Рамазон-2020

Закот — фарз қилинган молиявий ибодат. Берувчи, ҳақдор, нисоб ва бошқа масалалар ҳақида

Манба: https://kun.uz

Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар рўза тутиш билан бирга, моли маълум даражага етган бўлса, исломнинг 3-рукни – закот амалини ҳам бажарадилар. Закот мавзусида тушунтиришлар, изоҳлар олиш учун биз Тошкент шаҳар Новза жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқуловга мурожаат қилдик.

Закот нима ва у нима учун фарз қилинган?

Рамазон ойи кириб келиши билан закот масаласи ҳам қимирлаб қолади. Рамазон – закот ойи деган тушунча бор. Закот динимизнинг беш асосий рукнининг учинчиси ҳисобланади; Қуръонда, Ҳадиси шарифда ва уламоларнинг ижмоси билан собит бўлган. Аллоҳ Қуръоннинг 27 ўрнида закотни намозга баробар зикр қилган. «Намоз ўқинг, намозни адо қилинг ва закотни беринг». Бундан кўринадики, намоз ибодати мусулмон одамнинг ҳаётида қанчалик муҳим бўлса, закот амали ҳам ундан кам бўлмаган аҳамиятдаги амал ҳисобланади.

«Закот» сўзи луғатда 2 хил маънони билдиради: поклаш ва ўсиш. Мана шу калималарни закотга нисбатан ишлатадиган бўлсак, ўринли маъно келиб чиқаверади, яъни агар биринчи маънони қўллайдиган бўлсак, демак закотда қандай покланиш бор дейилса, закот берган одамнинг моли покланади. Ҳаромдан, шубҳадан ёки бировнинг ҳақидан холи бўлди, дегани.

Иккинчиси, ўсиш маъноси эса, албатта, закот берган одамнинг молига Аллоҳ барака беради, ўстиради. Бу – Аллоҳ таолонинг ваъдаси, шариатнинг кўрсатмаси.

Унинг жорий бўлиш сабабига келсак, Аллоҳ дунёни ҳикмат билан, имтиҳон учун яратган. Инсонларга баъзан бериб, баъзан олиб синайди. Аслида, олиб синалганда ҳам инсонлар олинганини билдиришлиги одоб эмас, чунки инсон ўзидаги бор имкониятини, қувватини Аллоҳ таоло ўзида мужассам қилган неъматини ҳам ҳис қила билиши керак. Одоб ҳар бир ҳақдан устун туради. Халқимиз илмдан кўра одоб устун туради, дейди. Шунинг учун Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен одоб-ахлоқни мукаммал этишлик учунгина Пайғамбар қилиб юборилдим», - дея марҳамат қилганлар.

Тўғри, камбағаллигини билдириши ёки йўқлигини билдириши унинг ҳаққидир, лекин одоб юзасидан ҳаммага ҳам билдирмай, махфийроқ тутиши албатта ўринли бўлади. Энди, мана шу эҳтиёжманд инсонларнинг ҳақига риоя қилиш – закотдаги асосий кўзланган ҳикматдир.

Закот билан узвий боғлиқ нисоб тушунчаси нимани англатади?

Закот турли моллардан берилади. Масалан, чорва молларидан ёки умумий ҳисобланган мулк ҳисобидан берилади. Мулк ҳисобланган молларнинг нисоби бор, чорва ҳайвонлариники ҳам.

Нисоб – ўлчов, охирги чегара деганидир. Агар мана шу чегарадан инсонни моли-давлати ўтса, албатта, ўша одам бой ҳисобланади ва маълум бир шарти бор.

Закотнинг иккинчи шарти – ўша маблағ ўша одамнинг қўлида бир йил тўлиқ турган бўлиши керак. Умумий қоида билан тушунтирадиган бўлсак, 85 грамм тилла. Дунё бўйича мана шу нисоб қабул қилинади.

85 грамм тилла ўртача 21 млн. 250 минг сўмни ташкил қилади. Кимда шу пул бўлса, у ўша одамнинг қўлида бир йил турган бўлса (ёстиғи тагида эмас, қарз берган бўлиши мумкин, мулк сифатида турган бўлиши ёки айлантирган бўлиши мумкин) келаси йили унинг шу пули нисобга етган бўлади ва мана шу маблағдан 2,5 фоиз, яъни 1/40 қисмини ажратиши фарздир.

