Рамазон

Рўза қўрғондир

Рўза араб тилида “совм” дейилади, маъноси “тийилиш, маълум нарсадан ўзини тийиш ва уни тарк қилиш” деганидир.

 Шариат истилоҳида “совм” балоғатга етган, ақлу ҳуши жойида бўлган мусулмон шахс имон-ихлос билан Аллоҳ таолонинг ризолигини топиш ва ўз нафсини тақвога ўргатишни ният қилиб, тонг (субҳи содиқ)дан қуёш ботгунча ейишдан, ичишдан ва жинсий алоқадан тийилиш, демакдир[1].

Аллоҳ таоло йилнинг саноқли кунларида Рамазон ойининг рўзасини тутишни мусулмонларга фарз қилиб: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”[2], деб марҳамат қилган.

Дарҳақиқат, рўза нафсни покловчи, Парвардигорни рози қилувчи, Аллоҳ таолога ҳам махфий ҳолда, ҳам очиқчасига тақво қилиш учун нафсни тайёрлайдиган, иродани тарбиялайдиган, сабр қилишни, машаққатларни кўтара олишни, қийинчилик пайтида нафсни ушлаб қолиш ва шаҳватни тия олишни ўргатадиган ибодатдир.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза (совм) сабрнинг ярмидир”, деганлар.

  Тақвога эришиш мақсадида тутилган рўза рўзадор учун  ва у яшаётган жамиятга кўплаб манфаатларни келтиради. Улар қуйидагилардир:

Рўза нафсда махфий ва ошкора ҳолатда ҳам Аллоҳ таолодан қўрқиш салоҳиятини пайдо қилади. Чунки рўзадорни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кузатиб тургани йўқ. Агар у ўзида кучли очлик ва чанқоқни ҳис қилса, ёки иштаҳани қитиқлайдиган таом иси димоғига урилса, ёки кўз олдидан жилдираган сув кетмаса, ёхуд рўза тутмаганнинг тановулини кўриб оғзининг суви келган пайтда у фақат имони ва Раббига бўлган  қўрқинчи билангина бу хоҳишлар исканжасидан чиқиб кетади, тақвонинг маъноси юзага чиқади. Шаҳватлар унга зийнатланиб кўринган вақтда рўзани ҳурматини тўкишдан қўрқиб ундан юз ўгиради. Шунда рўзадор Аллоҳдан ҳаё қилган ва энг буюк Кузатиб турувчининг назарини ҳис қилган бўлади. Агар ҳою ҳаваслар нафсга ўз ҳукмини ўтказмоқчи бўлса, рўза ўз эгасини тезда эслатиб, огоҳлантириб қўяди ва  ҳақиқий тавбага ундайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, (Аллоҳни) эслайдилар, бас (тўғри йўлни) кўра бошлайдилар”[3].

Рўзанинг энг катта руҳий фойдаларидан бири шуки, рўзадор ажр ва савобни фақат ва фақат Аллоҳ таолодангина истайди ва Унинг розилиги учунгина кун бўйи очлик ва чанқоқликни  зиммасига олиб рўза тутади.

Рўза шаҳватнинг кучини синдиради ва унинг таъсири ҳамда ҳукмронлигини камайтиради. Натижада, мижозни мўътадил, феъл-атворни хотиржам қилиб қўяди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйланишга қодир бўлмаган йигитларга “Ким уйланишга қодир бўлмаса, у рўза тутиб юрсин. Чунки у рўзадор учун бичилишдир”, дедилар[4]. Яъни шаҳватни заифлаштириб қўйгани учун уни гўё бичилиш ўрнига қўймоқда. Имом Насоий Маоз (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза қўрғондир” (яъни, гуноҳлардан сақлайдиган қўрғон), деганлар.

Рўзадор оч қолган пайтда йўқсилларни эслайди ва қалбида уларга нисбатан хайр-эҳсон қилишга ундовчи раҳм-шафқат каби нозик ҳиссиётлар уйғонади. Тафсирларда келишича Юсуф (алайҳиссалом) Миср подшоси бўлса ҳам доим оч юрар эканлар. Бунинг сабаби сўралганда, “Тўқ бўлсам очларни унутиб қўмайин, деб оч юраман”, деган эканлар. Демак, рўза инсонлар ўртасида ўзаро ёрдам, хайр-саховат, ҳамдардлик каби хислатлар сари олиб боради. Ваҳоланки, айни шу хислат Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Фатҳ сураси 28-оятида “...ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар[5], деб мақтаган сифатлардандир.

