muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 22 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Аргентинада ислом

Жойлашуви. Аргентина Жанубий Америкада жойлашган бўлиб, ғарбда Чили, ши­молда Боливия ва Парагвай, шимоли-шарқда Бразилия ҳамда Уругвай билан чегарадош. Мамлакат шарқ томондан Атлантика океанига туташган. Ҳудудининг катталигига кўра дунёда саккизинчи, Жанубий Америкада Бразилиядан кейин иккинчи, аҳолиси сони бўйича учинчи ўринда туради.

Тарихи. Қадим замонларда Аргентина ҳудудида кўп сонли ҳинду қабилалари истиқомат қилган. XVI асрнинг биринчи ярмида унинг ҳудуди испанлар томонидан босиб олина бошланди. Испанлар бу мамлакатни Ла-Плата (испанча кумуш) деб атаганлар. Мустамлакачиларга қарши ҳинду қабилалари бир неча марта исён кўтарди. 1816 йилда вилоят вакилларининг Тукуман шаҳридаги йиғилишида Ла-Плата Бирлашган вилоятлари мустақил деб эълон қилинди. 1826 йилда Аргентина Федератив Республикаси тузилди.

Иқтисоди. Аргентина ривожланиш даражаси ўртача, индустриал-аграр давлатдир. Қишлоқ хўжалигида асосан буғдой экилади. Балиқчилик ҳам катта аҳамият касб этади. Мамлакат гўшт етиштириш ва экспорт қилиш ҳамда асал ва асал маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Шунингдек, электрон ва электротехника буюмлар ишлаб чиқарилади. Ёғочни қайта ишлаш ва қоғоз ишлаб чиқариш тармоғи ҳам ривожланган.

Таълим ва маданият. Мамлакатда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг мажбурий таълими жорий этилган. Шунингдек, далат таълим муассасаларидан ташқари хусусий мактаблар ҳам фаолият юритади. Буэнос-Айрес, Кордова, Ла-Плата, Санта-фе ва бошқа шаҳарларда йирик университетлар бор. Давлат пойтахтида Миллий кутубхона, табиий фанлар, Антарктика, тарих ва рассомлик ва бошқа музейлар мавжуд.

Дини. Мамлакатнинг 85 фоизидан ортиғи оқ танлилар ирқига мансуб. Ҳиндулар аҳолининг 1,5 фоизини ташкил этади, қолган қисми эса асосан метислар, мулат ва осиёликлардир. Мамлакатдаги диндорларнинг аксарияти – насронийлардир. Бироқ, Аргентина Жанубий Америкадаги мусулмонлар истиқомат қиладиган энг йирик давлатлардан бири ҳисобланади. “Пю тадқиқод маркази” (Рew Research Centre)нинг 2010 йилги маълумотига кўра, Аргентина мусулмонларининг сони тахминан жами аҳолининг 2-3 фоизи (900,000-1,000,000 атрофида)ни ташкил этади. Улардан 60 фоизи сунний, 30 фоизи шиа ва 10 фоизи алавий (Шиа йўналиши).

“Глобализация ва эътиқод қарашлари” (Views on globalisation and faith) ташкилотининг маълумотларига кўра, мусулмонлар 2-3 фоиз, насронийлар 67 фоиз, яҳудийлар 1 фоиз, буддистлар 1 фоиз, динсизлар 15 фоиз, бошқа диндагилар 7 фоиз ва рўйхатга олинмаганлар 9 фоизни ташкил этади.

Аргентина Испанлар томонидан мустамлака қилинган пайтда мавританиялик, марокашлик ҳамда турк мусулмонларнинг кўчиб келиши натижасида мамлакатда Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сони кўпайиб борди. 1870 йиллар атрофида Сурия, Ливан ва Фаластиндан келган мусулмонларнинг ҳисобига Ислом динига эътиқод қилувчилар сони янада ортди. Аргентиналик аксарият мусулмонлар Буэнос-Айрес ва унга яқин шаҳарчаларда (Вилла, Конституцион, Флорес, Скалабризи Ортиз ва Кордова сингари шаҳарлар) истиқомат қилади. Аргентина ҳукуматида диний эътиқод эркинлиги таъминланган. Ҳар йили бир неча турда испан тилида Ислом динига оид китоблар нашр этилади. Йил сайин мамлакатдан Ҳаж сафарига борувчиларнинг сони ортиб бормоқда.  

Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес марказидаги Алберти кўчасида жойлашган масжид мамлакатдаги энг йирик масжид ҳисобланади. У маҳаллий аргентиналик мусулмонлар томонидан 1989 йилда барпо қилинган илк масжидлардан биридир. Шунингдек, бошқа шаҳар ва туманларда ҳам бир қанча масжидлар мавжуд, улардан энг кўзга кўрингани уч чегарадош давлат тимсоли, яъни Аргентина, Бразилия ва Парагвайни акс эттирувчи “Уч чегара” масжидидир.

Пойтахтдаги “Шиъите ал-тавҳид” масжиди 1983 йили Аргентинадаги Эрон элчихонаси ҳамкорлигида барпо этилган. “Ал-Аҳмад” масжиди эса 1986 йили Саудия Арабистони ва Ливия томонидан қурилган. Масжидлар ҳузурида хусусий мактаблар ва олийгоҳлар ҳам фаолият юритади.

1996 йил Саудия қироли Фаҳд бин Абдулазиз Саъуд ташаббуси билан “Қирол Фаҳд Ислом маданият маркази” очилган. Марказ масжид, кутубхона, ўттизтадан синфхонаси бор иккита ўрта таълим мактаби (бири йигитларга, иккинчиси қизлар учун) ва истироҳат боғини ўз ичига олади. Марказ ҳузуридаги масжид Саудия Арабистонининг Вақф ва диний ишлар вазирлиги томонидан бошқарилади. Масжидда 1,5 минг намозхон ибодат қила олади. Бундан ташқари, мамлакатда шу каби тўққизта Ислом марказлари фаолият юритади.

Лотин Америкасининг Ислом Ташкилоти (Islamic Organization of Latin America) (IOLA)нинг бошқарув органи ҳам Аргентинада жойлашган.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

الإثنين, 21 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Расулуллоҳ яхшилик ойи деб номлаган ой

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Исломдан аввалги жоҳилият даврида “Бу ойда фалон ишни қилиб бўлмайди, фалон иш мумкин эмас” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирон ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, бошқатдан учириб кўришар эди.

Афсуски, ҳозир ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар бот-бот қулоққа чалиниб туради. Бу гапларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. У ойда ўқиладиган намоз, дуо ва бошқа эзгу амаллар бошқа ойлардагидек қабул бўлади. Сафар ойида ҳам тўй ва маросимлар қилиш, сафар қилиш мумкин.

Тақдирга имон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билиши керак. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги масжидларини сафар ойида қурганлар. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар. Бу ойга “яхшилик ойи” деб ном берганлар.

Демак, инсон ҳар бир нарсани Аллоҳ таолодан деб билиши керак. Ҳақ таоло ақидамизни мустаҳкам қилсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

الإثنين, 21 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Умримизни узайтирадиган амал (Аудио)

الإثنين, 21 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Ислом амрларидан кўзланган беш мақсад

Исломнинг амрларида беш мақсад кўзланган. Ҳаммаси ўрганилган вақтда беш асосий гуруҳга  жамланади:

  1. Эътиқодни муҳофаза қилиш, ширк, куфр ва ҳоказолар бўлмасин.
  2. Руҳни муҳофаза қилиш.
  3. Ақлни қўриш, асраш. Шунинг учун шароб, ичимлик ичиш таъқиқланган. Ичимлик ақлни зойил қилгани учун ҳаром қилинган. Чунки исломнинг вазифаси ақлни муҳофаза қилиш...
  4. Молни муҳофаза қилиш. Молга зарар еткармайсан! Ҳозир ресторан, ошхоналарда «товоқни синдир-да, беш минг лира тўла» деган мода чиққан. Ҳаяжонни бостириш учун товоқ синдириш... Исломда бу қилиқ йўқ. Қилолмайсан!..

– Нима учун?

Исломда мол-ашё ҳам муҳтарам, иззатлидир. Молни исроф қилган, талофот берган жазосини олади. Мана, бунга эътибор берайлик...

