Рамазон-2020

“Рамазонни қандай ўтказяпсиз? Онлайн дарс беряпман”

Бугун рамазоннинг ўнин биринчи куни. Танамиз ва руҳиятимиз ҳар томонлама тарбияланмоқда. Шундай улуғ кунлардан унумли фойдаланаётган навбатдаги мактуб соҳиби Андижон вилояти, Зафаробод туманилик, мактаб  ўқитувчиси Улуғбек ака Суяров.

Рамазон шукуҳи барчаларимизга сурур бағишламоқда.  Ўзига шукр! Рамазон ойи карантин даврига тўғри келиши барчамизни оила даврасида бўлишимизга имкон бермоқда. Бу ҳам бир ҳикмат. Бундан тўғри ва оқилона фойдаланиш эса мусулмон учун катта бир бахт. Биз ҳам оиламиз билан саҳарликдан то ифторга қадар кунлик рамазон режасини тузиб шунга амал қилишга ҳаракат қилиб келмоқдамиз.

Саҳарликка турганимизда экран орқали бериб борилаётган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Анбиёлар қиссаси” туркум кўрсатувларини кузатиб боряпмиз.

Саҳарликдан сўнг Қуръони карим қироати билан шуғулланамиз. Икки ўғлим ҳам Қуръон ёдлашни бошлаган.

Бомдод намозидан сўнг катта ўғлим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф ҳазратларининг “Соғлом бола” китобини мутолаа қилмоқда.

Ўзим ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берганлигим сабабми, китоб ўқишни оилавий анъанага айлантирганмиз. Шу кунларда Алихон тўра Соғунийниг “Тарихи Муҳаммадий” асарини ўқияпман.

Соат 9 лардан мактабга онлайн дарслар бошланади. Мен ҳам ўзх фанимдан масофавий машғулот ўтяпман. Ўқувчиларга уйга вазифаларни бераман.

Пешиндан сўнг томорқамиздаги экинларга қараймиз. Спорт ва фойдали машғулотлар билан шуғулланамиз.

Шундан сўнг “Саҳоватли қўллар” хайрия гуруҳи билан биргаликда маҳалламиз ва туманимиздаги қабристонлар ободонлиги билан шуғулланамиз.

Шу билан ифторлик вақти бўлади. Ифторликдан сўнг таровеҳ намозигача оилавий суҳбат қиламиз.

Таровеҳдан сўнг мен яна адабиётлар билан шуғулланаман. Эртанги кун масофавий машғулотларига тайёргарлик кўраман.

Аллоҳ таоло барчамизни рамазон ойи барокатлари билан мукофотласин!

 

Саидаброр Умаров суҳбатлашди

Read 2140 times

Мақолалар

Top