muslim.uz
Салоҳ савобли ишга қўл урди
«Ливерпуль» клуби ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ўзи туғилиб ўсган Нагриг қишлоғида сув-оқова тизими қурилиши учун пул ажратди. Бу ҳақда "uff" нашри хабар берди.
Мисрлик футболчи бунинг учун 450 минг АҚШ доллари сарфлаган.
Салоҳ Мисрда хайр-саховатли ишларни кўплаб амалга ошириб туради. Аввалроқ у спорт майдончаси қурилиши ва касалхона таъмири учун пул ажратганди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсонга шикаст етказиш оғир гуноҳ
“Ким биродарининг обрўсига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса динор ва дирҳам фойда бермайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин ҳаққини ҳалоллаб олсин. У кунда агар яхши амали бўлса етказган зулми миқдорича савоби олинади ва агар савоби бўлмаса биродарининг гуноҳидан олиб унинг бўйнига юкланади” (Имом Бухорий ривояти).
Инсон ҳали ҳаётлик вақтида зиммасидаги адо этиши лозим бўлган ҳақларни ҳалоллашга имкони бор. Охиратда эса солиҳ амалларидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмайди. Қиёмат куни мазлумнинг ҳаққи золимдан ундириб берилади. У кунда банданинг асосий дастмояси бўлмиш ҳасанотлари (савоблари)дан олинади, агар у савобларни жамғаришга улгурган бўлса, албатта,..
Акс ҳолда мазлумнинг гуноҳлари золимнинг зиммасига юклаб қўйилади.
Мазкур ҳадиси шарифнинг зоҳиридан маълумки, инсон бирор биродарига нисбатан ноҳақлик қилган бўлса, бу дунёнинг ўзида уни ҳалоллаши лозим. Ҳаттоки ўзи билиб-билмаган ҳолда биродарини шаъни, обрўсига тажовуз қилган бўлса ҳам…
Зулм қилиш инсоннинг ё жонига ёки молига ёхуд шаънига бўлиши мумкин. Ислом дини зулм қилишнинг барча турини ҳаром қилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон кишига ҳар бир мусулмон кишининг қони, моли ва обрўсини тўкиш ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).
Агар бир инсоннинг жонига зулм қилинган, масалан, уриш, жароҳатлаш, бирор аъзосига шикаст етказиш ёки ўлдириш каби жиноят содир этган бўлса, ҳақ эгаси қасос олиши, агар қасос олиш имкони бўлмаса, золим зиммасидаги ҳақни тўлалигича тўлаб бериши лозим.
Агар инсоннинг молига тажовуз қилинган бўлса, молни эгасига қайтариб бериш вожиб бўлади. Агар молнинг эгасини топиш имкони бўлмаса, у молни савоб умид қилмасдан бирор муҳтожга бериб юборилади. Агар мол эгаси вафот этган бўлса, уни меросхўрларига бериш лозим. Чунки киши вафот этгандан сўнг унинг моли меросхўрларига ўтади.
Агар бир инсоннинг шаънига тажовуз қилинган, масалан, бир инсонни ҳақорат ёки ғийбат қилган бўлса, унинг олдига бориб ундан кечирим (узр) сўраши лозим. Агар унинг узрини қабул қилиб, кечирса, уларнинг хар иккиси учун Аллоҳнинг неъмати бордир.
“Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У золимларни севмас” (Шўро сураси, 40-оят).
Агар кечирмаса, молидан бирор нарса бериб бўлса ҳам, рози қилиши лозим.
Аллоҳ таоло дилларимизни меҳр-шафқат, кечиримлилик туйғулари билан тўлдирсин!
И.СОБИРОВ,
Хонқа тумани “Хўжа Нураддин бобо” масжиди имом ноиби
Рўзани бузмайдиган ҳоллар
Қуйидаги ҳолларда рўза бузилмайди:
– рўзадор эканини унутиб еб-ичиш;
– кўзга сурма суриш;
– ҳижома, яъни қон олдириш;
– томоққа тутун, чанг, пашша ва қулоққа сув кириши;
– оғизга келган балғамни, тупукни ютиш;
– тишлар орасидаги саҳарликдан қолган нўхатдан кичик нарсани ютиш (агар бундай нарса кўп ва йиғилганда нўхатдан катта бўлса, рўза бузилади);
“РАҲМАТ ОЙИ РАМАЗОН” китобидан
Рамазон ойининг фазилати
Аллоҳ таоло рўзанинг ҳикматларини баён қилар экан, тақво сифатига алоҳида аҳамият берган. Чунки киши рўзадор бўлса-ю, аммо унинг ҳаққини адо этмаса, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб ўтганларидек барча аъзоларини гуноҳдан тиймаса, ундай киши очлик ва чанқоқликдан ўзга нарсага эга бўлмайди.
Зеро, Исломда ҳар бир амалдан буюк бир мақсад кўзланади ва шу мақсад амалга ошар экан, унга ажр-савоблар битилиб, бу дунё ҳаёти ҳам том маънода фаровон бўлиб бораверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида кишиларни яхшилик қилишга ундаб, ҳаттоки киши ўз оила аъзоларига қилган яхшилигига ҳам савоб берилиши ҳақида таъкидлаб ўтадилар. Ваҳоланки бу нарса оила бошлиғининг зиммасидаги бурчи эди. Ёки бўлмаса очиқ чеҳра ила хушмуомалада бўлиш гўзал ахлоқ эканини ва бу сифат эгасини қиёмат кунида савоблари оғир бўлишига хизмат қилиши ҳақидаги ҳадисларини олайлик.