– Мен ўз товоғимни синдирдим... Ислом ўз товоғингни синдирсанг ҳам «сенга бошлиқ, раҳбар бўлиб жазонгни бераман» дейди...

Нима учун..? Шариат қонунларида мол ҳам муҳтарамдир, молни асраш ҳам аҳамиятлидир. Шаръий қонунларда булар ҳақида ҳам айтилган. Фатво китоблари қоидалари орасидан жой олган.

لا ضرر و لا ضرار في الاسلام

Ло зарара вало зирора фил ислом– «Исломда молга зарар бериш мумкин эмас».

Мен фалончи қўшнимдан хафа бўлсам-да, лекин унинг хирмонини ёқишга ҳаққим йўқ. Ислом нуқтаи назаридан бундай қилиш мумкин эмас. Гуноҳ бўлади, оғир жазоси бор.

Ҳазрат у менинг хирмонимни ёққан эди, мен ҳам унинг хирмонини ёқаман.

Ундай қилишга ҳам ҳаққинг йўқ. /Ло зарара вало зирора/– Зарар бериш мумкин эмас. Зарарга зарар билан жавоб беришга ҳам ҳаққинг йўқ. Лекин қозига мурожаат қилиб, ҳаққингни талаб қилишинг мумкин. Молга талофат беролмассан. Чунки, ислом молни ҳам муҳтарам ҳисоблайди. Бир бола бир домланинг олдида куйган лампочкани деворга отиб синдиради. Лампочка жаранглаб синиб кетганда, домла у болага жазо берган экан. Домлага, «Нега болага жазо бердингиз, ахир у куйган эдику?!», деганларида: «Йўқ, куйган бўлса ҳам балки бирор ишга ярарди. Аввало тайёр ясалган бир нарсани бузиш, синдиришнинг ўзи тўғри эмас»,– дейди.

Демакки, ислом ақлни, молни, динни, эътиқодни асраш ва муҳофаза этишни асос деб билади.

  1. Насл бузилмаслигини ҳам асос деб билади. Шу сабабдан зино таъқиқланади. Никоҳ шарт. Наслнинг муҳофазаси учун жавобгарлик лозим бўлганлигидан никоҳ шарт қилинади. Шунинг учун бола олдирмоқ гуноҳдир, жиноятдир. Бачадонда шаклланган бола меросда эътиборга олинади. Демакки, исломнинг амру наҳийлари инсон фарзандига  зарур нарсаларнинг муҳофазаси ва инсон фойдаси учундир.

Шунинг учун Қуръони Каримда буюрилурки:

قُلْ إِنَّ اللّهَ لاَ يَأْمُرُ بِالْفَحْشَاء

Айтинг, /Эй Муҳаммад/: «Аллоҳ ҳеч қачон бундай бузуқ ишларга буюрмайди».

Аллоҳ амрларининг барчасида бир ҳикмат, бир яхшилик бордир.

Масалан, хўш, нега  талоқ қилиш бор? Чунки, талоқ оила хавфсизлигини таъминловчи қўриқчидир. Талоқ бўлмаса инсонлар танг аҳволда қолади, ўз-ўзини ўлдиришга тушади. Талоқ бир қўриқловчидир, инсон фарзандининг бахтли бўлиши учун у ҳам шартдир. Баъзан сабр косаcи тўлганда, у ҳам бир неъмат бўлади. Баъзан ўлим бир неъмат бўлади, баъзан талоқ... У жиҳатдан Аллоҳ ёмон нарсани буюрмас. Аллоҳ буюрган ҳар бир нарса бир фойдага йўналтирилган бўлади. У жиҳатдан ислом гўзалдир, фойдалидир.

Сўнгра, ислом ҳаволарда бўлган бир дин эмас. Булутларда бўлган бир дин эмас, самоларда бўлган бир дин эмас. Фақат охират билан алоқали  бир система эмас ислом... Шоир Ҳасанали Йўжел хато қилибдир: «Дин бир туйғу, унга кимса илашмас, Лойиқлигин мен бу янглиғ билайин!»,– дебди. Хато бу! Йўқ! Сен диннида билмабсан, лойиқлигини-да билмабсан!

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир.

Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. Ушбу гаплар диний маънода бўлиши ҳам турган гап. Чунки, ўша гапларнинг тагида Сафар ойида сафар қилса сафарида офатга дучор бўлади ва тўй қилса, оиласи бахтсиз бўлармиш, деган эътиқод учраб туради.

Бу гапларни кичикликдан эшитиб келаман. Дастлаб, Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш, деган гапни эшитганимда номи сафар бўлгани учундир, деб хаёл қилган эдим. Кейин билсам, ой номи сафар эмас, «софар» экан. Бу ойнинг номининг сафарга ҳеч алоқаси йўқ экан. Фақат бизда алифбомиз ўзганикига алмаштирилганда уларнинг алифбоси камбағаллик қилиб шу хато юз берган экан.

Отамиз раҳматли бу ой тўғрисидаги одамлар ичида тарқалиб қолган гапу сўзлар нотўғри эканлигини айтиб берар эдилар. Албатта, бошқа аҳли илмлар ҳам ҳақиқатни халққа етказар эдилар. Аммо омма ичида барибир Сафар ойидан шумланиш маъносидаги гаплар давом этаверарди.

Сафар ойи ҳақидаги нохуш тушунча ва эътиқодлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Яқинда ёзув ишлари билан машғул бўлиб ўтирсам, болалар ҳузуримга келиб, қўшниларимиздан бир йўқлаётганининг хабарини беришди.

Салом-алик, дуо-фотиҳадан кейин муҳтарам қўшни мақсадга кўчдилар. Ўғилларига яхши жойдан келин топилгани, бугун қуда тарафга боришлари ва маслаҳат қилишлари ҳақида сўзладилар.

–Шу муносабат билан бир катта савол пайдо бўлиб қолди, дедилар қўшни.

–Қани, эшитайликчи, қандай савол экан? – дедим, савол нималигини дарҳол тушунган бўлсам ҳам.

–Тўйнинг Сафар ойига тўғри келиб қолишининг эҳтимоли ҳам бор экан. Шу гап чиқиши билан десангиз, аёллар бир дунё гапни гапириб ташлашди. Тўхта, буларнинг ҳаммасини жанобларидан бир сўраб олай, ҳали қуданикига борганда ҳам бу машмашалар бўлиши мумкин, дедим ўзимга ва вақтингизни олсам ҳам олдингизга келдим, -дедилар қўшни кулиб.

Қўшнининг саволига қўлдан келганича жавоб бердим. Бу гаплар эскидан борлигини, яна давом этаётганини ва уларга фақат илм орқалигина барҳам берилиши мумкинлигини айтдим. Шу мақсадда ойлик китобча чиқариш ниятида эканлигимизни, ўшанда шунга ўхшаш масалаларга ҳам эътибор қаратиш ниятидалигимизни айтиб, дуо қилиб туришларини сўрадим.

Ўша куни пешиндан кейин дину диёнатини маҳкам тутган зиёлиларимиздан бири келди. У киши билан режалаштириб қўйган илмий суҳбат ва савол-жавобимиз анча давом этди. Суҳбатга оид варақларни йиғиштириб бўлган мухлис зиёли ёнидан янги бир варақ олиб хонтахтага ёйди-да:

–«Энди оилавий масалаларга ўтамиз. Сизга айтадиган бўлсам, ўғилни уйлантирадиган бўлиб қолдик. Одоб-ахлоқли, ибодатдаги келин топилиб қолди. Тўй ҳақида бир неча саволларимизни ёзиб келдим, - деди кулиб.

–Муборак бўлсин! Аллоҳ хайрли қилсин! Ёшларимиз бахтли бўлсинлар! Қани, саволларни эшитайлик-чи?!, дедим.

Табиийки, саволлар ичида: «Сафар ойида тўй қилса бўладими», ҳам бор эди. Қўшнига айтилган гапларни яна такрорладим. Меҳмонни кузатиб қўйиб, ойлик китобча чиқариш зарур иш эканини яна бир бор кўнгилдан ўтказдим. Бир масалани одамларга биттадан тушунтиришдан кўра илмий асосда китоб орқали оммавий баён қилиб бериш қанчали аҳамиятли эканини ёдга олдим. Оғзаки гап эсдан чиқиши мумкинлиги билан ҳар сафар янгидан такрорланиши лозим. Китоб эса доим туради. Эсидан чиқарган одам қайтадан ўқиб олиши, бошқаларга ўқитиши, болалари ва набираларига мерос қолдириши мумкин.

