muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 07 نيسان/أبريل 2020 00:00

Бароат кечасининг фазилатлари

Дўмбиробод жоме масжиди имом-хатиби

Муҳаммадназар домла Қаюмов

الثلاثاء, 07 نيسان/أبريل 2020 00:00

Бароат кечаси (Аудио)

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Эслатма! Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан бири Бароат кечасидир.

Бароат сўзни қандай маънони англатади? “Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар. У Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасига тўғри келади. 

Бароат кечаси қандай кеча?

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан:Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти). 

Бу кечада нималар содир бўлади?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми? дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.

У зот алайҳиссалом: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти). 

Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти). 

***

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади” (Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ривояти).

***

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). 

Бу кеча дуолар қабул бўлади

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа".

***

Бу кеча одамлар дўзахдан озод қилинади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти). 

Бу кеча қандай амалларни бажариш лозим?

  1. Тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилинг;
  2. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг;
  3. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг;
  4. Имкон топсангиз Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг. 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди) дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). 

Бу кечани бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар. 

Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар ила қиладиган жамики амалларимизни қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат этувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Акс садо 

Президентимизнинг коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича навбатдаги мурожаати халқимизни янада огоҳ ва ҳушёр, ҳамжиҳат, бир мушт бўлишга ундагани шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари касалликни бартараф этиш, унинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш, аҳоли даромадларининг камайиб кетмаслигига эришиш йўлида қилинаётган ишларни қайд этаркан, халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Аллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтганини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, бу синовли кунларда барчамиз бардошли бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, инша Аллоҳ, тез кунларда енгиллик ва фаровон ҳаёт келади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига бир қийинчилик ортидан, албатта, енгиллик келишини баён қилиб, шундай деган: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).

Бу оятни тафсир қилган уламоларимиз бир қийинчиликдан кейин, албатта, икки енгиллик бор, дейдилар. Тафсири Табарийда шундай дейилади: “Бу ояти карима нозил бўлганда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келади. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди”.

Дунёда хурсандчилик билан хафачилик доим ёнма-ён юради, лекин Аллоҳ таоло бандаларига етган азиятлар туфайли уларнинг даражаларини кўтаришни, уларнинг қалбларини поклашни ва гуноҳларини кечиришни хоҳлайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир нечта ҳадисларида марҳамат қилганлар. Жумладан, “Мўмин кишига бирор тикан кирса ёки ундан каттароқ мусибат етса, албатта, Аллоҳ ана шу сабабли унинг даражаларини кўтаради ёки унинг хатоларини ўчиради” (Имом Муслим ривояти).

Демак, инсон мусибатларни Аллоҳ таолодан билиб, сабр-тоқатли ва шукрли бўлса, жазавага тушмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилиги, ёрдами ва фазли бўлади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон сабр ва шукрли бўлиши мушкулликлар рўпарасида унга катта куч беради. Ноумидликка тушмай, яхши кунларга етиб олишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр ҳақида шундай марҳамат қилди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси 172-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида шундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш — шукрдир. Уни гапирмаслик эса ношукурликдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар. Гоҳида очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини биламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай ҳолатда шукр қилган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида бир синов келганда сабрсизлик қилиб ношукрликка боришимиз мумкинми?! Йўқ, асло!

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий шундай деганлар: “Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи — катта марҳамат, шунинг ўзи — катта бир неъмат! Шукр қилсак, Аллоҳ таоло неъматларини бундан ҳам зиёда қилади. Аммо ношукурлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлишимиз мумкин”.

Коронавирус пандемияси ҳам бир синов. COVID-19  шиддат билан тарқалаётган айни кунларда ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, ушбу касалликдан сақланиш чора-тадбирларини кўриши лозим. Шариатимиз кўрсатмасига кўра, вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб ҳам кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади.

Айни пайтда соғлиқни сақлаш мутахассислари фуқароларимиздан карантин тартибларига, жумладан, имкон қадар уйдан чиқмаслик, жамоат жойларида тўпланмаслик, шахсий гигиена каби қоидаларга қатъий амал қилишни сўрашмоқда. Ушбу кўрсатмаларга риоя этиш ҳар биримиз учун вожиб даражасидаги ишдир.

Шу ўринда яна бир муҳим масала шуки, бало-офатлар вақтида балодан ҳам кўра, унинг ваҳимаси кўп зарар келтиради. Саросимага тушган кишилар ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам қийин аҳволга солиб қўядилар. Уни бартараф этиш чора-тадбирларга ҳалал берадилар.

Одамлар орасида миш-миш ва ваҳимали хабарлар тарқатиш динимизда гуноҳи кабира ҳисобланади. Чунки у орқали ришталар узилади, уйлар бузилади, ёмонликлар урчийди, одамлар орасида хавф-хатар, қўрқинч юзага келади.

Уламолар миш-миш тарқатиш ҳасадчи душман тўқийдиган, фосиқ-мунофиқ тез илиб оладиган, мағрур жоҳил тарқатиб юрадиган қабиҳ иш ҳисобланади, дейдилар. Миш-миш тарқатгувчи — фосиқдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Демак, аниқламай, текширмай, дуч келган хабарни олиб келган киши фосиқ ҳисобланар экан. Хабарни эшитган киши унга ишониб кетавермасдан, аввал яхшилаб текшириб кўриши керак экан. Ўйламай гапирадиган киши гуноҳкор бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бир банда оқибатини ўйламай Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган бир сўзни айтади-да, ўша билан даражасини кўтаради. Яна бир банда бепарво ҳолатда Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган бир сўзни айтади-да ўша билан уни жаҳаннамга ташлайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Кўпгина машаққатларни енгиб чиққан мард ва олижаноб халқимиз азалдан оғир-вазмин бўлиб, синовли кунларда бирлашиб келган. Бугун ана шундай қадриятларимизга хос бўлган бирдамлик ҳар доимгидан кўра кўпроқ муҳим. Қачонки жипслашиб, мутахассисларнинг тавсияларига, қолаверса, карантин даврида тартиб-интизомга қатъий риоя қилсак, Ҳақ таолонинг раҳмати ила ушбу синовли кунларни тезроқ енгамиз.

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.

 

Эндиликда каронавирусга чалинган беморлар шифохонага келишидан олдин юртимизнинг қайси ҳудудларида бўлганини билиш мумкин. Бу орқали ҳар бир киши ўша жойларга боргани ёки улар билан мулоқот эҳтимолини аниқласа бўлади.
Янги хизмат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг COVID-19 бўйича расмий сайтида йўлга қўйилди. Унда касаллик қайси ҳудудларда тасдиқланганини ифода этувчи харита билан танишиш мумкин.
Мазкур харита орқали “Коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларнинг эпидемиологик маршрути” тугмасини босиб, беморларнинг шифохонага келишдан аввал қаерларда бўлганини кўриш мумкин.
“Ушбу маълумотларни олгач, эҳтиёткорлик юзасидан бу ҳудудларга бормасликка ҳаракат қилинг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг! Шифокорларга чин дилдан ёрдам бермоқчи бўлсангиз, уйда қолинг!”, – дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top