Рамазон-2020

Рамазон сабоқлари: илм-маърифат юксаклиги ва иймон бутлиги

Бугун инсониятни табиий офатлар, ёнғинлар, сув тошқинлари, тождор вирус сингари турли хил ғам ташвишлар қамраб олмоқда. Уларга қарши курашда манман деган давлатлар ҳам ожизлигини ҳис қилмоқда. Бундай воқеа ҳодисалар сабабини ҳар ким ўзича таҳлил қилиб хулоса чиқариши табиий. Бу борада энг тўғри тўхтамга келишлик менимча ота-боболаримиз амал қилган мезонлардир. Бу — кишилик жамияти ривожининг тилсим калити бўлган илм-маърифат, иймон ва тафаккурдир.

Бир пайтлар ёлғон гаплар, сохта гувоҳликлар, лафзсизликлар, ота-онага оқ бўлиш, қариндошларга сийлаи раҳим қилмаслик, ўз жонига қасд қилиш, молнинг закотини чиқармаслик кабилар катта гуноҳ саналган. Бугун биз бундай қайтариқлардан юз буриш учун нималар қиляпмиз? Ёки содир этилаётган бу каби хатоликларга бефарқмизми?

Доно халқимизнинг “Сабабсиз оқибат бўлмайди”, — деган нақли бежизга айтилмаган. Бугунги кунда кишилар руҳиятидаги маънавий қашшоқлик, иймон сустлиги, инсоният таълим-тарбияси учун зарурий манбалардан йироқлашиш каби ҳолатлар ҳам учрамоқда. Хўш, бундай чекинишларнинг давоси борми?

Бор албатта! Бунинг ягона йўли киши ўз маънавий дунёсини бойитиши учун аввало китоб муталаасига меҳр қўйишидир. Бугунги авлод учун қолдирилган маънавий меросларни қунт билан ўрганишимиз лозим. Бир сўз билан айтганда илм, илм ва яна илм. Чунки инсониятни барча фалокатлардан қутқарувчи омил бу — илм-маърифат юксаклиги ва иймон бутлигидир. Ана шунда шахс комиллик даражасига етишади.

Ўз руҳиятидаги қашшоқликни илм-маърифат билан бойитиб, маънавий баркамоллик чашмасидан сув ичган имом ал-Бухорий, имом ат-Термизий, имом Мотрудий, имом Насафий, Абу Лайс Самарқандий каби юзлаб алломалар Ватанимиз шуҳратини бугунгача юксалтириб келмоқда. Қуръон ва муқаддас суннатга бўлган самимий муҳаббати, илмга чанқоқлиги, тафаккурининг чексизлиги туфайли ҳар бири илм-маърифат салтанатида ўз мактабини яратдилар. Уларга илҳом бахш этган, йўлини ойдин ёритиб турган, бошига мушкулот тушганида, душманлари панд берганида Роббисига дуо қилса, унинг ижобатига руҳий мадад бўлган зот Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бўлдилар. Бугунги мутолаамизда ана шу муборак сиймога Рамазон баракоти ила юзланамиз. Хўш, севимли пайғамбаримиз ҳаётда қандай киши бўлганлар? У кишининг муборак сийратлари ва сувратларидаги мукаммаллик, инсоният ва руҳият оламига хос комиллиги нимада?

Саволимизга ойдинлик киритиш мақсадида Аллоҳнинг каломига мурожаат қиламиз. Қуръони Каримнинг “Қалам”сурасидаги 4-оятда бундай дейилади: “Ва албатта сен улкан хулқдасан” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири Ҳилол”).

