muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 24 июнь Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчиликларидаги бир гуруҳ уламоларимиз Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч тумани Сариоғоч мадрасасида марҳум Абдусаттор ва Абдуғаффор Самановлар хотирасига бағишланган “Дин руҳониятининг атоқли устозлари” номли халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этадилар. Мазкур анжуманга бош муфтийлар, дин ходимлари ҳамда руҳоният намояндалари қатнашади.
Халқаро илмий-амалий конференцияда раҳматли Абдусаттор ва Абдуғаффор Шокир ўғилларининг баракали умри ва уларнинг мустақил Қозоғистонда Ислом динининг қанот ёйишига қўшган салмоқли улуши, бугунги мусулмон умматининг масъулияти ва ўзаро тушунишни шакллантириш масалалари каби бир қатор долзарб мавзуларда маърузалар қилинади.
Шунингдек, Сариоғоч мадрасаси ёнида қурилаётган иморатларга дин ходимларининг номларини бериш тантанали тадбирининг очилиши бўлиб ўтади.
Конференция тафсилотларини сайтимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 23 июнь куни юртимиз ва хориждаги диний-маърифий соҳа вакиллари иштирокида “Термизий уламоларнинг ислом тамаддуни ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро онлайн анжуман ўтказилди. Унда Туркия, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Ироқ, Миср, Афғонистон каби давлатлар олимлари ва Ўзбекистондан 40 га яқин таниқли уламолар, нуфузли университет ва илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди.

Халқаро онлайн анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масофавий тарзда маъруза билан қатнашиб, унда жумладан бундай дедилар:

“Бу заминдан Термизий номи билан Ислом оламига машҳур бўлган юзлаб алломалар етишиб чиққан. Имом Абу Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий каби Термизий алломалар номи билан боғлиқ бугунги нуфузли онлайн анжуманда Афғонистон, Ироқ, Туркия, Марокаш каби хорижий мамлакатлар ва юртимизнинг кўзга кўринган олимларнинг иштирок этаётгани Термизий алломаларига эҳтиромининг яққол ифодасидир.

Буюк илм соҳиби бўлган ҳамда юксак эътирофга муносиб кўрилган алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўллари ва бой маънавий меросини ҳар томонлама тадқиқ этиш биз учун ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга.
Имом Термизий, Ҳаким Термизий каби муҳаддис ва алломаларнинг авлоди бўлиш ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулиятни юклар экан, айниқса ёшларимиз уларга муносиб авлод, илм-маърифат нурини таратгувчи маёқ бўлишлари зарурдир”.

Шунингдек, унда ислом олами қадимдан ўрганиб келиётган Имом Термизий илмий меросининг мазмун-моҳиятини тўла очиб бериш, ушбу мероснинг ўзига хос хусусиятларини жаҳон афкор оммасига намоён этиш, унинг афзаллик ва тарбиявий аҳамиятини кенг ёритиш, халқимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида хабардор қилиш каби масалалар кенг муҳокама қилинди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар халқаро анжуман баёнотини қабул қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистонга зиёрат туризимини тарғиб қилиш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Қозоғистон сафарга чиқди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов, “Муслим тур” зиёрат шўъбаси раҳбари Жаҳонгир Саломов ва Муҳтасиблик бўлими раҳбари Исомиддин Зуҳриддиновлардан иборат делегация аъзолари Олма-ота шаҳрига ташриф буюриб, “Қозоқ травил” тур компанияси раҳбари Асқад Турғунбаев билан музокара ўтказди.

Самимий мулоқот чоғида “Қозоқ травил” тур компанияси раҳбари яқин кунларда Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳат қилишини маълум қилди. Шунингдек, яқин ойларда Қозоғистон зиёратчиларининг юртимизга, Ўзбекистон зиёратчиларининг эса қўшни давлатга зиёратини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, зиёрат туризми делегацияси сафар давомида Нурсултон шаҳрига боришди. Ташрифи давомида делегация аъзолари Қозоғистон Касаба уюшмалари федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Нурлан Ўтешов, Халқаро алоқалар бўлими раҳбари ва Қозоғистон республикаси ўзбек этно-маданий маркази раиси Шуҳрат Пўлатовлар билан учрашув ўтказди.

Суҳбат асносида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида зиёрат туризмни ривожлантириш, қардош халқлар ўртасида туристик саёҳатларни йўлга қўйиш каби масалалар бўйича ўзаро фикр алмашиб, яқин ойлар ичида зиёратларни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الأربعاء, 23 حزيران/يونيو 2021 00:00

Дўстона ташриф

Туркия республикасининг парламенти – Туркия Буюк Миллий мажлисининг бир гуруҳ вакиллари юртимизда меҳмон бўлишди. Туркия-Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раҳбари, Конституцион комиссия аъзоси, Бурса депутати Усмон Местен раҳбарлигидаги меҳмонлар юртимизнинг диққатга сазовор қадамжолари бўйлаб саёҳат қилишди.

«Миллат вакили дўстларим билан бирга ота юртимиз – Ўзбекистондамиз», – деб ёзади Усмон Местен ўзининг фейсбук саҳифасида. – Тошкентда биринчи бўлиб Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилдик. Ҳазрати Усмон мусҳафи сақланаётган қадимий асарлар ва хаттотлик намуналари музейи – зиёрат қилиниши мутлақо зарур бўлган маскандир.

Усмон Местен Ўзбекистон сафари асносида пойтахтимиздаги Шайх Зайниддин қабристонига ташриф буюриб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қабрини зиёрат қилди.

 
 
islom.uz

Мақолалар

Top