Сўнгра Сафар ойи ҳақидаги маълумотларимни хаёлдан ўтказа бошладим. Бу жараён давомида агар Сафар ойи ҳақида бирор нарса ёзадиган бўлсак, қўшни ва мухлис зиёлига айтилган гаплар ҳеч нарса бўлмаслиги қайта-қайта фикрдан ўтди. Бу масала бўйича бирор тўлиқроқ нарса ўқимаганим ёки эшитмаганим аниқ бўлди. Сафар ойи ҳақида қаерда ва қандай маълумотлар борлиги ҳақида ўйлай бошладим.

Китобларни қараб чиқдим. Ҳеч бирида бизни қизиқтираётган масала бўйича қониқарлироқ маълумот топа олмадим. Бир неча кунлар ўтганидан кейин, ўзимиз уринар эканмиз-да, деган фикрга келдим. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда мазкур фикрни амалга оширишга қўл урдим. Ҳақ таолонинг Ўзи осон ва фойдали қилсин!

Қуръони каримда Сафар ойига оид маълумот борми? Бу саволга жавоб топиш борасида олиб борилган ҳаракатнинг натижаси йилнинг бошқа ойлари қатори Сафар ойи ҳам Қуръони каримда ўз номи ила тилга олинмаган деган хулоса бўлди. Аммо Қуръони Карим оятларини тафсир қилиш ва улардаги ишораларни англаб етиш учун келтириладиган маълумотларда Сафар ойи борлиги аён бўлди.

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:

«Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилурлар. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас», деган (37-оят).

Ояти каримадаги «насийу» сўзи луғатда ортга суриш маъносини ифода қилади. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни, араб мушриклари ҳам тўрт ой — Муҳаррам, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Ражаб ойлари ҳаром ойлар эканлигини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтар эди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса ҳам, унга тегмасди. Аммо бордию, урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар.

Мисол учун, Муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини Сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб Муҳаррамда уруш қилар эдилар. Сафарда эса, уруш қилишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди.

Бу маънода Сафар ойи жоҳилият аҳли томонидан Муҳаррам ойи ўрнига вақтинча қўйилиб турадиган ой бўлганлиги билан ажралганини билиб олдик.
Жоҳилият аҳли Сафар ойини Муҳаррамга яна бошқа бир мақсадда ҳам алмаштирар эдилар. Уларнинг бу ишини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қурайш ва унинг динини тутганлар ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билар эдилар. Улар Муҳаррамни Сафар қилар эдилар ва «Қачонки, туянинг яраси битса, излар йўқолса, Сафар ойи тугаса, умра қилувчига умра ҳалол бўлур», дер эдилар.

Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари тўртинчи куни эрталаб ҳажга эҳром боғлаб келдилар. Бас, у зот уларга уни умра қилишни амр қилдилар. Бас, у уларга катта бўлиб кўринди ва улар:

«Эй Аллоҳнинг расули! Ҳалолликнинг қайсиси?» дедилар.

«Ҳалолликнинг барчаси», дедилар».

Учовлари ривоят қилган.

Жоҳилият аҳлининг бунга ўхшаш ўзларича жорий қилиб олган номаъқул ишлари жуда ҳам кўп эди. Ўша ишлардан бири уларнинг ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билишлари эди.

Ислом жоҳилиятнинг барча жоҳилликларини тўғрилади. Жумладан, умрани ҳар доим қилиш мумкинлигини жорий қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажларида саҳобаи киромлардан қурбонлик ҳайдаб келмаганларига ҳаж ниятларини умрага айлантиришни маслаҳат бердилар.

Жоҳилият ўз номи ўзи билан жоҳилликдан иборатдир. Исломдан олдинги жоҳилиятда ҳам жоҳилликнинг турли-туман кўринишлари мавжуд эди. Жумладан, турли ой ва кунларга оид масалаларда ҳам жоҳилиятнинг жоҳилликлари тўлиб-тошган эди. Ислом бошқа кўпгина нарсалар қатори ана шу нарсаларни ҳам муолажа қилди. Уларни қандоқ қилиб тўғри йўлга солишни тушунтирди.

