muslim.uz

muslim.uz

Бугун 5 Май куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи cаройида юртимизда илк бор ўтказилаётган «Ҳадиси шариф билимдони» республика танловининг еркаклар ўртасида Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

Танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган Ҳадис илми бўйича иқтидори бор фуқаролар,  Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаларидан иборат 43 нафар йигитлар иштирок этдилар.

Танлов уч шартдан иборат бўлди. Биринчи шартда, иштирокчилар Имом Бухорий р.а., Имом Термизий р.а. боболаримизнинг ибратли ҳаёт йўллари, шахсий сифатлари ва илмий мерослари ҳақидаги саволларга жавоб бердилар.

Иккинчи шартда, араб тилидаги ҳадисларни ўқиб, таржима қилиб, шарҳлаб, ундан олинадиган фойдаларни баён қилдилар.

Учинчи шартда эса, аввалги қисми берилган ҳадис матнларини ёддан давом эттириб айтиб бердилар (“Ал адаб ал муфрад” (“Одоблар хазинаси”) китобидаги ҳадислар бўйича).

Танлов давомида ёш болажонларнинг ширин овозлар ила ҳадиси шарифларни ёдддан айтишлари, шунингдек алоҳида таклиф этилган Қуръон мусобақаси Тошкент шаҳар босқичи ғолибларининг Қуръони карим оятларидан тиловатлари тадбирни янада мунаввар қилди.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ: “Мадомики инсонлар орасида ҳадис талаб қиладиган кишилар бор экан, улар салоҳиятда бардавом бўладилар. Агар илмни ҳадиссиз талаб қилсалар бузиладилар”, деган эдилар. Юртимизда олиб борилаётган ана шундай эзгу ислоҳотлар ҳадис илмининг ҳам эндиликда янада жонланишига, униб ўсиб келаётган ёш авлоднинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаёт йўллари, суннатларини катта иштиёқ билан ўрганишига хизмат қилади. Бу йўлни тутган авлоддан иншааллоҳ, яна фозилу уламолар етишиб чиқади.

Тажрибали мударрис ва имом-хатиблардан иборат Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолаб бордилар. Мусобақа якунига кўра, энг юқори кўрсаткич эгалари қайд эълон қилиниб, ғолиб ва совриндорлар номлари аниқланди:

1- ўрин: Юсупов Халилуллоҳ  (97 балл)

2- ўрин: Тўхтасинов Рўзимуҳаммад (88 балл)

2- ўрин: Мусабоев Камрон (88 балл)

3- ўрин: Юсуфжонов Билол (87 балл) 

3- ўрин: Ортиқбоев Ҳожиакбар (87 балл)

Эслатиб ўтамиз, биринчи ўринни қўлга киритган ғолиблар мусобақанинг Республика босқичига йўлланма оладилар.

Биз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини тарғиб этишда, суннатни ўрганишда ўзига хос намуна кўрсатган танловнинг барча иштирокчиларни муборакбод этиб, билимлари бунданда зиёда бўлишини, улуғ зотларнинг чинакам  меросхўрига айланишларини тилаб қоламиз.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Аёлим билан ётоқда гап талашиб қолгандик. Иссиқ сув йўқ эди. Челакда сувни газга сан қўй, ман қўйдан келиб чиққан ҳазил ўзимга душман бўлди. Ҳазиллашиб (ҳазилим чинга айланди) бошқасига уйланиб оламан. У айтган заҳотим қўйиб юборади дегандим. Ўзи бундан икки ой олдин Исломда тўрттагача рухсат берилган дегандим. Унга пайғамбаримиз ва Амир Темур ҳаётидан мисоллар келтиргандим ва у аразлаб отасининг уйига кетиб қолди. У маънавий эзилган эмиш. Мен нима қилишни билмай қолдим. Маслаҳат беринг.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар яшамоқчи бўлсангиз бориб хотинингизни олиб келинг.

Савол: Ассалому алайкум ҳурматли устозлар! Саволим шундан иборатки мени 3 нафар фарзандим бор. Каттаси 3,5 кичиклари 2 ёшда. 5 маҳал намоз ўқийман. Фарзандларим жудаям ёш бўлишганлиги сабабли баъзида қайта-қайта тайинласам ҳам намоз ўқиётганимда баъзан йиғлаб, баъзан ўйнаб кириб келишади. Уларга кўз, юз ишоралари билан “ўтир” ёки “жим” деган ишорани қилмагунимча жим бўлишмайди. Баъзан сал қўл бармоқларим билан ҳам “ўтир” ишорасини қиламан. Шундан сўнг ёнимда жим ўтиришади. Айтингчи шундай ҳолатларда намоз бузиладими?

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Сиз фарзандларингизнинг ишларига эътибор қаратманг. Сизнинг бу ишларингиз намозингизни бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Савол: Ассалому алайкум. Машинага Барселона футбол клубини сувенир оёқ кийимчаси осилган гап шундаки бу футбол клуби байроғида крест (хоч) белгиси бор экан яъни насронийларнинг диний белгиси бор экан. Буни тақиб юриш мумкин эмасми ёки шунчаки оддий сувенир қилиб олиб юриш мумкинми?

Жавоб: Ва алайкум ассалом.Бу каби нарсаларни эъзозлаб олиб юриш мумкин эмас.

 

Барча жавобларга ўтиш

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 19 апрелдаги “Ҳадиси шариф билимдони” Республика танловини ўтказиш тўғрисида 01А/053-сонли буйруғига асосан 2018 йил 5 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги томонидан Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида “Ҳадиси шариф билимдони” Республика танловининг Наманган вилоят босқичи кўтаринки руҳда, шаффофликда ўтказилди.
“Ҳадиси шариф билимдони” танловнинг ўтказишдан асосий мақсад эса, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, инсонларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган ғояларни ўзида мужассам этган ҳадисларни ёшларнинг барча қатламларида кенг тарғиб қилишдан иборат.
“Ҳадиси шариф билимдони” танловнинг асосий вазифалари диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган ёшларнинг ҳадис илми бўйича билимларини ривожлантириш, Имом Бухорий, Имом Термизий каби муҳаддислар етишиб чиқиши учун замин яратиш;
- ёшларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, ислом динининг асл моҳиятини англаган ҳолда ёшларда ҳадис илмига бўлган қизиқишини ошириш, юртимизда ҳадис билимдонларини етиштириб чиқариш;
- юртимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа муҳаддис алломалар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, уни халқимиз ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборатдир.
“Ҳадиси шариф билимдони” танловининг вилоят босқичи эса ана шундай эзгу мақсадларни ўз олдига қўйди десак асло муболаға бўлмайди. Ўтказилган танловда жами 75 нафар Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида тахсил олаётган талабалар, ёш имомлар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган ёшлар ўзаро беллашдилар.
Мусобақа “Ҳадиси шариф билимдони” танловининг Низоми асосида қуйдаги шартлар асосида ўтказилди.
Унга кўра иштирокчилар Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб Ал-Муфрад”асаридаги ҳадислардан икки юзтаси асосида баҳоланди. Танлов учта шартдан иборат бўлди.
Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш;
Берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадисни таржима қилиш ва унга доир ҳукмларни баён қилиш);
Ҳадисни араб тилидаги матнини ровийлари билан ёддан айтиб (берилган боблар бўйича биттадан ҳадис айтиш) бериш.
Мусобақа ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра қуйидагилар фахрли ўринларга муносиб деб топилди.
Эркаклар ўртасида
1-ўрин Махкамов Миркамол Шарип-ўгли
2-ўрин Нақибхонов Саидасрорхон Осимхон ўғли
3-ўрин Ботиров Муҳаммад Абдумажит ўғли
Аёллар ўртасида
1-ўрин Мирзаева Маликахон Маъсум қизи
2-ўрин Усманова Хабибахон Лутфилло қизи
3-ўрин Маъруфхўжаева Зулфия Маъмур қизи
Мусобақа ғолибларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати

Ислом уммати Аллоҳнинг буюк неъматини кутиб олиш тараддудида турибди. Бу шундай неъматки, ҳар йили хайру баракот, раҳмату мағфират ила тўла бу уммат устида соябон бўлади. Бу шундай неъматки, у билан фақат Ислом умматигина хосланган. Бу муборак Рамазон ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи келганда саҳобаларига ушбу муборак ойни шундай тасвирлаб берар эдилар.

