
muslim.uz
Тавба ва истиғфорнинг зарурати
Маълумки, бандаларни Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи амалларнинг афзали, тоат-ибодатларнинг улуғи тавба ва истиғфорни кўпайтиришдир. Бу амалларни бажаришга инсонларнинг барчаси бирдек амият қаратмоғи даркор. Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг илоҳий каломида шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, барчаларингиз Аллоҳга тавба қилингиз. Шоядки нажот топсангиз” (Нур сураси 31-оят).
Аллоҳ таолонинг бу хитоби барчани: ибодатли инсонни ҳам, гуноҳкорни ҳам, яхши амалларни кўп қилувчини ҳам, фожирни ҳам, ва бошқа солиҳ инсонларни ҳам ўз ичига олади, ҳаттоки Пайғамбарларни ҳам.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган зот бўлишларига қарамасдан бир кунда 70 марта истиғфор айтишлари саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинган. Саҳобий розияллоҳу анҳумлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бир мажлисда мана бу истиғфорни бир неча бор такрорлаганларини ривоят қилганлар, ҳаттоки уни саҳобалар санаб ўтирар эдилар: “Аллоҳим, менинг гуноҳларимни кечиргин ва тавбамни қабул қилгин. Албатта, Сен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи, раҳмдил Зотсан”. Бу ерда эътибор қилиниши лозим бўлган жиҳат шуки, инсон қанчалар ибодатда мустаҳкам бўлсада, солиҳ амалларни кўп қилсада доимо ўзини Аллоҳ таоло ҳузурида қанчалар нуқсонли эканини, камчиликларга йўл қўяётганини ҳис қилиб туриши зарур.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган яна бир машҳур ҳадисда: “Одам фарзанди хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг энг яхшиси хатоларига тавба қилувчиларидир”,- деб тавба қилувчиларни таъкидлаганлар. Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом : “Мўмин киши нуқсонга йўл қўйиб, дарров нуқсонини тузатувчидир. Хатосини тузатиб вафот этган мўминга Тубо бўлсин”,- дея хатосини тушуниб, уни тузатган инсонга бериладиган даража ҳақида хабар бермоқдалар. Аллоҳ таоло тавба қилувчи бандаларига қанчалар марҳаматли Зот !!! Шайх Рамазон Бутий ҳазратлари мана бу ҳадисни шарҳлар эканлар, унга ажиб бир қиёсни келтирадилар: “Агар исломни мўмин кишининг либосига ўхшатилса-ю, киши хато қилиб либосини йиртиб олса, ўрнини ямаши лозим бўлади. Мўминнинг тавбаси ана шу кийимдаги ямоқдир”.
Бу ерда мўмин киши эътибор қаратиши лозим бўлган иккита маъно бор: биринчиси – Аллоҳ таолодан қўрқиши, иккинчиси – Аллоҳ таолодан умид қилиши.
Аллоҳ таоло бандаларининг барча ҳаракатлари ва саканотларини билувчи ва ҳисобга олувчи Зотдир. Бандалари бажараётган барча тоат-ибодат ва гўзал амалларини ёзиб тургани каби, барча махфий ва ошкора гуноҳ-маъсиятларини билиб, ҳисоблаб туради. Ким шу гуноҳларидан тавба ва истиғфор орқали фориғ бўлиб олмаса Аллоҳ таолонинг азобига йўлиқиши муқаррар.
Ҳеч бир инсон хато-камчиликдан ҳоли бўлмайди. Чунки камчилик ва нуқсон унинг хилқатидандир. Аллоҳ таолонинг мана бу каломи: “Ва инсон заиф яратилгандир” (Нисо сураси 28-оят),- бунинг исботидир. Демак, банда тарафидан содир этиладиган хато-камчилик уни Роббисидан узоқлаштирувчи омил эмас. Балки шу хатоларига рост тавба қилмаслик, уларда бардавом бўлиш ва Роббисига қайтмаслик бандани Аллоҳдан узоқлаштирувчидир. Банда Аллоҳдан гўзал умид билан тавба қилиб, гуноҳларининг кечирилишини сўраши унинг иймонининг гўзаллигидандир.
