Рамазон-2020

“Рамазон – Куръон ойи” - Оли Имрон сураси фазилатлари

 

Оли Имрон Имроннинг оиласи дегани. Имрон – Марямнинг отаси (Исо алайҳиссаломнинг бобоси). Бу сурада Имрон, унинг оиласи ҳақидаги қисса зикр этилган. Шунинг учун сура “Оли Имрон” деб номланган.

Мазкур сурада Бадр, Уҳуд жанглари, Исо алайҳиссалом қиссаси, Аллоҳга ширк келтиришнинг энг катта гуноҳлиги, шариат аҳкомлари баён қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳлига шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара билан Оли Имрон сурасини ўқинглар. Иккиси қиёмат куни икки булут ёки икки соябон ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб соҳиблари ҳожатини чиқаради. Бақара сурасини ўқинглар. Уни олиш (ўқиш, ёд олиш, амал қилиш) барака, тарк этиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўла олмайди”, деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Уламолар айтишича, мана шу икки сурадан ҳосил бўлган ажр-савоб қиёмат куни булут шаклида келиб бандага соябон бўлади.

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтиргандим. У зот: “Бақара ва Оли Имрон сураларини ўрганинглар. Чунки иккиси ёритувчи нурдир. Улар қиёмат куни сояли булут ёки саф-саф қуш бўлиб келиб эгаларини соясига олади”, дедилар”.

Язид ибн Асвад айтадилар: “Ким кундузи Бақара ва Оли Имрон сурасини ўқиса, кеч киргунча нифоқдан саломат бўлади. Ким уларни кечаси ўқиса, тонг отгунча нифоқдан сақланади”.

Каъб ибн Моликдан ривоят қилинади: “Ким Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиса, иккиси қиёмат куни келиб: “Парвардигоро, бу (банда) учун (азоб-уқубатга) йўл йўқ!” дейди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни Оли Имрон сурасини ўқиса, Аллоҳ ва фаришталари кун ботгунича унга салавот айтадилар”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Read 4237 times
Tagged under

Мақолалар

Top