Ким закот беради ёки бой деб кимни айтади, десак, моли нисобига етган инсон бой ҳисобланади, унинг закот бериши фарздир. Агар у 85 гр тиллага тенг ва ундан кўп маблағнинг эгаси бўлса, ўша кунни ҳаёт дафтарига белгилаб қўйиб, шу кунни 1 йил кутади, чунки ҳаётида биринчи марта шу маблағга эга бўляпти ва келаси йили шу кунни очиб қараса, унинг нисобида 85 гр.га тенг миқдордаги маблағдан кўпроқ пул бўлса, у одам ҳақиқий пул эгаси бўлади ва бор бойлигининг 1/40 дан қисмини закотга ажратиши фарз бўлади.

Закотни Рамазон ойида бериш шартми?

Айнан Рамазон ойида закот бериш керакми, деган саволлар туғилади. Рамазон ойида берилади, деган қоида йўқ, чунки киши йилнинг турли ойларида пулдор бўлиши мумкин. Рамазон ойида қилинадиган амалларнинг савоби бошқа ойларга нисбатан фазилатлироқ. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ким Рамазон ойида бир фарз амални адо қилса, бошқа ойдаги 70та фарз савобини топади ёки ким Рамазон ойида бир нафл ибодатни қилса, бошқа ойдаги битта фарз савобини олади».

Рамазон ойида закот беришдан мақсад – ўша савобни кўпайтириш, холос. Лекин ўша одамнинг моли нисобига етган пайтда закот берса, гарданидаги ҳақини адо этган бўлади.

Савобдан умидвор бўлган одам Рамазон ойида қўлидаги маблағига бир йил тўлмаган бўлса-да, унинг 1/40 қисмини ажратиб берса ва келаси йили ҳам мана шу Рамазон ойига тўғирлаб олса бўлади. Чунки орада 8 ойлик ҳақини адо этган бўляпти. Демак, у мусулмоннинг, ҳақдорнинг ҳақини емаяпти ва Рамазоннинг савобидан умидворлик қилиб, фазилат қилган бўлади.

Закотни олишга ҳақдорлар кимлар?

Қуръони каримнинг Тавба сураси 60-ояти кимлар закот олади, деган саволга ойдинлик киритади. Аллоҳ шу одамларнинг манзили ва тоифаларини эълон қилган. 8 тоифа инсонлар баён қилинган. Фақат 2 тоифаси бугунги ҳаётда топилмагани учун улар чиқариб қўйилган. Биринчиси – қул озод қилиш, кейингиси – қалбларни исломга мойил қилиш. Қолган 6 тоифа инсонларнинг қайси бирига берсак ҳам ўрнига ўтаверади.

Фақир, мискин, закот омиллари, қарздорлар, фийсабиллоҳ юрган кабилар киради.

Қайси бири афзал, десак, қайси бири пулга муҳтожроқ бўлса, ўшаниси афзал.

Закотни яқинларга берса бўладими?

Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълими бўйича, авваламбор, ўз яқинларимиздан қидирамиз. Закот хотини, ўғил-қизи, ота-онаси ва юқоридан масалан бобо-момоси, пастдан невара-эваралари кабиларга берилмайди. Қолган қариндошларнинг ҳаммасига берса бўлади. Хола, сингил, тоғаси, аммасига берса бўлади, чунки улар қариндош бўлса-да, лекин асл эмас, улар закот беришда фара, яъни қўшимча инсонлар туркумига киради. Шунинг учун уларга бериш ўринли. 6 тоифа инсонларни ўша қариндошлар орасидан қидириш лозим.

Ҳанафий мазҳабимиз айтади: агар ўшандай қариндошлар орасида 6 тоифадан бири бўлса-ю, унга берса 2та ажрга: закот берганлик ва сийлаи раҳм, яъни қариндош-уруғлик риштасини боғлаганлик ажрига эга бўлади.

Лекин кенг мутааххир уламолар бу масалада ҳам фикрларини баён қилган. Улар бегоналарга бериш ҳам афзал, деган фикрни илгари суришади. Нега? Динимиз қариндошлар ҳақини қарз эвазига бериладиган закот билан эмас, фазилат нуқтаи назаридан ҳам берса бўлади-ку, бу одам бир йил нисоби етиши ёки Рамазонни кутиб ўтирмасдан ҳар қариндошини кўришга борса бўлмайдими, деган сўзларни ҳам баён қилади.

Закотни ўз қўли билан олиб боргани афзал

Энг муҳими – беришликда. Одамларни топишда бепарво бўлмайлик. Динимизда закот берувчига нисбатан бу айтилаётган манзилларни топиш, уларга олиб беришнинг ўзига фарз қилингани сабаби қалби уларга мойил бўлади.

Ҳақиқатан ҳам ўзимиз тасаввур қилайлик: бой одам камбағал одам аҳволини кўриб қалби юмшайди. Йил бўйи шундай муҳтож яшаган экан, деб ўшаларга нисбатан қалби очилади, меҳр-шафқат зиёда бўлади. Шунинг учун бой одам ўз қўли билан олиб бориб бергани афзал.

Бир нечта уй, автомобил ёки дўконлар закоти қандай ҳисобланади?

Бунинг жавоби 15 аср олдин баён қилиниб, ҳожати аслиядан ташқари молдан, деб белгилаб қўйилган. Ҳанафий мазҳабида ҳожати аслияга бир инсоннинг эҳтиёжига кифоя қиладиган нарса, масалан, кийим-бош, озиқ-овқатнинг маълум бир қисми, уй-жой ва албатта улов, зийнат кабилар киради. Мана шулардан бошқа мулклар инсоннинг мулки ҳисобланади ва ундан закот ажратилади.

Энди, айтилаётган уй-жойи ҳам бир нечта бўлса ёки транспорт воситалари ҳам кўп бўлса, унда қайси бири ҳожати аслия, деган саволга уламоларимиз фатво беради. Агар шу битта уйи бор, қолганини ижарага берган ёки бермаган бўлади, яъни ижарага берган уйнинг ҳукми алоҳида, ижарага бермаганнинг ҳукми алоҳида.

Ижарага бермаганнинг ҳукми шуки, агар бирор қора куним бўлса, пулини ўшанда ишлатаман деган бўлса, уйнинг таннархини чиқариб, закотини беради. Аммо ўғлимга деб олиб қўйган бўлса закот ажратмайди. Гўё фарзандининг мулки сифатида олиб қўйган, лекин берса афзал бўлади. Чунки закоти берилган мулкни Аллоҳ ҳимоя қилишнинг ваъдасини берган. Айтайлик, уй-жойини ижарага берган. Ижарага берган мулкдан фақат ижара пулидан закот берилади, таннархидан эмас.

Ҳозирги кунда, айрим бой-бадавлат инсонларнинг бир нечта транспорт воситалари ҳам бор. Уларнинг барчаси бир неча хил сифатланадиган бўлса, сифатлангани учун берилмайди. Масалан, битта автомобиль рўзғор учун, биттаси ишга бориб келиш учун, деб сифатланса, ўша мулкдан закот берилмайди. Аммо олиб қўйган, уйида тургани бўлса, закот пулига қўшиб ҳисоблайди ва ундан закот беради.

Закотини берган одам уйида бемалол хотиржам ухлаш имконияти бор, чунки Аллоҳ уни ўз ҳимоясига олади. Закот берилган мулк на ўғри қўлига тушади, на ёнади, на сувда чўкади, чунки Аллоҳ уни кейинги йилгача бўлган муҳофазасини зиммасига олади.

Закотни адо этган ва этмаган кишиларга эслатмалар

Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилган мўминларга Аллоҳ жаннатни ваъда қилади. Закот берганга ҳам Аллоҳ ажри бор. Бунга бепарво бўлган инсонларга эса, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам закотини бермаган маблағида ёки моли-давлати ўзига азоб бўлишини баён қилган.

Бу – динимизнинг аркони, асоси бўлган амалдир. Бунга бепарво бўлиш керак эмас.

 

Раҳматли устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу сўзни кўп айтардилар: «Одамларнинг табиати шунга мойилроқ. Имкон қадар бермаслик кўчасини қидираверади. Масалан, 99та домлага боради. Ҳаммаси берасан деса, юзинчисиниям қидириб кўради. Бермайсан, деган фатвони топиб берармикин, деган мақсади бўлади. Ўшандай кўчага кирмаслик керак. Ахир, Аллоҳ ўзим кўпайтириб бераман, яна бир йил молингнинг ҳимоячиси бўламан, деяпти. Қандай гўзал ҳолат. Агар бирор одам келиб бизга молингни сақлаб бераман деса ишонамиз-ку. Қандай қилиб Аллоҳнинг буюк ваъдасига ишонмаймиз?! Бу ваъдани тушунган боболаримиз, Хўжа Аҳрор валийдек буюкларимиз Аллоҳга қарзи ҳасана бериб чарчаган».

