Рамазон

Аёллар қачон каффорат рўзасини тутадилар?

Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз”. (Бақара сураси, 183)

         Мана неча асрлардан бери Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасининг ушбу оятини нозил қилганидан буён барча мўмин мусулмонлар ёзнинг жазирама иссиғи-ю узун кунлари ёки қишнинг изғирин совуғига қарамасдан Рамазон рўзасини адо этиб келмоқдалар. Аллоҳнинг ушбу оятига лаббай деб жавоб бериб, Рамазон рўзасини мукаммал адо этган мўмину мўминалар фарз бўлган амални бажарган ва улкан савобларга эришган ҳисобланади. Аксинча бу амални турли баҳоналар билан бажармаганлар улкан гуноҳни оркалаб олган бўладилар.

عَنِ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه  عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم قَالَ: مَنْ أَفْطَرَ يَوْمًا مِنْ رَمَضَانَ مِنْ غَيْرِ رُخْصَةٍ رَخَّصَهَا اللهُ لَهُ لَمْ يَقْضِ عَنْهُ صِيَامُ الدَّهْرِ وَإِنْ صَامَهُ.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ким Рамазондан бир кунни Аллоҳ берган рухсатсиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, замоннинг ҳаммасини рўза тутиб ўтказса ҳам унинг қазосини адо эта олмас”, дедилар”.

Маълумки, бемор, мусофир, қари кишилар (чол ёки кампирлар), шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам рўза тутишлари узрли кишилар ҳисобланади. Шунингдек, агар бемор тузалса, мусофир юртига қайтса, ҳомиладор аёл фарзандини дунёга келтирса, эмизикли аёллар болаларини сутдан ажратсалар, ҳайзли ва нифосли аёллар поклансалар, рўзаларини қазосини адо этадилар. Қари кишилар эса рўза тута олмаганликлари сабабли фидя берадилар. Фидя берувчиларга сурункали касаллар ҳам кириши  маълум. Мазкур тоифалардан бошқалар, албатта, Рамазон ойи рўзасини тутмоқлари шарт. Рамазон ойи рўзасини тутмаган одам гуноҳкор бўлади. Узрсиз бир кун рўзани тарк қилган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам, ўша рўзасини тутмаган куннинг савоби ўрнини тўлғиза олмайди. Чунки фарз рўзани ўз вақтида тутишлик жуда ҳам катта савобга сазовор қилувчи нарсадир.

Рўзадорга баъзи ишлар маън қилинганки, у ишлар рўзадордан содир бўлса, каффорот ўташ шарт бўлади.

“Мухтасари Виқоя”га Алий Қорий томонидан ёзилган “Фатҳу боби иноя” китобида қуйидагича келтирилади: “Ким Рамазонда рўзадор ҳолида яқинлик қилса ёки икки йўлидан бирига яқинлик қилинса, озуқа ва даво бўладиган нарсани қасддан еса, ичса рўзаси бузилади. Зиҳор қилувчи каби қазо тутади ва каффоратини адо этади. Бу рамазон адосини бузгани сабабли, бошқасини эмас”.

Ушбу матн шарҳи билан танишсак:

“Яқинлик” икки тирик одамдан содир бўлиши керак. Ҳақиқий яқинлик бўлиши учун ҳайвонга ва ўликка бўлмаслиги керак. “Икки йўлдан бирига” дейилганда, маний нозил бўлиши ва бўлмаслигининг аҳамияти йўқ. Бир аъзо иккинчи аъзога кириши каффоротга сабаб бўлади.

Соғуржийнинг “Фиқҳул ҳанафия ва адиллатуҳу” асарида, аёл бу ишда эрига бўйсингани учун ҳам қазо билан бирга каффоратини адо этади. Чунки бу иш иккаласи тарафидан содир бўлган. Агар аёл бунга мажбурланса, каффорат йўқ. Агар аёл эрини мажбурласа иккаласига ҳам  каффорат вожиб. Имом Муҳаммад айтадилар: “Бу ҳолатда эрга мажбурлангани учун каффорат йўқ. Аёл тонг отганини билса-ю, эридан яширса, фақат аёлга каффорат вожиб”.

