muslim.uz
Муфтий ҳазрат иштирок этган жума намозига минглаб намозхонлар ташриф буюрди
Аввал хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жума намозини Андижон вилояти Асака туманида жойлашган “Холид ибн Валид” жоме масжидида минглаб намозхонлар билан бирга-бирга адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума мавъзисида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани, шароитлар ҳозирланаётгани ҳақида гапириб, диний-маърифий соҳада қилинаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Файзли мавъизада Ҳазрати Алишер Навоийнинг “Сирожул муслимин” асарида баён қилинган ҳақиқий мўминнинг сифатларига алоҳида тўхталиб, инсон қачонки ўз манфаатидан ўзгаларнинг манфаатини устун қўйса, ана шундагина комил мўмин бўлиши ҳақидаги битикларни изоҳладилар.
Шунингдек, “Одамларнинг энг яхшиси, одамларга фойдаси тегадиганидир”, деган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларининг мазмун-моҳиятини мўмин-мусулмонларга шарҳлаб бердилар.
Хусусан, бу дунёда солиҳ амалларни кўп бажариш, йўлларни обод этиш, кўприклар қуриш ва кишиларга фойдаси етадиган ишлар қилишнинг ажру савоби улуғ эканини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари мавъиза якунида, намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, янги-янги ижроотлар, хушхабарлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, мазмунидаги ҳадиси шарифларини изоҳлаб бердилар.
“Холид ибн Валид” жоме масжидига жамланган намозхонлар муфтий ҳазратларидан дилни қувонтирадиган янгиликлар ва имону ихлосни бойитадиган сўзларни тинглаб, ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Онлайн: Муфтий ҳазратлари Асакадаги жоме масжидда мавъиза қилмоқдалар
Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Андижон вилояти Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жоме масжидидаги жума намозига ташрифлари чоғида намозхонлари билан жонли мулоқот қилиб, энг сўнгги ўзгаришлар, яхши хушхабарлар ва бир гуруҳ таниқли уламолар ушбу вилоятдаги аҳоли билан юзма-юз учрашувлар ўтказаётганларини, масъалаю-масоилларига жавоб бераётганларини гапириб бермоқдалар.
Тафсилотларни сайт ва ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!
Масжид қурилиши билан танишилиб, унинг аҳли билан суҳбат қилинди
Бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Президент маслаҳатчиси Шоазим Минаваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Бўстон туманидаги “Бурҳониддин Марғилоний” марказий масжидида бўлаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар. Бу ерда хизмат қилаётган ишчиларга бир бош қўй сўйилиб, дуои-хайрлар қилинди. Меҳмонларга Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов ва Диний идора ишбошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамрохлик қилмоқда.
Шунингдек, диний соҳа раҳбарлари масжид қурилиши бўйича топшириқ ва тавсияларини бердилар, мўмин-мусулмонларнинг ибодат қилиши, илм-маърифат ҳосил қилиши учун барча шарт-шароитлар ҳозирлаш зарурлигини таъкидладилар.
Муфтий ҳазратларининг суҳбатларидан баҳраманд бўламан, дуоларини оламан, деб келган аҳоли вакиллари билан самимий, дилдан суҳбат қилдилар. Айниқса, уларнинг орасидаги имконияти чекланган болага алоҳида эътибор бериб, илиқ сўзлар билан унинг кўнглини кўтардилар, ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Ҳудуд аҳли ҳам ташрифдан мамнунликлари ва хурсандчиликларини изҳор қилдилар.
Андижон сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шайх Алижон қорининг гўзал қироати андижонликларни шод қилди
Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Андижон вилоятига ташриф буюришгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу уламолар қаторида Шайх Алижон қори ҳам файзли тадбирларда иштирок этмоқда.
Шайх Алижон қори Андижон шаҳридаги “Имоми Аъзам” жоме масжидида пешин намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга адо этиб, ўзларининг гўзал қироатлари билан йиғилган намозхонларнинг қалбларини жўнбушга келтирди ва кўзларига ёш балқитди.
Маълумот ўрнида, Al-Quran.uz мобиль илова лойиҳа раҳбари Шайх Алижон қори Ал-Азҳар университетининг Шариат ва Қонун факультети ҳамда Улумул Қуръон ва қироат илмларига ихтисослашган илм даргоҳларида таҳсил олган. Шайх Алижон қори Қуръони карим ва тажвид илми бўйича энг мўътабар устозларнинг ижозаларини олган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий ҳазратлари: “Яқин кунларда мўмин-мусулмонларимиз учун яхши хушхабарлар бўлади”
Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Андижон вилоятига ташриф буюришгани ҳақида хабар берган эдик.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги уламолар Андижон шаҳридаги “Имоми Аъзам” жоме масжидига мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга пешин намозини адо этиш учун ташриф буюрдилар. Ҳазратнинг ташрифларини эшитиб, кўзлари меҳр ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда намозхонлар жомега тўп-тўп бўлиб келишди.
Масжидни файзга тўлдириб турган намозхонларга муфтий ҳазратлари Аллоҳ таборака ва таолонинг ўлкамизга берган неъматлари ҳақида сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазрат сўзлари бу кунларни қадрлаш, муҳтарам Президентимиз томонларидан берилаётган шарт-шароитлар учун Парвардигоримизга шукроналар айтиш, бу неъматларнинг давомли бўлиши учун дуолар қилишни сўзладилар.
Муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбари раҳнамоликларида диний соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида сўз юритиб, хусусан, Мир Араб мадрасасининг дунёдаги нуфузини инобатга олган ҳолда олий мақомга кўтарилгани, 500 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилаётгани, Халқаро Ислом академияси, Ҳадис илми олий мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар ўз фаолиятлари йўлга қўйилгани, яқинда ташкил этилган Имом Термизий ўрта-махсус ислом билим юрти тўрт йилдан кейин олий бўлиши, Имом Бухорий ҳазратларига мос шаклда мажмуа қайта бунёд этилаётгани, Етти Пир обод қилинаётгани ҳақида сўз қилиб бердилар. Мана шундай ўзгаришларни кенг халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиш зарурлиги тўғрисида гапирдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзлари якунида Аллоҳ таоло насиб этса, яқин кунларда мўмин-мусулмонларимиз учун яхши хушхабарлар бўлиши ҳақида сўз қилиб, Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати