muslim.uz

muslim.uz

Кувайтнинг Адлия ва дин ишлари вазири Доктор Фаҳад Ал-Афаси мамлакатнинг 9-халқаро Қуръон мусобақаси 10 апрель куни бошланишини эълон қилди. 

“KUNA” агентлигининг хабар беришича, халқаро мусобақа Амир Шайх Сабоҳ Ал-Аҳмад Ал-Жабир Ал-Сабоҳ ҳомийлигида ўтказилади. 

Мусобақадан кўзланган мақсад араб ва мусулмон давлатларида яшовчи Қуръони Каримни ёд олиш билан шуғулланганлар орасида ғолибларни аниқлаш, ёш авлодга Қуръон тиловати ва илмларини ўргатишда имомлар ролига эътиборни қаратиш, шунингдек, Қуръони Каримни ёд олувчиларни рағбатлантиришдан иборат эканини айтиб ўтган. 

Вазир Ал-Афаси жорий йилги мусобақадан кўпроқ одам манфаат кўрсин, деган мақсадда хориж давлатлардан имкон қадар Қуръонни ёд олган кўп вакил иштирок этишини таъминлашга ҳаракат қилинаётганини сўзига қўшимча қилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Тадқиқотларга кўра, Покистон хайрия ишлари энг кўп амалга ошириладиган мамлакат сифатида Ғарбнинг етакчи мамлакатлари қатори дунёда етакчи ўринга чиқиб олди. 

“Stanford Social Innovation Review” ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқотдан маълум бўлишича, Покистон ҳар йили ялпи ички маҳсулотининг 1 фоизини хайрия мақсадларига сарфлайди, шу сабабли у жаҳонда энг кўп хайрия қиладиган давлатлар қаторидан жой эгаллади. 

Солиштириш учун: Буюк Британия ЯИМнинг 1,3 фоизини, Канада 1,2 фоизини хайрия мақсадларига сарфлайди. 

Покистонликлар йилига 240 миллиард рупий (2 миллиард доллардан ортиқроқ) маблағни хайр-эҳсон қилар эканлар. Мамлакатнинг 98 фоиз аҳолиси хайрия ишларида иштирок этади – ё пул, ёки молидан садақа беради, ё бўлмаса муҳтожларга ёрдам бериш ишларида кўнгилли сифатида иштирок этади. 

Бу саховат асли Исломдаги закот, садақа каби қадриятлар ва покистонликларнинг қон-қонига сингиб кетган атрофдагиларга ҳамдардлик ҳисси натижасидир. Тадқоқотлардан маълум бўлишича, 67 фоиз сўралганлар хусусий шахсларга, 33 фоизи эса хайрия ташкилотларига ёрдам маблағини беришларини айтганлар. 

Тадқиқот муаллифлари бу соҳада Покистонда эришилган ютуқларга қарамай, мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун хусусий хайрия фаолиятини рағбатлантириш лозим деган хулосага келганлар. Чунки фақат шу йўл билан имкон қадар кўпроқ муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш мумкин. 

ЎМИ Матбуот хизмати

  1. Аёлига, фарзандларига, ходимларига яхшилик қилиш борасида.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Киши ўз аҳлига яхшилик қилиши керак. Токи у оила аъзолари учун энг севимли кишига айлансин”. 

  1. Раҳмоннинг бандаларининг сифатлари билан безаниш.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган: 

وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَاماً

“Улар: “Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт”, дейдиганлардир” (Фурқон сураси, 74-оят).

Қуразий раҳимаҳуллоҳ: “Мўмин киши аёлини, фарзандларини Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилаётган ҳолда кўришидан кўра унинг кўзини қувонтирадиган бошқа нарса йўқ” деганлар. 

  1. Исроф, зино ва хиёнатдан сақланиш борасида.

Имом, тобеий Яҳё ибн Абу Касир: “Агар мана бу уч нарса уйда бўладиган бўлса, у уйдан барака олинади. Булар исроф, зино ва хиёнат” деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қайси бири яхшироқ?” дейилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қараганда, хурсанд қиладигани, буюрса, итоат қиладигани, эрининг аёли нафсида ва ўз молида ёқтирмайдиган нарсаси борасида унга хилоф қилмайдигани” дедилар. Имом Насаий ривоят қилган. 

  1. Аёлнинг эрга итоат қилиши борасида.

“Ибн Равоҳа бир куни йиғлади. Аёли ҳам йиғлади. Шунда у аёлидан: “Йиғингнинг боиси нима?” деб сўради. Аёли: “Сизнинг йиғлаётганингизни кўрдим ва шунинг учун мен ҳам йиғладим” деб жавоб берди. Шунда эри: “Албатта, менга сиротдан ўтишим ҳақида хабар берилди. Амалларнинг ўлчови ҳақида менга хабар берилмади” деди.