أتاكُم رَمضانُ شَهرٌ مبارَك، فرَضَ اللَّهُ عزَّ وجَلَّ عليكُم صيامَه، تُفَتَّحُ فيهِ أبوابُ السَّماءِ، وتغَلَّقُ فيهِ أبوابُ الجحيمِ، وتُغَلُّ فيهِ مَرَدَةُ الشَّياطينِ، للَّهِ فيهِ ليلةٌ خيرٌ من ألفِ شَهرٍ، مَن حُرِمَ خيرَها فقد حُرِمَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизларга Рамазон ойи муборак ой келди. Аллоҳ унинг рўзасини сизларга фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилиб, шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у кечанинг хайрларидан маҳрум қолса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривоятлари).

Рамазон ойи Ислом уммати таъбирига кўра учта асосий вазифани бажаради:

1) Бу муборак ой сабаб қалблар гуноҳлардан покланади.

2) Масжидларда мусулмонларнинг бирлиги намоён бўлади.

3) Ҳаддидан ошган нафслар жиловланади ва тарбияланади. 

Мусулмон киши Рамазон ойини қандай кутиб олади?

1) Холис ният қилиш. Аллоҳнинг ҳузуридаги ажр савобга эришиш ва гуноҳларини мағфират қилиниши учун имон ва ишонч ила руза тутишни ният қилмоқлик.

2) Аллоҳ таолодан муборак Рамазон ойига соғ-саломатлик, тинчлик-офиятликда етишни ва бу ойда ибодатларни адо этишга қувват ва ҳиммат сўрамоқлик.

3) Рамазон рўзаси ва бу фазилатли ойга тааллуқли бўлган барча шаръий хукмларни пухта ўрганмоқлик.

4) Бу фазилатли ой бошланишидан олдин инсонларни авф этиш ва барчага бирдек марҳаматли бўлмоқлик.

5) Ҳар қандай талашиб-тортишишларни тарк этиш. Уруш-жанжаллардан ўзини олиб қочмоқлик.

6) Аллоҳ таолога тавбаи-насуҳ, истиғфор ила, шунингдек, умрини ҳақ йўлдан йироқ бўлиб, гуноҳ-маъсиятда ўтказган вақтларига надомат билан юзланмоқлик.

7) Рамазон ойи инсон ўзини яхши тарафга ўзгартириши учун айни фарсат эканлигини англаб етиши. Ўзини ислоҳ қилиш, хатоларини тузатишга азму қарор қилмоқлик. Рамазон ойидан кейин ҳам шу йўсинда бардавом бўлмоқлик.

8) Бу муборак ойда солиҳ амалларни кўпайтириш. Қуръон тиловати, кундалик зикрлар, садақа ва эътикоф каби эзгу амаллар билан зийнатланмоқлик.

9) Ота-онага яхшилик қилиш. Уларнинг ҳузурида йўл қўйган камчиликлари учун афв этишларини сўраш. Шунингдек, қариндош-уруғлар билан силаи раҳм қилмоқлик.

10) Қарз ва омонат каби ҳақлар бўлса, эгаларига қайтариш.

11) Эзгу амалларга чорлайдиган ва намуна бўладиган солиҳ инсонлар билан ҳамроҳ бўлиш.

12) Рамазон ойи ҳилолини (янги чиққан ой) кузатиш.

13) Ҳилолни кўрса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилганлари каби дуо қилиш.