Ушбу муқаддас оятдаги таъкид туфайли Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча одоб-ахлоқни, илм-маърифатни ўзларига сингдирганлар. Бу хусусда пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам: “Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман” дейдилар. Ана шундай гўзал хулқ соҳибининг нурли сиймолари Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадийя” асарида бундай таърифланади:

“Ҳазрат Али разияллоҳу анҳунинг набиралари ҳазрати Иброҳим ибн Муҳаммад айтадилар: “Хазрати Али разияллоҳу анҳу қачон жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг васфларини баён қилсалар, дер эдилар:

Жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам на кўп узун бўйлик на паст бўйлик эдилар, балки ўрта қадлик одамлардан эдилар. Муборак сочлари на зиёда буралган ва на зиёда ёзилган эди, балки иккисининг ўртасида бўлиб, озроқ буралган эди. На муборак баданлари зиёда семиз гўштлик ва на муборак чеҳралари зиёда юмалоқ эди, балки озроқ мудаввар (юмалоқ) эди. Чеҳралари қизилга мойил оқ эди. Икки кўзлари ниҳоятда қора ва киприклари ниҳоятда узун эди. Икки суякларининг қўшиладиган бошлари йўғон эди ва икки кифтлари жам бўладиган ерлари ҳам йўғон гўштлик эди. Баданларида тук йўқ эди, Фақат сийналаридан киндикларига қадар нозик мўйдан бир чизиқ тортилган эди. Икки кафтлари ва икки қадамлари тўла ва гўштлик эди. Қачон йўл юрсалар, қадамларини ердан қувват билан узиб олар, гўёки пастликка кетиб турган каби кўринар элилар. Қачон бир тарафга бурилсалар, бутун баданлари билан бурилар эдилар, фақат бўйинларини буриб қўймас эдилар. Икки елкаларининг ўртасида муҳри нубуват, яъни пайғамбарлик муҳри бор эди. Ва ўзлари барча пайғамбарларнинг охиргиси эдилар. Ҳаммадан зиёда сахий диллик зот эдилар. Ҳаммадан зиёда рост сўзлагувчи, мулойим табиатли ва хонадонлари шарафли бир зот эдилар. Кимики жанобни бирдан кўриб қолса, ҳайбатлари босар эди, кимики яхши таниб , суҳбатларига мушарраф бўлса, дийдорларига ва суҳбатларига ошиқ бўлиб қолар эди. Маддоҳлари (у зотни мадҳ қилувчилар): “Мен бу жанобга ўхшаган зотни на ўзларидан аввал кўрганман ва на ўзларидан кейин кўрганман”, дер эди”.

Ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар:

“Жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жисмлари шу қадар марғуб, жамил ва гўзал эдики, инсон кўриб, вужудларини Аллоҳ таъоло кумушдан қуйганмикин, деб қолар эди. Муборак сочларида бир оз буралганлик бор эди”.

Умримиз давомида руҳиятимиз ва тафаккуримизни маънавий бойитишга ибрат бўладиган муқаддас динимиз асосчисининг мукаммал вужудлари мана шундай эди. Барча муҳаддислар, муаррихлар, алломалар фозилу фузалолар ушбу мукаммал ахлоқ ва вужудга содиқ бўлишга интилиб яшадилар. Мана шу самимий муҳаббат ва ихлос уларни дунёда илм-маърифатни юксалтиришга мушарраф қилди.

Улар умрлари давомида қийинчиликка, тангчиликка учрасалар, кишиларга камбағаллик, офат, вабо етганини кўришса, Ватанни ёв босса севимли пайғамбаримизнинг муборак руҳларига саловот йўллашарди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан маънавий кўмак кутардилар. Азиз авлиёларнинг дуо учун кўкка кўтарилган қўлларини Аллоҳ Ўз севимли пайғамбарининг руҳи поклари ҳурматидан қуруқ қайтармасди. Дуолар баракотидан барча мушкулотлар ҳал бўларди. Бугун биз ана шундай комилликка муҳтожмиз.

Бугунги синовли, ер юзида табиий офатлар пўртана қилаётган шароитда буюк алломалар одатидек салавот айтишлик, муборак Рамазон файзини тилашлик, қалбимизни, тафаккуримизни илм чироғи билан ёритишни Яратгандан сўрашлик қандай гўзал ва мароқлидир.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг

мустақил тадқиқотчиси

Read 2958 times
Tagged under

Мақолалар

Top