 “Озуқвий”дан мурод овқат ҳисобланмайдиган тош, темир, пахта, кесак, оҳак каби нарсаларни ейиш, ичиш қазога сабаб бўлади, каффоротга эмас. “Даво бўладиган” - яъни қувват берадиган, тузатадиган ва ошқозонга тўғри борадиган даво воситаларидир. “Қасддан” эса, рўзадор эканлигини била туриб қилиши. Қасддан эмаску, аммо, мажбурланиб, хатоан, адашиб ёки ифторлик вақти бўлди деб ўйлаб юқоридаги ишларни қилиши каффоротга сабаб бўлмайди. Қасддан деган ҳукмга кирмайди. Қазонинг ўзи  вожиб бўлади. Бу билан бир қаторда эсдан чиқиб еб-ичиш, яқинлик қилиб қўйиш рўзани бузмайди. Эсга тушиши ила тўхтатиши керак.

“Рамазон адосини бузгани учун” дейилганда, рамазон қазосини тутиб юрган одам, қасддан бўлсада очиб юбориши каффоротга сабаб бўлмайди. “Зиҳор қилувчи каби каффорот ўташи” қуйидаги ҳадиси шарифда келтирилган тартибда бўлади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم فقال: هَلَكْتُ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: وَمَا أَهْلَكَكَ قَالَ: وَقَعْتُ عَلَى امْرَأَتِي فِي رَمَضَانَ قَالَ: هَلْ تَجِدُ مَا تُعْتِقُ رَقَبَةً قَالَ: لاَ قَالَ: فَهَلْ تَسْتَطِيعُ أَنْ تَصُومَ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ قَالَ: لاَ قَالَ: فَهَلْ تَجِدُ مَا تُطْعِمُ سِتِّينَ مِسْكِيناً قَالَ: لاَ قَالَ: ثُمَّ جَلَسَ فَأُتِيَ النَّبِيُّ صلي الله عليه و سلم  بِعَرَقٍ فِيهِ تَمْرٌ فَقَالَ: تَصَدَّقْ بِهَذَا

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!” деди. “Сени нима ҳалок қилди?” дедилар. “Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим”, деди. “Қул озод қилишга нарса топа оласанми?” дедилар. “Йўқ”, деди. “Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?” дедилар. “Йўқ”, деди. “Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?” дедилар. “Йўқ”, деди. Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга): “Мана буни садақа қилиб юбор”, дедилар.

         Ушбу  ҳадисда рўзадор жинсий яқинлик қилса, рўзаси очилиши,  рўзасини бузган рўзадор каффорот бериши вожиблиги, каффорат қул озод қилишлик, қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутишлик вожиблиги, беморлиги, қарилиги туфайли рўза тута олмаса олтмиш мискинга таом беришлиги айтилмоқда. Бунда ҳар  бир мискинга бир мудд (1 мудд – 1843 грамм) миқдорида таом берилади. Олтмиш кунлик рўза Рамазон рўзасини ва рўза тутишлик маън қилинган яъни икки ҳайит ва ташриқ кунларини ўз ичига олмаган бўлиши керак.

Жумҳур уламолар жинсий алоқада қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорот беради, деганлар.

“Шунингдек, таом ёки дори, папирос, афюн, наша ва шунга ўхшаш унинг маъносидаги нарсани шаръий узрсиз емоғи, бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, қучоқлашиб ётганидан, кейин рўзам очилиб кетди, деган ўй билан қасддан еб-ичиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорот адо қилади. Фақиҳ рўзанг очилибди, деб фатво берса, бундан мустасно. Унда фақат қазо тутади. Каффорот вожиб бўлмайди”. (“Ҳадис ва ҳаёт”, 9-жуз.)

Бундан ташқари узрсиз бўлса ҳам рамазон рўзасини тутмай юриши фақат қазога сабаб бўлади, каффоротга эмас.

Каффоротни  бир инсонга вожиб қилиш учун биз матнда танишгандек шартлар топилиши керак.

Аллоҳ таоло барчамизга кириб келган Рамазон рўзасини етказганига шукр қилиб, мукаммал адо этмоқликни насиб этсин. 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус билим

юрти ўқитувчиси Муҳаммедходжаева Санобар

Read 103700 times
Tagged under

Мақолалар

Top