Тафсири ирфон

2. БАҚАРА (сигир) сураси, 40 – 48 оятлар

يَٰبَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ ٱذۡكُرُواْ نِعۡمَتِيَ ٱلَّتِيٓ أَنۡعَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ وَأَوۡفُواْ بِعَهۡدِيٓ أُوفِ بِعَهۡدِكُمۡ وَإِيَّٰيَ فَٱرۡهَبُونِ٤٠

  1. Эй Бани Исроил, сизларга қилган эҳсонимни эсланглар ва Менга берган аҳдларингга вафо қилинглар. Мен ҳам сизларга берган аҳдимдаман ва Мендангина қўрқинглар.

"Исроил" сўзи "Аллоҳнинг танлаб олган қули ёки Аллоҳнинг бандаси" деган маъноларни билдиради, "Бани Исроил" эса: "Исроил авлодлари", "Исроил қавми" деганидир. Аллоҳ таоло Бани Исроилга хитобан айтяптики, сизларга қилган яхшиликларимни эсланглар ва Менга берган ваъдаларингга вафо қилинглар. Ваъдаларнинг энг улуғи банда билан Аллоҳ таоло ўртасидаги аҳддир. Зеро, Аллоҳ таоло одамни яратди, унга турли неъматлар ва яхшиликларни ато этди ҳамда бу ҳақиқатни бандаси билиб-эътироф этишини, Парвардигор меҳрибонлигидан ғафлатда бўлмаслигини, инкор этмаслигини истади. Аллоҳ азза ва жалла бундай хитоб қиляпти: эй Исроил авлоди, сизларни Фиръавн ҳамда унинг қавми зулми ва қатлиомидан, сарсон-саргардонликда юрганингизда турмуш машаққатларидан қутқариб, ҳаётингизни фаровон этиш йўлидаги эҳсон-яхшиликларимни эсга олинглар. Пайғамбаримнинг келиши ҳақида сизлардан олган аҳдимга вафо қилинглар. Мен эса пайғамбаримни тасдиқлаб, унга эргашишингиз эвазига сизларнинг бўйинларингга юкланган гуноҳдан иборат кишанлару мусибатларни кетказиш ҳақидаги ваъдамни тўлиқ қилиб берай. Мендангина қўрқинглар, сизлардан олдин ўтган ота-боболарингизга туширган азоб-офатларим сизларнинг ҳам бошингизга келишидан қўрқинглар.

Аҳдга вафосизлик (хиёнат) гуноҳи кабирадир. Чунки инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таолога аҳдларига вафо қилишини Яратганнинг Ўзи буюрган. Бу имон аҳди бўлиб, уни Аллоҳ таоло биринчи инсон — Одам алайҳиссалом ва унинг зурриётидан олгандир. Бу аҳд ўз ичига Аллоҳ таолонинг ягона илоҳлигига, Парвардигорлигига ва Ҳокимлигига иқрор бўлишни, Унга банда бўлиш, итоат қилиш ва таслим бўлишни қамраб олади. Бундай умумий аҳдларга инсон ўзи ўзига қилган шахсий аҳдлари ҳам киради. Назр атаганми, бирор ишни Аллоҳ йўлида қилишга аҳд этганми ёки бошқа (савдо-сотиқ, қарз, вакиллик, кафиллик кабиларга ўхшаш) аҳдларнинг ҳаммаси киради. Аҳдга вафо Исломдаги энг улкан хислатлардандир. Аллоҳ таоло «Аҳдга вафо қилинглар! Чунки аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир», (Исро, 34) деган. Заҳҳок айтади: «Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром қилинган, намоз каби фарз этилган нарсаларга ва бошқа аҳдларга вафо қилишга аҳд-паймон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳкам нарсалардандир. Бирон бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ». Инсоннинг буюк Парвардигорига берган аҳдига вафо қилиши дунёда улуғлик топишига, охиратда Унинг мағфирати ва марҳаматига эришишига асос бўлади.

وَءَامِنُواْ بِمَآ أَنزَلۡتُ مُصَدِّقٗا لِّمَا مَعَكُمۡ وَلَا تَكُونُوٓاْ أَوَّلَ كَافِرِۢ بِهِۦۖ وَلَا تَشۡتَرُواْ بِ‍َٔايَٰتِي ثَمَنٗا قَلِيلٗا وَإِيَّٰيَ فَٱتَّقُونِ٤١

  1. Ва ўзингиздаги нарсани тасдиқ этувчи қилиб туширган Китобимга имон келтиринглар ва унга биринчи куфр келтирувчи бўлманглар. Оятларимни арзонга сотманглар ва Мендангина қўрқинглар.

