Тафсири ирфон

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ. 21-22 ОЯТЛАР

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ ٱعۡبُدُواْ رَبَّكُمُ ٱلَّذِي خَلَقَكُمۡ وَٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ٢١

  1. Эй инсонлар, сизларни ва сиздан олдин ўтганларни яратган Парвардигорингизга ибодат қилинглар, шундагина тақволилардан бўласизлар.

Инсонлар ҳеч қандай шериги бўлмаган, ўзлари ва олдин ўтган барча аждодларининг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга буюрилишган. Бу бежиз эмас, чунки Жаноби Ҳақнинг улуҳиятида ва юксак сифатларида шериги бўлсайди, у ҳам илоҳ саналиши учун икки-уч илоҳ пайдо бўлур эди. Оқибатда бу илоҳлар бир-бири билан ихтилоф ва келишмовчиликларга борар, ишлар сансоларга тушар, натижада бутун дунё низоми бузилиб, чегарасидан чиқиб кетган бўлур эди. Шу боис, улуҳият ва яратувчилик сифати Қодиру Зулжалол Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Бу ҳақда Қуръони карим бундай дейди: "(Эй Муҳаммад), агар улардан: «Осмонлару Ерни яратган, қуёш ва ойни бўйсундирган ким?» деб сўрасангиз, «Аллоҳ», дейишади. Унда қаёққа ўгирилиб кетишяпти?" (Анкабут, 61); "Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз" (Фотиҳа, 4); "Парвардигорига ибодатда ҳеч кимни шерик қилмасин" (Каҳф, 110). Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда уч тоифанинг аҳволини баён этади. Биринчиси мўминлар, иккинчиси кофирлар, учинчиси мунофиқларки, улар мусулмон бўлиб кўринишса-да, асли дилларида динни инкор қилишади. Сўнгги оят билан Аллоҳ таоло бутун инсонларга хитоб қилиб дейди: "Эй инсонлар, бутун оламларнинг ва улардаги барча махлуқотнинг эгаси бўлган Парвардигорга ибодат қилинглар, Унга бошқани асло шерик қилманглар, чунки сизларга маълумки, Аллоҳнинг тенги ва шериги йўқдир". Алқама айтади: "Эй инсонлар..." деб бошланадиган ҳар бир оят маккийдир (яъни Маккада тушгандир), "Эй имон келтирганлар..." деб бошланадиган ҳар бир оят эса маданийдир. Яъни, "Эй инсонлар" Макка аҳлига, "Эй имон келтирганлар" Мадина аҳлига хитобдир. Шу жумладан, юқоридаги оятда ҳам, қуйида келувчи 22-24-оятларда ҳам Макка мушрикларига хитоб қилиняпти".

ٱلَّذِي جَعَلَ لَكُمُ ٱلۡأَرۡضَ فِرَٰشٗا وَٱلسَّمَآءَ بِنَآءٗ وَأَنزَلَ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مَآءٗ فَأَخۡرَجَ بِهِۦ مِنَ ٱلثَّمَرَٰتِ رِزۡقٗا لَّكُمۡۖ فَلَا تَجۡعَلُواْ لِلَّهِ أَندَادٗا وَأَنتُمۡ تَعۡلَمُونَ٢٢

  1. У сизларга Ерни тўшаб, осмонни шифт қилиб берди ва осмондан сув тушириб, сизларга ризқ сифатида турли меваларни ундирди. Билиб туриб ҳам, энди Аллоҳга ҳеч кимни шерик қилманглар.

Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъмат ва яхшиликларни ато этиб қўйган: Ерни яшашга қулай ва мос қилиб ёйиқ ҳолда тўшаган, осмондан ёғинлар (сув) ёғдириб, ердан булоқ-чашмалар чиқариб қўйган, бандаларига ризқ қилиб, мева, сабзавотлар, мазали гўштлар пайдо қилган. Агар бир-икки ой ёғин ёғдирмай қўйсин-чи, одамлар бу неъматлардан баҳраманд бўла олишармикин? Аллоҳ таоло айтади: "У Ерни сизларга бешик қилган, унда сизлар учун йўллар очган ва осмондан сув туширган Зотдир. Биз у билан турли ўсимликлар навларини ундириб чиқардик, токи енглар ва чорваларингизни боқинглар. Бунда ақл эгалари учун оят-аломатлар бордир". (Тоҳа, 53-54-оятлар). Бу мўл-кўл ризқ, беҳисоб неъматларни бериш эвазига Парвардигор инсонлардан фақат бир нарсани – Ўзига тоат-ибодатда бўлишни, Ўзига ҳеч кимни, ҳеч нарсани шерик қилмасликни талаб этади. Яъни, билатуриб фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдиган бутларингиз билан Аллоҳга ширк келтирмангиз. Аллоҳдан ўзгаси сизларга ризқ бермаслигини яхши билиб турибсизлар, шунингдек, Пайғамбар даъват этаётган нарсанинг ҳам ҳақ эканини билиб турибсизлар. Шундай бўлгач, нега яна куфр ва ширк йўлини тарк этмаяпсизлар?! Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Қандай гуноҳ Аллоҳ таоло даргоҳида энг оғири?" деб сўрадим. У зот: "Ўзингни яратган Аллоҳ таолога ширк келтириш", дедилар. Мен: "Ҳақиқатан, бу энг улкан гуноҳ", дедим-да: "Ундан кейин қайсиси?" деб сўрадим. У зот: "Овқатимга шерик бўлмасин, деб ўз болангни ўлдиришинг", дедилар. "Ҳақиқатан, бу улкан гуноҳлардан", дедим-да: "Ундан кейин-чи?" деб сўрадим. У зот: "Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишингдир", дея марҳамат қилдилар" (Бухорий ривояти).

Read 2642 times

Мақолалар

Top