Исломдан олдинги жоҳилият даврида Сафар ойидан шумланиш одати ҳам бор эди. Улар Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, никоҳ ақди қилиб бўлмайди, аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди каби бир қанча хурофотлар асосида бу ойдан шумланишар эди. Уларнинг фикрича, бу ой хосиятсиз бўлиб, унда турли ёмон мавжудотлар ер юзида тарқалар ва мазкур ишларни қилган одамларга зарар етказар эдилар.

Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом бу борада бир қанча ҳадислар айтдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалам: «Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда жоҳилиятнинг тўртта жоҳиллиги инкор қилинмоқда.

1. «Касаллик юқиши йўқ». Жоҳилият аҳлида: хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ила ўтади, деган эътиқод бор эди. Ҳозир ҳам худди шунга ўхшаш эътиқод бор. Ундоқ бўлса «хасталик юқиши йўқ-ми?» деган савол берилиши турган гап. Бунга жавоб шуки, хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида ва бунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлардаги «касаллик юқиши йўқ» деган гапларида мужассам бўлгандир.

Дунёдаги ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Жумладан, хасталик юқиши ҳам. Одамлардан жоҳилият эътиқодларини кетказиш учун шунга ўхшаш ҳассос нарсаларга алоҳида эътибор берилган.

2. «Бойқуш йўқ». Жоҳилият даврида турли нарсалардан шумланиш мавжуд эди. Бу нарса уларнинг эътиқодига айланиб қолган эди. Жумладан, қаерга бойқуш қўнса, ўша ерда ёмонлик ва харобчилик бўлади, деган эътиқод бор эди. Ислом бу нарсани ҳам инкор этди. Бировга кўнгилсизлик ёки ёмонлик етадиган бўлса бойқуш ёки бошқа қуш қўнгани сабабли эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади. Аллоҳ ирода қилса, ҳар қандай ҳолатда ҳам бандага хасталик ориз қилганидек, бойқуш қўнса ҳам, қўнмаса ҳам ёмонлик ва харобачиликни воқеъ қилиши мумкин.

3. «Навъу йўқ». «Навъу» жоҳилият аҳли ёмғир ёғдиради деб эътиқод қиладиган юлдуз. Улар ўзларича ёмғирни ўша юлдуз ёғдиради, деб айтишар эди. Албатта, бу ҳам нотўғри. Ёмғирни фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи ёғдиради.

4. «Сафар йўқ». Жоҳилият аҳлининг Сафар ойи тўғрисида ҳам бидъат-хурофотдан иборат ақийдалари бор эди. У ойда сафар қилиб бўлмайди, у бўлмайди, бу бўлмайди, дейишар эди. Уларнинг бу ҳақдаги эътиқодларини юқорида айтиб ҳам ўтдик. Ислом бундоқ бўлмағур эътиқодларни ҳам рад этди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари, кунларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг кунлари эканини эълон этди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касаллик юқиши йўқ, ғул йўқ ва сафар йўқ», дедилар».

Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда аввалги баёни келган нарсаларга «ғул» ҳам қўшилмоқда.

«Ғул» жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб кетиб турли балоларга учратади, деган эътиқодни қилишар эди. Ислом бу нотўғи эътиқодни ҳам рад этди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касаллик юқиши йўқ, қушла фол очиш йўқ, бойқуш йўқ ва сафар йўқ. Ва моховдан, худди арслондан қочганингдек қочгин», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Сафар ойига оид шумланиш билан бирга қуш ила фол очиш ҳамда касал юқиши масаласи баён қилинмоқда. Биз «қушла фол очиш» шаклида таржима қилган ибора арабчада «тияра» дейилади. Бу ибора «тоир» – қуш сўзидан олингандир. Қушнинг фол очишга нима дахли бор ёки ҳозирдаги баъзи фолчиларга ўхшаб қушга хатни торттириб фол очиш авваллари ҳам бўлганми, деган савол пайдо бўлиши мумкин.

