muslim.uz

muslim.uz

— Ҳозирги кунда мўмина қизларимиз бошқа дин, бошқа миллат йигитлари (масалан, хитой, корейс, рус ва бошқа)га турмушга чиқиб кетаётганини кўп эшитяпмиз. Динимизда муслима аёлнинг ўзга дин вакилига турмушга чиқиши борасида нима дейилган? Аксинча, муслима бўлмаган қизларнинг мусулмон йигит билан оила қуриши масаласида-чи?

Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади. Бу ҳолга эришиш аввало, қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса ақийда бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов унинг диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Ислом ақийдасида бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман этилади.

Мусулмон эркак Ислом ақидасидан ўзга ақидадаги мушрика аёлга уйланиши мумкин эмас. Лекин у аёл ўз динини тарк этиб, Ислом динига кириб, мўмина бўлса, шундан кейин уйланса бўлади. Бу ҳукмдан яҳудий ва масиҳий динидаги аёллар мустасно. Улар ўз динларида турсалар ҳам, мусулмон эркак уларга уйланса бўлади.

Шунингдек, мўмина аёлларнинг мушрик эркакларга турмушга чиқишлари, уларга никоҳланишлари қатъиян ман қилинади: “Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг”.

Яъни мўминаларни уларнинг никоҳига берманг. Муслима-мўмина аёллар мусулмон динидаги эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб, мўмин бўлсагина, рухсат бўлади. Ҳатто, эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам, муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар”, деганлар. Худди аёлларга ўхшаб, эркаклар фазлининг ўлчови ҳам иймондир: “Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир”. Яъни эркак киши қул бўлса ҳам, мўмин бўлса, бас, бошқа иймонсиз эркаклардан яхшидир.

Эркак бўлсин, аёл бўлсин, иймонсизлиги, мушриклиги жуда ёмон, ким улар билан алоқада бўлса, хусусан, никоҳ каби муқаддас ва нозик алоқада бўлса, касофати уради. Урганда ҳам, энг ҳассос нуқтада – ақийда бобида уради ва инсон ўз турмуш ўртоғига эргашиб, динидан чиқиб кетиши хавфи бор. Шунинг учун оятда: “Анавилар ўт-оловга чақирарлар”, – дейилади. Анавилар (мушриклар) ўзлари билан бирга бўлганларни мушрикликка, бу дегани, дўзах ўтига чақирадилар. “Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар”. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг баён қилиб берган оятларига амал қилиб яшаш керак.

 

Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов

 

 

Шу кунларда бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёратчилар ҳаж ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетмоқдалар. Ўзбекистондан Умра амалларини адо этиш ниятида муборак заминга етиб борган фуқароларимиз Мадинаи Мунавварадаги 5 юлдузли Pullman Zamzam ва Crown Plaza меҳмонхоналарига жойлаштирилди.
Жорий йил ҳам зиёратчиларимизга Мадинаи мунавварада замонавий ва барча қулайликларга эга меҳмонхона ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида бўлмоқда. Ушбу меҳмонхона Масжиди Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашган, зиёратчиларимиз беш маҳал намозларини ушбу табаррук масжидда адо этиш саодатига етишмоқдалар. Айни кунда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.
Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, бир нечта лифтлар ишламоқда. Ҳар бир хонада озода кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтиришлари мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам ҳозирланган.
Ишчи гуруҳи томонидан меҳмонхонада тиббиёт бўлими ва Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, тиббиёт бўлими ҳам керакли ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланган. Шунингдек, зиёратчиларимизга лазиз ва миллий таомлар тортиқ қилинмоқда.
Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг ҳажларини мабрур айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الجمعة, 17 حزيران/يونيو 2022 00:00

Қорилар эътибору эътирофда

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идорасида идора ва “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими ташаббуси билан Рамазон ойидаги хатми Қуръон тадбирларида муносиб иштирок этган хофизи қорилани тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри жоме масжидларидаги хатми Қуръонларда муносиб иштирок этиб, гўзал тиловати, тажвиди ва одоб-ахлоқи билан намозхонларнинг меҳри ва ҳурматини қозонган, “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими томонидан маълум мезонлар асосида саралаб олинган 26 нафар қорилар тақдирланди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Эшматбеков ҳамда “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Aлижон қори иштирок этиб, юртимизда йил сайин қориларимиз сафи ҳам хатми Қуръонлар ўқилаётган масжидларимиз сони ҳам кўпайиб бораётганини эътироф этишди.

Шу билан бирга бу йилги Рамазон хатми Қуръонлари ҳар йилгидан кўра, шукуҳли ўтганини, буни Қуръонга муҳаббатли халқимиз ҳам алоҳида эътироф этаётганини таъкидладилар. Қолаверса, Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган қориларни тақдирлаш маросими бундан кейин бардавом бўлишини қайд этдилар.

Тадбир давомида қориларга Вақф фонди томонидан тақдим этилган пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

"Бўта бува" жоме масжиди

имом-хатиби

Зиёвуддин Мирсодиқов

الجمعة, 17 حزيران/يونيو 2022 00:00

Замонавий хаворижлар (видео)

Жасурбек домла Раупов,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар

Top