muslim.uz

muslim.uz

Тошкент вилояти ҳожиларининг охирги гуруҳи куни кеча Мадина шаҳрига йўл олдилар. Илгарироқ етиб борганлар эса муқаддас қадамжоларда зиёрат ва ибодатларини амалга оширмоқдалар.

Куни кеча Маккадаги ҳожилар учун ҳаж амалларини бажариш бўйича навбатдаги йиғилиш ўтказилди. Унда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов  йиғилганларга ҳаж қилиш тартиби, сабр ва ният, ҳажнинг фазилатлари, ҳажжи мабрур нимаи экани ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида ҳожилар Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду саноларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатларини йўллар эканлар, кўрсатилаётган хизмат, ташкил этилган имкониятлар, вақтида берилаёган кўмагу маслаҳатдан миннатдор эканликларини изҳор қилдилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шахзода Файсал ибн Салмон Ўзбекистондан ташриф буюрган ҳожиларни энг тартибли ҳожилар сифатида эътироф этган. Имом Бухорий, Ҳаким Термизийларнинг авлодларига берилган бундай баҳодан ҳар бир инсон қалбида ифтихор туйғуси уйғониши табиий.

Ҳожиларга ҳажжи мабрур даражалари насиб этишини дуолар қилиб сўраб қоламиз.

 

манба: fitrat.uz

الأربعاء, 15 آب/أغسطس 2018 00:00

Йўқотиш

Ҳар нарсани йўқотиш осон, аммо уни қайта­риш қийин. Бугунги кунда “оломон маданияти”, “маданият кушандаси”, деб ҳамма жойда айти­либ, ёшларни миллий урф-одат, миллий кийим­лар кийишга чақирилмоқда. Аммо йўқотилган ма­даниятни қайтариб бўлармикан? Дунёни илми билан тебратган уламолар фарзандлари ўзла­рини ғарбликка ўхшатса, уламолар бешигини теб­ратган аёллар шарму ҳаёсини унутиб улар­дан ошиб тушса, эртага буларни йўлга солиб бўлар­ми­кин? Ёмонликка ўрганиш осон, ёмонликдан қайтиш қийин. Ёмонликка етишиш осон, халқнинг хизматини қилиб раҳмат, дуо олиш қийин. Ёшликда қилинган хатоларни тузатиш ниҳоятда мушкул кечади.

Денгиз суви қуриб битса, ундаги балиқлар сувсизликдан ўлса, кимга аччиқ қилинади? Йиллар ўтиб, сув билан денгиз тўлса, ўлган балиқлар ҳаётга қайтармикан? денгизнинг ўлган балиқларга тўлишидан нима фойда?

Эй азиз фарзанд! Кимлигингни унутма, қў­лингдаги имкониятларни қўлдан бой бериб аждодларинг маданиятини қўйиб, ўзгалардан хайрият кутма. Ўзини қадрламаган инсонни ўзгалар қадрлайдими? Ўз тили, маданияти, миллий урф-одати, одоб-ахлоқи, шарму ҳаё, ибосини унутганни ўзга халқ назар-писанд қилармикин? “Ўз қадрига етмаган, ўзгалар қадрига етармиди?”  деб маломат тошларининг отилишидан сақлан­гин.

Ғишт қолипидан кўчганидан сўнг,

Ҳаёнинг машъали ўчганидан сўнг,

Йиллар ўтиб, ҳаё-имон нур таратса,

Фойда борми имонсиз ўлгандан сўнг?

 

Денгиз қурибон, қирилса балиқ,

Ўрнини қопласа саҳройи қумлиқ.

Вақт ўтиб, яна денгиз сувга тўлса,

Ўлган балиққа фойда борми аниқ?

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан

الأربعاء, 15 آب/أغسطس 2018 00:00

Илм ва вақтдаги барака

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб «Ат тибян фи адаби ҳамалатил Қуръон» китобини билмайдиган киши бўлмаса керак.

Асар Қуръони каримни ўрганиш мавзусида ёзилган энг гўзал китоблардан бири ҳисобланади. Дарвоқе, 270 саҳифалик ушбу китобни Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳайратда қоладиган даражада тез ёзган. Бу асар йигирма бир кунда ёзилган.

«Ат тибян» имомнинг Аллоҳ қабулият берган ягона асари эмас. «Риёзус солиҳийн», «Ал арбаъийн ан-Нававийя» китоблари ҳам кўпчиликка таниш. Мазкур икки китоб она тилимизга таржима қилиниб китобсеварларга тортиқ қилинган.

