Рамазон-2020

“Рамазон – Куръон ойи” Бақара сураси фазилатлари

 

Бақара “сигир” маъносини билдиради. Қадимда бани исроиллик бир киши ўлдирилганида, унинг қотилини топа олишмайди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Қавмингга айт, сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсинлар”, деб буюради. Аллоҳнинг буйруғи бажарилганидан сўнг ҳалиги ўликка жон кириб, қотили кимлигини айтиб беради. Сигир билан боғлиқ воқеа келтирилгани учун бу сура Бақара деб номланган.

Бақара сураси Мадинада нозил қилинган, 286 оятдан иборат. Бақара Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Унда эътиқод, ибодат, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда масалалари билан бир қаторда Мусо алайҳиссалом қиссаси, Фиръавн билан Бани Исроил ўртасидаги можаролар баён этилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Менга Таврот ўрнига еттилик, Забур ўрнига юзлик, Инжил ўрнига масоний берилди. Мен Муфассал билан афзал қилиндим”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйларингизни қабристонга айлантириб қўйманглар! Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан шайтон қочади”, деганлар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким ҳар фарз намоздан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларнинг саййиди Одам, Арабларнинг саййиди Муҳаммад. Лекин (менда) фахрланиш йўқ, Форсларнинг саййиди Салмон, Румликларнинг саййиди Суҳайб, Қоратанлиларнинг саййиди Билол, Тоғларнинг саййиди Тур тоғи, кунларнинг саййиди Жума куни, каломларнинг саййиди Қуръон, Қуръоннинг саййиди Бақара (сурасидир), Бақаранинг саййиди Оятул Курсийдир дедилар. Ва яна «Бу оят унда ўқилган хонадонга ўттиз кун шайтон кирмайди ва сеҳргар еркак ва аёл қирқ кеча кирмайди» дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсанинг ўркачи (улуғи, саййиди, афзали) бўлади. Албатта Қуръооннинг ўркачи Бақара (сураси)дир. Ва унда бир оят бор бўлиб, у Қуръоннинг саййидасидир. Ва у Оятул Курсийдир», дедилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми? дедилар.

“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир”, дедим.

Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми? дедилар.

Аллоҳу лаа илаҳа иллаа ҳуу ал-Ҳайюл Қой-йум, дедим.

Шунда у зот: Аллоҳга қасамки, сенга илм муборак бўлсин, эй Абу Мунзир, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқи, улар менга Аршнинг остидаги хазинадан берилган, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

 

 

Read 1808 times

Мақолалар

Top