Солиҳ инсонлар ва Пайғамбар алайҳимуссаломларнинг ҳаётларидан маълумки, улар тавба ва истиғфорга катта аҳамият берганлар. Бунинг мисоли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам яққол намоён бўлади. Демак, шу зотлар бу ишга катта аҳамият берганлар. Биз оддий инсонларга эса ҳар нафасда Аллоҳ таолога чин тавба қилишимиз лозим бўлади.
Бугун сиз неча маротаба истиғфор айтдингиз?
Тошкент ислом институти талабаси
Нуриддин Турғунбоев
Барака савдодаги ҳалолликда бўлади
Аллоҳ таоло одамлар орасида савдони жорий қилиб, бандаларининг бир-бирларининг молидан розилашиб фойдаланишни неъмат қилиб берди.
Тижорат билан шуғулланишни ният қилган киши, аввало, ҳалолликни ният қилиб, Аллоҳдан покиза ризқ сўрамоғи керак. Савдо ишларини шариат кўрсатган қонун-қоидаларни билиб, уларга риоя қилган ҳолда қилмоғи даркор. Ҳар куни савдони тақводан, таваккалдан бошлаб, ризқини баракали қилиб қўйишини Аллоҳдан сўраб дуо қилмоғи лозим. Лекин, аксинча, бозорлардаги, дўконлардаги савдогарларнинг почин дейиши ёки пулни маҳсулотнинг устида айлантириши, қўлингиз енгилми? оғирми? деб сўраши каби ирим-сиримлар савдо илмидан бехабар инсонларнинг иши.
Абу Саид р.а. дан ривоят қилинади. “Набий алайҳисалом: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, деб савдо қилувчилар ростгўй, ҳалол бўлсалар улуғлар мартабасига эришишини билдирганлар. Аммо ушбу ҳадисдаги кўрсатманинг акси бўлиб, озгина фойдага учиб хийла-найранг, алдамчилик, кўзбўямачилик йўлини тутганлар шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиққан бўлиб, дунёда хору зорликка ва турли-туман балога учраб, охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлади.
Савдо иши аслида шарафли касб, пайғамбаримиз ҳам тижорат билан шуғулланиб, тўғриликда, ростгўйликда барчага ўрнак бўлганлар. Расули акром савдо-сотиқ борасида ростгўйлик, ҳалимлик борасида ҳам биз, умматларига ўрнак бўлганлар. Илло, одамларнинг ҳақига хиёнат қилмай, тош-тарозидан урмай, алдамай тижорат билан шуғулланган кишилар, шубҳасиз, бу дунёда ҳам роҳат-фароғатда яшаб, охиратда ҳам Аллоҳнинг суюкли бандалари билан бирга бўладилар. Расулуллоҳ с.а.в. бир куни бозорга борганларида буғдой сотиб турган кишининг буғдойи орасига қўлларини тиқиб кўрсалар таги нам экан. Шунда Пайғамбаримиз: “Эй, буғдой эгаси, бу нима? деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Аллоҳнинг Расули! бунга ёмғир теккан эди”, деди. Набий с.а.в.: “У ҳолда буни одамлар кўриб билиши учун устига қўймайсанми? Ким алдаса биздан эмасдир” дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳадиси шарифдан сотувчининг молида айб бўлса, харидорга ана шу айбини айтиб сотиши кераклиги аён бўлади. Молининг яхшисини олдида кўрсатиб қўйиб, тарозига орқадаги ёмонини тортиб бериш савдода хиёнат саналади.
Тижорат билан шуғулланаётган иймонли, инсофли, мурувватли инсонларнинг ишларига Аллоҳ барака берсин.