Имом Нававий қирқ олти ёшида оламдан ўтган.

ذَٰلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ ۚ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ

«Бу Аллоҳнинг фазлидир (ва уни) хоҳлаган кишисига берадир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир» (Жума сураси, 4-оят).

Умр ва илмда барака ҳосил бўлиши учун бир неча сабаблар бўлади. Уларнинг бошида ихлос, вақтни ғанимат билиш, ўтказиб юборган ишларни бажариш, «бироздан кейин қиламан» иборасини эсдан чиқариш, Аллоҳга қаттиқ илтижо қилиш, барака тилаш, баракани кетказувчи гуноҳ ва маъсиятларда узоқ бўлиш, ҳиммати паст, бекорчи инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлмаслик.

Аллоҳ барчамизни илмимиз ва умримизга барака берсин.

 

Манбалар асосида вакиллик ходими Искандарбек Зокиров

манба: muslimun.uz

الأربعاء, 15 آب/أغسطس 2018 00:00

7 саволга 7 жавоб: Қурбон ҳайити

1-савол: Қизим учун ақиқа қилмоқчи эдим. Қурбон ҳайити куни ҳам қурбонликка, ҳам ақиқага ният қилиб қўй сўйсам бўладими?

Жавоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилинг. Қурбонлик қодир кишиларга вожиб амал, ақиқа қилиш мустаҳаб амал. Қурбонлик қилишда ақиқани қўшиб ният қилиш мумкин. Чунки, бир жинсдаги катта амал ўзининг жинсидаги кичик амални ўз ичига олади.

 

2-савол: Автомобили бор лекин пули нисобга етмаган инсонга қурбонлик қилиш вожиб бўладими? Машина ҳам нисоб ҳисобланадими?

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Инсон ҳожати учун миниб турган машинаси нисобга кирмайди. Ёлғиз машинаси бўлиб, бошқа нисоб миқдорида маблағи бўлмаса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Эҳтиёждан ортиқ машина олиб қўйилган бўлса, қурбонликнинг нисобига киради ва қурбонлик вожиб бўлади.

 

3-савол: Мен савдогарчилик қиламан ва нисобдан ошган пулим бор шунга қурбонлик сўйишим керакми? Закотни бу йил чиқарган эдим, лекин қурбонлик ҳакида маълумотга эга эмасман. Илтимос, кимларга фарзлигини ва қандай сўйилишини тушунтириб беринг. Уйда эркак киши бўлмаса акамни чақириб ва қассоб чақириб сўйсам бўладими?

Жавоб: Ҳа, нисобга етадиган миқдордаги маблағга эга киши қурбонлик қилиши вожибдир. Сиз акангизни чақириб қурбонлик қилишингиз жоиз. Қурбонлик учун сўйиладиган жонлиқ айб ва нуқсонлардан саломат бўлиши керак. Қурбонлик гўштидан бир қисмини тарқатиб, бир қисмини сақлаб қўйиб, яна бир қисмини эса қавму-қариндош, қўни-қўшниларга пишириб едириш мустаҳаб амалдир.

 

4-савол: Мени саволим шуки, Рамазон ҳайити билан Қурбон ҳайити орасидаги фарқ қанча?

Жабов: Рамазон ҳайити шаввол ойининг биринчи куни, Қурбон ҳайити эса зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидир. Шунга кўра буларнинг ўрталарида чамаси етмиш кунга яқин бўлади.

 

5-савол: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилмоқчи эдик, жумада имом домла оиласи катта бўлса гўштни ярмини ўзига олиб қолса бўлади деди. Шу тўғрими? Умуман оила катта бўлса ҳаммасини олиб қолсаям бўладими?

Жавоб: Қурбонлик қилувчи инсон Аллоҳ таолонинг розилиги учун қурбонликка яроқли ҳайвонни сўйиш билан ибодат ҳосил бўлади. Унинг гўштидан фойдаланиш иккинчи масала ҳисобланади. Шунга кўра, сиз сўрагандек катта оилалар қурбонлик гўштининг ҳаммасини ўз оилалари учун олиб қолиши жоиз. Шунингдек қурбонлик қилувчи ҳайт кунида гўштнинг ҳаммасини муҳтож инсонларга тарқатиши ҳам жоиз. Аммо, мустаҳаб амал яъни, шу ўринда энг афзали қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, бир қисмини тарқатиш, бир қисми ўз оиласи учун олиб қолиш ва яна бир қисмини қариндош-уруғ ва яқинлар билан пиширган ҳолда баҳам кўриш бўлади.

