёд этилган. Масжиднинг меҳробига «Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангиз! Унинг исмларида ҳақдан оғиб кетувчиларни қўяверингиз! (Улар) қилмишларига (яраша) жазоланурлар» (Аъроф, 180) ояти ҳамда қибла томон деворларига ҳаттотлик усулида Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари Куфий ёзувида битилган.

Масжид сиғими 41 минг намозхон учун мўлжалланган. Масжид умумий майдони 17 минг кв. метр бўлиб, унинг 82 та гумбази ва тўрт бурчагида 104 метр баландликдаги тўрт миноралари бор. Жоме бош гумбазининг эни 32,6 метр, баландлиги эса 85 метрни ташкил этади.

Масжид диаметри 10 метр, баландлиги 15 метр, оғирлиги 12 тонна бўлган қандил (“Гиннес рекордлари” китобига киритилган) ҳамда қўл меҳнатида тўқилган дунёдаги энг катта 47 тонна оғирликдаги гилам (бу гиламни 1200 га яқин тўқувчи бир йил давомида тўқиган) билан безатилган. Масжид минбари ҳам анча баланд бўлиб, у 11 та зинадан иборат. Жомеда ҳафтада беш кун кутубхона ҳам фаолият юритади.

2008 йил масжид ҳузурида Шайх Зайд жоме масжиди маркази ташкил этилди. Илмий-тадқиқотлар олиб бориш, диний-маърифий журнал, газета ҳамда дарслик ва китоблар нашр этиш, аудио маҳсулотлар тайёрлаш ушбу марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Масжид кундузи қуёшда оқ ва тилла, кечқурун эса бошқа рангларда ярқираб туради. Масжид ҳудудида Шайх Зайд ибн Султон Наҳаённинг қабри жойлашган бўлиб, бу ерда куну тун Қуръон тиловати янграб туради.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

الإثنين, 28 آب/أغسطس 2017 00:00

ҲАЙИТ НАМОЗИ ҚАНДАЙ ЎҚИЛАДИ?

  1. Аллоҳ ризолиги учун қурбон ҳайити намозини ўқишга ният қилинади.
  2. Имом “Аллоҳу акбар” дея такбир айтгач жамоат ҳам қўлларини кўтариб, ичида ифтитоҳ такбири (Аллоҳу акбар)ни айтади.
  3. Такбир айтилганидан сўнг, қўлни қовуштириб туриб, ҳар ким ичида сано дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланиб, қиём ҳолида турилади.
  4. Имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.
  5. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади.
  6. Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан руку ва сажда адо қилинади.
  7. Саждадан сўнгра “Аттаҳийёт”, “Саловат” ва “Дуо” ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.

Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!

 Даврон НУРМУҲАММАД

الإثنين, 28 آب/أغسطس 2017 00:00

Ўн йиллик рўза ва ўнта қадр кечаси

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни, Аллоҳ таолонинг бандаларга берган буюк неъматидир. Бу мавсумнинг фазли тўгрисида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар бор. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:   

“Қасамёд этаман тонг (вақти) билан, «Ўн кеча» билан, жуфт ва тоқ (нарсалар) билан” (Фажр, 1-3).

 Аллоҳ таолонинг турли вақтларга қасам ичиши, ушбу вақтларнинг фазитига далолат қилади. Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Имом Мужоҳид каби муфассирлар ояти кариманинг “Ўн кеча” қисмидан “Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни тушунилади”, деганлар (Ибн Касир).

Ушбу оят ҳақида Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “«Ўн кеча» зулҳижжанинг ўн куни, “тоқ” арафа ва “жуфт” қурбон ҳайити кунларидир”, дедилар” (Имом Аҳмад). 

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида намоз, рўза ва ҳаж каби ислом арконлари бўлган буюк ибодатларни жамланиши ҳам, бу ойнинг фазилатидир. Шунингдек, бу ойда қурбонликлар ва турли ҳил сақадалар қилинади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таолога бошқа кунлардагига нисбатан, зулҳижжанинг ўн кунлигида қилинган ибодат маҳбуброқдир. У (зулҳижжаниниг аввалиги ўн куни )нинг ҳар кун рўзаси бир йиллик рўзага тўғри келади. Унинг ҳар бедор ўтган туни қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”, дедилар”.

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! Ўн кун ичида ўн йиллик рўза ва ўнта қадр кечасининг савоби! Аллоҳ таоло меҳрибон Зот. Бандалар бутун йил давомида бирдек ихлос ва эътиқод билан ибодат қилиши машкул иш. Шундай туну кунлар баракаси ва фазилати билан йил давомида қилинган камчиликлар тўлдирилади ва улуғ ажр савобларга эга бўлинади.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таолонинг ҳузурида барча кунлардагидан кўра зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қилинган солиҳ амал улуғ ва маҳбубдир. Уларда таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва тамҳид (алҳамду лиллаҳ)ни кўпайтиринглар”, дедилар”.

Бу кунларни ғанимат билиб, ҳар қадамга таҳлил, ҳар нафасга такбир, ҳар неъматга ҳамд айтишни Аллоҳ насиб қилсин.

 

Баҳриддин Жўрабек ўғли

Мақолалар

Top