muslim.uz
Онлайн: “Эшони Темирхон тўра” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда
Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги таниқли уламолар, мўйсафид отахонлар, вилоят мутасаддилари, масжид жамоаси ва узоқ-яқиндан келган азиз меҳмонлар Самарқанд вилояти Иштихон тумани Орлот қишлоғида жойлашган “Эшони Темирхон тўра” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросимида иштирок этмоқдалар.
Ушбу файзли тадбир тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали онлайн кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари матбуот хизмати
Муфтий ҳазратлари “Домла Камолиддин Охун” масжидининг янги биносини намозхонларга очиб бердилар
Бугун, 11 апрель куни Самарқанд вилояти Қўшработ тумани “Домла Камолиддин Охун” жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида диний идора иш бошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, таниқли уламолар, мўйсафид отахонлар, вилоят мутасаддилари, масжид жамоаси ва узоқ-яқиндан келган меҳмонлар иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар дастлаб “Домла Камолиддин Охун” мақбарасини зиёрат қилишди. Қуръони карим оятлари тиловати ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг “Домла Камолиддин Охун” масжид ва мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларни масжиднинг янги биноси ва Рамазони шариф билан муборакбод этдилар. Юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, Рамазон ойининг фазилатларидан баҳраманд бўлиш лозимлиги, бунда таровеҳ намозларда тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳақида маъруза қилдилар.
“Домла Камолиддин Охун” жоме масжиди 1990 йиллар ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, 2020-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида ҳашар йўли билан қайта қурилди, дейди масжид имом-хатиби Набижон домла Жангиров. – Масжиднинг умумий ер майдони бир гектардан ошиқ. Масжид янги биносининг қурилиши 2020 йил 14 июнда бошланиб, 2021 йил 20 март ойида якунланди. Хонақоҳ ва айвони ҳудуди 21×18 ни ташкил этади. Баландлиги 17 метр, айланаси 7,5 метр бўлган гумбаз жомега ўзгача ҳусн бериб турибди. 15 кишилик эркаклар таҳоратхона (аёллар учун ҳам алоҳида) да барча шароитлар яратилган. автотураргоҳ ҳам бор. Масжид “Шова”, “Навкар”, “Қовунчи” маҳаллаларига хизмат қилади. Хонақоҳнинг ўзига 450 киши, ҳовлисига 1000 мингга яқин сиғади. Масжид Қўшработ туманидаги энг катта масжид ҳисобланади.
Муфтий ҳазратлари ушбу файзли мажмуа ва масжид Қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини Ҳақ таборака ва таолодан дуо қилиб сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари матбуот хизмати
Муфтий ҳазратлари масжидларда Рамазон ойига тайёргарлик ишларини кўздан кечирдилар
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Каттақўрғон шаҳридаги “Қориравот” ва “Қори Муҳаммадрасул” жоме масжидларида бўлдилар.
Муфтий ҳазратларига Диний идора ишбошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов ва вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамрохлик қилишмоқда.
Ташриф асносида масжидлардаги Рамазон ойига тайёргарлик жараёнини кўздан кечирдилар. Жумладан, мутасадди вакилларга мўмин-мусулмонларга таровеҳ намозларида муносиб шароитларни яратиш, карантин қоидаларига риоя қилиш чоралари, масжид ҳудидини обод ва кўркам ҳолатга келтириш бўйича топшириқ ва тавсиялар бердилар.
Маълумот учун, Президентимиз шу йил 8 апрель куни “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра 2021 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 13 апрель кунига тўғри келиши белгиланган эди.
Эслатиб ўтамиз, бу йил юртимиз масжидларида таровеҳ намози ўқилиши ва 1370 дан зиёд масжидда хатми Қуръон ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик.
Сафар тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Саудия ички ишлар вазирлиги: Рамазонда махсус рухсатномасиз Умрани бажаришга келганларга жарима қўлланилади
Рамазонда махсус рухсатномасиз Умрани бажаришга келгани учун ушланган ҳар бир киши 10.000 риёл (2.700 $) ва Масжид ал-Ҳарамга рухсатсиз кирмоқчи бўлганларга 1.000 риёл (270$) миқдорда жарима қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, Умра тадбирлари саудия фуқаролари ва ушбу мамлакатда яшаётган фуқаролар учун чекланган миқдорда, бир маротаба бериладиган махсус электрон рухсатнома орқали амалга оширилмоқда.
Саудия ҳукуматининг қарорига мувофиқ Рамазон ойида коронавирусга қарши эмланган фуқаро (Саудия фуқароси) Умра қилишига рухсат берилади.
Манба: @hajumrauz
Онлайн: Муфтий ҳазратлари "Xўжа Зиёвуддин” жоме масжидининг очилиш маросимида қатнашмоқдалар (фотолавҳа)
Хабар берганимиздек, бугун, 10 апрель куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этмоқдалар. Муфтий ҳазратларига Диний идора ишбошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов ва вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамрохлик қилишмоқда.
Тадбир тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати