Тафсири ирфон

БИРИНЧИ ЖУЗ:  1-сура ФОТИҲА СУРАСИ. Маккада нозил бўлган, 7 оятдан иборат

 

"Фотиҳа" сўзи луғатда "очувчи" деган маънони билдиради. Қуръони каримнинг биринчи сураси номи Фотиҳадир. Кўпгина уламолар уни Маккада нозил бўлган, дейишади, етти оятдан иборат. Мазкур сура Қуръоннинг аввалида келгани, ўзи етти оятли бўлса-да бутун Қуръони мажиднинг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этгани учун ҳам "Қуръон мазмунини очувчи" номини олган. Пайғамбар алайҳиссалом Фотиҳага "Қуръондаги энг улуғ сура" деб ном берганлар. Аллоҳ таоло уни "Сабъул-масоний" (такрорланувчи етти оят) деб атаган. Шунинг учун Фотиҳа сураси ҳар куни беш вақт намозда кўп марта такрор ўқилади. Бу сура номларидан бири "Ал-ҳамд"дир, чунки бандаларга ушбу сура орқали мақтов-ҳамд айтиш йўллари кўрсатилган; яна бир номи "Уммул-Қуръон"дир (Қуръон онасидир),  яна бир номи "Аш-шифо"дир, чунки у ўлимдан бошқа ҳамма дардга шифодир. Бундан бошқа яна бир қанча номлари ҳам бор.

Шу ўринда "Бисмиллаҳ" ва Фотиҳа сурасининг нозил бўлиши ҳақидаги ҳадисларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Ислом динида ҳар бир амални, у намоз ўқиш ё Қуръон тиловат қилиш бўладими, овқатланиш ё касб-корни бошлаш бўладими, бир жойга кириш ё уйқуга ётиш бўладими, мактуб ёзиш ёки нутқ сўзлаш бўладими, барини "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм" (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман) калимаси билан бошлаш буюрилган. Ҳадисда айтилишича, "Бисмиллаҳ"сиз бошланган ишнинг орти кесикдир, яъни муваффақиятли тугамайди ё баракоти бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай деган: "Эй Муҳаммад, шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўранг, сўнг "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм" денг". Яна шу киши айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Бисмиллаҳ" нозил бўлмагунча сураларнинг ниҳоясини билмасдилар". Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: "Токи "Бисмиллаҳ" нозил бўлмагунича икки суранинг орасини ажратишни билмасдик", деган. Абдуллоҳ ибн Нофеъ отасидан, у эса Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилиб айтади: "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм" ҳар бир сура аввалида нозил бўлган".

Фотиҳа сурасининг нозил бўлиши ҳақида эса, уламолар ихтилоф қилишади. Абу Майсара розияллоҳу анҳу айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқсалар, "Эй Муҳаммад" деган нидо эшитардилар. Бундан қўрқиб, орқаларига қайтардилар. Шунда Варақа ибн Навфал у кишига: "Агар нидо эшитсангиз, жойингизда туриб нима дейилмоқчилигини кутинг", деди. Кейин у зот яна "Эй Муҳаммад" деган нидони эшитганларида "лаббайка!" дедилар. Нидо қилувчи бундай деди: "Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадар-Расулуллоҳ" дегин ва "Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн", деб айт!". Булар Алий ибн Абу Толибнинг сўзидир. Кўпчилик уламолар фикрича, Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган. Бунга далиллар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада турганларида "Бисмиллаҳ"ни айтиб Фотиҳа сурасини ўқирдилар. Шунда Қурайш аҳли: "Аллоҳ оғзингни юмсин" деди ёки шунга ўхшаш гапни айтди". Буни Ҳасан ва Қатодалар ҳам ривоят қилишган. Мужоҳиднинг фикрича, Фотиҳа сураси Мадинада нозил бўлган. Ҳусайн ибн Фазл: "Ҳар бир олим ҳам янглишади, бу Мужоҳиднинг хатосидир, чунки бу сўзни якка унинг ўзи айтган. Уламолар эса бунинг аксини айтишади. Суранинг маккий эканига ушбу ояти карима далилдир: "Дарҳақиқат, Биз сизга етти такрорланувчини (яъни Фотиҳа сурасини) ва улуғ Қуръонни бердик" (Ҳижр, 87). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Убай ибн Каъб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга "Уммул Қуръон"ни (яъни, Фотиҳа сурасини) ўқиб берди. Шунда у зот: "Жоним измида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ на Тавротда, на Инжилда, на Забурда ва на Қуръонда бу кабини нозил қилган. Албатта, у етти такрорланувчи ва менга берилган улуғ Қуръондир", дедилар" (Алий ибн Аҳмад Найсобурий. "Асбабун-нузул").