Яъни, Аҳли китоблар, олдин сизларга туширилган ва ҳозир ўзларингизда турган Таврот ва Инжилни тасдиқловчи нарсага, яъни Қуръони каримга имон келтиринглар. Бу ҳақда бошқаларда билим,тушунча бўлмаса ҳам, сизларда далил-исботлар турибди, асл ҳақиқатни бошқалар билмаса ҳам, сизлар яхши биласизлар-ку! Аллоҳ таолонинг Ўз расуллари ва набийларига нозил қилган китобларига ишониш киши имонининг шартларидан биридир. Аллоҳ таолонинг ҳамма китоблари Унинг каломи (сўзи) ва ваҳийдир, махлуқ эмасдир. Уларнинг ҳаммаси бир каломдир, назм, ўқиш ва эшитиш жиҳатидан бир нечтадир. Бу эътибордан нозил бўлган китобларнинг энг афзали Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони каримдир. Бу тўрт китобнинг энг афзали Қуръони каримдир. Қуръони карим нозил бўлгач қолган барча китобларни ўқиш ва ёзиш амалдан қолган. Чунки улардаги ҳукмлар муайян халққа йўлланган эди, Қуръони карим ҳукмлари эса бутун инсониятга қаратилган. Таврот Мусо алайҳиссаломга, Забур Довуд алайҳиссаломга, Инжил Исо алайҳиссаломга, Қуръони карим эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган. Қуръони карим ҳукмлари қиёматгача ўзгармайди, бирор ҳарфи зиёда ёки кам бўлмайди, тилларда ва дилларда сақланиб боради. Қуръони карим ўқиш ибодат ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсонларни Қуръони каримга имон келтиришга, унга куфр келтирмасликка, оятларни арзонга сотмасликка чақирмоқда. Аммо Аллоҳ таолонинг ғазабига учраган қавмлар дунёпараст ва моддапараст бўлишгани учун охиратдаги абадий роҳат-фароғатни дунёнинг арзимас матоҳига сотишга (алмаштиришга) тайёрдирлар.

وَلَا تَلۡبِسُواْ ٱلۡحَقَّ بِٱلۡبَٰطِلِ وَتَكۡتُمُواْ ٱلۡحَقَّ وَأَنتُمۡ تَعۡلَمُونَ٤٢

  1. Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва Ҳақни билатуриб яширманглар.

Яъни, Пайғамбарим ҳақидаги хабарни ва у келтирган Қуръони каримни билатуриб бошқалардан беркитманглар, чунки бу ҳақда сизларнинг қўлингизда турган Таврот ва Инжилда аниқ хабар берилган. Аллоҳ таоло айтади: Исо ибн Марямнинг «Эй Бани Исроил! Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлаш, ўзимдан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган пайғамбардирман» деганини эсланг. Уларга ҳужжатларни келтирганда эса: «Бу аниқ сеҳрдир», дейишди (Саф, 6).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бутун инсониятга юборилган охирги ҳақ пайғамбар эканлари ҳақидаги хабарларни Аҳли китоблар ҳозиргача ўз эргашувчиларидан пинҳон тутиб келишади. Масалан, Инжилдаги Аҳмад (мақталган) маъносини англатувчи "параклитос" сўзини насроний олимлари асл ҳақиқатни яшириш учун "юпатувчи, ҳимоячи, насиҳатчи" деб таржима қилишган (Юҳанно Инжили, 14:15-16, 15:26).

وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ وَٱرۡكَعُواْ مَعَ ٱلرَّٰكِعِينَ٤٣

  1. Намозни адо этинглар, закотни беринглар ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилинглар.

Яъни, эй Исроил авлоди, сиз ҳам мусулмонлар ўқийдиган намозни ўқинг, закотни беринг ва улар каби жамоат намозларида бирга рукуъ қилинг. Исроил –пайғамбар Яъқуб алайҳиссаломнинг исмлари, "Бани Исроил" деганда шу зотнинг авлодлари назарда тутилади. Мусо алайҳиссалом ҳам шулардан, Таврот ҳам уларга туширилган. Аллоҳ таоло Тавротда улар билан: "Сизларга бир пайғамбар юборилса ва у китобларингизни тасдиқласа, сизлар унга бўйсуниб ёрдам кўрсатинглар. Агар шу амримга вафо қилсангизлар, Мен ҳам сизлардан Шом мулкини олиб қўймайман", деб аҳдлашган. Лекин улар Тавротга амал қилишмади, ниятлари бузилди, пора ола бошлашди. Аллоҳ таолонинг каломини арзон нарсага сотишди, яхши йўлни тарк этиб, гумроҳлардан бўлишди. Аллоҳ таоло уларни бу қилмишлари учун расво қилди. Энди яна уларга берган эҳсон-неъматларини эслатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уларни намоз ўқиш, закот бериш ва жамоат намозига даъват қилишга буюрмоқда. Намоз ўқиш, закот бериш ва жамоат намозига бориш Исломдан бошқа динларда ҳам мавжуд бўлган. Ислом дини нозил қилингач, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга энди барча инсонларни Исломнинг ана шу фарзларини бажаришга чорлашни амр қилмоқда.