Х.ХОЛБОЕВ,
Бекобод туманидаги Улуғбек жоме масжиди имом-хатиби
Юзйиллик сўнггига қадар ислом энг оммавий динга айланади
Америка тадқиқот маркази Pew Research Center хабар беришича, Исломга эътиқод қилувчилар сони асримиз сўнггига қадар насронийлик динига эътиқод қилувчилардан ортиб кетади ва Ислом дунёдаги энг оммавий динга айланади.
Ҳозирги вақтда дунёда 1.6 миллиард мусулмон истиқомат қилади. Бу ер юзи аҳолисининг 23 фоизи демакдир. Айни вақтда дунё аҳолисининг 31 фоизи насронийлардир. Тадқиқотчиларнинг фикрича, аҳвол шу ҳолда давом этаверса, юзйиллик сўнггига келиб мусулмонлар кўпайиб кетади, насронийлар камаяди.
Бунинг сабабини мутахассислар мусулмонлар орасида туғилишнинг баландлиги билан изоҳламоқда.
Шунингдек, олимларнинг таъкидлашича, 2050 йилда Ҳиндистон энг кўп мусулмон аҳоли яшайдиган давлатга айланади. Бу мамлакатдаги мусулмонлар сони 300 миллиондан ортади. Европа минтақасида эса мусулмонлар умумий аҳолининг 10 фоизидан кам бўлмайди.
Биродарини обрўсини сақлаганнинг мукофоти
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : " مَنْ رَدَّ عَنْ عِرْضِ أَخِيهِ ؛ رَدَّ اللَّهُ عَنْ وَجْهِهِ النَّارَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ "
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимки биродарини обрўсини (тўкилишидан, яьни ғийбат қилинишидан) сақласа, Аллоҳ таоло уни юзини (бутун баданини) қиёмат кунининг оловидан сақлайди” дедилар. Термизий, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилишган.
Ғийбат деганда кўпчилик хар хил нарсани тушунади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: “Сизлар ғийбат нималигини биласизларми?” дедилар. Шунда улар: Аллоҳ ва унинг Расули билувчироқ дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: “Агар биродарингиз сиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитса, сиздан хафа бўладиган бўлса, батаҳқиқ сиз уни ғийбат қилибсиз” дедилар. Шунда саҳобалар: Ё Расулаллоҳ, агар биз айтаётган сифат унда бор бўлсачи? дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Шунда ғийбат бўлади. Агар сиз айтаётган сифат унда бўлмаса, сиз унга бўхтон қилган бўласиз” дедилар. Имом Муслим, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилиишган.
Шунинг учун ҳам бирор киши билан гаплашаётган вақтимизда орамизда бўлмаган яьни суҳбатда иштирок этмаётган инсон ҳақида агар гапиришга зарурат туғилса, у ҳақида яхши сўз айтишимиз лозим экан. Бирор киши у ҳақида ёмон сўз айтса, обрўсини тўкмоқчи бўлса, тезда уни тўхтатиб, биродаримизни ҳимоя қилмоғимиз керак экан. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек зиммамиздаги бурчимизни адо этган бўламиз. Мана шу қилган ишимиз учун Аллоҳ таолонинг қиёмат кунида юзимизни яьни бутун баданимизни дўзахдан сақлашидек улуғ мукофотга сазовор бўлар эканмиз. Агар уни обрўсини ҳимоя қилишга, ғийбат қилаётганни тўхтатишга кучимиз етмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таьлим берганларидек, у мункар ишни қўлимиз ва тилимиз билан тўхтатишга қодир бўлмадикми, қалбимиз билан инкор этиб, у суҳбатни тарк этмоғимиз лозим бўлади. Ана шунда ўзимизни Аллоҳ таоло қайтарган мункар ишга алоқадор бўлиб қолишдан сақлаган бўламиз. Улар эса У зотга ўзлари жавоб берадилар.
