muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 13 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Интернетнинг ёвуз тўрлари

Бугунги кунимизни интернетсиз тасаввур этиш мушкул. У ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳар бир инсон интернетга у ёки бу сабаблар туфайли эҳтиёжманд. Айтайлик, сиз ушбу сўзларимизни интернет орқали ўқимоқдасиз. Ёки энг фойдали маълумотларни ушбу тармоқдан оласиз ва алоқа воситаси сифатида унинг жуда кўп нафи етган. Бироқ афсуски, башариятга наф келтириши кўзланган ушбу воситадан ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш, одамларни залолат ва қабоҳатга ундаш, уларни тўғри йўлдан адаштириш мақсадида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмас.

Интернетни шамолга қиёслаш мумкин. Деразани очиб қўйсангиз, тоза ҳаво киради. Шу билан бирга, чанг тўзон ҳам, турли ҳашаротлар ҳам кириб олиши шубҳадан холи эмас. Ундан нимани ахтарсангиз, топишингиз мумкин, фақат шуниси борки, топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими, зарарсиз эканини билиш учун инсонга онг ва тафаккур, билиму маърифат керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар интернет орқали узатилган кўплаб маълумот-хабарларни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳолатлари учраётгани кишини жиддий хавотирга солади.

Айниқса, ҳозирги пайтда экстремистик, террорчи ташкилотлар замонавий компьютер технологиялари, ижтимоий тармоқлар, электрон дастурлар ва жўнатма хабарлар имкониятларидан кенг фойдаланмоқда. Қайд этиш керакки, қатор мамлакатларда экстремистик ташкилотлар фаолияти тақиқланганидан сўнг улар тарғиботнинг илғор кўринишларидан фойдаланишга эътибор қаратмоқда. Бунда уларга минглаб инсонлар уни кузатиб турганлиги, тармоқ орқали алоқа ва савол- жавобларнинг қулайлиги, кенг омма, айниқса, ёшларни ўзига жалб қилиш имкони мавжудлиги ҳамда бошқа шу каби интернет қулайликлари қўл кела бошлади. Ҳаттоки, тармоқ орқали террорчиликка бошлайдиган, болаларни қизиқтирадиган мультфильмлар тарқала бошлади. Ёки оддийгина уй шароитида портловчи моддалар тайёрлашни ўргатувчи махсус дастурлар ишлаб чиқилдики, бу нарсаларни ўқиган ёки кўрган иродаси суст ҳар қандай киши ёвузлик тўрига илиниб қолиши ҳеч гап эмас.

Афсуслар бўлсинки, бу каби мисолларни яна кўплаб келтириб ўтишимиз мумкин. Ушбу маълумотлардан ҳар қандай онгли инсон таъсирланиши табиий. Чунки ҳеч биримиз укамиз ёки фарзандимиз бу қабиҳликларга алданишини юракдан истамаймиз.

Биз бир қисминигина таъкидлаб ўтган интернет хуружлари жамият барқарорлигини таъминлаш, ёшларнинг онги ва тафаккурини ёт таъсирлардан ҳимоялаш учун хавфсиз шароит яратиш зарурати бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Тўғри, интернет ҳар биримиз учун жуда керакли ва у дунё билан бизни боғлаб турган муҳим восита. Бироқ, ушбу тармоқдан фойдаланиш жараёнида огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз ҳаводек зарур.

Бинобарин, эҳтиёткор бўлиш ҳар бир инсонга жуда муҳимдир. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятида марҳамат қилиб бундай дейди:

“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!”. Тафсири Табарийнинг бу оят тафсирида уламолар мана шундай вазиятларда ўша маълумотнинг ҳақиқат эканлигини билгунча кутиш лозимлиги, уни шошиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтадилар.

Бундан ташқари, тенгдошларимиз ёки танишларимиз кўз ўнгимизда нотўғри йўлни танлаганларини кўрсак, ёки интернет орқали онги учун хавфли бўлган сайтлардан фойдаланаётганини сезиб қолсак, унга тўғри йўлни тушунтиришимиз жоиз.

Шу ўринда устозимиз Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” асаридаги биз ёшларга берган тавсияларини келтириб ўтишни лозим деб топдим:

Биринчидан, ёшларнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилишига эътибор бериш лозим. Аввало, ҳар бир инсон учун мустақил фикр зарур. Мустақил фикрга эга бўлган инсонгина яхши ёки ёмон маълумотнинг моҳиятига етиб, уларга қарши куч топа олади.