۞أَتَأۡمُرُونَ ٱلنَّاسَ بِٱلۡبِرِّ وَتَنسَوۡنَ أَنفُسَكُمۡ وَأَنتُمۡ تَتۡلُونَ ٱلۡكِتَٰبَۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ٤٤

  1. Одамларни яхшиликка буюриб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, Китоб тиловат қиласизлар. Нега тушунмайсизлар?

Аҳли китоблар Таврот ва Инжилни ўқиб, бошқаларни яхшилик қилишга буюришадию, аммо ўзлари фасод ва фитна ишларини тарк этишмайди. Бошқаларни яхши ишга буюриб, ўзи қилмаслик энг номуносиб феъллардандир. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида Калбий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ушбу ривоятни келтиради: "Оят мадиналиклар ҳақида нозил бўлган. Айрим кишилар қудаларига, қариндошларига, эмикдошларига (яъни, мусулмонларга): "Динингда маҳкам тур ва Муҳаммад алайҳиссалом буюрган ишни қил, унинг йўли ҳақдир" дейишар, одамларни яхшиликка чақирар, аммо буни ўзлари қилишмас эди" (Алий ибн Аҳмад Найсобурий. "Асбабан-нузул", 15-бет). Ушбу ояти карима дин даъватчиларига ҳам қаратилган. Даъватни зиммасига олган киши қилаётган ишидан фақат Аллоҳ розилигию бошқаларга манфаат етказишнигина асосий мақсад қилиб олиши лозим. Шунда Аллоҳ унга нажот ва тавфиқ беради, унинг сўзи таъсирчан чиқади, унга эргашувчилар кўпаяди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларининг ҳар бири ана шундай даъватчилик масъулияти юкланган кишилардир.

وَٱسۡتَعِينُواْ بِٱلصَّبۡرِ وَٱلصَّلَوٰةِۚ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى ٱلۡخَٰشِعِينَ٤٥

  1. Сабр ва намоз билан ёрдам сўранглар. Ва албатта намоз ўзларини ҳоксор тутувчилардан бошқаларга жуда қийин ишдир.

"Сабр" сўзи луғатда ўзни тийиш, тутиб туриш маъноларини билдиради. Аллоҳ таоло бандаларига гуноҳлардан тийилишни ва сабр қилишни буюрган. Чунки гуноҳлардан тийилган, сабр қилган киши тоат-ибодатга ҳам бардошли бўлади. Имом Қуртубий: "Бу хусусда энг тўғри сўз шудир", деган. Аллоҳ таолонинг: "Сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилади" (Зумар, 10) деган ваъдаси бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним измида бўлган Зотга қасам, Аллоҳ таоло мўмин банда учун нимани етказса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади – унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади – унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар. Мужоҳид: "Оятдаги сабрдан мурод рўзадир", деган, чунки Рамазон ойи сабр ойи, дейилади. Сабр қилиш ва намоз ўқиш банда бошига тушадиган ҳар қандай мушкулотни осон қилади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам қачон бошларига бирор ташвиш тушса, ҳатто шамол кучайиб, ҳаво айниса ҳам дарров намоз ўқишга киришганлар. Намоз ўзгаларга машаққат туюлса-да, Аллоҳ таолога итоатда бўлган, ҳоксор бандалар учун жуда осондир. Кўпчилик муфассир олимлар фикрича, ушбу оят орқали Аҳли китобларга хитоб қилинган, шу билан бирга у барча бандаларга одобдир. Баъзилар эса: "Бу оятда мусулмонларга хитоб қилинмоқда", дейишади, бироқ олдинги сўз ҳақиқатга яқинроқдир.

ٱلَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُم مُّلَٰقُواْ رَبِّهِمۡ وَأَنَّهُمۡ إِلَيۡهِ رَٰجِعُونَ٤٦

  1. Улар албатта Парвардигорларига рўпара бўлишларини, Унга қайтишларини аниқ билишади.