Аллоҳ таоло Қурони Каримда марҳамат қилади:
“Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”, деган (Ҳужурот, 12).
Ҳужурот сурасидаги бу оятда ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ғийбат қилмасликка амр этмоқда:
“Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар”.
Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканлигини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда:
“Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?”
Қуръони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахс ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, инсоннинг гўштини ейиш нафақат ислом динида балки исломдан бошқа динларда ҳам мумкин эмас, ўлгандан кейин ейишни эса, асло хаёлга ҳам келтириб, тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун юқоридаги «яхши кўрасизми?” деган саволга ҳеч ким, ҳа, деб жавоб бермайди.
Шу боисдан оятнинг ўзи, “Ҳа, ёмон кўрасизлар!” деб таъкидламоқда.
Аллоҳ таоло ўликнинг гўштини тановул қилишни тасаввур қилолмадингизми? Кўнглингиз кўтаролмадими? Бировни ғийбат қилиш сиз учун ана шундоқ бўлсин, деб айтмоқда.
Оятнинг давомида Аллоҳ таоло юқорида зикр қилинган гуноҳни қилганларни Аллохдан қўрқишга даъват қилиб, “Аллоҳдан қўрқинглар”, демоқда.
Шу билан бирга, аввал билмасдан кимнидир ғийбат қилиб гуноҳ иш қилган бўлсангиз, тезда тавба қилиб гуноҳингизни ювишингиз мумкин деб, Аллоҳ таоло ўзининг фазли-марҳаматидан ноумид бўлмасликка чақирмоқда.
“Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”.
Яъни, қилган ишингизга қаттиқ афсус қилиб, чин дилдан надомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиб ва аҳдингизга вафо қилинг. Ҳамда ўзингиз ғийбат қилган кишини қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлсангиз, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапиринг. Ана шунда Аллоҳ таоло тавбангизни қабул қилиб, сизга раҳм қилади.
Ғийбатнинг сабаблари
Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп, улардан баъзисини эсга оламиз:
- Аччиғини тўкиб солиш.
Бир одам бошқасининг аччиғини чиқарган бўлса, аччиғи чиққан уни ғийбат қилиш ила ундан ўч олишга ҳаракат қилади.
- Тенгдошлар ва ҳамсуҳбатларга шерик бўлиш, уларнинг гапини қўллаб-қувватлаш.
Таниш-билиш ёки улфатлар бировнинг ғийбатини қилаётган бўлса, ёқиш ва яхши кўриниш ниятида уларга қўшилади. Буни ўзича одамгарчилик деб ўйлайди. Аслида гуноҳга шерик бўлган бўлади.
- Ўз обрўсини кўтариш учун бировни айблаш.
Мисол учун, «Фалончи жоҳил, фаҳми йўқ», деб, ўзини илмли ва ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади.
- Ҳасад.
Одамлар бир кишини мақтаётганлари учун ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб, обрўсини тўкиш пайидан бўлади.
- Ўйин-кулги ва ҳазил.
Одамларни кулдириш ва даврани қизитиш мақсадида бошқаларнинг камчилиги ва айбини айтиб, ғийбат қилинади. Баъзилар бу ишни ўзига касб қилиб олган ҳам бўлади.
Ғийбатнинг давоси
Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.
Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.
Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айб – ғийбатчилик ила ифлосламасин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин.
Ғийбатга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабни йўқ қилиш ила бўлади.
(علوم الدين إحياء 3-жилд 146-саҳифа).
Мўмин-мусулмонлар ўзлари ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбат қилаётганларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари зарурдир. Юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мусулмон мусулмоннинг биродаридур. Ҳар бир мусулмон зиммасида мусулмонларнинг қони, моли ва обрўсини ҳимоя қилиш бурчи бордир” деганларидек ҳар биримиз ўз бурчимизни адо этмоқликка ҳаракат қилмоғимиз лозимдир. Аллоҳ таоло бизларни ўзи қайтарган мункар ишларни қилишдан сақлаб, бажаришимизни амр этган амалларни қилишимизга ўзи ёрдам берсин.
Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Қирқ ҳадис” асари асосида
Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
Энг буюк саодат – оила бахти
Ота-онанинг муҳим вазифаларидан бири – вояга етган фарзанди ўғил бўлса уйлантириш, қиз бўлса турмушга узатиш.
Халқимизда “Тенгини топсанг текин бер”, деган мақол бор. Ҳамма шу мақолга амал қилишни истайди. Аммо ана шу тенгликка ҳар хил ёндошади. Масалан, биров бўлажак қудаларнинг бойликдаги баробарлигини тушунса, бошқа бири йигит ва қизнинг чиройини, яна бири уларнинг бўйи-бўйига мослигини назарда тутади...
Бу борада боболарнинг фикри қандай бўлган?
“Ахлоқи муҳсиний”да ёзилишича: “Уламолардан бирининг соҳибжамол қизи бор эди. Шаҳарнинг ҳамма улуғлари қизнинг кўнглини олиш илинжида эди. Бу уламо қизини кимга берарга ҳайрон эди. Унинг бир ғайридин ҳамсояси бор экан. Уни чақириб, деди: “Эй ҳамсоя, менинг бир қизим бор, кўпчилик унинг кўнглини олиш илинжида, уларнинг қайси бирига розилик беришга ҳайронман. Сен нима маслаҳат берасан?”. Ғайридин деди: “Мен ислом динидан бегона кишиман, нечун бу сўзни мендан сўрайсан?”. Уламо деди: “Сен гарчи ислом динидан бегона бўлсанг-да, ҳар ишда тадбиркор инсонсан. Улуғлар кенгаш тўғрисида муболаға қилиб бундай деганлар: тўғри, донишманд киши билан кенгашиш керак. Ҳадисда ёзилганки: “Ал-мусташору муътаминун” (Шундай киши билан кенгашиш керакки, одам унга ишона олсин). Шундай экан, ҳозир сен қандай маслаҳат берсанг, мен шунга амал қиламан”. Ғайридин деди: “Никоҳдаги кифоят эру хотиннинг баробарлигидир. Кифоят мусулмонлар мазҳабида дин ва миллат билан бўлади, бизнинг одатимизда аслу насаб билан ва замона аҳли наздида мулк ва улуғлик биландир. Энди ўйлаб кўр, агар ўз динингга риоя қилсанг, дин йўлини ихтиёр қил, агар бизнинг расмимизга келсанг, насабга эътибор қил, агар замона аҳли одатига амал қилсанг, молу жоҳ талаб қил!””
Уламога бу жавоб хуш келди ва деди: “Дин ҳаммага баробар. Динни ихтиёр қилдим”. Унинг Муборак исмли ғоят олим ва диндор қули бор эди. У, мен Муборакдек иймонли диндорни билмайман. Демак, қизимни унга никоҳ қилиб берай, деб чақиртириб, қизини унга берди.
Ҳақ (пок ва олий) Муборакка у қиздан бир фарзанд бердики, у ислом аҳлини пешвоси ва диндорларнинг имоми, зоҳидлар ўртасида ягона ва орифлар ўртасида тенги йўқ Абдуллоҳ ибн Муборакдир”.
Буни қарангки, ота-она фарзандларини уйлантириш ёки узатиш билан уларнинг бахтиёр яшаб кетишини, авлодининг давомийлигини таъминлаш баробарида ўғли ва қизининг кўплаб жиддий касалликларга чалиниб қолишининг ҳам олдини олишга сабабчи бўлар экан.
Ёлғизлик ҳалокатли!
Уммон ортида ўтказилган тадқиқотлар жиддий касалликларнинг энг муҳим сабабчиларидан бири ёлғизлик эканини кўрсатди. Ёлғизлик ўлим хавфини камида икки баробар орттирар экан.
