Рамазон-2020

Фариштанинг дуоси

Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳумо) лар ривоят қиладилар: “Кунлардан бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) минбарга кўтарилдилар-да, “Омин”  дедилар. Кейин иккинчисига кўтарилдилар-да, “Омин” дедилар.  Сўнг тик турдилар-да, “Омин” дедилар. Ушбу ҳолатдан таажжубланган ул зотнинг саҳобалари “Нима учун “Омин” дедингиз “Эй Аллоҳнинг Расули?” – деб савол қилишди. Шунда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳозир менинг ҳузуримга Жаброил алайҳис салом келиб менга “Эй Муҳаммад! (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Сизнинг исмингиз зикр қилинганда;

Кимки сизга саловат ва салом айтмаса, уни бурни ерга ишқалансин”– деди, мен “Омин” дедим.

Кимки ота-онаси ёки улардан бирини тириклик чоғида  хизматларини қилиб розилигини топа олмаса ва жаннатни қўлга кирита олмаса, уни ҳам бурни ерга ишқалансин”– деди, мен “Омин” дедим.

Кимки рамазон ойини топса-ю, бу ойда ўз гуноҳларидан мағфират қилинмаса, уни ҳам бурни ерга ишқалансин”– деб дуо қилди, мен “Омин”  – деб жавоб қилдим деган эканлар (Бухорий ва Термизий ривояти)

“Бурни ерга ишқалансин”, деган сўз араб тилида “хор бўлсин, юзтубан бўлсин деган маънода ишлатилади.

Демак, Рамазон ойидан унумли фойдалана олмаган ва унда гуноҳларидан фориғ бўла олмаган кишининг қиёмат кунида ҳолига вой экан.

Шарҳ.Ушбу ҳадиснинг шарҳига эътибор қаратадиган бўлсак, унда ҳар бир инсон бажариши лозим бўлган учта улуғ амал ҳақида сўз бормоқда.

Биринчиси, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га саловат ва салом айтишликнинг фазилати ҳақида бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг қуйидаги оятида шундай марҳамат қилади: ”Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй иймон келтирган бандалар! Сизлар ҳам унга саловат ва салом айтинглар” (Аҳзоб,56).   

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): ”Кимки менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади”, дедилар (Бухорий ривояти)

Демак, ҳар бир инсон Пайғамбаримизнинг муборак Муҳаммад исмларини эшитганида “Соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб ул зотнинг ҳақларига саловат ва салом айтишлиги шариатимиздаги лозим бўлган амаллардан бири ҳисобланади. 

Иккинчиси, ота-онага яхшилик қилиш ва уларнинг ризолигини топишлик борасида бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

”Роббингиз унинг ўзигагина ибодат қилишга ва ота-онага яхшилик қилишликка буюрди”(Исро,23).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): ”Қайси бир мўъмин банданинг ота-онаси мусулмон ҳолатида барҳаёт бўлса, у банда учун Аллоҳ жаннатнинг икки эшигини очиб қўяди. Улардан бири ҳаёт бўлса, бир эшигини очиб қўяди. Агар отаси ёки онаси ўз фарзандидан ғазабланадиган бўлса, токи улар рози бўлмагунича Аллоҳ бу фарзанддан рози бўлмайди. Саҳобалар савол қилдилар: ”Агар ота-она зулм қилса-чи? Зулм қилган бўлса ҳам”,  деб жавоб қилдилар (Бухорийривояти)

Демак, қалбида иймони мустаҳкам бўлган ҳар бир банда учун ота-онасини ризолигини топишлик динимизда Аллоҳнинг ризолигини топиш билан баробар бўлар экан.    

Учинчиси, рамазон ойининг фазилати ва рўза тутишнинг ажру-савоби нақадар улуғ эканлиги ҳақидадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай  марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз” (Бақара,183). Ушбу оятдан маълум бўладики рўза тутмоқлик Одам (алайҳи салом) дан то Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларигача яшаб ўтган барча Пайғамбар ва улар орқали жамиики башарият аҳлига фарз қилинган.

Дарҳақиқат, рамазон ойи мўъминлар учун раҳмат ва мағфират ойи бўлиб, ушбу ойни ғанимат билиш ва ундан самарали фойдалана олишлик биз бандалар учун лозим амаллардан бири саналади.   

Зеро, рамазон чексиз фазилатларга эга бўлган улуғ бир ой бўлиб, уларнинг баъзи-бирларини қуйида зикр қилиб ўтамиз:

  1. Рамазон ойида Аллоҳнинг амри билан осмон эшиклари очилади. Бу эшиклардан ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ва хайр-баракоти ёғилади. Аллоҳнинг фаришталари ерга тушади ва ҳар бир банданинг тутган рўзалари ҳамда қилган солиҳ амалларининг савобини кўпайтирган ҳолатда ўзи билан бирга осмонга олиб чиқиб кетади.
  2. Рамазон ойида жаҳаннам эшиклари ёпилади. Муборак рамазон ойининг ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилиб, Аллоҳ таоло унга киришни вақтинча кечиктиради. Инсонларга Аллоҳнинг чексиз раҳмати ёғилиб, уларга яхши имкониятлар яратиб берилади. Ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, рамазон ойини ибодатда ўтказган ҳар бир банда жаҳаннамдан озод қилинади.
  3. Рамазон ойида шайтонлар занжирбанд қилинади. Рамазон ойининг улуғлигидан инсонларни ҳидоятдан залолатга бошлагувчи барча шайтонлар занжирбанд қилинади. Натижада улар рўза тутган мўъминларни ҳаргиз васваса қила олмайди. Рўзадорлар эса хайрли ишларини ва ибодатларини тўла-тўкис адо этадилар.

Аллоҳ таоло кириб келаётган рамазон ойини барчамизга муборакбод этсин. Бу ойда қиладиган барча солиҳ амалларимизни ўз даргоҳида ҳусни қабул айлаб, рамазон ойининг барокоти, ҳамда дуоларимизни шарофатидан элу-юртимизни ва барча мусулмон аҳлини ҳар хил касаллик ва фитналардан ўз паноҳида асрасин.     

 

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар “Ҳувайдо”

жоме масжиди имом-хатиби

Read 1975 times

Мақолалар

Top