Ҳа, қуш билан фол очиш авваллари, жоҳилият даврида ҳам бўлган-у, бошқача услубда бўлган. Жоҳилият аҳлидан бирортаси бир ишни қилиш-қилмасликда иккиланиб қолса, қушни қўлда тутиб туриб учирган. Агар қуш ўнг томонга учса, ўша ишни қилган. Агар қуш чап томонга учса, у ишни қилмаган. Агар қуш тўғрига учса, яна бошқа қуш учирган. Улар бу ишни кўп қилганидан умуман фол очишга ҳам «тияра» ибораси ишлатиладиган бўлиб кетган. Ислом дини бу бемазагарчиликни ҳам рад этди.

Бу фаслдаги ушбу ҳадиси шарифгача бўлган ривоятларнинг баъзисида касаллик юқиши йўқлиги, баъзисида касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш кераклиги айтилган бўлса, бу ҳадиси шарифда мазкур икки масала ҳам зикр қилинмоқда. Шу билан касаллик ўзича юқмаслиги эътиқод масаласи эканлиги, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш эса динимиз амал қилишни биздан талаб қилган нарса эканлиги таъкидланмоқда.

Мохов хасталиги ҳам юқумли экани ҳозирда ҳаммага равшан ҳақиқатдир, Исломда эса бу хасталикка учраган одамдан арслондан қочгандек қочиш кераклиги ўн беш аср илгари таъкидланган.

Ўрни келганда касалнинг юқишини илмий равишда биринчи бор исбот қилганлар ҳам мусулмон табиблар эканлигини айтиб ўтмоқ бурчимиздир. Бу ҳақиқатни биз эмас, ғарбликлар эътироф қилганларини таъкидлаш эса вазифамиздир.

Минг афсуслар бўлсинки, жоҳилиятнинг жоҳил эътиқодларидан бўлмиш Сафар ойидан шумланиш баъзи сабабларга кўра ҳозиргача орамизда сақланиб келмоқда. Тарихимизнинг турли босқичларида уламоларимиз бу масалага мурожаат қилганларини кўрамиз.

Ҳанафийларнинг энг машҳур фатво мажмуаларидан бири бўлмиш «Фатавойи Оламгирия» ва шаръий одоблар бўйича мазҳабимизнинг асосий манбаларидан бўлмиш «Барийқаи Муҳмудия шарҳи Торийқаи Муҳаммадия» номли китобларда Сафар ойига оид қуйидаги маълумотларни ўқиймиз:

«Сафар ойида сафар қилмайдиган, никоҳ ва духулга оид ва бошқа ишларни бошламайдиган, Набий алайҳиссаломдан ривоят қилинадиган «Ким менга Сафар чиққанининг башоратини берса, мен унга жаннатнинг башоратини бераман» гапни маҳкам тутиб олган кишилар ҳақида сўрадим. Бу ривоят ўзи тўғрими? Сафар ойида бахтсизлик ва машъумлик борми? У ойда бир иш қилишдан қайтариш борми?» деб сўрадим. У киши қуйидаги жавобни берди:

«Сафар ойи ҳақида айтган гаплари (жоҳилий) арабларнинг гапидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб айтган ривоятлари қип-қизил ёлғондир». («Жавоҳирул фатаво»дан).

Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бориш билан кифояланиб қолинмади. Балки амалий ва намунали ишлар ҳам қилинди.

Жоҳилият аҳлининг Сафар ойидан шумланишига тамоман зид ўлароқ бу ой Исломда «Сафарул хайр» – «Сафар яхшилик» деб номланди.

Жоҳилият аҳлининг Сафар ойида иш бошлаб бўлмайди, деган хурофотига зид ўлароқ Исломда кўпгина ишларни айнан Сафар ойида бошланди.

Масжиди набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан Сафар ойида бўлди.

Жоҳилият аҳлининг Сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом Сафар ойида сафарга чиқиб Хайбарни фатҳ қилдилар.

Жоҳилият аҳлининг Сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар. «Туҳфатул Муҳтож фии шарҳил Минҳож» номли китобда ва бошқа манбаларда имом Зуҳрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан Сафар ойида ўз қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди.

Аввал билмасак, энди билиб олдик. Сафар ойидан шумланишни йиғиштирайлик. Билмаганларга ҳам бу ой тўғрисида ўзимиз билган исломий ҳақиқатни етказайлик.

 

islom.uz

Мақолалар

Top