 

أَعُوذُ بالله مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ

بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ٢

  1. Барча мақтовлар оламлар Парвардигори Аллоҳгадир.

Қуръони каримнинг, унинг биринчи сураси Фотиҳанинг ушбу ояти карима билан бошланиши, очилиши бежизга эмас. Мусулмонлар доимо "Барча мақтовларимиз ва саноларимиз Аллоҳ таолога бўлсин!" дея дуо қилишади. Чунки ҳамду санога бутун оламларнинг, барча жонли ва жонсиз мавжудотларнинг яккаю-ягона яратувчиси, бошқарувчиси ва тарбияткунандаси Аллоҳ азза ва жаллагина муносибдир, ҳақлидир. "Оламлар" деганда Аллоҳ таоло яратган барча оламлар, яъни бутун мавжудот: инсоният, фаришталар ва жинлар, ҳайвонот, наботот, жамодот, коинот ва бошқа оламлар тушунилади. Аллоҳ таоло бу оламларни яратиш билан бирга уларни асрайди, бошқаради, ризқлантиради. Аллоҳ таоло билан оламлар орасидаги алоқалар ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам узилмайди. Ана шу барча оламларнинг якка яратувчиси ва бошқариб турувчиси мутлоқ ҳукмдорликка эга ягона Аллоҳ таолодир.

Аллоҳ таоло яратган оламларни тўлароқ ҳис этиш учун хаёлан бир сафар қилиб кўрайлик: масалан, сиз яшаб турган қишлоқ ёки маҳаллада бир неча минг киши яшайди. Бундай маҳаллалардан бир туманда камида эллик-олтмиштаси бор. Бу маълумотларни вилоят миқёсига солиштирсангиз, салмоқ янада катталашади: вилоятда сизникидай туманларнинг камида ўн-ўн бештаси бор. Мамлакатимизда эса бундай вилоятлар сони ўн учта. Демак, бундан Ўзбекистонимизнинг ҳам жуда катта мамлакатлардан экани маълум бўлади. Шундай катта мамлакатни жаҳонга тенгласак, иш бошқачароқ тус олади. Дунё мамлакатлари майдони юз фоиз деб олинса, Ўзбекистон эгаллаб турган ер бунинг бор-йўғи 0,33 фоизига тенг. Аҳоли сони бўйича эса жаҳон кўрсаткичининг 0,4 фоизига баравармиз. Ер юзида инсонлар макон тутган қуруқлик эса жуда бепоён эмас: куррамизнинг йигирма тўққиз фоизигина одам яшайдиган қуруқликдан, қолган етмиш бир фоизи денгиз ва уммонлардан иборат.

Инсоният яшаб турган Ер куррасини Қуёшга менгзайдиган бўлсак, Қуёш салмоғининг ўзиёқ инсон ақлини шошириб қўяди. Қуёш Ердан миллиардлаб марта катта, Ердан Қуёшгача бўлган масофани босиб ўтиш учун  энг учқур ҳаво кемаларининг йиллаб учишига тўғри келади. Энди фикр доирасини янада кенгайтириб, атрофимизни ўраб турган ҳамда Ер, Қуёш, Ой ҳамда бошқа сайёра ва юлдузлардан ташкил топган галактика (миллиардлаб осмон жисмлари тўплами) ўлчамлари билан танишайлик: биз ичида яшаб турган галактика "Сомон йўли" деб аталади. Сомон йўли таркибида Қуёш тизимига кирувчи Ер, Зуҳал, Миррих, Муштарий, Чўлпон каби тўққиз сайёра, шунингдек икки юз миллиарддан ортиқ юлдуз бор. Бу юлдузлардан айримларининг ҳар бири Қуёшга тенг: баъзиси ундан каттароқ, айримлари кичикроқ. Сомон йўлининг нақадар улканлигини тасаввур қилиш учун биргина мисол: Қуёшдан чиққан ёруғлик бизгача саккиз дақиқада етиб келади, ёруғлик Сомон йўлининг бир учидан иккинчи учигача бориши учун эса юз минг йил керак бўлади. Бу поёнсиз Коинотда қанча галактика борлиги номаълум. Франсуз олими Морис Букай улар сонини миллиардлаб дейди. Бизлар англаган битта Сомон йўли галактикаси шунчалар ақл бовар қилмас даражада улкан экан, яна бундай галактикалардан миллиардлаби мавжудлиги ҳар қандай соғлом ақлни ҳам  шошириб қўйиши аниқ. 

