muslim.uz

muslim.uz

1989 йилда Андижон вилоятининг Избоскан туманида Аҳмадали исмли зиёли, илм аҳлидан бўлган кишининг саъй-ҳаракатлари билан туман марказида халқ ҳашари йўли билан масжид қурилган. Масжидда шу кишининг ўзи имомлик қилган. Қадимдан баъзи масжидларнинг шу жойда имомлик қилган имомлари номи билан халқ орасида номланиши анъана бўлган. Шу тариқа масжид “Аҳмадали ҳожи” номи билан шу вақтга қадар тумандаги марказий масжид сифатида фаолият кўрсатмоқда. Масжид дастлаб қурилган хонақоҳ ва кейинчалик унга тутуаш  қўшимча хонақоҳдан иборат.

Бугунги кунга келиб масжиднинг эски хонақоҳи таъмирталаб ҳолга келгани, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг бинонинг яроқсиз ҳолга келганлиги ҳақидаги хулосасига биноа қайтадан қурилмоқда. Таъмирлаш ишлари шу йилнинг март ойида бошланган бўлса, бугунги кунга қадар ишлар қизғин. Мақсад қишнинг совуқ кунларига қадар янги хонақоҳни битказиб, намозхонлар учун иссиқ жой ҳозирлаш.

38 ўринлик таҳоратхона таъмирланиб, яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Минора самарқандлик усталар томонидан қайта таъмирланди. Ҳозирда янги хонақоҳнинг том қисмини ёпиш ишлари якунига етказилмоқда. Ўрнатилган учта йирик гумбаз икки хонақоҳни яхлит бир кўринишга келтирди. Янги хонақоҳ ертўла қисми билан биргаликда 800 дан ортиқ киши сиғдира олади. Ҳовли қисмлари билан ҳисобланганда ушбу жомеда жами 2000 мингда ортиқ намозхон ибодат қила олиши мумкин. Хайрли ислоҳотларга ҳиссалари қўшилаётган кишилардан Аллоҳ таоло рози бўлсин.    

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

Транспорт университети ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков иштирокида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини кенг тарғиб қилишга бағишланган онлайн маърифий маъруза ташкил этилди.

Масофавий тарзда ўтказилган тадбирда Ҳомиджон Ишматбеков Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи бандида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш каби масалалар белгилангани юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлаш, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароит қилиб берилаётганини таъкидлади.

Йиғилиш иштирокчилари диннинг халқимиз маънавияти ва руҳиятига таъсири хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Маърифий маъруза мустақил фикрлайдиган, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қарайдиган, қатъий ҳаётий эътиқод ва қарашларга эга бўлган, миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирларга қарши турадиган ёшларни тарбиялашга қаратилган.

Онлайн тадбир давомида Ҳомиджон домла иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Бу каби маърифий суҳбатлар талабалар хатти-ҳаракатига масъулият ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

  Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!  16-ўгит: Таҳажжуд намозига одатланинг! 

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:  “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  «Сизлар тунги (таҳажжуд) намозини лозим тутинглар, чунки у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одати, Раббингизга яқинлашув, ёмонликларга каффорат ва гуноҳдан қайтарувчидир»  ( Имом Термизий ривояти)

            Хулоса:

  1. Таҳажжуд намози нафл (ихтиёрий) ибодатлардан биридир. Лекин, савоби ва фазилатлари жудаям кўпдир.
  2. Аллоҳ таоло ушбу намозни номини айтиб зикр қилиши ва айнан шу намозни адо қилишга буюриши таҳажжуд намозининг даражаси юқори эканлигига далолат қилади.
  3. Таҳажжуд намозини доимий ўқиб юрадиган кишиларни Аллоҳ таоло Қиёмат кунида жаннат аҳлларининг кўпи ҳавас қиладиган мақомда тирилтиради. Ҳамда уларга яқинларини шафоат қилиш ҳуқуқини беради иншааллоҳ.
  4. Таҳажжуд намозини ўқиш фақатгина Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки у кишининг умматларига хос эмас, балки, ушбу намоз ер юзида яшаб ўтган барча солиҳ кишиларнинг одатлари бўлган.
  5. Таҳажжуд намози Аллоҳ таолонинг розилигига яқинлаштиради.
  6. Банданинг ёмон амалларига каффорат бўлади. гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади.
  7. Қолаверса, таҳажжуд намозини ўқигувчи кишини Аллоҳ таоло маъсиятлардан тўсиб қўяди. Гуноҳ амалларни қилмаслиги учун тавфиқ ва сабр бериб қўяди. 

Аллоҳ таоло барчамизни таҳажжуд намозини адо қиладиган бандаларидан қилсин! Ушбу ибодатни лаззатини ҳис қилиб, шу лаззат ишқида тунларни бедор ўтказишга тавфиқ берсин. Қиёмат кунида мақталган мақомда тириладиган бандалари сафидан жой берсин! 

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:

Ёрбек Ислом

الخميس, 15 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

Уяли телефон тaжовузгa aйлaнмaсин (Аудио)

"Ориат Доно" радиосининг “Зиё чашмаси” дастури

Дастур меҳмони: Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби

الثلاثاء, 13 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши таниқли уламо Шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари Қуръони карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлашдек улкан вазифани шараф билан адо этган эдилар. Ушбу китоб 1991-1993 йилларда «Шарқ юлдузи» журналида, кейин Ғафур Ғулом ва «Чўлпон» нашриётларида чоп этилган эди.

Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мақолалар

Top