muslim.uz

muslim.uz

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабатлари мустаҳкамланиб, дўстона алоқаларнинг янги эшиги очилди. Қардош халқлар билан барча соҳаларда дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларини изчил ривожлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, қўшни давлатлар билан диний-маърифий соҳада ҳам кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Қўшни Қирғизистоннинг Баткен вилояти “Карабак” айилида янги масжид очилди. Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов, Фарғона тумани бош имом-хатиби Раҳимжон домла Сотқиналиев ҳамда Қўштепа тумани “Ғиштмон” масжиди имом-хатиби Алимбек домла Илёсовлар Баткен вилояти мусулмонлари қозиётининг таклифига биноан ушбу тантанили маросимда иштирок этдилар.
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов Баткен аҳлини янги масжид билан қутлаб, икки давлат раҳбарлари бошчилигида олиб борилаётган яхши қўшничилик муносабатларига тўхталиб, икки қардош халқ азалдан ҳамжиҳат, бир тану жон бўлиб яшаб келгани, бундан кейин ҳам ана шундай муносабатлар бардавом бўлишини таъкидлади.
Тадбир сўнгида уламолар икки юрт тинчлиги ва дўстлигини бардавом бўлишини сўраб дуога қўл очдилар.


Фарғона вилояти вакиллиги Ахборот хизмати

Шароф Рашидов туманидаги “Жиззахлик” масжидига (https://goo.gl/maps/K8fk9ykqCqK9b6uD8) Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим домла Иномов жума намозини жамоат билан адо этиш, намозхонларга маърифий суҳбат қилиб бериш учун ташриф буюрдилар. Ташриф давомида  Ислом динининг моҳияти, мусулмонларнинг хулқ-атвори қандай бўлиши кераклиги, мусулмонларни зиёрат қилишнинг ажру савоби, бугунги кунда жамиятда учраётган муаммолар ҳақида таъсирли маъруза қилиб бердилар. Маърифий суҳбат жуда таъсирли ҳамда қизғин савол жавобларга бой бўлди. Марузадан сўнг мустақил юртимизда олиб борилаётган улкан ўзгаришларнинг янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бугун 13 август куни юртимиз уламоларининг Жиззах вилояти бўйлаб ташрифларининг дастлабкикуни бошланди.Уламоларимизнинг учрашувлари ҳудудларга файз, кўнгилларга қувонч бағишламоқда.
Бугун қалбларга хурсандчилик киритган учрашувларнинг бири Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди. Унда фазилатли устоз Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли иштирок этдилар. Фахрий доктор, қироат илми устози Алижон қори “Раваллиқ” жоме масжидига ташриф буюриб, муҳтарам намозхонлар билан учрашдилар.
Устоз Алижон қори сўзларининг муқаддимасида бир нечта жума кунларини жума намозисиз ўтказган, жума намозини интизор бўлиб кутаётганмасжид аҳлига бугун яна жума намозининг ўқилиши бошланиши билан муборакбод этдилар. “Аллоҳ таоло бу умматни то қиёматга қадар Ўзининг ибодатида бардавом қилсин, ҳидоятидан айирмасин” дея дуои хайр қилдилар.
Шундан сўнг, фазилатли устоз Алижон қори Аллоҳ таолонинг Каломи Қуръони каримда ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида шукр қилишга тарғиб этувчи оят ва ҳадислардан намуналар келтирдилар.
Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Аллоҳ таолонинг юртимизга берган неъматларининг ҳисоби йўқ эканини таъкидлаб, бунинг учун ҳар куни шукрона қилишимиз шартлигини айтдилар. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг аъзоларимизни соғлом қилгани, эшитиш, кўриш, нафас олиш каби неъматларини беминнат бериб қўйганини унутмасликка чақирдилар.
Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Аллоҳ таоло юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни Ўз паноҳида асрашини, уларни ҳамиша яхшиликларда бардавом этишини сўраб дуои хайрлар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуотхизмати

Агар биз шукр қилсак, Аллоҳ таоло неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсак, бу неъматларни давомийлигини кафолатини берди. Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида бундай марҳамат қилди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши бундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).

Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишида ҳикмат борлиги учун ҳам бу сановли кунда барчамизга ибратлар бор. Озми-кўпми камчиликларимизни билдик, хато-нуқсонларимизга тавба қилдик, синовли кунларга сабр қилишни ўргандик ва ҳоказолар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Шароф Рашидов туманидаги “Яккақайрағоч” масжидига ташрифи чоғида ана шу мавзуда гўзал маъруза қилдилар. Кейин намозхонларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Бундан намозхонлар миннатдор бўлдилар.

Шундан сўнг Салоҳиддин домла жума намозини жамоат билан адо этиб, якунда Ҳақ таолодан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хихмати

Хабар берганимиздек, бугун, 13 август куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламолари Жиззах вилоятига ташрифлари бошланди.

Сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековнинг илк ташрифи Шароф Рашидов туманидаги “Қўшчинор” масжидида бўлди.

Ҳомиджон домла жамоат билан жума намозини адо этгандан сўнг намозхонларга маърифий маъруза қилиб бердилар. Унда аввало вилоят аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти, бутун дунёда бўлганидек юртимизда коронавирус юқумли касаллиги қайта авж олаётгани, унинг олдини олиш учун шифокорлар тавсия қилган карантин қоидаларига амал қилиш, давлат томонидан хориждан олиб келинаётган вакциналар билан эмланиш лозимлигини таъкидладилар.

Маъруза давомида Ислом динининг асл моҳияти, мусулмон киши фақат яккаю ягона Ҳақ таолога ибодат қилиши, ширк, бидъат амаллардан сақланиш кераклиги, бунда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, у кишининг суннатларига қатъий амал қилиш энг тўғри йўл эканини айтдилар. Шунингдек, неъматлар шукрини адо этиш, уни янада зиёда қилишини эслатдилар.

Суҳбат давомида намозхонларни қизиқтирган саволларига жавоб бердилар. Якунда жамоат билан Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, бутун дунёдан вирус балосини аритишини сўраб дуои-хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top