Аллоҳ таоло яратган биргина Коинот олами ҳақида фикр юритишнинг ўзиёқ Парвардигорнинг буюк қудрати ва яратиш ҳикматига мисол бўла олади. Ҳақ таоло яратган ҳайвонот, наботот, жамодот, инсон ва жинлар олами ҳақида тафаккур юритиш эса киши маърифатини янада оширишда улкан сабоқ бўлиши аниқ. Биргина мисол: олимлар ҳисобича, ер юзида ва сув остида тарқалган барча махлуқот-мавжудотлар тури (хили) 150 миллионтадан ошади.

Аллоҳ таоло бундай улкан Коинот тизими, инсон ақли бовар қилмайдиган бепоён оламларнигина яратиб қолмай, энг майда зарраларни ҳам халқ этган. Масалан, атомни олиб кўрсак, бунга яна бир бор имон келтирамиз. Бир атом шунақанги майда зарраки, уни ҳатто энг кучли заррабин (микроскоп) орқали ҳам кўришнинг иложи йўқ. Буни тасаввур қилиш учун бир тажриба қиламиз: бир сантиметрли ипни минг бўлакка бўлинг, сўнг ана шу бўлаклардан бирини яна минг қисмга бўлиб чиқинг. Ҳосил бўлган узунликнинг биттасини олиб, унинг юздан бирини аниқланг. Ана шу топган узунлигингиз атомнинг ярмига тенгдир. Аллоҳ таоло  шундай кичик зарра бўлган атомни ҳам иккига: нейтрон ва протонга бўлинадиган қилиб яратганига нима дея оласиз?!

Аллоҳ таоло барча мавжудотларнинг ягона Яратувчиси, танҳо бошқарувчиси, буларнинг барини ягона илоҳий низомга бўйсундириб қўйган буюк Зот экан, мақтов ва саноларимиз ҳам фақат Унинг Ўзига бўлади! Шунинг учун ҳар гал Фотиҳа сураси қироат қилинганида юқоридаги мисолларни бир хотирга келтириш, Буюк Холиқимизни таниш, тенгсиз қудратига тасаннолар айтиш ва берган беҳисоб неъматларига шукр айтиш зарур бўлади. 

ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ٣

  1. У меҳрибон, раҳмлидир.

Меҳрибонликни англатувчи Раҳмон ва раҳмлилиликни англатувчи Раҳим Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бўлиб, "Раҳмон" неъматларини тўкис беҳисоб қилиб берувчи маъносини, "Раҳим" эса қиёматда мўминларга раҳм қилувчи маъносини билдиради. Унинг Раҳмон сифати фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос, буни инсонларга нисбат бериб бўлмайди. Раҳимлилик эса инсон ва бошқа махлуқотларга ҳам хос бўлиб, инсонларда ҳам, жонзотларда ҳам ўз фарзандларига ҳамда яқинларига раҳм-шафқат туйғулари мавжуддир. Масалан, ўғил-қизи беморлик туфайли ёки моддий жиҳатдан сал қийналиб қолса, ота-оналар раҳм-шафқатлари туфайли жону молларини ундан аямай сарфлаб юборишади. Жонзотларда ҳам ўз наслига раҳм-шафқат ниҳоятда кучли. Ҳайвонлар ҳақидаги филмларда бу нарса кўп марта кўрсатилган. Энг ваҳший жонзот саналган арслон ҳам янги туғилган боласини шунчалик ялаб-эркалайдики, беихтиёр унинг ваҳшийлиги эсдан чиқади.