АҚШнинг марказий онлайн “Slate” журнали ёлғизлик сабабли пайдо бўладиган таҳликаларга оид бир мақола эълон қилди. Унда ёзилишича, изланишлар натижасида ёлғиз кишиларнинг хасталикларга қарши чидамсиз бўлиши аниқланди. Кейинги тадқиқотлар эса ёлғизликнинг фақат касаллик чақирувчи эмас, ўлимга сабаб бўлишини ҳам кўрсатди.
Тадқиқот натижалари ёлғизликнинг семириб кетиш ва тамаки чекишдан-да хатарли эканини кўрсатди. Аниқроғи, ёлғизлик сабабли ўлим хавфи тамаки чекиш билан баробар экан-у, бироқ семизликдан икки баробар ортиқроқ экан...
Илгарироқ Калифорния институти олимлари рак касаллигининг олдини олиш борасида олиб борган изланишлари натижасида оила ҳаёти онкологик касалликка чалинган беморнинг узоқроқ яшашига ёрдам қилишини аниқлаган эди.
Олимлар ижтимоий яккаланиб қолиш инсоннинг иммунитет тизими фаолиятига жиддий зарар етказиб, унда яллиғланувчи касалликлар кучайишини аниқлади. Ревматизм, қандли диабет ва юрак касалликлари ёлғиз инсонларда тез ривожланади. Шунингдек, тадқиқотлар ёлғизликни интернет воситасида бартараф этиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Мичиган университети олимлари Facebookдан фойдаланувчилар орасида виртуал алоқа кўпайишига қарамай, улар ўзларини бахтли ҳис этмаганини айтган. Ўша одамлар бошқалар билан тўғридан тўғри боғланганда бахтиёр бўлганини маълум қилган.
“Ё” ҳарфига ишорат каби...
Чикаго университети психологи Жон Т.Какиоппо: “Ёлғиз эканингизни ўзингизга ўзингиз эътироф этишингиз манглайингизнинг ўртасига катта қилиб “Ё” ҳарфини ёзиб қўйганга ўхшайди“, дер экан, инсонларнинг бу туйғу билан ўтаётган кунларининг машаққатли эканига эътибор қаратади. Мутахассиснинг фикрича, инсонга атрофида қанча кўп одам жамланишининг унчалик эътибори йўқ. Инсон ёлғизликни ҳис этмаслиги учун жилла қурса бир кишига эҳтиёжи бор. Шуни ҳисобга олиб Европадаги Англия ва Донимарка каби ўлкаларда кекса ёшдаги ёлғиз кишилар учун турли хил профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Никоҳ ичкиликбозликдан асрайди
“American Journal of Psychiatry” журналида эълон қилинган мақолада турмуш қурган одамлар ичкиликбозликка ёлғизларга нисбатан камроқ берилиши ёзилган. Бироқ, тадқиқотлардан аён бўлишича, майхўр кимса билан турмуш қуриш ичкиликбознинг янада кўпроқ ичишига ёки унинг турмуш ўртоғининг ҳам ичкиликка ўрганишига сабаб бўлар экан.
– Биз ичкиликбоз билан турмуш қурган кишига унинг қанчалик таъсири бўлишини ўрганишга ҳаракат қилдик, – дея тадқиқот ишининг мақсадини ифода этди муаллифлардан бири, Виржиния ҳамкорлик университети тиббиёт мактаби профессори, психиатр Кеннет Кендлер. – Жавоб шундай чиқди: ҳа, жуда ҳам кучли.
