Рамазон-2020

Ойлар султони – моҳи Рамазон  юртимизга қут-барака ва офият олиб келсин!

 

Бутун мусулмон олами, хусусан юртимиз аҳли муборак Рамазон ойини катта ҳозирлик ила қарши олмоқда. Эзгулик, меҳр-шафқат ва сабр-қаноат ойи бўлган фазилатли Рамазон ойи бу йил дунёда коронавирус касаллиги кенг тарқалган оғир даврга тўғри келмоқда. Ана шундай қийин шароитда ҳам динимиз буюрган амалларни оила даврасида адо этиб келаётган мўмин-мусулмонларимиз ушбу фазилатли ойни Аллоҳ таолонинг чексиз раҳмати ва мағфиратининг белгиси сифатида, эртанги кунга катта ишонч ва хурсандчилик ила кутиб олмоқда.

Юртимизда ҳам ушбу хасталикка чалинганлар мавжудлиги барчамиздан ҳушёрликни янада кучайтириб, карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилишни талаб этади. Ўз навбатида бу йўлда чинакам қаҳрамонлик қилиб, жасорат кўрсатаётганларнинг ҳаққига мудом дуои хайрлар қиламиз.

Юртларни қут-баракага буркайдиган, офату балоларни узоқ қиладиган, гуноҳлар мағфират этилиб, илтижоларимиз мустажоб бўладиган Раҳмат ойи ўлкамизда бир ойгина меҳмон бўлади.

Маълумки, муборак Рамазон ойи рўзаси Исломнинг беш шартидан бири бўлиб, Қуръони карим оятлари ила рўза ибодати фарз қилинган. Ҳадиси қудсийлардан бирида Аллоҳ таоло томонидан: «Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен бераман», – дейилади ва рўзанинг хос ибодат ҳамда улуғ савобга эга эканига ишора қилинади.

Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бор. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Бир нарса аниқки, Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза танага ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза этади.

Бошқа ойларга нисбатан бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Бу ойда қилинган бир савобли ишнинг ажри 70 маротаба кўпайтириб берилиши, Қадр кечасиниг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг ажри минг ойлик қилинган ибодатнинг савобидан ортиқлиги ҳар бир кишига руҳ бағишлайди.

Бу ойда ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар. Бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру ҳасанот барчага баробар очилади. Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Кишилар рўза давомида ўзларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар, Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлайдилар.

Шубҳасиз, рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Хайру саховат ишлари мусулмонларни янада жипслаштиради, уларда меҳр-оқибат, дину диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хушхабар қилганлар: «Агар бир киши рамазон ойида Аллоҳга яқинлигини мустаҳкамламоқчи бўлиб, бирор ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки, рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё рамазондан бошқа ойда етмишта фарзни адо қилгандек савобга эга бўлади» – дея марҳамат қиладилар.

Ривоятларда Рамазон ойида Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хайру саховатлари янада зиёда бўлиши ҳақида кўп бор баён этилган. Шунинг учун ҳам бу ойда ёрдамга муҳтож кишиларга моддий жиҳатдан ёрдамлашишнинг айни мавсумидир.

20 апрель куни муҳтарам Президентимиз “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” қарорларини эълон қилдилар. Унда Рамазон ойининг ҳозирги синовли даврни енгиб ўтишдаги аҳамиятини инобатга олиб, бир қатор муҳим вазифалар белгиланди. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар бугунги синовли дамларда мўмин-мусулмонларнинг қалбларига мамнунлик бахш этди, келажакка бўлган ишончларини янада мустаҳкамлади. Айниқса, эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида урғу қаратганлари барчани бирдек мамнун этди.

Чунончи, 20 апрель кунги видеоселектор йиғилишда ҳам муҳтарам Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббусини илгари сурдилар. Юртбошимиз муборак Рамазон ойида муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш улуғ ибодат экани, ҳар бир имкони бор кишини ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини қўллаб-қувватлашга даъват этдилар.