Баланд қояларга ин қуриб бола очадиган бир денгиз қуши бўларкан. Боласи улғайиб, парвоз қиладиган бўлганида илоҳий табиий туйғу (инстинкт) туфайли денгиз сари учиши керак экан. Аммо кўп палапонлар қоядан денгизгача бўлган масофани учиб ўта олмай, ярим йўлда чарчаб ерга қўнишига тўғри келиб қоларди. Ана шунда ризқ излаб юрган тундра тулкилари уларни пойлаб туришарди. Палапони тулкига ем бўлмаслиги ва насли давом этиши учун қушнинг онаси тулкига ўзини қурбон қилиб, боласини қутқаради.

Раҳмдилликнинг бундай кўринишлари инсонлар орасида айниқса кучли. Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом жангларнинг бирида асирлар орасидаги бир аёл асирларнинг болаларини эмизаётганини кўриб қоладилар. Уни саҳобаларга кўрсатиб: "Мана шу хотин ўзгаларнинг боласини эмизяпти, шу аёлга "Ўз болангни ўтга ташла!" деб буюрилса, ташлайдими?" дея сўрадилар. Саҳобалар: "Асло, ўзини ўтга ташлаши мумкин, аммо боласини ташламайди", дейишди. Шунда Пайғамбаримиз: "Аллоҳ таоло ҳам бандасини ўтга ташлашни истамайди, бу онанинг ўз боласига бўлган меҳридан кўра Аллоҳнинг сиз билан бизга бўлган меҳрибонлиги буюкроқдир", дедилар. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло меҳрибонларнинг энг меҳрибони, раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир.

Яна такрорлаймиз, Унинг меҳрибон (Раҳмон) сифати фақат Унинг Ўзига хосдир. Аллоҳ таоло шунчалик меҳрибонки, хоҳлаган пайтимизда, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз Ўзининг ҳузурига киришга, ҳузурида истаганча туришга ижозат бериб қўйган. Илтижо ила қўлларимизни кўтариб, "Аллоҳ акбар" дейишимиз билан Аллоҳнинг олий ҳузурига кирамиз, Ўзигагина ибодат қиламиз  ва ниҳоясида хоҳлаган нарсамизни сўрай оламиз. У шунчалик меҳрибонки, инсонлар орасида Аллоҳни ва Унинг амр-фармонларини инкор қилувчилари бўлса-да, уларни ҳам эсдан чиқармай ризқ бераверади, неъматларини дариғ тутмайди. У шунчалар меҳрибонки, банда қанча гуноҳ ишлар, ёмонликлар қилса ҳам, улар учун жазолашни охиратга қолдирмайди: "Бандам тавба қилса, барча гуноҳларини кечираман", "Менинг раҳматимдан ноумид бўлманглар", дейди. У шунчалар меҳрибонки, бирор махлуқни ризқсиз, оч қолдирмайди, Ер юзида қимирлаган жон борки, уларнинг ризқини ҳамиша бериб туришга ваъдаси бор. Осмондаги қушлар ҳам Раҳмоннинг меҳрибонлиги туфайли бемалол қанот қоқиб парвоз қилиб юрибди. Қуръони каримда бундай дейилган: "Тепаларида учаётган қушларнинг қанотларини қандай очиб-ёпаётганини кўришмайдими? Уларни Раҳмондан бошқа ушлаб турадиган зот йўқ, У ҳамма нарсани кўриб туради". (Мулк, 19). Яъни, Аллоҳ таоло Раҳмон сифати билан қушларнинг самода парвоз қилишлари учун уларга қанот қоқиш имконини берди, тана аъзоларини шунга мослади, уларни учишга ўргатди, ҳатто ризқларини ҳам ўша ерда таъминлади. Худди шу каби У инсониятга учоқлар ясаб, уларда парвоз қилишни ўргатди. Парвоз қилаётган қушларни ҳам, инсон кашф этган учоқларни ҳам осмонда ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи меҳрибонлиги билан тутиб, асраб туради. У Раҳмон сифати билан нафақат қушларни, балки бутун мавжудотларни ҳам Ўз паноҳида асрайди. У ҳамма нарсани кўриб-билиб туради.

مَٰلِكِ يَوۡمِ ٱلدِّينِ٤

  1. Жазо кунининг Эгасидир.