Бу ривоятда аёлнинг эрига итоат қилишига гўзал бир мисол келтириляпти. Аёлнинг эрига итоати оиланинг барқарорлиги ва саодатининг мусҳаткам таянчи, кафолатидир. 

  1. Ўз ғамларини оила аҳлига айтмаслик борасида.

Имом Иброҳим Ҳарбий айтадилар: “Онамга ҳам, синглимга ҳам, аёлимга ҳам танамдаги истимамни айтиб, шикоят қилмадим. Чинакам эркак ўз ғамини ичига яширадиган ва оиласини ўз ғамлари билан паришон қилмайдиган кишидир”.

Дарҳақиқат, бу ахир Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларининг ҳаётга татбиқ қилиш борасида юксак хулқ намунаси эмасми?!

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар:

“Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхши бўлганларингиздир. Мен сизларнинг орангиздаги аҳлига энг яхшироғингизман”. 

  1. Аллоҳдан солиҳа аёл сўраш борасида.

Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилганда, шундай деб марҳамат қилган: 

وَأَصْلَحْنَا لَهُ زَوْجَهُ

“Жуфтини ўнглаб қўйдик” (Анбиё сураси, 90-оят).

Баъзи уламолар: “Киши Аллоҳ таолога: “Эй Роббим! Аёлимни ислоҳ қилгин! Солиҳа қилиб бергин!” деб кўп дуо қилиши керак” деб айтишган. 

  1. Аёлнинг эрига мурожаат қилиши борасида.

Саъид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳнинг аёли: “Биз эримизга, худди сизлар амирларингизга гапиргандек, гапирамиз” деган. 

  1. Эрнинг аёлига қандай муомала қилиши кераклиги.

Умар розияллоҳу анҳу: “Мен киши ўз аҳлида ёш боладек бўлишини яхши кўраман. Агар у эркакка эҳтиёж тушса, унда эркакдек бўлиб, (эҳтиёжни қондира)ди” деганлар. 

  1. Ота-оналарнинг фарзандлари ҳақига кўп дуо қилишлари.

Ота-оналар ўз фарзандлари ҳақларига кўп дуо қилишлари керак ва уларни қарғашдан сақланишлари лозим.

“Агар ота боласининг ҳаққига золимона равишда дуоибад қилса, гуноҳкор бўлади. Бу иш мазлум бола учун гуноҳларига каффорот бўлади ва сабр қилганига ажр олади”. 

10. Ота-оналарнинг фарзандларига ибрат бўлиши.

Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ: “Албатта, мен намоз ўқийман ва шу пайт боламни эслаб қоламан. Шунинг учун намозимни зиёда қилиб адо этаман” деганлар.

Яъни болам мендан ибрат олади деб ўйлаб, намозимни чиройли тарзда, хушуъ-хузуъсини ўрнига қўйиб адо этаман, деганлар. 

 

“Ал-усра ас-саъийда индас салафис солиҳ” номли

мақоладан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 28 آذار/مارس 2018 00:00

Қайтар дунё

Қадимда бир заргар бўлиб, усталикда номи етти иқлимга тарқалган эди. Узоқ-яқиндан келган мижозларнинг кети узилмасди. У художўйлиги ва адолатпарварлиги билан ҳам ном қозонган тақво аҳлидан эди. Аёлларнинг парда ортидан узатилган бармоқларини ип билан ўлчаб, узук ясарди. Иш жараёнида бирорта бегона аёлнинг юзига қиё боқмас, бармоқларига қўлини теккизмасди.

Кунларнинг бирида парда ортидан бир нозик бармоқ узатилди. Шу пайт иблис алайҳилаъна унинг оппоқлигини кўз-кўз қилиб, заргарни васваса қилди. Заргар ҳеч ким кўрмаяпти-ку деган гумон билан бегона бармоққа секин тегиб қўйди. Аммо шу заҳоти қилган ишидан пушаймон бўлиб, қаттиқ тавба ва истиғфорга киришди.

Кечқурун уйига келса, хотинининг кўзлари йиғлайверганидан қизариб кетган. Заргар қўрқиб кетиб, сабабини сўраган эди, аёли шундай деди: «Ҳар куни бўш челакни эшик олдига чиқариб қўярдим. Хизматчи унга сув тўлдириб келиб, эшикни секин тақиллатиб кетарди. Мен бориб челакни ичкарига олиб кирардим. Бугун ҳам одатдагидек челакни эшик олдига қўйдим. Бироздан кейин эшик тақиллади. Челакни олмоқчи бўлиб чиқсам, хизматкор пойлаб турган экан, қўлимдан маҳкам ушлаб олди. Лекин Аллоҳдан қўрқди шекилли, қўйиб юборди. Шундан бери йиғлаб ўтирибман. Илтимос, мени кечиринг» деб, йиғлашда давом этди.

Заргар шу заҳоти бугунги хатосини эслади. Агар ўшанда ўзини қўлга олмаса, хотинига ҳам худди шундай муомала қилиниши мумкинлигини ўйлаб, қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлди.    

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top