Рамазон ойи давомида Ислом динига хос бўлган диний-миллий қадриятлар, шукроналик ва саховатпешалик фазилатларини янада кучли намойиш қилиш, ёрдамга муҳтож оилаларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг афзаллиги ҳақида динимизда кўп таъкидланган.

Саховатпеша кишиларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй ҳаракат қилувчи ёки кечалари билан тоат ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир”, деган ҳадиси шарифларига мувофиқ, Аллоҳ таоло розилиги йўлида  эҳтиёжманд оилаларга саховат кўрсатадилар.

Рамазон – Қуръон ойидир. Қуръони карим айни шу ойда нозил бўлган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...” (Бақара, 185). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръони каримни фаришта Жаброил алайҳиссаломга тўлиқ ўқиб берар эдилар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида ҳар куни бир марта хатм қилар эдилар.

Рамазон – сабр ойи. Бу йил сабримизни икки ҳисса оширишга тўғри келади. Бири рўза тутиш билан боғлиқ машаққатлар бўлса, иккинчиси Аллоҳ таолонинг бир синови бўлган каронавирус хасталигига қарши сабр-матонат билан курашишдир.

Бало-офат қанчалик шиддатли бўлмасин, унинг ортидан албатта енгиллик, нажот келади ва инсоннинг сабрига яраша улуғ ажрлар берилади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сабрнинг савоби, мукофоти – жаннатдир», деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мўмин кишининг ризқи зиёда бўлиши, дастурхон файзу баракага тўлиши ҳақида шундай марҳамат қилганлар: «Бу ойда Аллоҳ мўминнинг ризқини кўпайтиради». Ҳақиқатан ҳам ҳудди шундай ҳолатларга кўпчилигимиз гувоҳ бўламиз.

Салмони Форсий розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: «Шаъбоннинг охирги кунида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай хутба ўқидилар:  «Эй инсонлар! Улуғ ва муборак бир ойнинг сояси устингизга тушди. Шундай бир ойки, унда минг ойдан афзал бир кеча бор»

Минг ойдан яхши бўлган кеча бу – қадр кечасидир. Қадр кечаси Рамазон ойида мавжуд бўлиб, қайси кундалиги яширилган, сир тутилган. Севимли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазоннинг охирги ўн кунидаги тоқ кунлардан изланг» – деб айтган. Шунинг учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам муборак қадр кечасини топиб, ундан фойдаланиш учун, рамазоннинг охирги ўн кунини бедор ўтказардилар.

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорларга хушхабар сифатида: “Кимки Рамазон рўзасини имону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади”, деб марҳамат қилганлар.

Аввал қайд этганимиздек, бу йилги Рамазон дунё бўйлаб Коронавирус пандемияси тарқалган пайтга тўғри келмоқда. Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган ойда бу балонинг даф бўлишини кўпчилик мўмин-мусулмонлар умид қилиб турибдилар. Чунки Аллоҳнинг раҳмати ҳам жисмимизга, ҳам қалбимизга шифодир. Бунинг устига бу муборак ойда кўпаядиган тиловати Қуръонлар балою-офатларни инсоният бошидан узоқлаштиради.

Шунинг учун ҳам бу муборак ойда қалбдан, ич-ичдан, астойидил дунё ва охират саодатини сўраб дуо қилишимиз керак. Биз гуноҳлар кечириладиган, жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпиладиган, Парвардигори оламнинг раҳмат ва мағфирати жўш уриб, Ер юзига илоҳий нурлар ёғиладиган ой арафасида турибмиз.

Ушбу ойни ғанимат билиб, саҳарликларимизда, ифторликларимизда юртимиз тинчлиги, дастурхонимиз тўкинлигини, коронавирус балосининг тез фурсатда даф этилишини, ушбу хасталикка чалинган юртдошларимиз тезроқ шифо топишларини Аллоҳ таолодан сўрайлик. Бундай офатлар асло юртимиз остонасига йўламасин, беморларга комил шифо берсин!

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Read 1820 times

Мақолалар

Top