Қарзи бор шаҳид жаннатга кирмайди

Пулдорларимизни бироз хўрсинтирадиган масала бу. Аслида, шариатимизда қарз масаласи жуда нозик. Қарз бериш ибодати садақа беришдан 18 баравар афзаллиги бор. Қолаверса, инсоннинг эҳтиёжини қондириш савоби ҳам бор. Шунинг учун уламоларимиз қарз беришга тўлиқ риоя қилган.

Аммо охирги пайтда қарз олувчилар бировнинг ҳақи деган масалада бепарво бўляпти.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда: «Агар одам шаҳид бўлиб ўлса, бировнинг ҳақи, яъни қарзи бўлса, жаннатга кирмайди», – деганлар.

Тасаввур қилинг: шаҳид бўлиб ўлиш энг олий мақом. Ватанни ҳимоя қилиб шаҳид бўляпти, у жаннатга киради, деган гап йўқ экан. Унинг бўйнида бир банданинг ҳақи бор. Аввал бу арқон бўйнидан ечилиши керак, кейин жаннатга киради.

Яна бир ҳадисда Расулимиз алайҳиссалом айтдилар: «Ким бўйнида қарзи билан вафот этса, кишанланган ҳолатда ётади».

Шунинг учун қарздор бўлиш ҳавас эмас. Ҳатто баъзи уламолар банданинг қарзи бўлса, Аллоҳ унинг амалларини қабул қилмай туради, деган сўзлар ҳам бор.

Қарз олган одамларга эслатма: бориб ё муҳлат сўрасин, ёки одобига риоя қилиб кечиктириб беришини сўрасин. Чунки Расулимиз: «Қарз олаётган одам Аллоҳни ўртага қўйиб адо қиламан, деб олса, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади ва у тез кунда қарзини адо қилгувчи бўлади. Лекин агар топар ойида олади, деган ниятда бўлса, Аллоҳ ўша одамни ойини тополмайдиган қилиб қўяди ва умр бўйи шу қарзи билан ўтиб кетади. Лекин қиёматда ўзига азоб бўлади», – деганлар.

Шунинг учун ниятни тўғрилаш керак. Майли, ният тўғриланди, аммо мўлжалига тўғри келмай қолди. Бу бўлиши мумкин. Энди нима бўлади? Энди ҳалиги одам ўзига қарз берган одамнинг олдига белгиланган муддати келишидан бир ой олдин бориб: «Қарзимни бериш муддати келиб қолди, лекин ишим ўхшамай қолди. Яна ярим йил ёки бир йил муҳлат беринг», дейиши жоиз.

Агар қарздор муҳлат сўраса, қарз берувчи қўшимча муҳлат қўшса, ажри иккига кўпаяди. Агар қарз берувчи қарзнинг ярмини ёки учдан бирини кечса, Аллоҳ ҳисоб-қитоб қилинадиган кунда унинг ҳам гуноҳларидан кечади.

Афсуски, мана шу қарз бериш ибодати – мусулмонлар орасида адоватга айланиб қолди. Қарз олмоқчи бўлган киши қарзни олгунча сувга тушган мушукка айланиб, ундан кейин шерга айланади. Қочиб кетяпманми, бирон кун бераман дейди. Қарз берувчи эса энди ҳеч қачон қарз бермайман, дейди. Бу – гуноҳ.

Қарздан закот чиқариладими?

Мулки нисобига етгандан кейин закот тарқатаётганда қарздор берадиган пул ҳам унинг ҳисобига киради ва шуни ҳам ҳисоблаб закотини беради. Қарзни бериш нияти бўлмаганларнинг пули ҳисобга кирмайди. Лекин қарздаги пул миқдори жуда катта бўлса, нисобидаги пул ҳам етмай қоладиган бўлса, қарздор бераман деган йилларини қарз дафтарига ёзиб туради. Ўша пул қайтиб келган куни аввал шу қарзлар закотини чиқариб беради.

Бу масалага тўғри ёндашсак, ибодат ҳаловатга айланади.

Имтиҳон инсонни ё азиз қилади, ё хор қилади. Шунақа имтиҳон дунёда яшаяпмиз. Бугун пулдормизми ёки олувчи – фарқи йўқ. Имтиҳон деворида турибмиз. Ё азиз, ё хор бўламиз.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди

Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов

 

Read 2285 times

Мақолалар

Top