"Жазо куни" қиёматдир, яъни, Аллоҳ таоло жазо кунининг, бандаларнинг амаллари ҳисоб-китоб қилинадиган, солиҳ амаллар қилганлар жаннат ила мукофотланадиган, кофир ва мушрик кимсалар дўзахга ташланадиган Қиёмат кунининг Подшоҳидир. Чунки ўша куни ҳамма-ҳаммага - фаришталару жин ва инсонларга, ҳайвонлару қуш-ҳашаротларга амр қиладиган, ҳисоб-китобга тортадиган, жазо ёки мукофот белгилайдиган, адолат ўрнатадиган ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бу ишда Унга ҳеч бир жонзот шериклик қилолмайди, ҳеч бир жонзот Унинг қарорини ўзгартиролмайди. Ўша куни мутлоқ ҳукмдор фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бўлади.

إِيَّاكَ نَعۡبُدُ وَإِيَّاكَ نَسۡتَعِينُ٥

  1. "Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз;

Бу оятни, умуман сурани Аллоҳ таоло бандалар шундай дейишлари учун улар тилидан баён қилади. Инсонлар фақат Аллоҳгагина ибодат қиладилар, сиғинадилар ва Унинг Ўзидангина ёрдам кутадилар. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. "Ибодат" сўзи "тоат", "итоат қилиш" ва "Парвардигорни улуғлаш" маъноларини ўзида жамлаган. Шариатда бажарилгани учун савоб бериладиган ва ниятга боғлиқ бўлган амал "ибодат" дейилади. Аллоҳ таоло амр-фармонлари ва Унинг Пайғамбари кўрсатмаларини бажариш, Парвардигор розилигини топиш ва Унга бандаликни адо этиш учун буюрилган намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо ва зикрлар айтиш, яхшилик ва эҳсонлар қилиш каби тоат ва амаллар ибодатдир. Ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлиси намоздир.

Инсоннинг Ўзини Аллоҳ азза ва жалла яратган, унга Ер юзида ҳаёт кечириш, кўриш, эшитиш, ҳис этиш, кўпайиш, ризқ излаш, ухлаш, хурсандчилик қилиш неъматларини бериб қўйган. Инсоннинг яхши ҳаёт кечириши учун Парвардигори ато этиб қўйган неъматларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Қорни очса турфа таомлар, мева ва бошқа маҳсулотларни муҳайё этади. Касал бўлса, шифони ҳам Аллоҳ беради. Бошига ғам тушса, Унинг Ўзи ғамини аритади. Қийналса, Парвардигорнинг ўзи ёрдамга келади. Шундай бўлгач, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳдан ўзгага сиғиниб, Ундан бошқадан нажот кутиб бўлармиди! Банданинг ҳар ишда, ҳар қадамда Аллоҳга юкуниши, ҳожатларини Унинг Ўзига ҳавола қилиши, Аллоҳдангина қўрқиши, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиши унинг  имон, илм ва салоҳиятда пешқадам эканига далолатдир.  

Мутахассислар сўнгги йилларда ажойиб бир кашфиёт қилишди: бир одам инсонларнинг ёмонлигидан, мусибат ва фалокатлардан, бало-офатлардан қаттиқ қўрқса, асаб тизими ишдан чиқиб, бунинг оқибатида юрак, қон томири, жигар ва бошқа аъзоларининг фаолияти бузилар экан. Доимий қўрқув эса ҳатто тузалмас хасталикларга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳдан қўрқилганида эса бунинг тамоман аксини кузатишган. Бунда инсон руҳи чексиз лаззат ва хотиржамликка ғарқ бўлар, бу эса тана аъзоларининг ишлашига фақат ижобий таъсир кўрсатар экан. Олимлар яна инсоннинг дунёвий ташвишлардан ғам чекиб ёки яқинларининг ўлимига қайғуриб узоқ вақт йиғлаганида кўз ёши қуриб, ҳатто кўзи кўрмай қолиши мумкинлигини аниқлашди. Лекин Аллоҳдан қўрқиб, ё Унга тавба-тазарру ва илтижолар билан кўз ёши тўкканларнинг, Аллоҳ Каломини доимий тиловат қилганларнинг кўриш қобилиятлари яхшилангани тажрибаларда исботини топган. Ана шу мисолларнинг ўзиёқ банда учун Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган Зот йўқлигини исботловчи энг яхши далиллардир.

Read 5881 times

Мақолалар

Top