Таҳлиллар кўрсатишича, турмуш қуриш ичкиликбозликка ружу қўйишни эркакларда 59 фоизга, аёлларда эса 73 фоизга камайтиради. Айниқса, вақтида оила қуриш наслида ичкиликбозлик бўлган одамларга жуда ҳам фойдали. Шунингдек, эр ёки аёлнинг тўйдан олдинги вақтларда ичкиликка мойиллиги бўлган эса келажакда иккинчисида ушбу муаммо тезлик билан юксалади. Хусусан, ана шу аҳмақона одатга ичкиликбознинг аёли гирифтор бўлади. Демак, ичкиликбоз билан оила қуриш ёлғиз яшашдан ҳам ёмон экан.
Кеннет Кендлер: “Ҳозир олимлар ичкиликбозликнинг ажралишга мойиллик туғдиришини ўрганишмоқда. Уларнинг тахминича, ажралиш ичкиликбозликка мойилликнинг ошишига сабаб бўлар экан”, дейди.
Оила пароканда бўлса...
Оиланинг бузилиши эркакка ҳам, аёлга ҳам, оиланинг бошқа аъзоларига ҳам қаттиқ руҳий зарба. Шунинг учун ҳам оилавий ажрим барча дин, таълимот ва давлатларда нохуш ҳодиса саналади. Жумладан, Ислом динида ажралишни ифода этувчи “талоқ” сўзи тилга олинганда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши таъкидланади. Лекин жами динлар, таълимотлар, давлат қонунлари маъқулламагани ҳолда ажралишни тақиқламайди. Негаки, агар ажралиш тақиқланса, одамлар ўртасида ўз жонига қасд қилишлар кўпайиб кетади.
Маълумотларга кўра, 50-йилларда ажралишлар собиқ Иттифоқ бўйича атиги уч фоизни ташкил қилган. 60-йилларга келиб ўн фоизга чиққан. 80-йилларда 33 фоизга етган, бугунги кунда эса Ўзбекистонда 15 фоизни, Россия федерациясида 45 фоизни ташкил қилмоқда.
Ажралишнинг асосий сабаблари: ёшларнинг турмушига ота-онанинг аралашуви, хиёнат, етишмовчилик, муросага кела олмаслик, жанжал, зарарли одатлар – ичкиликбозлик, гиёҳвандлик; характерларнинг тўғри келмаслиги; тирикчилик муаммолари; туйғуларнинг сусайиши; масъулиятсизлик ва рашк асоратларидир.
Ёшларнинг оила шароитига кўника олмаслигининг сабаблари жуда ҳам кўп.
Эр-хотин ўртасидаги муомалада бир-бирини тушунмасликлари сабабли оилада биргаликда ҳаракат қилиш, бир-бирига ёрдам қилиш, ўзаро ишонч ва яхши-ёмон одатларга сабр қилиш бўлмайди. Келин-куёвнинг ота-оналарининг тутумлари тўғри келмаслиги ҳам келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Яна эндигина турмуш қурган ёшлар оила бошқарувини қўлга олиш учун талашади.
Ёшларнинг тўйгача яхши танишиб олмасликлари ажралишларнинг сабабларидан биридир. Баъзида йигит ва қизнинг интилишлари ва қарашлари бир хил чиқади. Шундай ҳолатда уларнинг бахти кулади. Ёшлар бир-бирига суянади, бир-бирига мослашади. Аммо бунинг учун инсонга сабр, хоҳиш ва уқув керак.
Россия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази бир тадқиқот ўтказган. Иккита оила. Биринчи ва иккинчи оиладаги эркаклар ва аёллар талантли ёшлар. Икки оиладагилар ҳам бир-бирини севади. Лекин биринчи оила бузилади. Иккинчиси сақланиб қолади. Хўш, биринчи оиланинг бузилишнинг сабаби нимада? Бу оиладаги аёл эрининг сиймосида оила бошини эмас, дўстни кўради. У турмуш ўртоғини ҳаётдаги ўсиб-ўнишлар жараёнида рақиб ўрнида билгани боис уй ишлари ва болаларни – эри ундан илгарилаб кетиш учун ўйлаб топган тузоқ деб ўйлайди. Шу боис эри университетни битириб аспирантурага топширганда ажралишга ариза беради. Иккинчи оила эса бир-бирига қўлдош бўлади. Аёл эри билан пойгалашмайди. Эри доктор бўлган чоқда хотини номзодлик билан кифояланиб қўя қолади. Унинг сабабини сўрашганида оилани сақлаб қолиш учун шундай қилганини айтган. Хотини қўллаб турган эркак номдор олимга айланади. Натижада бундан оила ютиб чиқади. Айниқса, эрига мададкор бўлган аёл.