Иккинчидан, ёшлар турли ёт ва бемаза ахборот хуружларига берилмаслиги учун уларда мустаҳкам, соғлом эътиқодни шакллантириш зарур.

Учинчидан, соғлом эътиқодли инсонда имон, инсоф ва диёнат тушунчалари шаклланади. Инсон қалби билан боғлиқ бу қадриятлар интернет оламида адаштирмайдиган “компас” вазифасини бажаради.

Тўртинчидан, ёвуз ниятли кимсаларнинг асл ниятларини, саъй-ҳаракатларининг охир-оқибати нима билан тугашини очиқ-ойдин англаш керак.

 Баҳоуддин Нақшбанд айтганидек:

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,

Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.

Абдулла Авлоний эса инсонларни ибрат кўзи билан қарашга чорлаб бундай дейди: “Инсон ибрат назари ила боқуб, дунё китобидан ўз қадр-ҳиссасини билиб олмаги лозимдур. Шунинг учун ақл соҳиблари, фатонат эгалари ўзларига фойдаси бўлса-бўлмаса, синчиклаб қарағон нарсаларидан бир ҳисса олмай қўймаслар”.

Демак, ҳар соҳада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда энг муҳим шарт – баландпарвоз тавсиялару таги пуч ғояларга ишонмаслик керак. Айниқса, диний мазмундаги масалаларга дуч келган пайтда аллақандай сайтлардан эмас, балки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ҳамда Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида тавсия этилган диний идора тасарруфидаги сайтларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Шаҳзодбек СУЛТОНОВ тайёрлади.

الخميس, 13 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Эронда исломий анжуман ўтказилади

Қуръони карим ва ҳадиси набавий илмлари бўйича Халқаро Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номли университет масъул котиби Али Ризо Қурбоний Қуръони карим ва ҳадиси набавий илмлари бўйича ўтказиладиган 22-давра анжуманининг “Қуръон ва ислом цивилизацияси” мавзуида бўлиб ўтишини таъкидлади ва шу йилнинг 21 октябрини фестиваль иштирокчилари учун ўз мақолалари ва тадқиқот ишларини тақдим этиши учун белгиланган охирги муддат  деб эълон қилди.

Али Ризо Қурбоний ўз сўзида, анжуман учун тақдим этиладиган мақолаларнинг араб, форс, инглиз, урду, француз ва турк тилларида қабул қилинишини маълум қилиб, “Ислом цивилизациясининг барпо этилиши”, “Қуръони карим ва ҳадиси набавий таълимотлари нуқтаи назарида маданиятларнинг вужудга келиши ва сўниш белгилари”, “Ислом цивилизациясининг гуманитар фанлар, кашфиёт илмлари ва санъатнинг ривожланишида тутган ўрни”, шунингдек, “Ислом цивилизацияси ва турмуш тарзи” каби мақолалар анжуманнинг асосий мавзуларини ташкил этишини айтиб ўтди.

Маълумки, Халқаро Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номли ислом университетида Қуръони карим ва ҳадиси набавий халқаро фестивали  турли давлатлардан келган минглаб эронлик бўлмаган талабалар иштирокида ҳар йили Эрон Ислом Республикасининг Қум шаҳрида ўтказиб келинмоқда. Мазкур анжуманнинг 2016 йилнинг 20 декабридан сўнг ўтказилиши режалаштирилган.

 Манба: iqna.ir  сайти.

                                                                                                                                    И. АҲМЕДОВ таржимаси.

الأربعاء, 12 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Яхшилик қилишдан чарчамайлик!

Динимизда яхши амаллар савобли ишлар деб юритилади. Ҳар бир қилинган ёмон иш гуноҳининг катта-кичиги бўлгани каби яхши амалларни ҳам савобли, кўпроқ савобли ва ҳаттоки жуда катта савоб иш, деб талқин қилинади. Кундалик ҳаётимизда ҳар куни қилиб юрган ишларимиз савоб ёки гуноҳ эканини фарқласак, савоб бўладиган арзимас ишларни ҳам қилишга саъю ҳаракат қилишимизга сабаб бўлади.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхшилик зое кетмайди, гуноҳ унитилмайди, “Дайён” (исмли Аллоҳ) ўлмайди. Ҳохлаганингни қил! Бир кун ҳисоб берасан!” дедилар (Байҳақий ривояти).