Рўзани адо этиш борасида бойлар билан камбағаллар, мансабдорлар билан оддий кишилар орасида тенглик маъноси юзага чиқади. Бу ҳам юқорида зикр қилинган хислатлар сингари рўзанинг ижтимоий манфаатларидан яна биридир.

Ҳар кун саҳарлик ва ифторликни бир хил вақтда қилиш жараёнида рўзадор ўзини турмушида тартибга, иродасини мустаҳкамликка одатлантиради ҳамда рўза одобларига мунтазам риоя қилса, иқтисодий ютуқ ва мўл-кўлликка эришади. Қомати кўркам, сиҳат-саломатлиги мустаҳкам бўлади. Баданда тўпланадиган тузлар ва турли зарарли моддалардан халос бўлиб, аъзолари роҳат қилиб дам олади. Инсон ўз ишига қатъият билан ёндошиб, еб-ичиш ҳақида ўйламасдан ақлий ишларга эътиборини қаратар экан, унинг хотираси ҳам кучаяди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзанинг шунча манфаатларини ҳаммасини  صوموا تصحوا яъни, “Рўза тутинг, соғлом бўласиз”[6] деган бир оғиз сўз билан ифодалаб берганлар[7]. Бу эса одатда, рўзанинг аввалги учинчи ёки тўртинчи кунларида намоён бўлади. Инсон рўзага одатлангач, рўзани бошлаган пайтида бўладиган  заифлик, бўшашиш ва ланжлик ҳолати кундан кунга камайиб, сўнгра йўқолиб кетади.

Юқорида айтилган жисмоний, руҳий, ижтимоий ва саломатликка оид барча фойдаларни қўлга киритиш учун  саҳарлик ва ифторликларда таомни ўз меъёрида танаввул қилиш шарт. Агар инсон бунга амал қилмаса, ҳол аксинча бўлади, куни билан оч юриб ифтор дастурхонида ҳаддан ташқари кўп нарса истеъмол қилса, табиийки, у яхши ҳазм бўлмайди. Натижада, саҳарлик чоғи кераклича тановул қилмайди ва кун бўйи бу ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бу эса ошқозон фаолиятини бузилишига олиб келиб, иш тескарисига айланади, фойда ўрнига зарар, чарчоқ ва кулфатни орттириб олади. Шунингдек, рўзадан мақсад қилинган натижа рўёбга чиқиши учун рўзадорга ғийбат, чақимчилик ва беҳуда сўзлардан тилини тийиш ҳамда номаҳрамларга шаҳват назари билан қарашдан кўзини тиймоғи шарт қилинган. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилган:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтдилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ёлғон гапни ва унга амал қилишни тўхтатмас экан, унинг емай, ичмай юрганига Аллоҳ муҳтож эмас”, дедилар».

Қанча рўзадорлар борки, улар рўзасидан фақат очлик ва чанқоқдан бошқа нарса ололмайдилар. Рўзанинг мукаммаллигига путур етказувчи маънавий нарсалардан тийилиш худди рўзани очиб юборадиган моддий нарсалардан тийилиш билан баробар туради. Чунки рўза кун бўйи давом этадиган муттасил ибодат ҳисобланади. Рўзадор тонгдан шомгача ибодатда. У юрса ҳам, турса ҳам, сўзласа ҳам, ҳатто ухласа ҳам ибодатда. Демак, ибодат вақтида унга путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Токи, рўза ибодатимиз бекаму кўст адо этилсин. Бу эса Ислом динининг беш устунидан бирининг мустаҳкамлиги демакдир.   

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ёқуб Бухорбоев тайёрлади.

 

[1]  Ваҳба Зуҳайлий. Тафсири мунир. II жуз. 10-нашр. 2009. –С. 494.

[2] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири.Тошкент, 2009.

[3] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири.Тошкент, 2009.

[4]  Имом Бухорий ривояти. Саҳиҳ ал-Бухорий,  1905,5065, 5066-ҳадислар.

[5] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири.Тошкент, 2009.

[6] Жалолиддин Суютий “Ал-Жомеъ-ас-сағийр”.

[7] Абу Наъим “Тиб” китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар

Read 91700 times

Мақолалар

Top