Ана шу тадқиқот хулосасини ўқир эканман, раҳматли устозимиз, профессор Бегали Қосимовнинг турмуш ўртоғи билан кечган бир суҳбат ёдимга тушди. Матлуба опадаги катта билимни, кучли мантиқни кўрган суҳбатдошлардан бири: “Шунча билимингиз билан нега илм қилмагансиз?” деб сўраганда. Матлуб опа: “Мен ҳар доим оилани биринчи ўринга қўйганман”, деб жавоб берган эди. Опанинг ана шу тушунчаси, сайъ-ҳаракатлари натижасида Бегали ака дунёга танилган олим бўлди, фарзандлари ақлли, тарбияли инсонлар бўлиб вояга етди.
Ажралишларнинг аксари йирик ва бой шаҳарларда юз беради. Бундай мегаполисларда қариндошлар, келин-куёвнинг ота-оналари, қўни-қўшнилар, таниш-билишларнинг оила устидан ўрнатадиган ижтимоий назорати бирмунча заиф бўлади. Ёшлар шошқалоқлик билан никоҳдан ўтади. Баъзи никоҳлар тамагирлик ва қалбакилик асосига тузилади ва кўп ўтмай бузилиб кетади.
Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси, Элмира Боситхонова “Оила даврасида” газетасига берган интервьюсида мамлакатимиз бўйича ажрашишлар кўрсаткичи ўртача 15 фоиз атрофида бўлгани ҳолда бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 32 фоизни ташкил этганини айтгани ушбу фикрни тасдиқлайди.
Ажралишнинг яна бир сабаби, ҳаммага таниш бўлган ҳисоб-китоб асосида турмуш қуриш. Бундай оила муҳаббат асосида эмас, келин куёвдан ёки куёв келиндан нимадир кутиш эвазига пайдо бўлади. Бу каби оилаларда тўйдан бир йил, ҳатто бир ой ўтар-ўтмас ўзаро ҳурмат-эҳтиромнинг, ахлоқий тамойилларнинг энг оддийсига ҳам риоя қилмаслик бошланади ва у кун сайин ривожланиб боради. Тамагирлик асосида барпо бўлган оилалар моддий жиҳатдан тўла таъминлангани билан маънавий томондан қашшоқ бўлгани сабабли барбод бўлади.
Туркия статистика қўмитаси ўтказган бир тадқиқотда оила қурган 95 фоиз аёллар эркакларга ўзини бекаму кўст таъминлайдиган ишчи кучи сифатида эътибор қаратар экан, 60 фоиз атрофидаги эркак эса қизларнинг гўзаллигига учаркан. Уларнинг иккисида ҳам инсон маънавиятига, руҳиятига дахлдор назар йўқлигидан турмуши узоққа бормаслигини тахмин этса бўлади.
Модомики, ажралишни бирорта дин ва давлат ёқламас экан, модомики, оиласи бузилган эркак ва аёл ҳамда фарзандлар бундан қаттиқ руҳий зарба олар экан, модомики, ёлғизлик одамнинг ҳалокатига, ичкиликка ружу қўйишига сабабчи бўлар экан, унда турмушни бузмасликнинг чорасини қидириш, оилани энг сўнгги илинж қолгунга қадар ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг ўзи учун яхши эмасмикан!..
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист