www.muslimuz

www.muslimuz

Бепарволик ва дангасалик ҳукм сурган, долзарб масалалар ўзи­бўларчиликка ташлаб қўйилган жойда маънавият заиф нуқтага айланади. Айниқса, жамиятда жиддий ўзгаришлар содир бўлаётган, Ватан равнақи кишидан юксак фаоллик, улкан масъулият талаб қилиб турган палладаги бефарқ­лик катта гуноҳдир.

Бекорчилик қайси халқда илдиз отса, албатта, ўша халқни тараққиёт карвонидан ортда қолдиради. Бу касаллик қайси шахсга етса, уни хор қилади. Зотан, улуғларимизнинг наздида, дангасалик ўлимнинг укасидир.

Дангасаликни келтириб чи­қарадиган сабаблар:

Тақво камлиги. Бекорчи нар­са­лар билан овора бўлиш, ўйин-кул­гига ружу қўйиш одамни дангаса қилиб қўяди.

Кўп ейиш. Кўп одамлар таомга ружу қўйгани сабабли вазни ортиб, маънавий олами тубанлашмоқда. Овқатни меъёрида еган тақдирда ҳам таомдан сўнг тезда уйқуга кетишдан эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, у қалбни қорайтиради, соғлиққа зарар етказади.

Кўп ухлаш. Одам кўп ухлагани сари унинг ишчанлик салоҳияти пасайиб боради. Ойша розийаллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч нарса қалб қотишига сабаб бўла­ди: таомга ҳирс қўйиш, уйқу ва роҳат-фаро­ғат­ни яхши кўриш” (Имом Дайламий ривояти).

Уламолардан бири бундай деган: “Кўп ухлаш қалбни ўл­диради, танани ишдан чиқаради, вақтни беҳуда кетказади ва ғафлат билан дангасаликка олиб боради”.

Демак, уйқучилик дангасалик билан бир қаторда инсоннинг фикрлаш қобилиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Қуёш чиққунча ухлаш дангасалик ва ризқнинг камайиши омилларидандир.

Ишлаш вақти ва уйқу соатининг бузилиши. Инсон ишлаш ва дам олиш вақтини қатъий тартиб билан изга солмаса, ҳамма ишлари аралашиб кетади. Иш вақтида кўп дам олиш, ҳордиқ чиқариш вақтида ҳаддан ташқари кўп телевизор кўриш, овқат еётганда китоб ўқиш билан одам бирон натижага эриша олмайди. Зеро, илм олиш фақат ўқишдан иборат эмас. Илм фикрлаш ва мушоҳада қилиш билан бўлади. Динимизда хуфтондан сўнг уйқуга кетишга тарғиб қилинганининг сабаби, эрталаб барвақт турилади, ибодат ҳам, бошқа ишлар ҳам ўз вақтида бажарилади.

Аллоҳга тақво қилиш, қалбни поклаш. Данга­саликдан фориғ бўлиш учун биринчи галда эъти­қодни мустаҳкамлаш, имонда собитқадам бўлиш, қалбни турли нопокликлардан сақлаш керак. Қалб­даги имон кучли бўлса, тана ҳам ғайратли бўлади.

Ғайратли ва шижоатли бўлиш. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда Аллоҳ учун кучли мўмин ожиз мўминдан севимлироқ экани айтилган. Чунки кучли мўмин ибодатга ғайратли, нафс билан курашишда ғолиб бўлади ҳамда мусулмонларга кўплаб манфаат етказади.

Вақтнинг қадрига етиш. Иш­ларни тартиб билан бажариш ва умр ғанимат эканини билиш ҳам дангасаликдан тўсувчидир. Зеро, умрнинг ўткинчилигини тушуниб етган банда дангасаликка асло йўл қўймайди.

Иш ва таълим вақтида жисмоний машқ билан шуғулланиш. Илм олиш вақтида дам олиш ва ҳар 30–40 дақиқа орасида 5–10 да­қиқа жисмоний машғулотларни бажариш фойдали. Бунда мия дам олади, ақлий зўриқишнинг олди олинади, илмга бўлган рағбат ошади.

Абдулвоҳид ҚОБИЛХОН ўғли,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой-Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом-хатиби

"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди

الجمعة, 30 تموز/يوليو 2021 00:00

МЕРОС ФАҚАТ КИЧИК ФАРЗАНДГА ҚОЛАДИМИ?

Баъзан вафот қилган кимсадан қолган мерос молини ҳаммасини катта фарзанд еб юбориб, бошқаларига ҳеч нарса қолмайди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мазкур зулм қилинган кичик фарзандларга нажот бериб, молини зиёда этади ва бой қилиб қўяди.

Ўша мерос молини еб юборган катта фарзандни фақир этиб, кичиклари эшигига келадиган қилиб қўяди.
«Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар».
(Юсуф сураси, 21-оят).

Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий

 

Таржимон изоҳи:

Ҳозирги пайтда халқимиз мерос масаласига жуда эътиборсиз бўлиб қолган. Биров вафот қилгач уни уйида мерос бўлинмай туриб таомланиш ножоиздир, чунки маййитдан қолган мол-меросхўрлар моли бўлиб, уни ейиш ҳаромдир.

Шунингдек, мерос молига кўп ҳолда уйда қолган фарзанд эга бўлиши ҳам бор гап. Меросхўрлар ҳақи паймол бўлаётгани ҳеч кимни қизиқтирмайди.

Намоз, рўза каби арконлардан фарқли ўлароқ, меросдаги улушларнинг деярли ҳаммаси Қуръон оятлари билан собит бўлган.

Шу каби маййитдан қолган мол дунёда фақатгина ўғиллар эмас, гарчи турмуши ва эри бўлса-да қизларнинг ҳам ҳаққи бор.

Вафот қилган кимса ота ёки она бўлиб, уларнинг ҳаётлик даврида кимнингдир номига ўтказиб қўйган уй ёки машина каби нарсалари ўша ўтказилган одамнинг мулки ҳисобланиб, мерос молига қўшилмайди.

Мусулмонлар бировга зулм қилиш, ҳақини ноҳақ ейишдан қўрқишади. Аммо нимагадир айнан мерос масаласида мана шу икки нарса борлигига эътибор қилишмайди.

Ота вафот қилгач барча ўғил қизлар мерос моли бўлиниб бўлгач онага ёки уларнинг бирига ўз улушларини ҳадя қилишлари жоиз.
Қайнотам вафот қилди.

Аҳлиямиз таъзия кунлари ота уйда бўлди. Мерос моли бўлиниб, аҳлиямизга 1750 доллар тегибди.
– Мерос молини онамга ҳадя қилдим, розимисиз? – деди у.
– Албатта, розиман, бу сизнинг молингиз, нима қилиш ўзингизнинг ихтиёрингизда, – дедим.
Хурсанд бўлиб:
– Раҳмат, ака-укалар, опа-сингиллар ҳаммамиз онамга ҳадя қилдик, – деди.

Мерос бўлинишига мисол:
Масалан, ота вафот қилиб ундан юз миллион сўм пул қолди. Аёли, икки ўғли ва икки қизи қолди.

Мерос молининг саккиздан бири аёлига тегади. Яъни ўн икки миллион беш юз минг. Қолган саксон етти миллион беш юз мингда уч ўғилнинг ҳар бирининг ҳиссасидан икки қизнинг ҳар бирини ҳиссаси бир баравар кам бўлади.

Шунда уч ўғил йигирма бир миллион саккиз юз етмиш беш мингдан олишади. Икки қизга ўн миллион тўққиз юз ўттиз етти минг сўм тегади.

Мана шу билан Аллоҳ таоло буюрган иш амалга оширилиб, ҳамманинг ҳақи адо этилган бўлади.
Мерос масаласида аҳли илм устозларга мурожаат қилиниши энг мақбул ҳолат бўлади.

 

Суннатуллоҳ Абдулбосит

الجمعة, 30 تموز/يوليو 2021 00:00

Аёллар муаммолари ўрганиляпти

Ишчи гуруҳ аъзолари юртимиз бўйлаб сафар қилиб, аёллар муаммоларини ўрганмоқда, улар билан дилдан суҳбатлашиб, кекса, ёлғиз онаю опа-сингилларимиз ҳолидан хабар олмоқда.

Айни кунларда улар Сурхондарё вилоятида бўлишиб, Сариосиё ва Олтинсой туманларида отинойилар билан турли тадбирларни ўтказишмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита бош мутахассиси Омила Арипова, Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти Гавҳар Фузаилова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси хотин-қизлар масаллари бўйича бўлим мутахассиси Марям Абдуллаева ва бошқалар Сариосиё туманидаги “Биллур” маҳалласида яшовчи 102 ёшли онахон Холпошша Дарвешованинг хонадонига бориб, унинг ҳолидан хабар олишди.

Шунингдек, маҳаллаларнинг фаол аёллари иштирокида хотин-қизларнинг жамиятда ва оиладаги ўрни ҳақида турли давра суҳбатлари бўляпти. Бундай учрашувларда бир қатор муаммолар, айниқса, қизлар тарбияси, онанинг саломатлиги каби масалалар муҳокама қилинмоқда.

Ташрифлар давом этади.

 

 

 

Марямхон АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

хотин-қизлар масаллари бўйича бўлим мутахассиси

 

Мақолалар

Top