Демак, яхшиликнинг савоби узилмайди ва зое бўлмайди балки, у Аллоҳ таолонинг наздида абадий ва боқийдир. Эзгу амалларнинг ирода қилган ва уни амалга оширган киши учун албатта савоб берилади. Дунёда ҳам охиратда ҳам изсиз кетмайди. Шунингдек, гуноҳ ишлар ҳам унитилмайди. Албатта қилинган гуноҳ ишга ҳам лойиқ жазо муқаррар. Зотан, Аллоҳ таоло каломида эслатганидек,

(Мусо) айтди: “Улар ҳақидаги маълумот Раббим ҳузуридаги Китоб (Лавҳул-маҳфуз)дадир. Раббим адашмас ва унутмас”.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Эй, Мусо! Сен ўзинг ва биродаринг Ҳорун Менинг оятларимни одамларга етказинглар ва Мени зикр қилишда сустлик қилманглар! Иккингиз Фиръавннинг олдига боринглар, чунки у “Мен – худоман”, деб ҳаддидан ошди. Унга юмшоқ сўз айтинглар! Шояд, у эслатма олса ёки ҳалок қилишимдан қўрқса”-деганида, Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар: “Эй, Раббимиз! Дарҳақиқат, биз даъват этсак у бизга ғазаб қилишидан ёки баттар ҳаддан ошиб кетишидан қўрқамиз”-дедилар.  Шунда Аллоҳ таоло  айтди: “Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар билан биргаман – эшитаман ва кўраман. Бас, сизлар унинг олдига бориб: “Биз Парвардигорингнинг элчиларидирмиз. Исроил авлодини биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин! Биз сенга Раббинг томонидан ҳужжат келтирдик. Ҳидоятга эргашганларга салом омонлик бўлур. Бизга шундай ваҳий қилинди: “Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончи қилган ва имон келтиришдан юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур” деб Фиръавн олдига келиб, Аллоҳнинг сўзларини етказганларида у: “Иккингизнинг Раббингиз ким, эй, Мусо?” деб сўраган. Шунда шу ояти карима нозил бўлган.

Дарвоқе, баъзи гуноҳларни Аллоҳ таоло банда астойдил, чин дилдан тавба қилиши ёки яхши амални адо этиши орқали ўчириб юбориши ҳам бор. Аммо бир ҳақиқатни унитмаслик керак, ҳар қандай гуноҳ ўзидан из қолдириши ёки таъсири бўлиши аниқдир.  Банда бунга кўпда эътиборсиз қарайди. Охир оқибатда гуноҳлардан сақланишдан узоқлашиб бораверади.

“Дайён” Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлиб, маъноси “Қаҳҳор”, “Қозий”, “Ҳоким”, “Саъис”, “Ҳосиб” ва “Мужазий” маъноларига маънодошдир. Яъни, бандадан содир этилган бирор бир амални зое қилмайди. Балки, яхшисига мукофот, ёмонига жазо берувчи Зот деганидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Қиёмат куни бандалар маҳшаргоҳга жамланганларида, барча ҳудди ёнида турган одам гапираётгандек “Мен “”Дайён”ман, Мен “Малик”ман”, деган нидони эшитишади” (Муслим ривояти).

Халқимизда бир мақол бор: “Яхшилик қил сувга сол. Билса балиқ, билмаса Холиқ билади”. Яқинда бир йигит айтиб қолди. “Бизни уйимизда бир мушук бўларди, аёлим уни ёқтирмасдан ҳар кўрганида қувиб соларди, зулм етказиб, озор берарди. Аёлимни шу ишларини кўрганимда “Қўй унга озор берма, бу ҳам ахир Яратганнинг бандаси. Унга озор беришдан кўра унга егулик бер”,  деб койирдим. Мушукга раҳмим келиб танаввул қилишига нарсалар бериб, силаб қўярдим. Бир кеча мушукнинг овозини эшитиб уйғониб кетдим, туриб қарасам деразани олдида ўша мушук миёвлаётган экан. Олдига боришим билан мени кўриб, деразадан сакраб тушиб кетиб қолди. Хайрон бўлдим деразадан назар солсам ҳовлида қаттиқ шамол бўляпти. Шунда кўзим кийимлар осилган дорга тушди, тезда аёлимни уйғотдимда “тур тезда ювган кирларингни йиғиб ол”, дедим. Аёлим кийимларни йиғиб бўлдию ёмғир тезлаб шарроз ёғиб юборди, шунда аёлимни чақириб “қара мушук сени бир кунлик меҳнатингни сақлаб қолди, сен эса уни қувиб юрасан. Ким эҳтиром кўрсатса, ҳурмат топади, бирор яхши амал Худо учун қилинса, бекор кетмайди. Яратган ҳатто ҳайвонларга қилинган яхшиликларга ҳам ажр мукофот битади”, деб йигит ҳикоясини якунлади.    

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш лозим, эзгу амаллар бажарган инсонларга дунёда ҳам охиратда ҳам фақат яхшилик бўлиб қайтади. Ёмон фасод ишларни қилган одамларга фақатгина қилган амалларига яраша ёмон оқибат насиб бўлади. Яратган барчаларимизни оқибатларимизни хайрли қилсин дея дуо қилиб қоламиз.  

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби

الأربعاء, 12 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Ҳидоятни залолатга алмашманг!

 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг аҳлию асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

Бугунги кунда ижтимоий ва диний ҳаётимизга хавф солаётган муаммолардан бири - миссионерликдир. Аслида унинг моҳияти нима? Юртимизга қачондан бошлаб кириб кела бошлади?

Юртимизга миссионерлик ҳаракати аъзолари Собиқ Иттифок заифлашиб, тарқалиш олдида турган вақтдан кириб кела бошлаган ва мамлакатдаги беқарорликдан фойдаланиб, қонуний рўйхатдан ўтиб олган. Миссионерлик ҳам террор ва экстремизм каби маълум бир динга тааллуқли эмас. Лекин бизда асосан христиан динининг миссионерлик ҳаракатлари кўзга ташланмоқда. Улар кимлар томонидандир маблағ билан таъминланади, шу сабабли, янги аъзоларига маълум миқдор мукофот пули бериш, дискотекалар ташкил қилиш, чет тилларини бепул таълим бериш, бепул китоблар тарқатиш каби ҳаракатлари кўрилади.

Миссионерлар бугунги кунда жуда жиддий ҳаракат қилмоқда. Чунки Қуръони каримнинг маънолари ўзбек тилида биринчи марта 1992 йилда чоп этилгани ҳолда, миссионерлар аллақачон ''Инжил»ни собиқ Совет Иттифоқидаги кўпгина миллатлар тилига таржима килиб бўлишган. Уларнинг мақсадлари:

-кундан-кун нуфузи ошаётган Ислом динига путур етказиш;

-маълум бир халқларни маънавий жиҳатдан ўзларига қарам қилиш;

-мамлакат ичида фуқаролар урушини келтириб чиқариш;

-дин баҳонасида мулкка эгалик қилиш.

Миссионерлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни билан таъқиқланади. Ушбу қонуннинг 5-моддасида: «...Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракати ман этилади...», дейилади.

Насронийларнинг ўзлари ҳам тан олмайдиган баъзи миссионер секталар гўёки, инсонларни насроний динига даъват қилмоқдалар. Инсониятни гўдаклик босқичидан етуклик даврига етгунича Аллоҳ таоло уларга босқичма-босқич оддийликдан мукаммалликка қараб турли илоҳий дастурлар жўнатиб турди. Ҳар бир пайғамбар орқали келтирилган шариат олдинги пайғамбар келтирган динни тасдиқлаб, тўлдириб, мукаммаллаштириб келарди. Хусусан, бу ҳақда Қуръони каримда: «(Мен) ўзимдан олдинги (нозил этилган) Тавротни тасдиқлаш ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларнн ҳалол килиб бериш учун келдим...», дейилади (Оли Имрон, 50).

Ушбу оятлардан Исо (алайҳиссалом) ҳам бошқа пайғамбарлар қатори ўзидан олдинги пайғамбар (Мусо алайҳиссалом)нинг шариатини тасдиқлаганлиги, Аллоҳ таоло Ўз шариатини Мусо (алайҳиссалом) давридагидан кўра Исо (алайҳиссалом) даврида янада мукаммал қилгани тушунилади.

Яна, «Эсланг, Исо ибн Марям: «Эй, Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиған Аҳмад исмли пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман», (Саф, 61) деган эди.