Қиёмат куни келганида бутун инсонлар ва жинлар Парвардигор ҳузурида тўпланиб, ҳисоб-китобга тортилишади. Солиҳ инсонлар буни яхши ҳис этган ҳолда дунё ҳаётида яхши амалларни қилишади, тоат-ибодатда бўлиб, Аллоҳга бандалик қилишни бир зум ҳам унутишмайди. Ҳидоятдан бебаҳра, залолатга юз тутган кимсалар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ишонишмагани учун бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмайди, умрларини шаҳват ва гуноҳ ишларга ғарқ қилиб, охиратда туганмас азобларга гирифтор бўлишади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бундай кимсаларни Қуръон оятлари орқали огоҳлантирган эди: "Агар гуноҳкорларнинг Парвардигорлари ҳузурида бошларини эгган ҳолда: «Парвардигоримиз, кўрдик, эшитдик. Энди бизларни қайтар, яхши амал қилайлик, бизлар аниқ ишонувчилармиз» дейишларини кўрсангиз эди" (Сажда, 12). Аммо хатокор инсон шунча огоҳлантириш, қўрқитишларга қарамай, дунё ҳаётида Аллоҳга имон келтиришни, Унга тоат-итоатда бўлишни, қиёмат куни ночор ва абгор ҳолда Парвардигор ҳузурида ҳисобга тортилишини ўйламайди. Қимматли вақтини ибодат, Аллоҳга қуллик қилиш, Унинг розилигини топишга сарфламай, айш-ишрат, кўнгилхушликлар, гуноҳ ишлар йўлида совуради.

يَٰبَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ ٱذۡكُرُواْ نِعۡمَتِيَ ٱلَّتِيٓ أَنۡعَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ وَأَنِّي فَضَّلۡتُكُمۡ عَلَى ٱلۡعَٰلَمِينَ٤٧

  1. Эй Бани Исроил, сизларга қилган эҳсонимни ва яна сизларни бутун олам аҳлидан афзал қилганимни эсланглар.

Фиръавн зулмидан озор ва қийноқлар кўрган Бани Исроил (Исроил авлодлари) Аллоҳ таолонинг мадади, нусрати ва марҳаматини ҳар қадамда кўриб, ҳис этиб турган. Аллоҳ таоло айтади: "Биз эса у ерда хўрланганларга марҳамат қилишни, уларни пешволарга айлантиришни ва ворислар қилишни ва ўша ерда уларга имкон беришни, Фиръавн, Ҳомон ҳамда икковининг лашкарларига ўзлари қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз" (Қасас, 5-6). Яъни, Биз Ўз хоҳишимиз ва қудратимиз билан Бани Исроилни зулмдан озод этиб, уларни иззат-икромга сазовор қилишни, агар имон келтириб ўзларини тузатадиган бўлишса, Биз уларни Муқаддас ерга меросхўр бўлишларини истаймиз. Биз Фиръавн ва унинг вазири Ҳомонга Миср ерида мазлум бўлган Бани Исроил қавми томонидан ўзлари ҳадиксираб турган нарса – мансаб, шуҳрат ва беҳисоб бойликларнинг қўлдан кетиши ва буларнинг Бани Исроил тасарруфига ўтишини кўрсатишни хоҳлаймиз. Имом Розий айтади: "Аллоҳ таоло "Биз у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни истаймиз" дея Бани Исроилга берилган беҳисоб неъматларини зикр этишни ирода қилган эди" (Тафсиру Фахрир-Розий", 6-жилд, 426-бет).

وَٱتَّقُواْ يَوۡمٗا لَّا تَجۡزِي نَفۡسٌ عَن نَّفۡسٖ شَيۡ‍ٔٗا وَلَا يُقۡبَلُ مِنۡهَا شَفَٰعَةٞ وَلَا يُؤۡخَذُ مِنۡهَا عَدۡلٞ وَلَا هُمۡ يُنصَرُونَ٤٨

  1. Бирор жон бошқа бировнинг ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимнинг шафоати қабул қилинмайдиган, ҳеч кимдан бадал олинмайдиган ва ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар.

Қиёмат куни бирор киши бошқасининг оғирини енгил қила олмайди ва беизн шафоат эта олмайди. Ҳеч кимдан гуноҳлари эвазига бадал олинмайди ва ҳеч кимга ишини енгиллатишда ёрдам келмайди. Шунинг учун Исроил авлодининг ота-боболарига ишониб гуноҳ қилишлари дуруст эмас. Аллоҳ таоло айтади: "Қиёмат кунини сенга нима билдирди? Яна Қиёмат кунини сенга нима билдирди? У кунда ҳеч бир жон бошқа жонга ҳеч нарса қилолмайди, у кунда ҳаммаси Аллоҳнинг ҳукмида бўлур!" (Инфитор, 17-19-оятлар). Эй инсонлар, биров ўзга бировга ҳеч қандай ёрдам беролмайдиган, ҳожатига ярамайдиган, бирор бадал эвазига ҳеч кимнинг жазоси ортга сурилмайдиган, оғир қийноқлардан ҳеч ким қутқариб қололмайдиган қиёмат кунидан қўрқинглар. Ундан қўрқиш эса, ўша кунга тайёргарлик кўриш, ёмон, гуноҳ ишларни қилмаслик билан амалга ошади.

Read 2715 times

Мақолалар

Top