Буларнинг бирида яхшиликка тарғиб бўлса, иккинчисида яхшиликка тарғиб ҳамда ёмонликдан гўзал ва нозик тарзда қайтариш бўлмоқда. Яъни яхшилик қилишга қодир бўлмаган кимса, кишиларнинг кайфиятига салбий таъсир этадиган тундлик ва бадқовоқликдан ўзини сақлаб очиқ чеҳралик бўлишга чақирилмоқда. Бас шундай экан, рўза ҳам бизнинг жисмимизга шифо бўлиши билан бирга, ўзига хос қийинчилик ва машаққат синовларини ҳам олиб келади. Чунки ҳаёт қонуни ўзи шундай тузилган. Бемор бир дарддан фориғ бўлишни истаса, албатта табибнинг аччиқ дориларига сабр қилади. Пировардида эса жисми соғлом бўлиб мақсадига етишади.
Рўзани ҳам шунга қиёслайдиган бўлсак, очлик ва ташналик жисмимиздаги ортиқча туз ва ёғларни камайтириб, тун-кун, йиллаб дам олиш нималигини билмай ишлаб турадиган ошқозонимизга бир муддат дам беради. Натижа эса барчамизга маълум, яъни уни қўлга киритиш мақсадида узоқ сафарларга отланганимиз ва кўплаб маблағларимизни сарфлаганимиз “соғлик-саломатлик” деб аталган неъматга эга бўламиз.
Муборак рамазон рўзасини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек муносиб тутишимиз ва бундаги вақтинчалик машаққатга бесабрлик қилмаслик учун қалбларимизга ҳузур олиб келган баъзи бир ҳадисларни сиз азизлар эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
Мақсадимиз, рўза очлиги-ю чанқоқлиги асаб толаларимизни таранг қилганда қуйидаги ҳадислар бутун вужудимизга малҳам бўлса-ю рамазоннинг улуғ ажрларидан бебаҳра қолмасак.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳадиси қудсийда шундай деб марҳамат қилдилар:
“Одам боласининг рўзадан бошқа барча амали ўзигадир. Рўза Менгадир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман”
Келаётган рамазон ойини барчамиз учун савобли ва мазмунли қилсин. Шу ойнинг шарофатидан қолган ойларимизни ҳам барокатли, хайрли қилиб, юртимиз ва бутун дунёда тинчлик, хотиржамлик ва яхшиликларни бардавом айласин!
Мақсудбек Мадиримов,
Ҳазорасп туманидаги “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” жоме масжиди имом-хатиби
Яхшилик ва ёмонлик таърифи
Наввос ибн Самъондан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳдан (соллалоҳу алайҳи васаллам) “Яхшилик (бирр) ва гуноҳ ҳақида сўрадим. У зот (алайҳиссалом) бундай жавоб бердилар: “Яхшилик гўзал ахлоқдир. Гуноҳ, юрагингни сиқадиган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган нарсадир” (Имом Муслим, Имом Термизий).
Шарҳ:
- Биз “яхшилик” деб таржима қилган “бирр” Қуръони каримнинг бир неча оятларида келган ва таърифланган: “Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буриб, (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхши кишилардир...” (Бақара, 177);
“...Яхшилик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..” (Моида, 2).
- Имом Нававий Имом Муслимнинг китобига битган шарҳида олимларнинг “бирр”ни бундай изоҳлашганини ёзади: “Силаи раҳм, илтифот, хушмуомалалик, ширин сўз ва тоат. Буларнинг ҳаммаси “бирр”га – гўзал ахлоққа киради”.
Тибий “бирр” сўзи ҳадисларда турлича изоҳланганини айтади: «Бир ўринда бу сўз қалб ором оладиган нарса”, яна бир ўринда “имон”, бошқа жойда “кишини Аллоҳга яқинлаштирадиган нарса” дейилган бўлса, бу ҳадисда “гўзал ахлоқ” деб таърифланган. Гўзал ахлоқ эса, азиятга сабр қилиш, ғазабланмаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш каби бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади».
- Гуноҳ “юракни сиқадиган нарса” деб таърифланган. Бу (сиқилиш)ни уламолар одамнинг ичидаги беқарорлик, тараддуд ва кўнгил ёришмаслиги, қалбда шубҳа ва гумонлар, қўрқув пайдо бўлиши, деб шарҳлашган. Бундай ҳам таъриф берилган: “Ёмонлиги қалбга таъсир қиладиган ва ё унда тараддуд ҳосил қиладиган, ёмонлиги туфайли одамлар билиб қолишидан қўрққанинг гуноҳдир”. Ҳадисда ҳам шунга ишора қилинади: “...одамлар билиб қолишини истамайдиган нарсадир”.
Инсон нафси, табиати тақозоси билан бир яхши иш қилса, бошқалар уни билишини хоҳлайди. Шундай экан, агар нафсинг бирор ишингни бошқалар билишини истаса, у Аллоҳга яқинлаштирадиган амал бўлмайди. Бошқача ифодаласак, бундай ишда яхшилик йўқ, бу “бирр” эмас, гуноҳ ва ёмон иш демакдир.
“Кутуби ситта” асосида
Содиқ НОСИР
тайёрлади.
«Ҳидоят» журналидан