Ушбу оятларда ҳам Исо (алайҳиссалом) Тавротни тасдиқлаб, ўзидан кейин келадиган пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақида башорат берганлиги маълум бўлади. Аллоҳ таоло пайғамбарлар силсиласини Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан охирига етказди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Менинг ва бошқа пайғамбарларнинг сифати шундайки, бир киши бир ҳовли (қаср) қуради. Уни жуда чиройли ва мустаҳкам қилиб охирига етказади. Фақатгина бир ғишт ўрни қолади халос. Шунда бу ҳовли (қаср)га кирган қишилар қараб: «Бу ҳовли қандай чиройли барпо қилинибди-я! Фақат бир ғиштгина қўйилмай қолибди», дейдилар. Бас, мен ўша охирги ғиштман. Мен билан пайғамбарлик биноси мукаммал бўлиб битди» (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло Қуръони каримда энди, то киёматгача пайғамбар ҳам, илоҳий китоб ҳам келмаслигини хабар берди.

«Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан барортасининг огаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳри (охиргиси)лир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир». (Аҳзоб, 40).

Демак, биз Инжил Аллоҳ таоло томонидан Исо (алайҳиссалом)га нозил қилинганига ишонганимиз ҳолда, унииг асл нусхаси йўқлигини аниқ биламиз. Аллоҳ таоло «Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги (ҳақ) дин Исломдир», (Оли Имрон 19) деб марҳамат қилади. Бошқа оятда: «Ким Исломдан бошқа динни истаса, ундан (ўша дин ёки ибодати) ҳаргиз қабул қилинмайди», (Оли Имрон, 85) деб огоҳлантиради.

Ушбу далиллардан маълум бўладики, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни охирги пайғамбар деб, эътиқод қилиш барча пайғамбарларга ишонмоқ ва илоҳий китобларни тўғри деб, тан олмоқликдир.

Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдида Таврот бўлагини ўқий бошлаганда, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғазабланиб: «Агар Мусо тирик бўлиб, менинг пайғамбарлигимгача етиб келса эди, албатта менга эргашарди», дедилар (Имом Доримий ривояти).

Аллоҳ таолонинг чексиз раҳматидан умид қилиб, юқоридаги ачинарли ҳатога йўл қўйган кишилар тезлик билан ўзларини ўнглаб, бу муртадликдан тавба қилиши лозим, шоядки Аллоҳ таоло чексиз раҳмати билан авф этса...

Яна, уларни бошини айлантириб, дўзах тубига тортаётган ўша миссионерларга пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги ҳадиси шарифини эслатсинлар: «Уч киши учун икки баробар ажр бордир. (Шулардан биринчиси) аҳли китоб (насронийлар, яҳудийлар)дан ўз пайғамбарига имон келтирган ва (сўнгра) менга иймон келтирган кишидир...» (Муттафақун алайҳ).

 

Ҳусниддин АБДУКАРИМОВ

Чилонзор тумани бош имом-хатиби

“Бўрижар” жоме масжиди имом-хатиби

 

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида “The Tower”  номли дунёдаги энг баланд бинонинг қурилиши бошланди. Шу муносабат билан катта тантана уюштирилди. Унда Дубай Амири Муҳаммад бин Рашид ал-Мактумнинг шахсан ўзи иштирок этди.

Шайх ушбу минора ҳақида тўхталиб бундай деди: “Сизларни ишотириб айта оламанки, бу бино архитектура соҳасида янги босқични бошлаб беради. Сизга маълумки, бу борада БАА дунёда етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Ўйлайманки, ушбу иншоат ҳам дунёдаги диққатга сазовор жойлардан бирига айланади”, деди шайх.

Барчани ҳайратга солиши кутилаётган ушбу минора кишини илҳомлантирувчи ажойиб дизайнда яъни лилия (лолагуллилар оиласига мансуб декоратив ўсимлик) гули шаклида қурилади. Минора майдони чўзиқроқ шаклда бўлиб, тепага қараб бўй чўзаётган ғунчани эслатади. Бинонинг қолган қисми эса, гулнинг бандини ёдга солади. Ўзгача назокат ва дид билан қурилиши кутилаётган ушбу ажабтовур бинонинг баландлиги 928 метрни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, бино 2020 йилда қуриб-битказилиши маълум қилинган.

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси.

 

Мақолалар

Top