 

6-савол: Мени кўлимда нисобига етган пулим бўлса Қурбонлик хам қиламанми? Мен Россияда ишлайман у ерда насроний қўшниларим ҳам бор. Агар Қурбонлик менгаям вожиб бўлса, ўша насроний қўшниларимга Қурбонликдан берсам бўладими?

Жавоб: Қурбонлик ибодатида қурбонликка яроқли ҳайвонни сўйиш эътиборли. Ҳайвоннинг қони ерга тушиши билан ибодат ҳосил бўлади. Қўшниларларга бериш эҳсон. Бошқа диндаги қўшниларга берса ҳам бўлади.

 

7-савол: Қурбонликка мол олдик. 4та одам бўлиб бўладими ё тоқ бўлиши керакми?

Жавоб: Қурбонликка сўйиладиган молда етти кишигача шерик бўлиш мумкин. Бунда шериклар сони тоқ ёки жуфт бўлиши шарт эмас. Муҳими шерикларнинг барчаси қурбонликни ният қилиши керак. Агар уларнинг бирортаси гўшт ниятида шерик бўлса қолганларнинг ҳам қурбонлиги қабул бўлмайди.

 

ЎМИ фатво ҳайъати

Ҳаж амали Аллоҳ таоло улуғлаган муқаддас маконда Унинг зикрини қоим қилиш ва яхшиликларни қўлга киритиш учун қилинади. Бу амал банданинг дунё ва охиратда саодат топишига сабаб бўлади.

“Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж сураси, 27-28-оятлар).

Уламолар Қуръони карим ва суннати мутаҳҳарада келган далиллардан фойдаланиб ҳаждан олинадиган фойдаларнинг баъзиларини зикр қиладилар:

1) Масжидул ҳаромда ўқилган намоз бошқа жойдаги намозлардан афзаллиги.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менинг масжидимда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан минг марта афзалдир. Масжидул Ҳаромда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан юз минг марта афзалдир» (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

2) Мабрур ҳаж – энг афзал амаллардан бири.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал афзал?» деб сўралди. «Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш», дедилар. «Кейин нима?» дейилди. «Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар. «Ундан кейин нима?» дейилди. «Мабрур ҳаж», дедилар» (Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар).

Оиша розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар» (Бухорий ва Насаий ривоят қилган).
Насаийнинг лафзида:
«
Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.

3) Гуноҳлар мағфират қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

4) Мабрур ҳажнинг мукофоти жаннат.

«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

5) Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир, агар Унга дуо қилсалар дуоларини қабул қилади, Ундан мағфират сўрасалар уларни мағфират қилади” (Ибн Можа ривоят қилган). 

6) Ҳажда қилинган нафақа Аллоҳ йўлида қилинган нафақа кабидир.

Бурайда розияллоҳу анҳу оталаридан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳажга қилинган нафақа Аллоҳ йўлида қилинган нафақа кабидир. Бир дирҳам эвазига етти юз баробардир” дедилар” (Муъжамул авсат).

7) Унда шифобахш замзам суви бор.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У замзам сувини шиша идишларда кўтариб олиб кетар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар ва касаллар устидан қуяр ва уларга ичкизар эдилар деб айтарди”.

Юқорида зикр қилинган фазилатлар, улуғ манфаатлар бўлиб, ҳожилар ҳаж ибодати давомида бу файзу баракотларга ноил бўладилар.

Аллоҳ таоло муборак сафарга кетган ва кетиш арафасида юрган ҳожиларимизни соғу саломатликда ибодатларини адо этиб, гуноҳлардан покланиб келишларини насиб қилсин. Муқаддас жойларда ўзлари, фарзандлари, сизу биз ватандошлари ҳақларига қилган дуоларини қабул этсин. Уларнинг дуолари шарофати ила юртимизнинг тинч ва осойишталигини бардавом айласин.

Манбалар асосида Тошкент тумани “Чувалачи” жоме масжиди имом-хатиби Нўъмонжон Солиев тайёрлади.

http://fitrat.uz

Мақолалар

Top