كانَ رسولُ اللهِ إذا رأى الهلالَ قالَ: اللهُ أكبرُ، اللَّهمَّ أَهِلَّهُ علينا بالأمنِ والإيمانِ ، والسَّلامةِ والإسلامِ ، والتَّوفيقِ لما تحبُّ، وَترضَى ، ربُّنا وربُّكَ اللهُ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги чиққан ойни кўрсалар: «Аллоҳ улуғдир, эй Раббим, бизга бу ойни омонлик, иймон, саломатлик, ислом, тавфиқ, Ўзинг яхши кўрадиган ва рози бўладиган ой қил. (Эй ҳилол!) Менинг раббим ҳам, сени раббинг ҳам Аллоҳдир» (Имом Доримий ривояти).

14) Рамазон ойининг аҳамиятини ҳис қилиш. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг бу фазилатли ойда кундузлари рўзадор, кечалари тунги намозларни адо этувчи мўминга беражак улуғ ажр-савоблари, раҳмат ва мағфиратларини мулоҳаза қилиш.

15) Рамазон ойида вақтдан унумли фойдаланиш учун ўзига кун тартибини тузиб олиш. Муҳим амалларни белгилаб олиш. Дўстлар билан узундан-узоқ суҳбатлар, телевизор кўриш каби руҳсат берилган ишларда ҳам исрофга йўл қўймаслик.

16) Саҳобалар каби бу дуолар мустажоб бўладиган муборак ойнинг кириб келаётганига хурсандчилигини изҳор қилиши. Унда ҳасрат, шикоят ва норозилигини изҳор қилмаслик. Айниқса, Рамазон ойи ёз фаслига тўғри келиб қолса…

Аллоҳ барча мўминларни ўзи суйган ва ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айласин!

Авазхўжа БАХРОМОВ

 Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби

 

 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир» (Нисо сураси, 29-оят).

Яъни, ҳиндларнинг жоҳилларига ўхшаб, ўзингизни-ўзингиз ўлдирмангиз ёки ўзингизни ҳалокатга ташламангиз.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бу оятни совуқ (шамоллаш) хавфи бўлганда таяммум қилишга таъвил этганлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга эътироз билдирмаганлари юқоридаги фикрни тасдиқлайди.

Ёки қатл этилишга сабаб бўладиган жиноятни қилмангиз, деган маънода.

Айрим уламолар: «Ўзларингиз»дан мурод диндошлардир. Зеро, мўминлар битта жон кабидир, оят бир-бирингизни ўлдирмангиз, деган маънода», дейишган.

«Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир».

Яъни, сизларга бошқача меҳрибон бўлгани боис айрим ишларни буюрди ва айрим ишлардан қайтарди.

«Кимда-ким шу (қотиллик)ни адоват ва зулм юзасидан қилса, албатта, Биз уни дўзахда куйдирамиз. Бу (эса) Аллоҳга осондир» (Нисо сураси, 30-оят).

Яъни, кимки Аллоҳ қайтарган ишларни қилса, жумладан, ботил йўллар билан мол еса ёки ноҳақ қон тўкса, Аллоҳ уни дўзахга маҳкум қилади.

Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўл(томири)ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: «Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим», деди» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадул-абад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадул-абад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадул-абад у билан ўзини уради» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).

Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир. Ким бир мўминни кофирликда айбласа, уни ўлдиргандек бўлибди. Кимки ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат кунида ўша нарса ила азобланади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бир киши жароҳатининг оғриғига чидолмай, ўлимини тезлатиб, қиличининг тиғи билан ўзини ўлдирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда: «У дўзах аҳлидандир», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таолодан бизларни ҳидоятига йўллашини, нафсларимиз ёвузлиги ва амалларимиз ёмонлигидан сақлашини сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли, мағфиратли ва раҳмли зотдир.

 

 

Имоми Заҳабийнинг «Гунохи кабиралар»

 китоби асосида

Пскент тумани «Ўсмат Ота» жоме масжиди
имом-хатиби

Сирожов МУНИС

тайёрлади

Мақолалар

Top